Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 15.04.2020 й. 228-сон "Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
15.04.2020 й.
N 228
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАҲАЛЛА
ВА ОИЛАНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ВАЗИРЛИГИ
ФАОЛИЯТИНИ ТАРТИБГА СОЛИШ СОҲАСИДАГИ
НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ ҲУЖЖАТЛАРНИ
ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2020 йил 18 февралдаги ПФ-5938-сон Фармони ҳамда "Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида" 2020 йил 18 февралдаги ПҚ-4602-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги (кейинги ўринларда - Вазирлик) ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда бюджетдан ташқари "Обод ва хавфсиз маҳалла" жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) ташкил этилсин.
2. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тўғрисидаги низом 1-иловага;
Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги "Обод ва хавфсиз маҳалла" жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Вазирлик, Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда "Маҳалла" хайрия жамоат фондининг Жамғарма даромадларини шакллантириш манбалари этиб қуйидагиларни белгилаш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин:
"Маҳалла" хайрия жамоат фондига ҳар йили ўтказиладиган умумхалқ хайрия хашаридан тушадиган тушумларнинг 10 фоизи;
ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлиги томонидан асосланган ҳисоб-китобларга асосан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;
вақтинча бўш турган маблағларни тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
4. Белгилансинки, Жамғарма маблағларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги "Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5938-сон Фармони ҳамда 2020 йил 18 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги ПҚ-4602-сон қарори билан Вазирликка юклатилган асосий вазифаларни амалга ошириш;
"хавфсиз маҳалла" тамойилини тўлақонли ва самарали жорий этиш, оила ва маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш;
хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, уларнинг бандлигини таъминлаш, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва фаоллигини ошириш;
кексалар ва фахрийлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларга моддий кўмаклашиш ҳамда уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш;
аҳолини оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш ҳамда уларнинг томорқа ерларидан самарали фойдаланишга кўмаклашиш;
фуқаролар йиғинларининг моддий-техника таъминотини яхшилаш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;
Вазирликнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ходимларни моддий рағбатлантириш ҳамда ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг малакасини ошириш, конференциялар ва бошқа тадбирлар ташкил этиш, Вазирлик фаолиятини ривожлантириш билан боғлиқ бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш харажатларини молиялаштириш.
5. Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Р.Т. Маматов зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Маҳалла, оила ва ёшларни қўллаб-қувватлаш, маданият, маънавият ва жамоат ташкилотлари масалалари котибиятига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2020 йил 16 апрель