Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 15.04.2020 й. 228-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 15 апрелдаги

228-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани

қўллаб-қувватлаш вазирлиги тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг (кейинги ўринларда - Вазирлик) мақоми, асосий вазифалари, фаолият йўналишлари, функциялари, ҳуқуқлари, жавобгарлигини, фаолиятини ташкил этиш ва ҳисобот бериш тартибини, шунингдек, унинг раҳбарларининг функционал вазифалари ва жавобгарлигини белгилайди.


2. Вазирлик оила, хотин-қизлар ва кексаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб борувчи давлат бошқаруви органи ҳисобланади ҳамда ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига (кейинги ўринларда - Вазирлар Маҳкамаси) бўйсунади.


3. Вазирлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


4. Вазирлик ўз фаолиятини давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширади.


5. Вазирликнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари давлат органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.


6. Вазирлик, унинг тизимига кирадиган ҳудудий бўлинмалар юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга, шахсий ғазна ҳисобварақларига, банк ҳисобварақларига, шу жумладан хорижий валютадаги банк ҳисобрақамларига эга бўлади.


7. Вазирликнинг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ номи - Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, қисқартирилган номи - Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги;

б) рус тилида:

тўлиқ номи - Министерство по поддержке махалли и семьи Республики Узбекистан, қисқартирилган номи - Министерство по поддержке махалли и семьи;

в) инглиз тилида:

тўлиқ номи - Ministry of Support of Mahalla and Family of the Republic of Uzbekistan, қисқартирилган номи - Ministry of Support of Mahalla and Family.


8. Вазирлик жойлашган жой (почта манзили): 100047, Тошкент шаҳри, Яшнобод тумани, Истиқлол кўчаси, 51-уй.



2-БОБ. ВАЗИРЛИКНИНГ ТУЗИЛМАСИ


9. Вазирлик тизимига қуйидагилар киради:

Вазирлик марказий аппарати;

Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш ҳудудий бошқармалари (кейинги ўринларда - ҳудудий бошқармалар);

туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари (кейинги ўринларда - туман (шаҳар) бўлимлари);

"Маҳалла ва оила" илмий-тадқиқот институти;

Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш бўйича республика, ҳудудий ва туманлараро намунали марказлари;

Зулфия номидаги Давлат мукофоти комиссияси;

Хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилотлар;

"Маҳалла" газетаси, "Маҳалла кўзгуси" журнали, "Оила ва жамият" газетаси, "Саодат" журнали, "Нуроний" газетаси, "Кексалар гашти" журнали, "Марказий Осиёда жамият, гендер ва оила" халқаро илмий журнали.


10. Ҳудудий бошқармалар Вазирликка, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ҳисоб беради.

Туман (шаҳар) бўлимлари тегишли ҳудудий бошқармалар ва туман (шаҳар) ҳокимликларига ҳисобот беради.

"Маҳалла ва оила" илмий-тадқиқот институти, Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш бўйича республика, ҳудудий ва туманлараро намунали марказлари, Зулфия номидаги Давлат мукофоти комиссияси, Хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилотлар, "Маҳалла" газетаси, "Маҳалла кўзгуси" журнали, "Оила ва жамият" газетаси, "Саодат" журнали, "Нуроний" газетаси, "Кексалар гашти" журнали, "Марказий Осиёда жамият, гендер ва оила" халқаро илмий журнали Вазирликка ҳисобот беради.


3-БОБ. ВАЗИРЛИК ВА УНИНГ ТИЗИМИДАГИ

ҲУДУДИЙ БЎЛИНМАЛАРНИНГ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


1-§. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг

асосий вазифалари ва функциялари


11. Қуйидагилар Вазирликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

жамиятда "Обод ва хавфсиз маҳалла" тамойилининг тўлақонли ва самарали жорий этилишида ҳар томонлама кўмаклашиш, оилалар ва маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш;

оила институтини мустаҳкамлаш бўйича, энг аввало, "Соғлом оила - соғлом жамият" ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини юритиш, нотинч ва муаммоли оилаларга манзилли кўмаклашишни ташкил этиш;

хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга оид давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва фаоллигини ошириш, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлаш;

хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга, шу жумладан ногиронлиги бўлган аёлларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш;

хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, хотин-қизларни, айниқса, қишлоқ жойлардаги ёш қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш масалаларида ҳар томонлама манзилли қўллаб-қувватлаш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, маҳалла тизимини ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтириш, аҳоли кундалик муаммолари билан ишлаш ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги мавқеини юксалтириш;

маҳаллаларда қонун устуворлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалаларида ички ишлар органлари, бошқа давлат идоралари ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш;

ёлғиз кексалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларга моддий кўмаклашиш, ижтимоий қўллаб-қувватлашни таъминлашда ҳуқуқий, услубий ва амалий ёрдам кўрсатиш, нуронийларнинг билим ва бой ҳаётий тажрибасидан ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларда ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш масалаларида самарали фойдаланиш;

фуқаролар йиғинларининг моддий-техника таъминотини яхшилаш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш.


12. Вазирлик ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) жамиятда "Обод ва хавфсиз маҳалла" тамойилининг тўлақонли ва самарали жорий этилишида ҳар томонлама кўмаклашиш, оилалар ва маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш соҳасида:

жамиятда "Обод ва хавфсиз маҳалла" тамойилини тўлақонли жорий этишга қаратилган дастурларни ишлаб чиқади ва уларнинг самарали амалга оширилишида вазирликлар, идоралар ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ишини мувофиқлаштиради;

"Обод маҳалла" ва "Хавфсиз маҳалла" тушунчаларининг асосий мезонлари, йўналишларини ишлаб чиқади ҳамда уларнинг амалга оширилишини таъминлайди;

жамиятда миллий қадриятларни ривожлантириш, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака, маросимлар ўтказилишини тартибга солишда ижтимоий адолат ва қонунийлик, миллий урф-одат ва анъаналарга содиқлик, бошқа дин ва миллат вакилларининг урф-одатларини ҳурмат қилиш ҳамда жамоатчилик фикрини инобатга олиш тамойилларига риоя этишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига кўмаклашади;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан яқин ҳамкорликда оилалар ва маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи омилларнинг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлайди ҳамда бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширади;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, шу жумладан, фуқароларнинг келиши ва кетишини ҳисобга олишни ташкил этиш, хотин-қизлар ҳуқуқбузарлиги профилактикаси, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ҳамда ҳуқуқбузарликларга доир ишларда ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга кўмаклашади;

хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, биринчи навбатда, ҳуқуқбузарликка мойиллиги бўлган хотин-қизлар билан иш олиб бориш, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган хотин-қизларнинг ижтимоий реабилитацияси ва мослашиши бўйича чора-тадбирларни амалга оширишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг давлат органлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари билан яқин ҳамкорлигини таъминлайди;

маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлаш бўйича таклифларни ишлаб чиқади ва тегишли чора-тадбирларни амалга оширади;

ёшларни маънавий бой ва жисмонан соғлом этиб тарбиялаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, ёш авлодни мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини, кекса авлод вакилларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш чораларини кўради;

идоравий мансуб ташкилотлар фаолиятига умумий раҳбарлик қилади, уларнинг фаолиятини таҳлил қилади, мувофиқлаштиради, мазкур ташкилотлар раҳбарлари билан ҳамкорликда уларнинг самарали ишлашини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси топшириқларига биноан ҳамда шахсий ташаббусига кўра, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун киритади;

фаолиятнинг белгиланган соҳасига тегишли масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлайди;

идоравий мансуб ташкилотлар фаолияти соҳасига тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқишни ташкил этади ва мувофиқлаштиради;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати, Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамасига маҳалла ва оила институтлари билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича таклифларни кўриб чиқиш учун киритади;

маҳалла институтини ривожлантиришнинг яқин, ўрта ва узоқ муддатли истиқболли стратегияларини ишлаб чиқади;

вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмаларининг маҳалла ва оила институтлари билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, ривожлантириш дастурлари лойиҳаларини келишади;

ўз ваколати доирасида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этади;

Ўзбекистон Республикасида оила институтининг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш тадбирларини ишлаб чиқади;


б) оила институтини мустаҳкамлаш бўйича, энг аввало, "Соғлом оила - соғлом жамият" ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини юритиш, нотинч ва муаммоли оилаларга манзилли кўмаклашишни ташкил этиш соҳасида:

оила институтини мустаҳкамлаш, "Соғлом оила - соғлом жамият" ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини юритади, бу борада фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига услубий ва амалий кўмаклашади;

замонавий оилани ривожлантириш, оиланинг ички муносабатлари, шахслараро муносабатлар, яхши қўшничилик муносабатлари, бой маданий, тарихий мерос ва анъанавий оилавий қадриятлар асосида оила институтини мустаҳкамлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва тегишли чора-тадбирларни амалга оширади;

оиланинг репродуктив саломатлиги ва демографик ривожланишини, унинг фаровонлигини ошириш масалаларини комплекс ўрганишни ташкил этади;

оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ҳамда соғломлаштиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг давлат ҳамда жамоат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорликдаги фаолиятини таъминлайди;

нотинч ва муаммоли оилаларни аниқлаш, уларнинг манзилли рўйхатларини тузиш, маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш, низоли ҳолатларнинг олдини олиш, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш ва миллий менталитетга зид бўлган ёт хавф-хатарларга қарши курашиш мақсадида улар билан тўғридан-тўғри ишлашни ташкил этади;

ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, уларга оиладаги низоли ҳолатларни ҳал қилишнинг ҳуқуқий ва психологик асосларини ўргатиш, оилаларни мустаҳкамлаш, эрта никоҳ ва оилавий ажралишларнинг олдини олиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва тегишли чора-тадбирларни амалга оширади;

ўзини ўзи бошқариш тизими ва оила-никоҳ муносабатлари соҳасида амалиётни ўрганиш ҳамда тажриба алмашиш борасида халқаро ва хорижий ташкилотлар, илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни амалга оширади;


в) хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва фаоллигини ошириш, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлаш соҳасида:

хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир давлат сиёсатининг самарали ижросини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги роли ва фаоллигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва тегишли чора-тадбирларни амалга оширади;

хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ижтимоий шериклик тизимини ривожлантиришга, ҳукумат ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорлик тамойилларининг амалга оширилишига кўмаклашади;

Ўзбекистон Республикаси томонидан аёллар ва бола ҳуқуқига оид халқаро ҳужжатларнинг муҳокама қилинишида, шунингдек, гендер тенглиги, аёллар масалалари билан шуғулланувчи ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатларини кенгайтириш, ёшларга оид ва ижтимоий соҳаларга алоқадор бошқа масалалар юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ишлаб чиқилишида иштирок этади;

хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва тегишли чора-тадбирларни амалга оширади;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарларда хотин-қизлар жамоатчилик кенгашлари ишини самарали ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва тегишли чора-тадбирларни амалга оширади;

хотин-қизларни соғломлаштириш тадбирларини ташкил этиш, маданият, туризм, оммавий жисмоний тарбия ва спорт муассасалари, санаторий-курортларда даволаш, болаларни соғломлаштириш ва уларнинг дам олиши масалаларида давлат органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, иш берувчилар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорликни амалга оширади;

иқтидорли қизларни аъло хулқи, ноёб истеъдоди, зукколиги, ташаббускорлиги, ўқишдаги муваффақиятлари ҳамда адабиёт, маданият, санъат, таълим ва спорт соҳаларидаги алоҳида ютуқлари учун Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш ишларини ташкил этади;

жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан оиланинг тотувлиги ва фаровонлиги мустаҳкамланишига, оналик ва болалик муҳофазасига муносиб ҳисса қўшган, шунингдек, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, уларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, жойларда маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш ва миллий қадриятларни кенг тарғиб этиш борасида ибратли фаолият олиб бораётган хотин-қизларни "Мўътабар аёл" кўкрак нишони билан тақдирлаш ишларини ташкил этади;


г) хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга, шу жумладан ногиронлиги бўлган аёлларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш соҳасида:

оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга, шу жумладан ногиронлиги бўлган аёлларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш тизимини шакллантириш, уларнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва тегишли чора-тадбирларни амалга оширади;

хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларнинг, шу жумладан кам таъминланган ҳамда ногиронлиги бўлган аёлларнинг манзилли рўйхатларини тузиш, уларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш, реабилитация воситалари билан таъминлаш ишларини ташкил этади;

уй-жойга муҳтож, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган, кам таъминланган ҳамда ногиронлиги бўлган хотин-қизларнинг рўйхатини тузиш, зарур ҳужжатларни расмийлаштириш, Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш мақсадли фонди ҳисобидан бошланғич бадални тўлаб бериш орқали уларни арзон уй-жойлар билан таъминлаш ишларини ташкил этади;

Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш бўйича республика, ҳудудий ва туманлараро намунали марказларига методик ёрдам кўрсатади ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириб боради;

зўравонликнинг олдини олиш, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган ёки ўз жонига суиқасд қилган ёки қасд қилишга мойил бўлган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича халқаро ва хорижий ташкилотлар, илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни амалга оширади ҳамда ушбу йўналишда илғор хорижий давлатларнинг ижобий тажрибаларини жорий этиш чораларини кўради;

хотин-қизлар ўртасида турли салбий ижтимоий ҳаракатлар, айниқса, ўз жонига қасд қилиш, фоҳишабозлик, вояга етмаган қизларнинг эрта турмушга чиқиш каби ҳолатларнинг сабабларини чуқур ўрганиш ҳамда натижалари бўйича фуқаролар йиғинлари кенгашлари, маҳаллий ҳокимликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда профилактика чора-тадбирлари амалга оширилишини ташкил этади;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларига хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этишда, уларни оғир ижтимоий аҳволдан чиқариш чораларини амалга оширишда услубий ва амалий кўмаклашади;

"Меҳрибонлик" уйлари, Болалар шаҳарчалари ва оилавий болалар уйлари, шунингдек "SOS - Ўзбекистон болалар маҳаллалари" уюшмасининг болалар маҳаллаларида тарбияланаётган, васийликка, ҳомийликка ва оилага тарбияга олинган (патронат) қизларнинг таълим-тарбияси, уларни балоғатга, турмушга тайёрлаш;

ҳар йили камида икки маротаба ўқув-тарбия муассасаларида тарбияланаётган, васийликка, ҳомийликка ва оилага тарбияга олинган (патронат) қизларнинг ижтимоий ҳолатини ўрганиб бориш;

ўқув-тарбия муассасаларида тарбияланаётган, васийликка, ҳомийликка ва оилага тарбияга олинган (патронат) қизларни "Меҳр дафтари"га киритиб, уларни қийнаётган масалаларни жойида ҳал қилишга ҳамда ўқув-тарбия муассасаларидан кейинги ҳаётида ўз ўрнини топишига ҳар томонлама кўмаклашиш;

д) хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, хотин-қизларни, айниқса, қишлоқ жойлардаги ёш қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш масалаларида ҳар томонлама манзилли қўллаб-қувватлаш соҳасида:

аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари билан алоҳида хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш чораларини кўриш, меҳнат шароитларини яхшилашга оид масалаларни ҳал этиш, қишлоқ жойларидаги хотин-қизларни, айниқса, ёш қизларни тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш учун бизнес тузилмалари, тадбиркор аёл бирлашмаларининг имкониятларидан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва тегишли чора-тадбирларни амалга оширади;

ишсиз ва ижтимоий фаол бўлмаган хотин-қизлар билан индивидуал иш олиб бориш, уларни касб-ҳунарга тайёрлаш бўйича ўқитишга қаратилган ташкилий чора-тадбирларни амалга оширади;

тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва йўлга қўйиш истагида бўлган хотин-қизларга тижорат банклари томонидан белгиланган тартибда кредит маблағлари, Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш мақсадли фонди ҳисобидан кредитлар ажратилишига кўмаклашади;

жойларда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, улар ўртасида тадбиркорликни, ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича кўрилаётган амалий чоралар самарадорлигини мониторинг қилади;


е) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, маҳалла тизимини ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш соҳасида:

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтириш, уларни жойларда халқнинг чинакам маслакдоши ҳамда кўмакдошига айлантириш бўйича ягона давлат сиёсатини амалга оширади;

жамиятда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришда, миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда ривожлантиришда маҳаллаларнинг аҳамияти ва нуфузини янада ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва тегишли чора-тадбирларни амалга оширади;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни ҳал этиш бўйича мустақиллигини таъминлашга кўмаклашади;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ мурожаатларнинг мутасадди ташкилотлар томонидан ўз вақтида кўриб чиқилишини мониторинг қилади;

маҳаллаларда аҳолининг мурожаатлари ва уйма-уй юриш жараёнида аниқланган муаммоларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар (кейинги ўринларда - секторлар), мутасадди давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан ўз вақтида ҳал этилиши юзасидан мунтазам мониторинг юритади ва кўмаклашади;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган тақдирда, судларга уларнинг манфаатларини кўзлаб даъво аризалари, давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари, уларнинг мансабдор шахслари хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) тўғрисида шикоятлар тақдим этади;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг қонун ҳужжатларида белгиланган ҳуқуқларининг амалга оширилишига кўмаклашади ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва тегишли чора-тадбирларни амалга оширади;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг қонун ҳужжатларида белгиланган ваколатларини амалга оширишда мутасадди ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлашга кўмаклашади;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини уларнинг вазифа ва фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган йиғилиш ва тадбирларга жалб қилиш, фаолиятига асоссиз аралашиш, тааллуқли бўлмаган вазифаларни юклаш тақиқланганлиги ҳақидаги талабнинг амалда ижро этилишини таъминлаш чораларини кўради;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари ва жамоатчилик асосида фаолият юритаётган фаолларнинг иш самарадорлигини баҳолашнинг рейтинг тизимини жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва тегишли чора-тадбирларни амалга оширади;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлашни ташкил этади;


ж) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтириш, аҳоли кундалик муаммолари билан ишлаш ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги мавқеини юксалтириш соҳасида:

жамиятда тинчлик-тотувлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, миллий урф-одат ва қадриятларни асраб-авайлаш, оилалар аҳиллигини таъминлаш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, аҳолининг кундалик муаммоларини ҳал этишда маҳалла институтини аҳолига энг яқин ва халқчил тузилмага айлантиришга қаратилган манзилли чора-тадбирларни амалга оширади;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг жамият бошқарувидаги ўрни ва фаолияти самарадорлигини ошириш, уларнинг ишини ташкил этишнинг замонавий механизмларини жорий қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва тегишли чора-тадбирларни амалга оширади;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг илғор тажрибаларини оммалаштириш, улар томонидан ишлаб чиқилган истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда кўмаклашиш чораларини кўради;

аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш бўйича "маҳалла - сектор - Халқ қабулхонаси - маҳалла" принципи асосидаги ҳамкорлик тизимини самарали жорий қилиш ва такомиллаштириб бориш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва тегишли чора-тадбирларни амалга оширади;

ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш орқали муаммоларни аниқлаш ва ҳамкорликда бартараф этиш чораларини кўришда ҳамда таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатишда, ҳар чоракда жамоатчилик назоратининг натижалари, аниқланган муаммолар тўғрисида умумлашган маълумотлар, шунингдек, тегишли мансабдор шахсларнинг ҳисоботини эшитиш бўйича таклифларни халқ депутатлари Кенгашлари мажлисларида муҳокама қилиш учун киритишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига кўмаклашади;

ҳар чоракда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг фуқаролар йиғинлари фаолияти соҳасига кирувчи масалалар юзасидан ҳисоботларини эшитиш, фуқаролар йиғинларининг ҳисоботлар тўғрисидаги баённомаларини тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига юбориш, улар томонидан бу баённомаларнинг ҳисобини юритиш, фуқаролар йиғинларининг қарорлари ва мурожаатлари кўриб чиқилиши юзасидан назоратнинг амалга оширилишини таъминлайди;

ҳар чоракда камида бир марта фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг), унинг ўринбосарлари ва маслаҳатчиларининг, фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялар ҳамда тафтиш комиссияси раисларининг, шунингдек, ҳудуддаги таълим муассасалари раҳбарларининг ҳисоботларини, тегишинча оилавий поликлиникаларнинг, қишлоқ врачлик пунктлари раҳбарларининг ахборотларини эшитиш тизимини таъминлашга кўмаклашади;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳудуднинг санитария ҳолати, уни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш масалалари юзасидан ўз ваколати доирасида ҳудудда жойлашган ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш ҳамда уларнинг натижалари бўйича қарорлар қабул қилишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишга бевосита ёрдамлашади;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан жамоатчилик назоратининг қонун ҳужжатларида белгиланган шаклларда амалга оширилишига кўмаклашади, мурожаатлар юзасидан ўз вақтида чора-тадбирлар кўради;

жамиятда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ўрни ва ролини кучайтириш, жойларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни она Ватанга муҳаббат ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, кенг қамровли профилактика тадбирлари ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш, маҳалла фуқаролар йиғинларининг моддий-техник базасини ривожлантириш ишларига муносиб ҳисса қўшиб келаётган фаол, ташаббускор фуқаролар ва жамоатчилик тузилмалари вакилларини "Маҳалла ифтихори" кўкрак нишони билан тақдирлаш ишларини ташкил этади;


з) маҳаллаларда қонун устуворлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалаларида ички ишлар органлари, бошқа давлат идоралари ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш соҳасида:

мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчилик эътиборига етказишда, фуқаролар ижтимоий фаоллигини оширишда маҳалла институтининг аҳамияти ва ролини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;

фуқаролар йиғинларида соҳа мутахассисларини жалб этган ҳолда, "Маънавият соатлари" ва "Ҳуқуқий билимлар" тадбирлари ўтказилишини ташкил этади;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тегишли ҳудудда қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатларининг ижро этилиши, шу жумладан тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши, коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари томонидан коммунал хизматлар кўрсатиш сифати, иморатлар қуриш ҳамда ҳовлилар ва уйлар атрофидаги ҳудудларни сақлаш қоидаларига риоя этилиши, шунингдек, экин майдонларидан самарали фойдаланилиши ва ерларни муҳофаза қилиш юзасидан жамоатчилик назоратини амалга оширишга услубий ва амалий ёрдам беради;

маҳаллаларда жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлашда, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда, фуқароларда қонунга ҳурмат ва итоат ҳиссини кучайтиришда маҳаллаларнинг бевосита иштирокини кенгайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва тегишли чора-тадбирларни амалга оширади;

маҳаллаларда аҳоли вакилларини таклиф қилган ҳолда, "Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси", "Ёнғинлар профилактикаси", "Йўл ҳаракати хавфсизлиги тарғиботи" кунларини ўз вақтида ўтказиш ва натижадорлигини оширишга кўмаклашади;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тегишли ҳудудда ҳуқуқбузарликларни содир этишга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш, уларни секторлар ва мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ўз вақтида бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва тегишли чора-тадбирларни амалга оширади;


и) ёлғиз кексалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларга моддий кўмаклашиш, ижтимоий қўллаб-қувватлашни таъминлашда ҳуқуқий, услубий ва амалий ёрдам кўрсатиш, жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида кексалар ва фахрийларнинг фаоллигини ошириш ҳамда уларниниг билими, бой ҳаётий тажрибасида ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларда ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш масалаларида самарали фойдаланиш соҳасида:

кексаларнинг ҳаёт даражасини юксалтириш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишларини амалга ошириш, пенсияга чиққандан кейин уларнинг юқори ижтимоий фаоллигини, шу жумладан мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ва давлат органлари фаолияти юзасидан жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги иштирокини қўллаб-қувватлашни таъминлайди;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда оилаларда тинчлик ва хотиржамликни таъминлаш, ёлғиз кишилар ва эҳтиёжманд кексаларни ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлаш, шунингдек, уларнинг биринчи навбатдаги эҳтиёжлари қондирилишида ҳар томонлама ёрдам беришни ташкил этади;

кексалар учун назарда тутилган пенсиялар ва имтиёзлар бўйича қонун ҳужжатлари ижросининг назоратини, эҳтиёжманд кексаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва тиббий ёрдам билан таъминлаш соҳасида тегишли давлат органлари билан ҳамкорликни амалга ошириш чораларини кўради;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан кекса авлод вакилларини жалб этган ҳолда, ёшлар онгида "Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак", деган туйғуни шакллантиришга қаратилган маърифий учрашувлар ўтказилишига кўмаклашади;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарларда нуронийлар жамоатчилик кенгашлари ишини самарали ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва тегишли чора-тадбирларни амалга оширади;

кекса авлод вакиллари ўртасида ҳар йили "Ёшлар мураббийси" кўрик-танловини ташкил этади;

маҳаллаларда кексалар учун уларнинг ёшини ҳисобга олган ҳолда, турли ижтимоий-маданий ва соғломлаштириш тадбирлари, махсус спорт мусобақалари, шунингдек, ёзувчилар, санъаткорлар, рассомлар ва бошқа ижод аҳли вакилларини таклиф этган ҳолда ижодий кечалар ташкил этади;

маҳаллаларда кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни эҳтиёжмандлик даражасидан чиқариш бўйича жамоатчилик назоратини таъминлашга кекса авлод вакилларини жалб этиш ишларини ташкил этади;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида аҳоли орасида камбағалликни бартараф этиш бўйича энг аввало, аҳолини касбга ўқитиш, молиявий саводхонлигини ошириш, тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳиссини уйғотиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва тегишли чора-тадбирларни амалга оширади;

эҳтиёжманд, кам таъминланган оилалардаги кекса авлод вакиллари учун мамлакатимизнинг тарихий ва диққатга сазовор жойларига саёҳатлар ташкил этилишига кўмаклашади;

1941-1945 йиллардаги уруш фахрийларини ва фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган фуқаролар учун мамлакатимизда ишлаб чиқарилган асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва гигиена товарларини, зарур кийим-кечак ва пойабзалларни харид қилиш ва етказиб бериш ишларини амалга оширади;

Ўзбекистонни янгилаш ва ривожлантиришнинг маънавий-ахлоқий негизларини мустаҳкамлаш, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий фаолиятида фаол иштирок этаётган кексаларни I, II ва III даражали "Меҳнат фахрийси" кўкрак нишони билан тақдирлаш ишларини ташкил этади;


к) фуқаролар йиғинларининг моддий-техника таъминотини яхшилаш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш соҳасида:

ҳар бир маҳаллага тадбиркорлик субъектлари - юридик шахсларни (инвесторларни) фаол жалб қилиш ҳисобига фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи комплексини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қуриш ишларини ташкил этади;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг моддий-иқтисодий асосларини мустаҳкамлаш, аҳолини иш билан таъминлаш борасидаги имкониятларини кенгайтириш мақсадида фуқаролар йиғинларига тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун ижтимоий дастурлар, шу жумладан "Ҳар бир оила - тадбиркор" дастури, "Ҳунармандчиликни ривожлантириш дастури" асосида имтиёзли кредитлар ажратиш ишларига кўмаклашади;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари маъмурий биноларини намунавий лойиҳалар ва уларга қўйилган талаблар асосида қуриш (реконструкция қилиш, таъмирлаш), шунингдек, уларни зарур мебель жамланмаси, компьютер техникаси, алоқа воситалари ва Интернет жаҳон ахборот тармоғи билан жиҳозланишини таъминлаш чораларини кўради;

"Маҳалла электрон маълумотлар базаси"ни такомиллаштириш ҳамда тегишли идора ва ташкилотларнинг мавжуд ахборот тизимлари билан интеграция қилишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширади;

Вазирлик ва унинг ҳудудий бўлинмаларида, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида ҳужжатларни электрон бошқариш ахборот тизимини йўлга қўйиш чораларини кўради;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва инновацион лойиҳаларни жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва тегишли чора-тадбирларни амалга оширади;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича таклифлар тайёрлайди ва бу борада аниқ чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминлайди.

Вазирлик қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.



2-§. Вазирлик марказий аппаратининг вазифалари ва функциялари


13. Қуйидагилар вазирлик марказий аппаратининг асосий вазифалари ҳисобланади:

маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишни таъминлаш;

Вазирлик ҳамда унинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичлар, мақсадли индикаторлар, сифатга эришиш ва ривожлантириш дастурларини самарали амалга оширишни таъминлаш;

Вазирлик фаолияти соҳасига тегишли масалаларда вазирликлар ва идоралар билан ҳамкорлик қилиш, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида масалаларни муҳокама қилишда иштирок этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, унинг ўринбосарлари ва маслаҳатчилари топшириқларини ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажариш;

Вазирлик ходимларини тизимли қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш;

Вазирликнинг марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмалари фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини танқидий таҳлил қилиш, таҳлил натижаларига кўра зарур чора-тадбирларни кўриш;

Вазирлик ва унинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари фаолиятига замонавий иш услубларини жорий этиш;

маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш соҳасида давлат хизматларини кўрсатиш самарадорлиги, сифати ва эркинлигини таъминлаш;

жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш ишларини самарали таъминлаш, аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорлик қилишни, Вазирлик раҳбарияти ва ходимларининг улар фаолиятида фаол иштирок этишини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан келиб тушадиган жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларининг ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқилишини таъминлаш;

маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўйича мақсадли дастурлар, дастурий-услубий ва бошқа тартибга солувчи ҳужжатларни белгиланган тартибда тасдиқлаш;

маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш соҳасида халқаро ва давлатлараро ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, хорижий инвестициялар ва грантларни жалб этиш бўйича халқаро хорижий тадбирларда Вазирлик вакилларининг иштирокини таъминлаш;

Вазирлик ҳайъати қарорлари, Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг (кейинги ўринларда - Вазир) буйруқлари ва топшириқларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

таркибий бўлинмаларда кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг касб маҳорати, чуқур билимга эгалиги, тажрибаси, ишчанлик ва одоб-аҳлоқ ҳамда маънавиятининг юқори даражаси кафолатланганлигини таъминлаш, уларнинг касбий малакасини ошириш чораларини кўриш, таркибий бўлинмаларда кадрлар захирасини шакллантириш;

ўзини ўзи бошқариш тизимидаги ва оилани қўллаб-қувватлаш соҳасидаги илғор хорижий тажриба ва илмий-техник тараққиётда эришилган натижаларни ўрганишни ташкил этиш, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлашни янада ривожлантиришда мазкур тажрибани жорий этиш;

маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш соҳасида халқаро семинарлар, анжуманлар, кўргазмалар ўтказилишини ташкил этиш ҳамда бошқа ташкилотлар ўтказадиган шу каби тадбирларда иштирок этишни таъминлаш.


14. Вазирлик марказий аппарати унга юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

Вазирлик ва унинг раҳбарияти фаолиятининг ташкилий ва ахборот-таҳлилий таъминотини амалга оширади;

Вазирликнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари ҳамда идоравий мансуб ташкилотлари томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, шунингдек, Вазирликнинг буйруқ ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари, ҳайъати қарорларининг бажарилиши доимий назорат қилиб борилишини таъминлайди;

Вазирлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига киритилаётган ҳужжатларнинг ўз вақтида ва сифатли ишлаб чиқилишини ташкил этади;

Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари фаолиятига раҳбарлик қилади, мувофиқлаштиради ва назоратини амалга оширади;

Вазирлик фаолиятини, шу жумладан норма ижодкорлиги соҳасида ҳуқуқий таъминлашни амалга оширади;

Вазирлик ваколатига тегишли тезкор, ташкилий, кадрларга оид, молиявий, ишлаб чиқариш-хўжалик ва бошқа масалаларни ҳал этиш билан шуғулланади;

Вазирлик ва унинг таркибий ҳамда ҳудудий бўлинмалари фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларга эришишни сўзсиз таъминлаш бўйича таъсирчан чораларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси, шунингдек, тегишли вазирлик ва идоралар билан Вазирлик фаолияти соҳасига тегишли масалалар бўйича ҳамкорликни таъминлайди;

Вазирликнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари иш фаолиятига замонавий услубларни жорий этишни таъминлайди;

Вазирликнинг самарали фаолиятини ташкил этиш ва такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори ёрлиқларини, фахрий нишонларини тайёрлаш ва пул мукофотлари харажатларини амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва унинг ташқарисида маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш соҳасида анжуманлар, семинарлар, симпозиумлар, кўргазмалар, ярмаркалар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш ишларини амалга оширади.



3-§. Вазирлик ҳудудий бошқармаларининг

вазифалари ва функциялари


15. Қуйидагилар Вазирлик ҳудудий бошқармаларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

Вазирликка юкланган вазифалар ва функциялар самарали бажарилишини таъминлаш;

ҳудудларда вазирлик ваколатига оид қонун ҳужжатларига риоя этилишининг назоратини олиб бориш;

давлат органлари ва жамоат ташкилотлари, ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар (кейинги ўринларда - секторлар) билан ҳамкорлик қилиш;

маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг инфратузилмасини ривожлантиришга кўмаклашиш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятидаги муаммоларни комплекс ўрганиш, таҳлил этиш ва тизимли ҳал қилиш чораларини кўриш, уларнинг фаолиятини такомиллаштириш юзасидан асослантирилган таклифлар ҳамда таъсирчан механизмларни ишлаб чиқиш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида фаолият кўрсатаётган кадрлар малакасини ошириш юзасидан аниқ чоралар кўриш ва ўқув курсларини ташкил этиш;

ҳудудларда давлат-хусусий шерикликни кенгайтириш бўйича амалий чоралар қабул қилиш;

маҳаллаларда хавфсизликни таъминлаш воситалари ва инновацион технологияларни жорий қилиш ишларини ташкил этиш;

ҳудудий бошқармалар, туман (шаҳар)лар бўлимларида ички аудит ва молиявий назоратни ташкил этиш ва амалга ошириш;

хотин-қизлар ҳамда нуронийлар жамоатчилик кенгашлари фаолиятини самарали йўлга қўйиш чора-тадбирларини амалга ошириш;

1941-1945 йиллардаги уруш фахрийларини ва фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган фуқаролар учун мамлакатимизда ишлаб чиқарилган асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва гигиена товарларини, зарур кийим-кечак ва пойабзалларни харид қилиш ва етказиб бериш ишларини амалга ошириш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолиятига хос бўлмаган турли ишларга жалб қилинишига қатъиян йўл қўйилмаслигини амалда ижросини таъминлаш.


16. Ҳудудий бошқармалар уларга юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

вазирликка юкланган вазифалар ва функциялар самарали бажарилишини таъминлашда иштирок этиш юзасидан чоралар кўриш;

туманлар (шаҳарлар) бўлимлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати ҳужжатлари, Вазирликнинг қарор ва буйруқлари бажарилиши юзасидан мунтазам назорат ўрнатиш;

давлат органлари ва жамоат ташкилотлари, туманларни (шаҳарларни) комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар билан ҳамкорлик қилиш;

маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг инфратузилмасини ривожлантиришга кўмаклашиш чораларини кўриш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятидаги муаммоларни комплекс ўрганиш, таҳлил этиш ва тизимли ҳал қилиш чораларини кўриш, уларнинг фаолиятини такомиллаштириш юзасидан асослантирилган таклифлар ҳамда таъсирчан механизмларни фаолиятига татбиқ этиш;

туманлар (шаҳарлар) бўлимлари ва уларнинг фаолиятини ташкилий, услубий ҳамда ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш;

туманлар (шаҳарлар) бўлимлари томонидан киритиладиган ҳужжатларнинг сифатли ва ўз вақтида қайта ишланишини, уларнинг иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказилишини ташкил этиш;

туманлар (шаҳарлар) бўлимлари фаолиятига раҳбарлик қилиш, мувофиқлаштириш ва назорат қилиш;

ҳудудлардаги бюджетдан молиялаштириладиган идоравий мансуб ташкилотлар харажатларини молиялаштиришни, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини ташкил этиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни ташкил этиш;

ўз ваколати доирасида ташкилий, молиявий, кадрлар ва бошқа масалалар бўйича қарорлар қабул қилиш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари ва жамоатчилик асосида фаолият олиб бораётган маслаҳатчиларнинг малакаси ҳамда иш самарадорлигини ошириш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қошидаги жамоатчилик тузилмалари фаолиятини мувофиқлаштириш ва уларга амалий-услубий ёрдам кўрсатиш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини моддий-техник жиҳатдан таъминлашни ташкил этиш.

17. Ҳудудий бошқармалар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.



4-§. Туманлар (шаҳарлар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш

бўлимларининг вазифалари ва функциялари


18. Қуйидагилар туманлар (шаҳарлар) бўлимларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларни самарали бажариш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини ташкил этиш соҳасида секторлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;

маҳалла тизимига оид қонун ҳужжатларига риоя қилиниши мониторингини олиб бориш ва назорат қилиш;

фуқаролар йиғинларида ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

бюджет маблағларининг мақсадли ва манзилли сарфланишини, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи юритилишини ташкил этиш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг хизмат фаолиятига боғлиқ бўлмаган вазифалар ва ишларга жалб қилинишига йўл қўйилмаслигини таъминлаш;

глобаллашув жараёнида оилаларда ва маҳаллаларда фаол иш олиб бориш, ёш авлодни турли зарарли оқим ва таъсирлардан сақлаш, инсоний қадриятларни мустаҳкамлаш;

аҳоли муаммолари билан ишлаш ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига услубий-амалий кўмаклашиш.


19. Туманлар (шаҳарлар) бўлимлари ўзларига юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

вазирликка юкланган вазифалар ва функциялар самарали бажарилишини таъминлаш;

қонун ҳужжатлари, Вазирлик, ҳудудий бошқармаларнинг қарор ва буйруқларини бажариш;

ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар билан ҳамкорлик қилиш;

маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг инфратузилмасини ривожлантиришга кўмаклашиш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятидаги муаммоларни комплекс ўрганиш, таҳлил этиш ва тизимли ҳал қилиш чораларини кўриш, уларни услубий-методик ҳамда ахборот-таҳлилий материаллар билан таъминлаш;

ҳудудлардаги бюджетдан молиялаштириладиган идоравий мансуб ташкилотлар харажатларини молиялаштиришни, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини олиб бориш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш ва уларни ҳал этиш чораларини кўриш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида фаолият кўрсатаётган кадрлар малакасини ошириш ишларига кўмаклашиш, фуқаролар йиғинлари бинолари ва иншоотларидан фойдаланиш ишлари мониторингини олиб бориш ҳамда мувофиқлаштириш;

бюджет маблағларининг мақсадли ва манзилли сарфланишини таъминлаш, фуқаролар йиғинларида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш;

туманлар (шаҳарлар) бўлимлари ваколатига тегишли бўлган ташкилий, кадрлар, молия, ишлаб чиқариш-хўжалик масалалари ва бошқа масалалар бўйича қарор қабул қилиш.



4-БОБ. ВАЗИРЛИК ВА УНИНГ ТИЗИМИДАГИ

ҲУДУДИЙ БЎЛИНМАЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ҲАМДА ЖАВОБГАРЛИГИ


1-§. Вазирликнинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги


20. Вазирлик ўзига юкланган асосий вазифалар ва функцияларни бажаришда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ёки Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек, Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ бўлган бошқа ҳужжатларни белгиланган тартибда киритиш;

вазирликлар ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш, зарур ҳолларда, бошқа вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қўшма қарорлар ва бошқа ҳужжатлар қабул қилиш;

Вазирликнинг ваколатига кирувчи масалаларда давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари фаолиятини мувофиқлаштириш;

давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмаларидан Вазирлик ваколатига тегишли масалаларни ҳал қилиш учун зарур бўлган ахборотни сўраш ва олиш;

Вазирликнинг ваколатига кирувчи масалаларда судларга даъво аризалари киритиш;

Вазирликнинг ваколатига тегишли масалалар бўйича зарур маълумотларни давлат статистика органлари, давлат солиқ хизматлари органлари, давлат хизматлари маркази ва бошқа вазирликлар ва идоралардан бепул олиш;

Вазирлик ва унинг тизимидаги ҳудудий бошқармаларнинг давлат мулкини ўзининг ташкилий тизими доирасида бир тизимдан бошқасига бепул ўтказиш;

Вазирлик ходимлари ва унинг ҳудудий бошқармалари ва туманлар (шаҳарлар) бўлимлари томонидан асосий кўрсаткичлар параметрлари бажарилишини ҳисобга олган ҳолда, моддий рағбатлантириш тартибини, миқдорини ва шартларини белгилаш;

Вазирлик ваколатига кирувчи масалалар бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига, Вазирлар Маҳкамасига, давлат бошқаруви органларига, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмаларига кўриб чиқиш учун киритиш;

Вазирлик ваколати доирасида халқаро шартномалар ва идоралараро битимларни тузиш, халқаро, ҳукуматлараро битимлар лойиҳаларини тақдим этиш;

Вазирлик ваколати доирасида Ўзбекистон Республикаси манфаатларини халқаро миқёсда ҳимоя қилиш;

юклатилган вазифалар доирасида бевосита ёки Вазирликнинг идоравий мансуб бўлинмалари орқали хорижий тармоқ идоралари, илмий ва таълим муассасалари билан ҳамкорликни амалга ошириш;

таркибий ва ҳудудий бўлинмалар ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида ички назорат, коррупцион ҳуқуқбузарликлар ва қонунларга зид бошқа ҳаракатлар, шунингдек, Вазирлик тизими ходимлари томонидан касбий ахлоқ қоидалари бузилишининг олдини олиш ҳамда профилактикасини амалга ошириш;

бошқарув ходимларининг белгиланган умумий чекланган сони доирасида Вазирлик марказий аппаратининг тасдиқланган тузилмасига ўзгартиришлар киритиш;

таркибий ва ҳудудий бўлинмаларнинг низомлари ва бошқа ҳужжатлари, смета ва штат жадвалларини тасдиқлаш;

Вазирлик тизимида кадрларни танлаш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш тартибини белгилаш;

Вазирлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича жорий ва стратегик вазифаларни ёритиш учун белгиланган тартибда ноширлик фаолиятини амалга ошириш, расмий веб-сайтлар, ижтимоий тармоқларда саҳифалар яратиш, конференциялар, семинарлар, симпозиумлар, кўргазмалар, ярмаркалар ўтказиш, шунингдек, методик материаллар ва тавсиялар ишлаб чиқиш;

биноларга хизмат кўрсатиш, жиҳоз ва ускуналар, автотранспорт, алоқа ва ҳисоблаш воситалари, компьютер ва ташкилий техника воситаларини сақлаш ва ишлатиш бўйича ишларни бажариш, дастурий таъминотни сотиб олиш тўғрисида белгиланган тартибда шартномалар тузиш;

Вазирлик ваколатига кирадиган масалаларни ҳал этиш учун шартнома асосида маҳаллий ва хорижий илмий муассасалар, олим ва мутахассисларни жалб қилиш;

Вазирлик, таркибий ва ҳудудий бўлинмаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш чораларини кўриш;

амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ Вазирлик ижтимоий инфратузилмасини яратиш ва такомиллаштириш ҳамда Вазирлик, унинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари ходимлари меҳнатини рағбатлантириш ва мукофотлашнинг ягона тизимини шакллантириш.

Вазирлик қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


21. Вазирлик:

ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни самарали бажариш, шунингдек, оила, хотин-қизлар ва кексаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлар ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини самарали амалга ошириш;

ўз фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларга сўзсиз эришилишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига киритилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва бошқа ҳужжатлар, шунингдек, Вазирлик томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг сифати, пировард натижалари ва амалга оширилиши оқибатлари;

ўз фаолияти соҳасини ривожлантириш бўйича дастурлар, тадбирлар режалари, "йўл хариталари" ва бошқа дастурий ҳужжатларнинг самарали амалга оширилиши;

фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларига риоя этилишини ва уларнинг қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш учун жавоб беради.



2-§. Вазирлик марказий аппаратининг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги


22. Вазирликнинг марказий аппарати ўзига юкланган асосий вазифала ва функцияларни бажаришда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотларидан Вазирликнинг марказий аппаратида кўриб чиқиладиган, таҳлил қилиш ва ишлаш учун зарур бўлган материаллар ҳамда маълумотларни, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ва бошқа ҳужжатларни сўраш ва олиш;

Вазирликда кўриб чиқиладиган масалаларни ишлаб чиқиш, ахборот ва таҳлилий материалларни, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш учун зарур бўлганда, Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарлари ҳамда вакилларини жалб қилиш, ушбу мақсадлар учун эксперт ва ишчи гуруҳларни ташкил этиш;

Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотларидан улар киритган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини қайта ишлаб чиқишни талаб қилиш, зарур бўлганда уларни қайта кўриб чиқиш учун қайтариш;

Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари раҳбарлари ҳамда вакиллари иштирокида йиғилишлар ўтказиш;

тезкор ҳал этилиши лозим бўлган ва Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ масалалар бўйича Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари раҳбарларига топшириқлар бериш;

Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотларининг қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг топшириқлари, шунингдек, Вазирлик ва унинг раҳбариятининг ҳужжатлари ва топшириқлари бажарилишига оид фаолиятини ўрганиш ва текшириш;

Вазирликка юкланган вазифаларни амалга ошириш учун илмий-тадқиқот, лойиҳалаш, конструкторлик ташкилотлари, олий таълим муассасалари ҳамда бошқа юридик ва жисмоний шахсларни уларнинг хоҳишига кўра ҳамда шартнома асосида жалб этиш;

ҳудудий бошқармалар ва идоравий мансуб ташкилотлар томонидан қабул қилинган қарорларни бекор қилиш, тўхтатиб туриш (тўлиқ ёки қисман) ёки уларни қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш тўғрисида қарор қабул қилиш;

Вазирлик тизимида бухгалтерия ҳисобини амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқ ҳамда замонавий техник воситалар ва ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда юритиш ташкил этилишини таъминлаш, тизимга кирувчи ташкилотларда бухгалтерия ҳисоби юритилишини назорат қилиш;

харажатлар сметасида назарда тутилган бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларнинг муайян мақсадларга тўғри сарфланганлигини, шунингдек, пул маблағлари ва моддий бойликларнинг сақланишини мунтазам назорат қилиб бориш;

оила, хотин-қизлар ва кексаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларини сифатли ўрганиш ва мониторинг қилишни ташкил этиш учун комиссиялар, ишчи ва эксперт гуруҳларни тузиш;

вазирликлар, идоралар, ўқув ва бошқа муассасаларнинг олимлари, юқори малакали мутахассисларини оила, хотин-қизлар ва кексаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида илмий ва эксперт ишлар, маслаҳатларни ўтказиш, долзарб масалаларни ишлаб чиқиш учун хорижий мутахассисларни шартнома асосида таклиф этиш.

Вазирлик марказий аппарати қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


23. Вазирлик марказий аппарати:

Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари билан биргаликда Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш;

Вазирлик фаолиятини ривожлантиришнинг режалари, кутилаётган истиқболдаги ва жорий кўрсаткичларга эришиш бўйича Вазирлик марказий аппарати тузилмаларининг фаолиятини ташкил этиш;

Вазирлик томонидан кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва бошқа ҳужжатларни, шунингдек, Вазирлик қабул қиладиган қарорларни сифатли тайёрлаш ва экспертизадан ўтказиш;

Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлар томонидан дастурлар, чора-тадбирлар режалари, "йўл хариталари" ва бошқа дастурий ҳужжатлар амалга оширилишини ташкил этиш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳуқуқларига риоя этилишини ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш учун жавоб беради.



3-§. Вазирлик ҳудудий бошқармаларининг

ҳуқуқлари ва жавобгарлиги


24. Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ўзларига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз ваколатига кирадиган масалаларни ҳал этиш учун зарур бўлган маълумотларни давлат бошқаруви органлари ҳудудий бошқармаларидан, давлат органларидан, давлат ва нодавлат ташкилотлардан сўраш ва олиш;

маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалаларида давлат бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмалари, хўжалик бирлашмалари, шунингдек, бошқа ташкилотларнинг фаолиятини такомиллаштириш бўйича тавсиялар бериш;

туманлар (шаҳарлар) бўлимлари фаолиятини мувофиқлаштириш, уларга топшириқ ва кўрсатмалар бериш;

туманлар (шаҳарлар) бўлимларида аниқланган муаммоларни ҳар томонлама ва чуқур таҳлил қилиш ҳамда умумлаштириш асосида таклифлар тайёрлаш;

ахборот-таҳлилий материалларни тайёрлаш ва дастурий ҳужжатларни ишлаб чиқиш учун давлат бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмалар ҳамда хўжалик бирлашмаларининг юқори малакали мутахассисларини жалб қилиш.

Ҳудудий бошқармалар ўз ваколатлари доирасида ўзларига юкланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


25. Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари:

ўзларига юкланган вазифалар ва функциялар сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш;

ўз фаолияти билан боғлиқ бўлган прогноз кўрсаткичларга эришилишини таъминлаш;

Вазирликка, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига киритилаётган ҳужжатлар лойиҳалари ва таклифлар, шунингдек, Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг сифати, пировард натижалари ва амалга оширилиши оқибатлари;

ўз фаолияти соҳасини ривожлантириш, муаммоларни ҳал қилиш учун дастурларни, ҳаракат режаларини, "йўл хариталари"ни ва бошқа дастурий ҳужжатларнинг самарали амалга оширилиши;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш учун жавоб беради.



4-§. Туманлар (шаҳарлар) бўлимларининг

ҳуқуқлари ва жавобгарлиги


26. Туманлар (шаҳарлар) бўлимлари ўзларига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ҳамда бошқа ташкилотлардан ўзига юкланган вазифаларни сифатли бажариш учун зарур бўлган ахборот материалларини олиш;

ўз фаолиятига оид масалаларда давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, шунингдек, бошқа ташкилотларнинг фаолиятини такомиллаштириш бўйича тавсиялар бериш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини самарали ташкил этишга кўмаклашиш;

ахборот-таҳлилий материалларни тайёрлаш ва дастурий ҳужжатларни ишлаб чиқиш учун давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмаларининг, шунингдек, илмий ташкилотларнинг юқори малакали мутахассисларини жалб қилиш.

Туманлар (шаҳарлар) бўлимлари ўз ваколатлари доирасида ўзларига юкланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


27. Туманлар (шаҳарлар) бўлимлари:

ўзига юкланган вазифалар ва функциялар сифатли ҳамда ўз вақтида бажарилишини таъминлаш;

ўз фаолияти билан боғлиқ бўлган прогноз кўрсаткичларга эришишни таъминлаш;

ҳудудий бошқармалар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига киритилаётган ҳужжатлар лойиҳалари ва таклифлар, шунингдек, туманлар (шаҳарлар) бўлимлари томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг амалга оширилиш сифати, пировард натижалари ва оқибатлари;

ҳудудларда аниқланган муаммоларни ҳар томонлама ва чуқур таҳлил қилиш ҳамда умумлаштириш асосида туманлар (шаҳарлар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича таклифлар тайёрлаш;

ўз фаолиятини ривожлантириш, муаммоли масалаларни ҳал қилиш бўйича дастурлар, тадбирлар режалари, "йўл хариталари" ва бошқа дастурий ҳужжатларнинг туманларда (шаҳарларда) самарали амалга оширилиши;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниши ҳамда уларга риоя этилиши учун жавоб беради.



5-БОБ. ВАЗИРЛИК РАҲБАРЛАРИНИНГ

АСОСИЙ ФУНКЦИОНАЛ ВАЗИФАЛАРИ


28. Қуйидагилар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари вазирининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилиш;

Вазирлик фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш, Вазирликка Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа қонун ҳужжатлари билан юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тасдиқланган Вазирлик фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича концепциялар, комплекс дастурлар ва чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича танқидий ва чуқур таҳлилларни ўтказиш;

Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ҳамда унинг таркибий бўлинмалари фаолияти билан боғлиқ истиқболдаги кўрсаткичларга эришишни таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси, шунингдек, тегишли вазирликлар ва идоралар билан Вазирлик фаолиятига тааллуқли бўлган масалалар бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиш, Вазирлар Маҳкамаси йиғилишларида ва унинг Раёсати мажлисларида кўриб чиқиладиган масалалар юзасидан қатнашиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Бош вазири, унинг ўринбосарлари ва маслаҳатчилари кўрсатмаларини бажариш;

ўз ўринбосарларининг ваколатларини белгилаш, улар ўртасидаги мажбуриятларни тақсимлаш, Вазирликнинг бошқа мансабдор шахсларининг ваколатларини белгилаш, Вазирлик фаолиятининг маълум бир соҳаларини бошқаришда ўз ўринбосарлари ва бошқа мансабдор шахсларнинг шахсий жавобгарлик даражасини белгилаш;

Вазирликнинг фаолияти режалаштирилишини ташкил этиш, даврий иш режаларини тасдиқлаш, уларнинг бажарилиши юзасидан назоратни таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқлари ижросини ташкил этиш ва мониторингини олиб боришнинг амалий тизимини яратиш, Вазирликнинг фаолиятида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни бажариш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида" 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон қарорига ва Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун идоравий мансуб ташкилотлар ва ҳудудий бошқармалар раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чораларини кўриш;

Вазирлик ходимлари, ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари ходимларининг тизимли равишда малакасини оширишни ташкил этиш;

Вазирлик тизимида ходимларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг самарали фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш ҳамда ҳудудий бошқармалар ва идоравий мансуб ташкилотлар кадрлари захирасини шакллантириш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси номенклатурасига кирадиган бўш лавозимларга таклиф этилган кадрларнинг, шунингдек, Вазирликка ишга қабул қилинаётган бошқа кадрларнинг профессионаллиги ва ўз ишини билиши, юксак даражадаги ишчанлик ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга бўлишини таъминлашга қаратилган чора-тадбарларни амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси топшириқлари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари сифатли ишлаб чиқилишини, улар "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида", "Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Регламенти ва Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти талабларига мувофиқ равишда ўз вақтида киритилишини ташкил этиш, уларнинг Вазирлар Маҳкамаси аппаратида пухта ишланишида, Вазирлар Маҳкамаси раҳбарияти ҳузурида ҳимоя қилиниши ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясида кўриб чиқилишида иштирок этиш;

"Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида", "Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ва Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 17 октябрдаги 345-сон қарори билан тасдиқланган Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қонун лойиҳаларига доир фаолиятининг намунавий регламентига мувофиқ Вазирликнинг қонун лойиҳаларини тайёрлаш фаолиятини ташкил этиш;

Вазирлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича буйруқлар, фармойишлар, кўрсатмалар чиқариш ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш, зарур бўлганда бошқа вазирликлар ва идоралар билан биргаликда тегишли қарорлар қабул қилиш;

Вазирликка тақдим этилган таклифлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг тўлиқ ва ҳар томонлама кўриб чиқилишини таъминлаш, уларни пухта ҳуқуқий, молиявий, иқтисодий ва бошқа турдаги экспертизадан ўтказиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Регламенти ва Вазирлар Маҳкамасининг Регламентида белгиланган муддатларда келишиш (виза қўйиш);

Вазирлик раҳбарлари ва ходимларининг хизмат сафарларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида" 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва "Хорижий хизмат сафарларида бўлиш самарадорлиги ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифларини ташкил этиш учун мансабдор шахсларнинг шахсий масъулиятини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорлари талабларига мувофиқ ташкил этиш, хизмат сафарларининг асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, сафар учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланишни таъминлаш;

ўринбосарларининг, ҳудудий бошқармалар ва таркибий бўлинмалар раҳбарлари фаолиятининг самарадорлиги ва натижаларини танқидий таҳлил қилишни тизимли равишда олиб бориш, Вазирлик йиғилишларида уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, натижалар асосида зарур чоралар кўриш;

Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотларининг раҳбарлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш;

Вазирлик ходимларини рағбатлантириш ёки интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал қилиш, ўз ўринбосарларини рағбатлантириш ёки интизомий жавобгарликка тортиш, шу жумладан эгаллаб турган лавозимларда кейинчалик қолишининг мақсадга мувофиқлиги масаласини кўриб чиқиш тўғрисида таклифлар киритиш, уларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш;

Вазирлик ходимлари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 мартдаги 62-сон қарори билан тасдиқланган Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари асосида тасдиқланган Вазирлик ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этилишини таъминлаш;

"Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ Вазирлик тизимида коррупция ва бошқа қонунбузарликларнинг олдини олиш бўйича чоралар кўриш, шунингдек, ҳуқуқ амалиёти ва қонунчиликни такомиллаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш йўли билан уларни аниқлаш, таҳлил қилиш, уларни юзага келтирувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш;

Вазирлик, ҳудудий бошқармалар ва идоравий мансуб ташкилотларнинг ишларини ташкил этишнинг замонавий шаклларини жорий этишни таъминлаш;

аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро алоқани амалга оширишда кўрсатилаётган давлат архив хизматларининг "ягона дарча" тамойилини жорий қилиш орқали уларнинг самарадорлиги, сифати ва қулайлигини ошириш ва "Электрон ҳукумат тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш доирасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ишларини "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 майдаги 341-сон қарори билан тасдиқланган Давлат органларида, давлат муассасаларида ва давлат иштирокидаги ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги намунавий низомга мувофиқ самарали ташкил этиш, жамоатчилик билан бевосита ва очиқ мулоқот ўрнатиш, шахсан қабул қилишни мунтазам равишда ўтказиш, шу жумладан жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларини жойларга бориб қабул қилишни белгиланган муддатларда ва тартибда амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ўзаро алоқани ташкил қилиш, уларнинг фаолиятида Вазирлик раҳбарияти ва ходимларининг фаол иштирокини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасидан тушаётган жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқилишини таъминлаш;

давлат сири ва махфий ахборотни ташкил қилган ахборот билан ишлашда қонунчилик талабларига риоя қилиш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларда, Ўзбекистон Республикаси судларида, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакат вакиллари иштирокида ўтказиладиган расмий тадбирларда Вазирлик номидан иштирок этиш;

зарурат бўлганда, бошқарув ходимларининг белгиланган умумий чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида Вазирлик марказий аппарати, ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотларининг тасдиқланган тузилмасига ўзгартиришлар киритиш;

Вазирлик марказий аппаратининг таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни, шунингдек, Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари низомларини ҳамда уставларини тасдиқлаш;

Вазирлик марказий аппарати ходимлари, ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари раҳбарлари билан қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилиш;

Вазирлик марказий аппарати, ҳудудий бошқармалари ва туманлар (шаҳарлар) бўлинмалари ходимлари бажариши шарт бўлган буйруқлар ва фармойишлар қабул қилиш ҳамда кўрсатмалар бериш;

Вазирлик тизимида фаолият юритаётган ходимларни рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал этиш, алоҳида ўрнак кўрсатган ходимларни Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотлари билан тақдирлашга тақдим этиш, шунингдек, соҳа тармоқларини ривожлантиришда алоҳида ўрнак кўрсатган ходимларни "Маҳалла ифтихори", "Мўътабар аёл" кўкрак нишонлари, фахрий ёрлиқлар ҳамда бошқа рағбатлантиришлар билан тақдирлаш;

Вазирлик мол-мулкини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасарруф этиш;

Вазирлик ходимларини ҳамда ҳудудий бошқарма ва идоравий мансуб ташкилотлар ходимларини тизимли равишда тайёрлаш ва хорижий мамлакатларда уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш;

Вазирлик ваколатига кирадиган масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини имзолаш.


29. Қуйидагилар Вазирнинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарларининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари талабларига, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя қилиш;

Вазир вақтинча бўлмаганда, тегишли буйруқ асосида унинг вазифаларини бажариш;

Вазирликнинг ўзи назорат қиладиган идоравий мансуб ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва уларга бевосита раҳбарлик қилиш, уларнинг ходимлари ўртасида вазифаларни тақсимлаш;

Вазирлик фаолиятининг ўзи назорат қиладиган йўналишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тасдиқланган Вазирлик фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича концепциялар, комплекс дастурлар ва тадбирлар ижросини танқидий ва чуқур таҳлил қилиш;

ўзи назорат қиладиган таркибий бўлинмалар томонидан прогноз кўрсаткичларга эришишни сўзсиз таъминлаш чораларини кўриш, таркибий бўлинмалар раҳбарларининг ҳисоботларини мунтазам эшитиш ва ушбу кўрсаткичларга эришиш учун уларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш;

ўзи назорат қиладиган таркибий бўлинмаларнинг режаларини тасдиқлаш, уларнинг бажарилишини назорат қилишни таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқлари ижросини ташкил этиш ва мониторингини олиб боришнинг амалий тизимини яратиш, Вазирлик фаолиятида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни бажариш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида" 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон қарорига ва Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирларн тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чораларини кўриш;

Вазирлик ҳайъати қарорлари, Вазирнинг буйруқлари ва топшириқлари ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

ўзи назорат қиладиган таркибий бўлинмаларда кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш бўйича Вазирга таклифлар тақдим этиш, уларнинг профессионаллиги, ўз ишини билиши, юксак даражадаги ишчанлик ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга бўлишини таъминлаш, уларнинг касбий малакасини ошириш, мутасаддилик қилинадиган таркибий тузилмаларда кадрлар захирасини шакллантириш чораларини кўриш;

ўзи назорат қиладиган таркибий бўлинмалар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг тўлиқ ва сифатли ишлаб чиқилишини ташкил этиш, Вазирлик таркибий бўлинмаларида тайёрланган ҳужжатлар лойиҳалари Вазир томонидан кўриб чиқилиши ва имзоланиши (виза қўйилиши) учун кўриб чиқиш ва виза қўйиш, уларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Регламенти ва Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ва ўз вақтида Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминлаш, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Вазирлар Маҳкамасининг аппаратида кўриб чиқилишида Вазирнинг топшириғига асосан иштирок этиш;

Вазирликка тақдим этилган таклифлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тўлиқ ва ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлаш, уларни пухта ҳуқуқий, молиявий, иқтисодий ва бошқа экспертизадан ўтказиш;

хизмат сафарларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида" 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва "Хорижий хизмат сафарларида бўлишнинг самарадорлиги ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифини ташкил этиш учун мансабдор шахсларнинг шахсий жавобгарлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорлари талабларига мувофиқ амалга ошириш, хизмат сафарларининг асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, сафар учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланишни таъминлаш;

ўзи назорат қиладиган таркибий бўлинмалар раҳбарлари фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини мунтазам танқидий таҳлил қилиш, Вазирлик ҳайъати мажлисларида уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, уларнинг якунлари бўйича зарур чора-тадбирларни амалга ошириш;

соҳага оид масалалар бўйича Вазирлик фаолиятини такомиллаштиришга доир амалий чора кўриш, қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни Вазирга киритиш;

ўзи назорат қиладиган таркибий бўлинмалар раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш, шу жумладан уларнинг эгаллаб турган лавозимда қолиши мақсадга мувофиқлиги масаласини кўриб чиқиш бўйича Вазирга таклиф киритиш, функционал вазифалар ва юкланган вазифалар бажарилиши учун уларнинг шахсий масъулиятини ошириш бўйича тизимли чоралар кўриш;

"Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ таркибий бўлинмаларда коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;

Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 мартдаги 62-сон қарори билан тасдиқланган Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари асосида тасдиқланган Вазирлик ва унинг ҳудудий бошқармалари ходимларининг одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш, ўзи назорат қиладиган таркибий тузилмалар раҳбарлари ва ходимлари томонидан ушбу қоидаларга риоя этилишини таъминлаш;

давлат хизматлари самарадорлигини, улардан эркин фойдаланишни ва уларни кўрсатиш сифатини ошириш ҳамда "Электрон ҳукумат тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш доирасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ишларини "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 майдаги 341-сон қарори билан тасдиқланган Давлат органларида, давлат муассасаларида ва давлат иштирокидаги ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги намунавий низомга мувофиқ самарали ташкил этиш, жамоатчилик билан бевосита ва очиқ мулоқот ўрнатиш, шахсан қабул қилишни мунтазам равишда ўтказиш, шу жумладан жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларини жойларга бориб қабул қилишни белгиланган муддатларда ва тартибда амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорликни, уларнинг фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида" 2016 йил 28 декабрдаги ПФ-4904-сон Фармонига мувофиқ фаол иштирок этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Виртуал қабулхонасидан тушган барча мурожаатлари ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқилишини таъминлаш;

давлат сирига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш;

ўз фаолияти соҳасида малакали кадрларни тайёрлаш, касбий таълим муассасаларининг ўқув даражаси ва сифатини тубдан оширишга кўмаклашиш, кадрларни, шу жумладан хориждаги илғор илмий-тадқиқот муассасалари ва таълим марказларида тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил қилиш;

ўз фаолияти соҳасида хорижий давлатлар, халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни амалга ошириш;

жумладан соҳа йўналишлари бўйича:


а) Вазирнинг биринчи ўринбосарининг асосий вазифалари:

хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш;

оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш;

ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар билан ишлаш;

оғир ижтимоий аҳволга тушган хотин-қизлар ҳамда зўравонликдан жабр кўрган шахсларга ижтимоий, маънавий ва ҳуқуқий ёрдам бериш ишларини ташкил қилиш, хотин-қизлар масалалари бўйича давлат ва жамоат ташкилотлари билан алоқалар ўрнатиш;

хотин-қизлар муаммолари билан ишлаш;

Зулфия номидаги Давлат мукофоти комиссияcи фаолиятини ҳамда "Мўътабар аёл" кўкрак нишони билан тақдирлашга оид чора-тадбирларни ташкил қилиш ва амалга ошириш;

Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди фаолиятини назорат қилиш;


б) Вазир ўринбосарининг асосий вазифалари:

хавфсиз маҳалла фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш;

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликни ташкил этиш;

ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш;

маҳаллаларда жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тегишли ҳудудда ҳуқуқбузарликларни содир этишга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш;


в) Вазир ўринбосарининг асосий вазифалари:

нуроний онахонларни қўллаб-қувватлаш;

кексалар ва фахрийлар билан ишлаш;

кексалар ва фахрийларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш;

ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларда ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш;

"Меҳнат фахрийси" кўкрак нишони билан тақдирлашга оид чора-тадбирларни ташкил қилиш ва амалга ошириш;

Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси фаолиятини назорат қилиш;


г) Вазир ўринбосарининг асосий вазифалари:

аҳоли бандлигига кўмаклашиш, тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш;

ободонлаштириш, томорқа ва экология масалалари;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг моддий-иқтисодий асосларини мустаҳкамлаш, аҳолини иш билан таъминлаш борасидаги имкониятларини кенгайтириш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва бу борада аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш.


30. Қуйидагилар Вазирлик марказий аппарати таркибий тузилмалари раҳбарларининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилиш;

тегишли бўлинма фаолиятига бевосита раҳбарлик қилиш, ушбу бўлинмага юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилишини ташкил этиш;

Вазирликнинг ҳудудий ва таркибий бўлинмалари фаолиятини ўз ваколатлари доирасида мувофиқлаштириш;

прогноз кўрсаткичларнинг бажарилишини мунтазам таҳлил қилиш ҳамда Вазирликнинг ҳудудий ва таркибий бўлинмалари ушбу кўрсаткичларга сўзсиз эришишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича таклифларни Вазирнинг назорат қилувчи ўринбосарларига киритиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқлари ижросини ташкил этиш ва мониторингини олиб боришнинг амалий тизимини яратиш, Вазирлик фаолиятида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни бажариш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек, ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида" 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон қарорига ва Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирларн тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун таркибий бўлинмалар ходимларининг шахсий масъулиятини ошириш чораларини кўриш;

Вазирлик ҳайъати қарорлари, Вазирнинг буйруқлари ва фармойишлари, унинг ўринбосарлари кўрсатмалари ҳамда топшириқларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

таркибий бўлинмаларнинг ҳар чораклик иш режалари ишлаб чиқилишини таъминлаш, уларни тасдиқлаш учун киритиш, уларда кўрсатилган вазифалар ва тадбирлар ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

таркибий бўлинмаларга юкланган вазифалар бажарилишини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш, Вазирлик ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари фаолиятига амалий ва методик ёрдам бериш;

таркибий бўлинмалар фаолияти соҳаларига оид қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва уларни кўриб чиқиш учун Вазирлик раҳбариятига киритиш;

таркибий бўлинмаларда кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйишда Вазир ўринбосарларига таклифлар тақдим этиш, профессионаллиги, ўз ишини билиши, амалий тажрибага, юксак ишчанлик ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга эканлиги кафолатини таъминлаш, уларнинг касбий малакасини ошириш чораларини кўриш, таркибий тузилмаларда кадрлар захирасини шакллантириш;

таркибий бўлинмалар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг сифатли ишлаб чиқилишини ташкил этиш, таркибий бўлинмаларда тайёрланган ҳужжатлар лойиҳаларини Вазир томонидан кўриб чиқилиши ва имзоланиши (виза қўйилиши) учун кўриб чиқиш ва виза қўйиш, уларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Регламенти ва Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ва ўз вақтида Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Вазирлар Маҳкамасининг аппаратида кўриб чиқилишида Вазирлик раҳбарияти топшириғига асосан иштирок этиш;

таркибий бўлинмага тақдим этилган таклифлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тўлиқ ва ҳар томонлама кўриб чиқиш, уларни пухта ҳуқуқий, молиявий, иқтисодий ва бошқа экспертизадан ўтказиш;

хизмат сафарларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва "Хорижий хизмат сафарларида бўлишнинг самарадорлиги ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифини ташкил этиш учун мансабдор шахсларнинг шахсий жавобгарлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорлари талабларига мувофиқ амалга ошириш, хизмат сафарлари асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, сафар учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланишни таъминлаш;

таркибий бўлинмалар ходимлари фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини мунтазам равишда танқидий таҳлил қилиш, йиғилишларда уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, уларнинг якунлари бўйича зарур чора-тадбирларни амалга ошириш;

Вазирлик ходимларининг Вазирлик ва унинг ҳудудий бошқармалари ходимлари одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этишини таъминлаш;

"Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ таркибий бўлинмаларда коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 майдаги 341-сон қарори билан тасдиқланган Давлат органларида, давлат муассасаларида ва давлат иштирокидаги ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги намунавий низомга мувофиқ кўриб чиқиш, жамоатчилик билан бевосита ва очиқ мулоқот ўрнатиш, шахсан қабул қилишни мунтазам равишда ўтказиш, шу жумладан жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларини жойларга бориб қабул қилишни белгиланган муддатларда ва тартибда амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорлик қилиш, уларнинг фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида" 2016 йил 28 декабрдаги ПФ-4904-сон Фармонига мувофиқ фаол иштирок этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан тушган мурожаатларини ўз вақтида ва тўлақонли кўриб чиқиш;

давлат сирига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш;

иш юритиш соҳасидаги намунали ходимларни аниқлаш ва мукофотлаш юзасидан Вазирлик раҳбариятига таклифлар киритиш;

давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, шунингдек, бошқа ташкилотлар томонидан ваколати доирасида давлат назоратини амалга ошириш.


31. Қуйидагилар Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари раҳбарларининг асосий функционал мажбуриятлари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилиш;

ҳудудий бўлинмалар фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, Вазирликнинг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари билан ушбу бошқармаларга юкланган вазифалар ва функциялар бажарилишини ташкил этиш;

ҳудудий бошқармалар ва туманлар (шаҳарлар) бўлимлари фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларга эришишни сўзсиз таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;

ҳудудий бошқармалар ва туманлар (шаҳарлар) бўлимлари фаолиятини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш;

ҳудудий бошқармалар ва туманлар (шаҳарлар) бўлимлари ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари ижроси таъминланишини, ижро интизоми мустаҳкамланиши бўйича комплекс амалий чора-тадбирлар амалга оширилиши, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек, ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида" 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун ходимларнинг шахсий масъулиятини ошириш чораларини кўриш;

Вазирлик ҳайъати қарорлари, Вазирнинг буйруқлари, фармойишлари ва унинг ўринбосарлари кўрсатмалари ҳамда топшириқлари ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

Вазирлик фаолияти соҳасига кирадиган масалалар юзасидан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар билан ҳамкорлик қилиш;

ходимларнинг ваколатларини белгилаш, улар ўртасида мажбуриятларни тақсимлаш, давлат архивлари ва уларнинг филиалларининг бошқа мансабдор шахслари ваколатларини белгилаш, ҳудудий бошқармалар ва туманлар (шаҳарлар) бўлимларини бошқаришда мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини белгилаш;

ҳудудий бошқармалар ва туманлар (шаҳарлар) бўлимлари фаолиятини режалаштиришни ташкил этиш, ҳар чораклик иш режаларини тасдиқлаш, уларнинг бажарилиши устидан назоратни таъминлаш;

ҳудудий бошқармаларда ва туманлар (шаҳарлар) бўлимларидa кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ҳудудий бошқарма кадрлар захирасини шакллантириш;

Вазирлик раҳбари номенклатурасига кирадиган бўш лавозимларга таклиф этилган кадрларнинг, шунингдек, ҳудудий бошқармага ишга қабул қилинаётган бошқа кадрларнинг профессионаллиги, ўз ишини билиши, амалий тажрибага, юксак даражада ишчанлик ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга эканлиги кафолатини таъминлаш;

ҳудудий бошқармалар ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал қилиш, шу жумладан улар эгаллаб турган лавозимда қолиши мақсадга мувофиқлигига доир масалаларни кўриб чиқиш, уларнинг шахсий масъулиятини ошириш бўйича мунтазам чора-тадбирлар кўриш;

ҳудудий бошқармалар ходимларининг ва туманлар (шаҳарлар) бўлимлари ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя қилишини таъминлаш;

"Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ ҳудудий бошқармаларда, дaвлaт aрxивлaри вa улaрнинг филиaллaрида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;

прогноз кўрсаткичларнинг бажарилишини мунтазам таҳлил қилиш ҳамда Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари вa улaрнинг бўлинмалaри ушбу кўрсаткичларга сўзсиз эришишини таъминлашга қаратилган қўшимча чоралар кўриш бўйича таклифларни Вазирликка киритиш;

ҳудудий бошқармалар ходимлари вa туманлар (шаҳарлар) бўлимлaри раҳбарлари фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини тизимли равишда танқидий таҳлил қилиш, йиғилишларда уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, уларнинг якунлари бўйича зарур чора-тадбирларни амалга ошириш;

ҳудудий бошқармалар вa улaрнинг бўлинмалaри фаолиятига оид масалалар бўйича қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, шунингдек, давлат хизматлари самарадорлиги, сифатини ошириш ва улардан эркин фойдаланиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ҳамда кўриб чиқиш учун Вазирлик раҳбариятига киритиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, мунтазам равишда шахсан, шу жумладан сайёр қабуллар ўтказиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорлик қилиш, уларнинг фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида" 2016 йил 28 декабрдаги ПФ-4904-сон Фармонига мувофиқ фаол иштирок этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан тушган мурожаатларини ўз вақтида ва тўлақонли кўриб чиқиш;

ҳудудий бошқармалар ходимлари, дaвлaт aрxивлaри вa улaрнинг филиaллaри раҳбарларининг лавозим маошига мукофотлар, устамалар тўлаш, уларга моддий ёрдам бериш, уларни мукофотлаш, рағбатлантириш ва уларга интизомий чора қўллаш тўғрисида қарор қабул қилиш, уларни давлат мукофотлари ва идоравий мукофотлар билан тақдирлаш тўғрисида Вазирликка таклифлар киритиш;

давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларнинг ҳимоя қилинишини таъминлаш;

маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида, судларда ва ташкилотларда Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари вa улaрнинг бўлинмалaри манфаатларини ифода этиш.



6-БОБ. ВАЗИРЛИК РАҲБАРЛАРИНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


32. Вазир:

Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши;

ушбу Низомнинг 21-бандида назарда тутилган жавобгарлик соҳалари бўйича;

ушбу Низомнинг 28-бандида кўрсатилган ўз асосий функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.


33. Вазирнинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари:

Вазирликнинг ўзи назорат қиладиган таркибий тузилмаларида Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши;

ушбу Низомнинг 21-бандида назарда тутилган Вазирликнинг мутасаддилик қилинадиган масалаларга доир жавобгарлик соҳалари бўйича;

ушбу Низомнинг 29-бандида кўрсатилган ўз асосий функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.


34. Марказий аппарат таркибий бўлинмалари раҳбарлари:

тегишли таркибий бўлинмаларга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши;

ушбу Низомнинг 23-бандида назарда тутилган Вазирлик марказий аппаратининг жавобгарлик соҳалари бўйича;

ушбу Низомнинг 30-бандида кўрсатилган ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.


35. Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари раҳбарлари:

ҳудудий бошқармаларга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши;

ҳудудий бошқармаларнинг ушбу Низомнинг 25 ва 26-бандларида назарда тутилган жавобгарлик соҳалари бўйича;

ушбу Низомнинг 31-бандида кўрсатилган ўз асосий функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.



7-БОБ. ВАЗИРЛИК ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


1-§. Вазирлик раҳбарияти


36. Вазирликка Бош вазирининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси маъқуллаганидан кейин киритилган тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тасдиқланадиган ва лавозимидан озод этиладиган Вазир раҳбарлик қилади.

Вазир ўз мақомига кўра, Вазирлар Маҳкамаси аъзоси ҳисобланади.


37. Вазирнинг Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тақдимномасига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган уч нафар ўринбосари, шу жумладан биринчи ўринбосари бўлади.

Вазир бўлмаган вақтда, унинг ваколатлари вазифалар тақсимотига мувофиқ биринчи ўринбосари ёки ўринбосарлари томонидан амалга оширилади.

Вазирнинг биринчи ўринбосари моддий таъминот, транспорт ва тиббий хизмат кўрсатиш шартлари бўйича Вазирга тенглаштирилади.


38. Вазирлик марказий аппаратининг таркибий (бошқарма, бўлим, бўлинма ва хизматлар) бўлинмалари, шунингдек, ҳудудий таркибий бўлинмалар раҳбарлари тегишлича Вазир ўринбосарлари тақдимномаси бўйича Вазир томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.


39. Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари раҳбарлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан тегишлича Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири билан келишган ҳолда, лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.


40. Қорақалпоғистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг ўринбосарлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармалари бошлиқларининг ўринбосарлари Қорақалпоғистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармалари бошлиқларининг тақдимномаларига асосан Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.


41. Ҳудудий бошқармаларнинг туманлар (шаҳарлар) бўлимлари бошлиқлари лавозимига Қорақалпоғистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармалари бошлиқларининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири билан келишилган ҳолда, туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.


42. Туманлар (шаҳарлар) бўлимлари бошлиқларининг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири билан келишилган ҳолда ҳудудий бошқармалар бошлиқлари буйруғига биноан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.


43. Ҳудудий бошқармалар таркибидаги бўлим ва туманлар (шаҳарлар) бўлимлари мутахассислари лавозимига Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг тегишли бошқармаларининг хулосаларига мувофиқ ҳудудий бошқармалар бошлиқларининг буйруқлари билан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.


44. Ходимлар лавозимга қуйидаги қоидаларга риоя этган ҳолда тайинланади:

а) уларнинг маълумоти, мутахассислиги ёки лавозимга яқин мутахассислик, шунингдек, амалий иш тажрибасига мувофиқ;

б) ташкилий-штат ўзгаришлари бўлганида, шунингдек ходимнинг ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ ҳолатлар юзага келганида у эгаллаб турган лавозимидан озод қилинади ва қонунчиликка мувофиқ моддий қўллаб-қувватланади;

в) ўзаро қариндош бўлган ходимлар (ота-она, турмуш ўртоғи, ака-ука, опа-сингил, фарзандлар, шунингдек турмуш ўртоғининг ота-онаси, ака-укаси, опа-сингиллари), агар унда иш жараёнида бирининг иккинчисига бўйсуниши ёки назорат остида бўлиши билан боғлиқ бўлса, бир бўлинмадаги лавозимларга тайинланиши мумкин эмас.


45. Вазирликнинг таркибий бўлинмалари ва ҳудудий бошқармалари тўғрисидаги низомлар, агар Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамаси қарорларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, Вазир томонидан тасдиқланади.



2-§. Вазирлик марказий аппарати таркибий

бўлинмаларининг ҳудудий бошқармалар ва идоравий

мансуб ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги


46. Вазирлик марказий аппарати таркибий бўлинмаларининг ҳудудий бошқармалар ва идоравий мансуб ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги марказий аппарат таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари томонидан таъминланади.


47. Вазирлик марказий аппаратининг таркибий бўлинмалари Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари билан ўз фаолияти йўналишлари бўйича:

топшириқларни ҳудудий бошқармалар ва идоравий мансуб ташкилотларга етказади ҳамда уларнинг бажарилишини назорат қилади;

Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотларига таркибий бўлинмаларнинг бевосита фаолияти масалалари бўйича сўровлар юборади ҳамда уларнинг ижро этилишини назорат қилади;

Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари фаолиятини текширади ва ўрганади, умумлаштиради, уни такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва Вазирлик раҳбариятига киритади;

Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш ва фаолияти натижалари тўғрисида ҳисобот ва ахборот материаллари, статистика ва бошқа маълумотлар ўрганилиши ва умумлаштирилишини ташкил этади;

Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотларининг иш режаларини таҳлил қилади, уларнинг фаолиятини режалаштиришни такомиллаштиришга доир чоралар кўради;

Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотларидан тушган таклифларни кўриб чиқади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари иштирокини ташкил этади, қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича улардан тушган таклифларни кўриб чиқади.


48. Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари Вазирлик марказий аппаратининг таркибий бўлинмалари билан ўзаро ҳамкорлик қилади. Жумладан:

Вазирлик раҳбарияти топшириқлари ижроси ҳақида хабар беради;

белгиланган фаолият соҳасида қонун ҳужжатларини амалга ошириш бўйича фаолият натижалари тўғрисида Вазирликнинг марказий аппаратига ахборот тақдим этади;

уларнинг фаолиятини текшириш ва ўрганиш натижасида ишда аниқланган камчиликлар ва қоидабузарликларни бартараф этиш натижалари тўғрисида хабар беради;

ўз фаолияти натижалари тўғрисидаги ҳисоботларни белгиланган муддатларда Вазирликнинг марказий аппаратига тақдим этади;

Вазирлик ваколатига тааллуқли соҳалардаги муаммоларни ҳал қилишга қаратилган таклифларни Вазирликнинг марказий аппаратига юборади;

маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, ҳудудий давлат органлари, комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар билан ўзаро ҳамкорлик натижалари тўғрисида хабар беради;

ваколатли органлар томонидан ўтказилган ўз фаолиятини текшириш натижалари тўғрисида маълумот беради;

жойларда Вазирлик ҳайъати йиғилиши, семинар, конференция, танлов, кўрик ва бошқа ташкилий тадбирлар ўтказиш тўғрисида таклифлар киритади.


49. Вазирлик марказий аппарати таркибий бўлинмалари ва унинг ҳудудий бошқармаларининг ўзаро ҳамкорлик жараёнида юзага келадиган келишмовчиликлар Вазирнинг топшириғига биноан унинг тегишли ўринбосари томонидан кўриб чиқилади. Агар вазир ўринбосари томонидан келишмовчиликларни тартибга солишнинг имконияти бўлмаса, сўнгги қарор бевосита Вазир томонидан қабул қилинади.



3-§. Вазирликнинг давлат бошқарувининг бошқа

органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари,

хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар

билан ўзаро ҳамкорлиги


50. Вазирлик ўз вазифалари ва функцияларини амалга оширишда давлат бошқарувининг бошқа органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.


51. Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ўз ваколатлари доирасида давлат бошқарувининг бошқа органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.

Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари тегишли ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича "йўл хариталари"ни ишлаб чиқишда ва амалга оширишда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар билан ўзаро яқин ҳамкорлик қилади.



4-§. Вазирликнинг ҳайъати, бошқа кенгаш,

маслаҳат, эксперт органлари


52. Вазирликда Вазир (ҳайъат раиси), унинг ўринбосарлари (лавозимига кўра), шунингдек, унинг фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи ҳудудий бошқарма ва идоравий мансуб ташкилотлар, таркибий бўлинмалар раҳбарларидан ва жамоатчилик вакилларидан иборат таркибда ҳайъат тузилади.

Ҳайъат таркибининг сони ва шахсий таркиби Вазир тақдимномасига биноан Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


53. Ҳайъатга қуйидаги вазифалар юкланади:

Вазирлик фаолиятининг ушбу Низомда белгиланган асосий йўналишларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

қонун ҳужжатларида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорларида белгиланган вазифалар ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш учун Вазирлик тизими ходимлари ва раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини ошириш чораларини кўрган ҳолда, таркибий ва ҳудудий бўлинмалар ҳамда идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботлари мунтазам равишда эшитилишини ташкил этиш;

тизимли равишда Вазирлик фаолияти соҳасидаги ҳудудий ва тармоқ дастурлари амалга оширилишининг натижадорлигини ҳар чоракда ва мунтазам кўриб чиқиш;

Вазирлик фаолияти доирасидаги долзарб масалаларни муҳокама қилишни таъминлаган ҳолда, ҳайъатнинг кенгайтирилган, шу жумладан, жойларда сайёр мажлисларини ўтказишни ташкил этиш, шунингдек, юзага келган муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли қарорларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;

Вазирлик марказий аппарати ва унинг тизимига кирадиган лавозимлар номенклатурасини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;

Вазирлик номенклатурасига кирадиган лавозимларга кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш масалаларини кўриб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқлари билан белгиланган вазифалар ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш учун Вазирлик раҳбарлари ва ходимларининг ижро интизомини мустаҳкамлаш ва шахсий жавобгарлигини ошириш.

Ҳайъат Вазирлик ваколатига киритилган бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқиши мумкин.


54. Ҳайъат мажлисига давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари уларнинг ваколатига кирадиган масалалар юзасидан таклиф этилиши мумкин.


55. Ҳайъат, агар унинг мажлисида ҳайъат таркибининг ярмидан кўпи қатнашса, ваколатли ҳисобланади. Кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан қарорлар кўпчилик овози билан қабул қилинади.


56. Ҳайъат қарорлари Вазирнинг буйруқлари билан амалга оширилади.


57. Вазир ва ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, Вазир юзага келган келишмовчиликлар ҳақида Вазирлар Маҳкамасига ахборот берган ҳолда мустақил равишда қарор қабул қилади. Ҳайъат аъзолари ҳам Вазирлар Маҳкамасига ўз фикрини хабар қилиши мумкин.


58. Ҳайъат фаолиятининг тартиби унинг ҳайъат томонидан тасдиқланадиган регламент билан белгиланади.


59. Вазирликда бошқа кенгаш, маслаҳат ва эксперт органлари тузилиши мумкин. Уларнинг таркиби ва улар тўғрисидаги низомлар Вазир томонидан тасдиқланади, уларнинг таркиби ва низомлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан тасдиқланадиган ҳолатлар бундан мустасно.



8-БОБ. ВАЗИРЛИК ФАОЛИЯТИНИНГ

САМАРАДОРЛИГИ ВА НАТИЖАДОРЛИГИНИ

БАҲОЛАШ МЕЗОНЛАРИ ВА ИШ ИНДИКАТОРЛАРИ


60. Вазирлик фаолиятининг самарадорлиги мунтазам баҳоланади.


61. Вазирлик фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигига берилган баҳо Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган Вазирлик фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ва иш индикаторларига асосланади.


62. Вазирлик фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш якунлари бўйича:

Вазирлик раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш (мукофотлаш) ёки интизомий жавобгарликка тортиш;

Вазирлик фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва унинг фаолиятини янада такомиллаштириш чоралари кўрилади.


63. Вазирлик фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.



9-БОБ. ВАЗИРЛИКНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ

ВА МОДДИЙ-ТЕХНИК ТАЪМИНЛАШ, УНИНГ

ХОДИМЛАРИ МЕҲНАТИГА ҲАҚ ТЎЛАШ ВА

МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИШ


64. Қуйидагилар Вазирлик фаолиятини молиялаштиришнинг асосий манбалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги "Обод ва хавфсиз маҳалла" жамғармаси маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


65. Вазирлик, унинг ҳудудий бошқармалари ходимларининг иш ҳақи лавозим маоши, мукофотлар, қўшимча ҳақ, устама ҳақ ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлардан иборат.


66. Вазирлик бошқарув ходимларининг Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига мувофиқ лавозим маошини белгилашда тариф коэффициенти марказий аппаратда - 2 бараварга, Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаларида - 1,5 бараварга, туманлар (шаҳарлар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларида - 1,3 бараварга оширилган миқдорда қўлланилади.

Вазирлик, унинг ҳудудий ва идоравий мансуб ташкилотлари ходимларининг лавозим маоши Ягона тариф сеткасининг тасдиқланган разрядлари бўйича белгиланади.

Вазирлик ходимларининг иш ҳақи лавозим маоши, мукофотлар, қўшимча ҳақлар, устамалардан ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлардан иборат бўлади.


67. Вазирлик марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари ходимларининг умумий иш стажидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан кўп йиллик меҳнати учун рағбатлантириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда, лавозим маошига белгиланган коэффициентларда қуйидаги ҳажмларда ҳар ойда қўшимча пул тўланади:

2 йилдан 5 йилгача - 0,05;

5 йилдан 10 йилгача - 0,1;

10 йилдан 15 йилгача - 0,2;

15 йилдан ортиқ - 0,3.

Вазирлик ходимларига ойлик устамалар, моддий ва кўп йиллик меҳнатлари учун рағбатлантиришлар тарзидаги лавозим маошларига қўшимча тўловлар қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади, шунингдек, Вазирлик ҳайъати томонидан тасдиқланади.

Вазирлик ходимлари лавозим маошларига ҳар ойда қўшиладиган рағбатлантириш хусусиятига эга бўлган қўшимча ҳақлар ва устамалар Вазир томонидан тасдиқланадиган қоидаларга мувофиқ тўланади.


68. Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги "Обод ва хавфсиз маҳалла" жамғармаси маблағларидан фойдаланиш Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.



10-БОБ. ВАЗИРЛИКНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ МАЖЛИСИ, ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ,

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ АДМИНИСТРАЦИЯСИ

ҲАМДА ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ ОЛДИДА ҲИСОБДОРЛИГИ


69. Вазирлик раҳбарлари ўз фаолиятлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг тегишли таркибий бўлинмаларига ва Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.


70. Вазир ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ялпи мажлисида Вазирлик фаолияти юзасидан ҳамда соҳадаги тизимли муаммолар ва уларнинг ечими тўғрисида ахборот беради.

Вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари бошлиқлари ҳар чоракда тегишли халқ депутатлари Кенгашлари йиғилишларида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида учраётган долзарб муаммо ва камчиликлар ҳамда уларнинг ечими бўйича ахборот беради.


71. Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси билан ўзаро ҳамкорлик қилиш доирасида:

Ўзига юкланган вазифа ва функцияларни бажариш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини белгиланган тартибда киритади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш учун давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари билан биргаликда ўз фаолият соҳасидаги муаммоларни ҳал этиш, давлат бошқаруви тизимини мақбуллаштиришга қаратилган таклиф, тавсия ва таҳлилий маълумотлар тайёрланишини таъминлайди;

маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлашнинг энг муҳим йўналишлари ҳамда вазифаларини амалга оширишда мавжуд тизимли муаммо ва камчиликларнинг мунтазам равишда кўриб чиқилишини ташкил қилади;

белгиланган тартибда бошқа функцияларни ҳам амалга оширади.


72. Вазирлар Маҳкамаси раҳбарияти Вазирлик раҳбарларининг фаолиятини юкланган вазифаларнинг улар томонидан самарали бажарилиши бўйича доимий мониторинг олиб боради, Вазирлик фаолияти самарадорлигини холисона баҳолайди.


73. Мониторинг ва баҳолаш натижаларига кўра, Вазирликнинг алоҳида ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантириш чоралари кўрилади, жиддий камчиликларга йўл қўйган ходимларга нисбатан эса жавобгарлик чоралари, эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган жазо қўлланилади.



11-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


74. Вазирлик қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта ташкил этилади ва тугатилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 16 апрель