Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 18.04.2020 й. 240-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 18 апрелдаги

240-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси

ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган

мактабларни ривожлантириш агентлиги тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлигининг (кейинги ўринларда - Агентлик) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, жавобгарлигини, фаолиятини ташкил этиш тартибини, шунингдек, унинг раҳбарларининг функционал мажбуриятлари ва жавобгарлигини белгилайди.


2. Агентлик унинг тизимидаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларда (кейинги ўринларда - Агентлик тизимидаги мактаблар) иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш, ўқитиш ва тарбиялаш соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва самарали амалга ошириш учун масъул давлат бошқаруви органи ҳисобланади.


3. Агентлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


4. Агентликнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари барча давлат идоралари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурийдир.


5. Агентлик ва унинг тузилмасига кирадиган муассасалар юридик шахс ҳисобланади ва ўз уставига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга, логотипига, штамп ва бланкаларга, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварақларига, хорижий валютадаги банк ҳисобварақларига эга бўладилар.


6. Агентликнинг расмий номи:

давлат тилида:

тўлиқ номи - "O'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Prezident, ijod va ixtisoslashtirilgan maktablarni rivojlantirish agentligi" (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги);

инглиз тилида:

тўлиқ номи - Agency for the development of Presidential, creative and specialized schools under the Cabinet of Ministers of the Republic of Uzbekistan;

рус тилида:

тўлиқ номи - Агентство по развитию Президентских, творческих и специализированных школ при Кабинете Министров Республики Узбекистан.


7. Агентликнинг почта манзили: Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Дўрмон йўли кўчаси, 29-уй.



2-БОБ. АГЕНТЛИКНИНГ ТУЗИЛМАСИ


8. Агентликнинг тузилмаси қуйидагилардан иборат:

Агентликнинг марказий аппарати;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудий бўлимлари;

Президент мактаблари;

Абдулла Орипов номидаги ижод мактаби;

Эркин Воҳидов номидаги ижод мактаби;

Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий номидаги ижод мактаби;

Исҳоқхон Ибрат номидаги ижод мактаби;

Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби;

Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби;

Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби;

Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактаби;

Ибройим Юсупов номидаги ижод мактаби;

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб;

Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактаб;

Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаб;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ҳамда туман (шаҳар)лардаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ва ихтисослаштирилган мактаблар;

"Янги Ўзбекистон" университети;

Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази;

"Ренессанс" болалар соғломлаштириш оромгоҳи.


3-БОБ. АГЕНТЛИКНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


10. Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

Агентлик тизимидаги мактабларда иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш, ўқитиш ва тарбиялаш соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва уни самарали амалга ошириш;

давлат таълим стандартларига мувофиқ Агентлик тизимидаги мактаблар фаолиятини ягона шаклда мувофиқлаштириш ва услубий раҳбарликни амалга ошириш;

Агентлик тизимидаги мактабларнинг ўқув-тарбиявий жараёнига илғор таълим шакллари, педагогик технологиялар ва ахборот янгиликларини жорий этиш;

Агентлик тизимидаги мактаблар ўқувчиларида ватанпарварлик ва Ватанга муҳаббат, бағрикенглик туйғуларини, қонунларга, миллий ва умуминсоний қадриятларга нисбатан ҳурматни шакллантириш, уларнинг маънавий, ахлоқий, интеллектуал ва жисмоний ривожланиши даражасини янада ошириш;

халқаро ташкилотлар ва экспертларни жалб қилган ҳолда Агентлик тизимидаги мактаблар педагогик кадрларини танлаш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг илғор ва шаффоф ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этиш;

Агентлик тизимидаги мактабларни ривожлантириш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш ва уйғунлаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;

Агентлик тизимидаги мактабларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ушбу муассасалардаги бино ва иншоотлардан фойдаланиш бўйича ишлар мониторингини олиб бориш ва мувофиқлаштириш.


11. Агентлик ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш, ўқитиш ва тарбиялаш, ёш истеъдодларни янада қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, дарсликлар ва методик қўлланмаларни тайёрлаш ва нашр этишдаги муаммоларни бартараф қилиш ишларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, шунингдек, Агентлик тизимидаги мактаблар фаолиятини бошқариш ва ташкил этишнинг махсус тизимини яратиш бўйича ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва уни самарали амалга ошириш соҳасида:

Агентлик тизимидаги мактабларнинг фаолиятини ташкил этиш ва яхшилаш масалаларида давлат бошқарувини амалга оширади;

Агентлик тизимидаги мактабларни ривожлантириш истиқболларини прогнозлаштиради ва давлат дастурларини ишлаб чиқади;

Агентлик тизимидаги мактабларда Агентлик томонидан тасдиқланган давлат таълим стандартларининг сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида идоравий мансуб ташкилотлар ва муассасалар фаолиятини мувофиқлаштиради;

Агентлик томонидан тасдиқланган давлат таълим стандартлари, Агентлик тизими мутахассисларига қўйиладиган малака талабларининг бажарилиши юзасидан идоравий назоратни ташкил этади;

Агентлик тизимидаги мактаблар битирувчиларининг республика ва хорижий олий таълим муассасаларида таълим олишни давом эттиришлари учун зарур шарт-шароитлар яратади;

Агентлик тизимидаги мактаблар томонидан бюджет қонунчилиги бузилишлари профилактикаси ва унинг олдини олишга қаратилган, шу жумладан, ахборот технологиялари ва эътироф этилган молиявий назоратнинг халқаро стандартларини жорий этиш орқали молиявий назоратни амалга оширади;

ўқувчиларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбида мустақиллик ғояларига садоқат, миллий ифтихор, Ватанга муҳаббат ва унинг тақдири учун дахлдорлик, фидойилик туйғуларини шакллантиради, уларни турли мафкуравий хатарлардан ҳимоя қилиш ишларини амалга оширади;

Агентлик тизимидаги мактаблар фаолиятининг таълим ва ижтимоий жиҳатдан самарадорлиги таҳлилини ўтказади, уни мақбуллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

Агентлик тизими фаолиятига дахлдор журнал ва газеталар, бланкалар, ўқув-методик мажмуалар, бюллетенлар ҳамда ўқув қўлланмаларини нашр этади, шунингдек, Агентлик веб-сайти ишини ташкил қилади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги қошидаги "Oqituvchi" илмий-услубий нашриёт маркази билан биргаликда Агентлик тизимидаги мактаблар учун мазмун ва сифат жиҳатидан халқаро ва миллий талабларга жавоб берадиган, янгиланган ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ ишлаб чиқилган ўқув-методик қўлланма ва адабиётларнинг янги авлоди яратилиши ва нашр этилишини ташкил қилади;

ўз ваколатлари доирасида халқаро алоқаларни кенгайтиради ва унинг самарадорлигини оширишга кўмаклашади, хорижий ва халқаро ташкилотлар билан алоқаларни ва ҳамкорликни йўлга қўяди;


б) давлат таълим стандартларига мувофиқ Агентлик тизимидаги мактаблар фаолиятини ягона шаклда мувофиқлаштириш ва методик раҳбарлик қилиш соҳасида:

Агентлик тизимидаги мактаблар учун дарсликлар ва методик қўлланмаларни яратиш, тайёрлаш ва нашр этиш билан боғлиқ ишларни олиб боради;

илмий-техник ривожланишдан, жамият эҳтиёжларидан келиб чиқиб, ўқувчиларнинг ёш ва психофизиологик хусусиятларини, шунингдек, уларнинг ўзлаштириш имкониятларини ҳисобга олган ҳолда Агентлик тизимидаги мактабларда давлат таълим стандартларини, ўқув режаси, дастурлар ва дарсликларни тасдиқлайди ва узлуксиз равишда такомиллаштиради;

Агентлик тизимидаги мактабларда таълим сифатининг тизимли мониторингини олиб бориш учун илғор технологияларни қўллайди;

Агентлик тизимидаги мактабларда чет тилларини ўқитишнинг самарадорлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширади;


в) Агентлик тизимидаги мактабларнинг ўқув-тарбиявий жараёнига илғор таълим шакллари, педагогик технологиялар ва ахборот янгиликларини жорий этиш соҳасида:

Агентлик тизимидаги мактабларда миллий ва жаҳон адабиёти, мусиқа, кино, ҳайкалтарошлик, амалий санъат ва бошқа ижодий йўналишлардаги асарларга эга бўлган замонавий кутубхоналарни ташкил этади;

Агентлик тизимидаги мактабларда методик жараённи автоматлаштиришни ва замонавий ахборот технологиялари ва педагогик инновацияларни жорий этишни таъминлайди;

Президент мактаблари битирувчиларини етакчи хорижий олий таълим муассасаларига ўқишга киришга тайёрлайди;

Агентлик тизимидаги мактаблар битирувчилари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, республика аҳамиятига эга бошқа ташкилотлар, дипломатик ваколатхоналар, йирик компания ва бирлашмаларга ишга жойлашишлари учун шароит яратади;

Агентлик тизимидаги мактаблар ўқув жараёнига таълимнинг илғор шаклларини, педагогик технологиялар ва ахборот янгиликларини жорий этиш мақсадида хорижий таълим ташкилотлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўяди;

ўқувчиларнинг таълимда эришган ютуқларини баҳолаш бўйича халқаро дастурлар ва тадқиқотларда Агентлик тизимидаги мактабларнинг иштироки бўйича халқаро тажрибани ўрганади ва татбиқ этади;

Агентлик тизимидаги мактаблар ўқувчилари турли фанлардан халқаро олимпиадаларда иштирок этишини ҳамда уларнинг хорижий маданий-маърифий сафарларини ташкил этади;

ўқув-тарбиявий жараёнда илғор ва инновацион таълим шакл ва услубларини жорий қилган ҳолда талаб юқори бўлган таълим йўналишлари бўйича ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар сонини кўпайтиради;


г) Агентлик тизимидаги мактаблар ўқувчиларида ватанпарварлик ва Ватанга муҳаббат, бағрикенглик туйғуларини, қонунларга, миллий ва умуминсоний қадриятларга нисбатан ҳурматни шакллантириш, уларнинг маънавий, ахлоқий, интеллектуал ва жисмоний ривожланиши даражасини янада ошириш соҳасида:

маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар билан биргаликда ўқувчи ёшларга психологик ёрдам кўрсатиш бўйича Агентлик тизимидаги мактаблар фаолияти мувофиқлаштирилишини таъминлайди;

ўқувчи ёшларда ҳуқуқий, эстетик, экологик тарбияни ривожлантириш бўйича турли тадбирлар ташкил этади;

иқтидорли ўқувчи ёшларни аниқлаш ва ўқитиш бўйича психологик-педагогик ва ташкилий шарт-шароитлар яратади;

фуқаролик жамиятини қуриш ва демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш жараёнида ёш педагог ва ўқувчиларнинг ижтимоий фаоллигини оширишни, ёшларни жисмоний соғлом, мустақил фикрлайдиган, Ватанга садоқатли ва қатъий ҳаётий позицияга эга бўлган инсон этиб тарбиялашни таъминлайди;

ёшларнинг маънавий дунёсини бойитиш, миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини тарғиб қилиш мақсадида китобхонлик маданиятини шакллантиради, ўқувчиларни ёт ғоялар ва зарарли одатларнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиш бўйича фаолиятни ташкил қилишни таъминлайди;

ўқувчиларнинг хоҳиш-истаклари ва таклифларидан келиб чиққан ҳолда уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил қилишга йўналтирилган тизимли фаолият бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқади;

ўқувчилар давоматини назорат қилишни таъминлайди, ушбу йўналишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқа жамоат ташкилотлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ҳамкорликдаги фаолиятини мувофиқлаштиради;


д) халқаро ташкилотлар ва экспертларни жалб қилган ҳолда Агентлик тизимидаги мактаблар педагогик кадрларини танлаш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг илғор ва шаффоф ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этиш соҳасида:

Агентлик тизимидаги мактабларга малакали ва тажрибали, чуқур билимли ва маҳоратга эга, давлат тилини ва чет тилларини, замонавий педагогик технологиялар ва ўқитишнинг инновацион усулларини мукаммал ўзлаштирган педагогларни жалб қилади;

Агентликнинг марказий аппарати ва идоравий мансуб ташкилотлари ва муассасаларнинг ходимларини ўқитиш ва малакасини оширишни ҳамда уларни хизмат сафарлари ва стажировкаларига, жумладан, хорижий илмий- текшириш, таълим муассасаларига ва бошқа муассасаларга юборишни ташкил этади;

идоравий мансуб ташкилотлар ва муассасаларнинг раҳбарларини маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан келишмасдан лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод этади;

идоравий мансуб ташкилотлар ва муассасалар раҳбарларининг ўринбосарларини лавозимга тайинлайди;

Агентлик бошқарув кадрлари малакасини ошириш учун назарда тутилган маблағлар доирасида Агентлик тизимидаги мактаблар раҳбарлари босқичма-босқич малакасини оширишдан ўтишларини таъминлайди;

педагогик кадрларни танлаш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тартибини белгилайди;


е) Агентлик тизимидаги мактабларни ривожлантириш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш ва уйғунлаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш соҳасида:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек, Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ бошқа ҳужжатларни, шу жумладан, ташаббус кўрсатилган лойиҳаларни белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;

ўз ваколатлари доирасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилади, зарур ҳолларда давлат бошқаруви органлари билан биргаликда қарорлар ва бошқа ҳужжатларни қабул қилади;


ж) Агентлик тизимидаги мактабларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ушбу муассасалардаги бино ва иншоотлардан фойдаланиш бўйича ишлар мониторингини олиб бориш ва мувофиқлаштириш соҳасида:

Агентлик тизимидаги мактабларни замонавий спорт зали, инвентарь, ускуна ва бошқа жиҳозлар билан таъминлайди;

Агентлик идоравий бўйсунувидаги ташкилотлар, Агентлик тизимидаги мактаблар бино ва иншоотларидан тегишли тарзда, шу жумладан, куз-қиш даврида фойдаланиш бўйича ишлар мувофиқлаштирилиши ва мониторинг олиб борилишини таъминлайди;

электр энергияси, табиий газ, сувдан фойдаланишнинг белгиланган тартибига риоя қилишни тизимли таҳлил қилади, шунингдек, энергияни тежовчи ва инновацион воситалар ва технологияларни жорий этиш йўли билан улардан оқилона фойдаланиш бўйича таклифлар киритади;

харажатлар сметасини тузиш ва ижроси, иш хақининг ҳисобланиши ва тўланиши, товарлар, ишлар ва хизматларни харид қилиш, Агентлик тизимидаги мактабларнинг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари ҳисоби юритилиши мониторингини олиб бориш, шунингдек, ўз фаолияти йўналиши бўйича хизматлар кўрсатишдан тушадиган даромадларни тасарруф этади;

ноқонуний сарф-харажатлар ва бюджет маблағларининг талон-тарож қилиниши ҳолатлари профилактикаси, олдини олиш ва аниқлаш бўйича фаолиятни мувофиқлаштиради;

бино ва иншоотларнинг сақланишига доир белгиланган қоидаларга риоя қилмаган раҳбарлар ва ходимларни мукофотларнинг бир қисмидан ёки тўлиқ маҳрум қилиш тўғрисида таклифлар киритади;

инвестиция дастурларини амалга ошириш доирасида Президент, ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар бино ва иншоотларини реконструкция қилиш ҳамда қуриш, шу жумладан, мукаммал ва жорий таъмирлаш бўйича ишларни мувофиқлаштиради ва мониторингини олиб боради.



4-БОБ. АГЕНТЛИКНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


12. Агентлик ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек, Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ бўлган бошқа ҳужжатларни белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ёки Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиш;

ўз ваколатлари доирасида, шу жумладан, бошқа давлат органлари билан биргаликда, давлат органлари ва ташкилотлари, жисмоний ва юридик шахслар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш;

Агентлик ваколатига кирадиган масалаларни ҳал этиш учун давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмаларидан зарур ахборотни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

мақсадли кўрсаткичларни ўз вақтида бажариш ва уларга эришиш бўйича манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда тегишли чоралар кўриш;

Агентликнинг идоравий бўйсунувидаги ташкилотлар ва муассасаларни ташкил этиш ва уларни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

Жамғарма маблағлари ҳисобига давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, илмий ва таълим муассасалари, халқаро ташкилотларнинг юқори малакали мутахассисларини, шунингдек, хорижий экспертларни ишга жалб қилиш;

Агентликнинг ташкилий тузилмаси ҳамда ходимларининг белгиланган умумий чекланган сони доирасида ўзгартиришлар киритиш;

Агентликнинг марказий аппарати, Агентлик тизимидаги мактаблар, шунингдек, уларнинг ётоқхоналари харажатлари сметаси ва штат жадвалини белгиланган тартибда тасдиқлаш;

Агентликнинг идоравий бўйсунувидаги ташкилотлар ва муассасалар, шунингдек, уларнинг бошқарув ходимларининг умумий чекланган сонини тасдиқлаш;

Агентлик тизимидаги мактаблар фаолиятини молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағларни тасарруф этиш;

Агентлик тизимидаги мактабларни ривожлантириш учун зарур сарф-харажатлар бўйича таклифларни шакллантириш, шунингдек, зарурат бўлганда, хорижий кредитлар, грантлар ва бошқа маблағларни жалб қилиш бўйича тадбирларни амалга ошириш;

Агентлик, унинг идоравий бўйсунувидаги ташкилотлар ва муассасаларнинг кўчмас мулки ва бошқа турдаги мол-мулкини самарали бошқаришни ташкил этиш;

Агентлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича зарур статистик ахборотни давлат статистика органларидан бепул олиш;

ўз ваколатлари доирасида халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш, конференциялар, семинарлар, симпозиумлар, кўргазмалар, ярмаркалар ўтказиш, шунингдек, бошқа ташкилотлар томонидан ташкил этилган шу каби тадбирларда иштирок этиш;

Агентлик фаолиятини кенг ёритиш мақсадида расмий веб-сайтлар, шунингдек, ижтимоий тармоқларда саҳифалар яратиш;

Агентлик тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва дастурий маҳсулотларни жорий этиш бўйича фаолиятни ташкил этиш;

ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича методик материаллар ва тавсиялар ишлаб чиқиш.

Агентлик қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши мумкин.


13. Агентлик:

ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни самарали бажариш;

Агентлик тизимидаги мактабларда ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш;

Агентлик тизимидаги мактаблар учун қабул қилинган давлат таълим стандартлари, ўқув режаси ва дастурлари талабларига риоя этилиши юзасидан тизимли назорат юритиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати топшириқларини ўз вақтида ва сифатли бажариш;

тизимли мониторинг олиб борилишини таъминлаган ҳолда узоқ муддатли ва ҳар йилги ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш;

Агентлик фаолияти билан боғлиқ бўлган муҳим кўрсаткичларга эришиш соҳасидаги ишларни самарали ташкил этиш учун жавоб беради.



5-БОБ. АГЕНТЛИК ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


1-§. Агентлик раҳбарияти


14. Агентликка Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади.


15. Агентлик директори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган 3 нафар ўринбосарга, шу жумладан, бир нафар биринчи ўринбосарга эга бўлади.


16. Агентлик директори ўз мақомига кўра вазирга, директорнинг биринчи ўринбосари - вазирнинг биринчи ўринбосарига, директор ўринбосари эса - вазир ўринбосарига тенглаштирилади.


17. Директор вақтинча бўлмаган даврда унинг ваколатларини вазифалар тақсимотига биноан директорнинг биринчи ўринбосари бажаради. Директорнинг биринчи ўринбосари вақтинча бўлмаган вақтда эса унинг вазифаларини директор буйруғига асосан директор ўринбосарларидан бири бажаради.


18. Директор Агентлик марказий аппарати ходимларини ва идоравий мансуб ташкилотлар ва муассасаларнинг биринчи раҳбарларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод этади.


19. Директор Агентликнинг идоравий бўйсунувидаги ташкилотлар ва муассасаларнинг низоми (устави) ва тузилмасини, шунингдек, уларнинг раҳбар ходимлари умумий чекланган сонини белгиланган тартибда тасдиқлайди.



2-§. Агентлик марказий аппаратининг идоравий

мансуб ташкилотлар ва муассасалар билан ўзаро

ҳамкорлик қилиши тартиби


20. Агентликнинг идоравий мансуб ташкилот ва муассасалар билан ўзаро ҳамкорлиги Агентлик раҳбарлари томонидан таъминланади.


21. Агентлик таркибий бўлинмалари Агентликнинг идоравий мансуб ташкилотлари ва муассасалари билан ўз фаолияти йўналишлари бўйича ҳамкорлик қилиб:

топшириқларни идоравий мансуб ташкилотлар ва муассасаларга етказади ҳамда уларнинг бажарилишини назорат қилади;

идоравий мансуб ташкилотлар ва муассасаларга таркибий бўлинмаларнинг бевосита фаолияти масалалари бўйича сўровлар юборади ҳамда уларнинг ижро этилишини назорат қилади;

Агентликнинг идоравий мансуб ташкилотлар ва муассасалари фаолиятини текширади ва ўрганади, умумлаштиради, уни такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва қабул қилади;

Агентликнинг идоравий мансуб ташкилотлари ва муассасалари фаолиятини ташкил этиш ва фаолияти натижалари тўғрисидаги ҳисобот, ахборот материаллари, статистик ва бошқа маълумотлар ўрганилишини ташкил этади;

Агентликнинг идоравий мансуб ташкилотлар ва муассасалари иш режаларини таҳлил қилади, уларнинг фаолиятини режалаштиришни такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар кўради;

Агентликнинг идоравий мансуб ташкилотлар ва муассасаларидан тушган таклифларни кўриб чиқади.



3-§. Агентликнинг бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви

органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа

ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиши тартиби


22. Агентлик ўз вазифалари ва функцияларини амалга оширишда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари ҳамда бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.


23. Агентлик тегишли ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича "йўл хариталари"ни ишлаб чиқишда ва амалга оширишда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар билан ўзаро яқин ҳамкорлик қилади.


24. Агентлик фаолиятига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тегишли ўринбосари, Вазирлар Маҳкамасининг Таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари котибияти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг тегишли таркибий бўлинмаси томонидан мутасаддилик қилинади.


6-БОБ. АГЕНТЛИК РАҲБАРЛАРИНИНГ АСОСИЙ

ФУНКЦИОНАЛ МАЖБУРИЯТЛАРИ


25. Қуйидагилар директорнинг асосий функционал мажбуриятлари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этиш;

Агентликнинг фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа қонун ҳужжатлари билан Агентликка юклатилган вазифалар ва функцияларнинг бажарилишини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тасдиқланган Агентлик фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича комплекс дастурлар ҳамда тадбирлар ижросини танқидий ва чуқур таҳлил қилиш;

Агентлик ва унинг идоравий мансуб ташкилотлари ва муассасалари фаолияти билан боғлиқ муҳим кўрсаткичларга эришишни сўзсиз таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси таркибий бўлинмалари, шунингдек, Агентлик ваколатига кирувчи масалалар бўйича тегишли вазирликлар ва идоралар билан ҳамкорлик қилиш, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида масалаларни кўриб чиқишда иштирок этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари топшириқларини бажариш;

ўз ўринбосарлари ваколатларини ҳамда Агентликнинг бошқа мансабдор шахслари ваколатларини белгилаш, улар ўртасида вазифаларни тақсимлаш;

Агентлик фаолияти режалаштирилишини ташкил этиш, Агентлик ва ўз ўринбосарларининг иш режаларини тасдиқлаш, уларнинг бажарилиши юзасидан назоратни таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ва топшириқларини бажаришни ташкил этиш бўйича таъсирчан тизимни яратиш ва мониторинг олиб бориш, шунингдек, ижро интизомини мустаҳкамлаш учун комплекс амалий чора-тадбирларни бажариш;

Агентликка тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг сифатли ишлаб чиқилишини ташкил этиш;

Агентлик ходимларини тизимли қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш;

Агентлик тизимида кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг самарали фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш, Агентликнинг кадрлар захирасини шакллантириш;

Агентликка ишга қабул қилинаётган кадрларнинг профессионал, ўз ишини билиши, амалий тажрибага, юксак даражада ишлаш хусусиятларига ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга эканлиги кафолатини таъминлаш;

Агентликка тақдим этилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг тўлиқ ва ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Регламенти ва Вазирлар Маҳкамасининг Регламентида белгиланган муддатларда келишиш (виза қўйиш);

Агентлик раҳбарлари ва ходимларининг хизмат сафарларини қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ ташкил этиш;

ўз ўринбосарлари, шунингдек, идоравий мансуб ташкилотлар ва муассасалар раҳбарлари фаолияти самарадорлигини ва натижадорлигини мунтазам танқидий таҳлил қилиш, уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, уларнинг якунлари бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш;

Агентлик ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал қилиш, ўз ўринбосарларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисида таклифлар киритиш;

Агентлик ходимлари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 мартдаги 62-сон қарори билан тасдиқланган Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари асосида тасдиқланган Агентлик ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этилишини таъминлаш;

"Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни талабларига мувофиқ Агентлик тизимида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишга доир самарали ишларни ташкил этиш, аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида белгиланган муддатларда ва тартибда жисмоний шахсларни ва юридик шахслар вакилларини мунтазам равишда шахсан қабул қилиш, шу жумладан, жойларга бориб қабул қилиш;

марказий аппаратнинг тасдиқланган тузилмасига бошқарув ходимларининг белгиланган умумий чекланган сони доирасида ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, бошқа идоравий мансуб ташкилотлар ва муассасалар тузилмаси ва низом (устав)ларини тасдиқлаш, унда уларнинг бошқарув ходимларининг умумий чекланган сонини назарда тутиш;

давлат сирига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш.


26. Қуйидагилар директор ўринбосарларининг асосий функционал мажбуриятлари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя қилиш ҳамда Агентлик таркибий бўлинмалари ходимлари томонидан риоя этилишини таъминлаш;

таркибий бўлинмалар фаолиятига бевосита раҳбарлик қилиш, ушбу бўлинмаларга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилишини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари ва топшириқларининг ижросини таъминлаш, Агентлик директори томонидан белгиланган ижро интизомини мустаҳкамлаш учун комплекс амалий чора-тадбирларни бажариш, ходимларининг қонун ҳужжатларида белгиланган топшириқларни ўз вақтида ва сифатли бажариш юзасидан шахсий жавобгарлигини ошириш чораларини кўриш;

Агентлик директори қарорлари, буйруқлари ва топшириқларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

ўзи мутасаддилик қиладиган таркибий бўлинмаларнинг иш режалари ишлаб чиқилишини таъминлаш, уларни тасдиқлаш учун тегишли раҳбарга киритиш, уларда кўрсатилган вазифалар ва тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

таркибий бўлинмаларга юкланган вазифаларнинг бажарилишини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш;

ваколати доирасига кирадиган масалалар бўйича қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни кўриб чиқиш учун Агентлик директорига киритиш;

Агентлик таркибий бўлинмаларига кадрларни танлаш ва тайинлашда Агентлик директорига таклифлар киритиш, ўзи мутасаддилик қиладиган таркибий бўлинмаларга ишга қабул қилинаётган кадрларнинг профессионаллиги, ўз ишини билиши, амалий иш тажрибаси, юқори ишчанлик даражаси ва маънавий-ахлоқий сифатлари кафолатланганлигини таъминлаш, уларнинг касбий малакасини ошириш чораларини кўриш, таркибий бўлинмаларда кадрлар захирасини шакллантириш;

таркибий бўлинмаларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг сифатли ишлаб чиқилишини ташкил этиш, улар Вазирлар Маҳкамаси Регламенти ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Регламенти талабларига қатъий мувофиқ равишда ўз вақтида Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминлаш;

Агентликка тақдим этилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ўз ваколати доирасида тўлиқ ва ҳар томонлама кўриб чиқиш ва Агентлик директорига таклифлар киритиш;

Агентлик раҳбарлари ва ходимларининг хизмат сафарларини қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ ташкил этиш;

"Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида белгиланган муддатларда ва тартибда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича самарали ишларни ташкил этиш, аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, жисмоний ва юридик шахслар вакилларини мунтазам равишда шахсан қабул қилиш, шу жумладан, жойларга бориб қабул қилиш;

Агентлик таркибий бўлинмалари ходимларининг фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини тизимли равишда танқидий таҳлил қилиш, уларнинг ҳисоботларини йиғилишларда эшитиш, якунлари бўйича Агентлик директорига таклиф киритиш;

Агентлик ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя қилишини, мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалар раҳбарлари ва ходимларининг ушбу қоидаларга риоя этишини таъминлаш;

давлат сирига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш.


27. Агентлик марказий аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарларининг асосий функционал мажбуриятлари қуйидагилар ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўз таркибий бўлинмалари ходимлари томонидан риоя этилишини таъминлаш;

таркибий бўлинмалар ходимларига бевосита раҳбарлик қилиш, бўлинмага юкланган вазифалар ва функцияларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари ва топшириқларининг ижросини таъминлаш, Агентлик раҳбарияти томонидан белгиланган ижро интизомини мустаҳкамлаш учун комплекс амалий чора-тадбирларни бажариш, ходимларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган топшириқларни ўз вақтида ва сифатли бажариш юзасидан шахсий жавобгарлигини ошириш чораларини кўриш;

Агентлик раҳбарияти қарорлари, буйруқлари ва топшириқларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

ўзи мутасаддилик қиладиган таркибий бўлинмаларининг иш режалари ишлаб чиқилишини таъминлаш, уларни тасдиқлаш учун тегишли раҳбарга киритиш, уларда кўрсатилган вазифалар ва тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

ваколати доирасига кирадиган масалалар бўйича қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни кўриб чиқиш учун Агентлик раҳбариятига киритиш;

Агентлик таркибий бўлинмаларига кадрларни танлаш ва тайинлашда раҳбариятга таклифлар киритиш, ўзи мутасаддилик қиладиган таркибий бўлинмаларига ишга қабул қилинаётган кадрларнинг профессионаллиги, ўз ишини билиши, амалий иш тажрибаси, юқори ишчанлик даражаси ва маънавий-ахлоқий сифатлари кафолатланганлигини таъминлаш, уларнинг касбий малакасини ошириш чораларини кўриш, таркибий бўлинмада кадрлар захирасини шакллантириш;

таркибий бўлинмаларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг сифатли ишлаб чиқилишини ташкил этиш, улар Вазирлар Маҳкамаси Регламенти ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Регламенти талабларига қатъий мувофиқ равишда ўз вақтида Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминлаш;

Агентликка тақдим этилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ўз ваколати доирасида тўлиқ ва ҳар томонлама кўриб чиқиш ва раҳбариятга таклифлар киритиш;

ходимларнинг хизмат сафарларини қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ ташкил этиш;

"Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида белгиланган муддатларда ва тартибда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича самарали ишларни ташкил этиш;

таркибий бўлинма ходимларининг фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини тизимли равишда танқидий таҳлил қилиш, таркибий бўлинма ҳисоботларини раҳбариятга тақдим этиш ва раҳбарият кўрсатмаларига мувофиқ фаолиятни такомиллаштириш бўйича зарур чоралар кўриш;

таркибий бўлинма ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя қилишини таъминлаш;

давлат сирига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш.



7-БОБ. АГЕНТЛИК РАҲБАРЛАРИНИНГ

ЖАВОБГАРЛИГИ


28. Директор:

Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши;

ушбу Низомнинг 25-бандида кўрсатилган ўз функционал мажбуриятларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.


29. Директор ўринбосарлари ва таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари:

тегишли таркибий бўлинмаларга юкланган вазифалар ва функцияларнинг амалга оширилиши учун;

ушбу Низомнинг 26 ва 27-бандларида кўрсатилган ўз функционал мажбуриятларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб берадилар.



8-БОБ. АГЕНТЛИК ВА УНИНГ ХОДИМЛАРИ ФАОЛИЯТИ

САМАРАДОРЛИГИ ВА НАТИЖАДОРЛИГИНИ БАҲОЛАШ

МЕЗОНЛАРИ ВА ИШ ИНДИКАТОРЛАРИ


30. Агентлик фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлиги мунтазам баҳоланади.


31. Агентликнинг фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигига берилган баҳолар Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тегишли ўринбосари томонидан тасдиқланадиган Агентликнинг фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ва иш индикаторларига асосланади.


32. Агентлик иш самарадорлиги қуйидаги энг муҳим кўрсаткичлар асосида аниқланади:

Агентлик тизимидаги мактабларнинг ўқувчиларида, шу жумладан, ватанпарварлик, Ватанга беқиёс муҳаббат ва содиқлик туйғуларини, миллий ва умуминсоний қадриятларга нисбатан чуқур ҳурматни шакллантиришга йўналтирилган таълим-тарбия жараёни сифатини ошириш;

Агентлик тизимидаги мактаблар битирувчиларининг давлат тилини ва чет тилларини мукаммал билиши;

Агентлик тизимидаги мактабларга малакали ва тажрибали, чуқур билимларга эга, давлат ва чет тилларини, замонавий педагогик технологиялар ва ўқитишнинг инновацион усулларини биладиган педагогларни жалб қилиш;

Агентлик тизимидаги мактаблар битирувчиларининг олий таълим муассасаларида таълим олишни давом эттиришлари учун, шу жумладан ихтисослаштирилган олий таълим тизимининг фаолият юритиши орқали зарур шарт-шароитларни яратиш;

Президент мактаблари битирувчиларининг камида 20 фоизи халқаро тан олинган ташкилотлар рейтингида олий таълим муассасалари орасида дастлабки 1 000 та поғонани эгаллаган етакчи хорижий олий таълим муассасаларига ўқишга кириши;

Агентлик тизимидаги мактаблар битирувчиларига давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, республика аҳамиятига эга бошқа ташкилотлар, дипломатик ваколатхоналар, йирик компания ва бирлашмаларга ишга жойлашишда кўмаклашиш;

ўқитишнинг инновацион шакл ва усулларини жорий қилган ҳолда талаб юқори бўлган таълим йўналишлари бўйича ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар сонини кўпайтириш;

Агентлик тизимидаги барча мактабларда миллий ва жаҳон адабиёти, мусиқа, кино, ҳайкалтарошлик, амалий санъат ва бошқа ижодий йўналишлардаги асарларга эга бўлган замонавий кутубхоналарнинг ишлаши;

Агентлик тизимидаги мактабларда ўқув-методик жараённи автоматлаштиришни таъминлаш ва уларни юқори тезликдаги Интернет жаҳон ахборот тармоғига улаш;

Агентлик тизимидаги мактаблар ўқув жараёнига таълимнинг илғор шаклларини, педагогик технологиялар ва ахборот янгиликларини жорий этиш мақсадида хорижий таълим ташкилотлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш;

Агентлик тизимидаги мактабларни замонавий спорт зали, инвентарь, ускуна ва бошқа жиҳозлар билан таъминлаш.


33. Агентлик фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш тартиби ва методикаси қонун ҳужжатлари билан белгиланади.



9-БОБ. АГЕНТЛИКНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ

ВА МОДДИЙ-ТЕХНИК ТАЪМИНЛАШ, УНИНГ

ХОДИМЛАРИ МЕҲНАТИГА ҲАҚ ТЎЛАШ ВА

УЛАРНИ МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИШ


34. Агентлик ҳамда идоравий мансуб ташкилотлар ва муассасаларнинг моддий-техник таъминоти ва уларнинг ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, шунингдек, Жамғарма маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.


35. Агентлик ходимларининг иш ҳақи лавозим маоши, мукофотлар, қўшимча ҳақлар, устамалардан ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлардан иборат бўлади.


36. Агентлик ходимларига ойлик устамалар ва моддий рағбатлантиришлар тарзидаги лавозим маошларига қўшимча тўловлар Агентлик директори томонидан ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тасдиқланган Низомга мувофиқ тўланади.



10-БОБ. АГЕНТЛИК ҲУЗУРИДАГИ ПРЕЗИДЕНТ,

ИЖОД ВА ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН МАКТАБЛАРНИ

РИВОЖЛАНТИРИШ ЖАМҒАРМАСИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ

МАНБАЛАРИ ВА УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ


37. Агентлик ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш жамғармаси Агентлик ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда шакллантирилади. Жамғарма маблағлари Агентлик томонидан алоҳида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида шахсий ғазна ҳисобварақларида, хорижий валютадаги маблағлари эса тижорат банклари ҳисобварақларида юритилади.


38. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:

жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия ташкилотлари ва хорижий давлатларнинг грантлари ва техник кўмак кўрсатиш маблағлари;

Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини банк депозитлари шаклида ва бошқа шаклларда жойлаштиришдан тушган даромадлар;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа тушумлар.


39. Жамғарма маблағларидан қуйидаги йўналишларда фойдаланилади:

Агентлик тизимидаги мактаблар биноларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш, шу жумладан, зарур ҳолларда уларни сотиб олиш, ижарага олиш хамда зарур ўқув устахоналари ва лабораториялари, спорт заллари, майдончалари ва бошқа инфратузилма объектларини ташкил этган ҳолда ўқув корпусларини кенгайтириш ишларини молиялаштириш;

Агентлик тизимидаги мактабларни замонавий талабларни ҳисобга олган ҳолда ва тасдиқланган меъёрлардан келиб чиқиб, энг янги ўқув-лаборатория, илмий, ишлаб чиқариш ва спорт жиҳозлари, мусиқа асбоблари, компьютер техникаси, мебель ва асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш (қўшимча жиҳозлаш), алоқа воситалари, дарсликлар, ўқув-методик мажмуалар ва бошқа адабиётларни харид қилишни молиялаштириш;

Агентлик тизимидаги мактабларда барча турдаги имтиҳонларни ўтказиш, ўқув-методик раҳбарликни таъминлаш, таълим жараёнини юритиш билан боғлиқ бўлган хизматларни маҳаллий ҳамда ихтисослашган хорижий ташкилотларга тўлаб бериш;

Агентлик тизимидаги мактаблар учун мазмун ва сифат жиҳатидан халқаро ва миллий талабларга жавоб берадиган, янгиланган ўқув режалари ва ўқув дастурларини яратиш, уларга мувофиқ ҳолда ўқув-методик қўлланма ва адабиётларнинг янги авлоди яратилиши ва нашр этилиши;

Агентликка юқори малакали мутахассисларни, шу жумладан, хорижий экспертларни ва чет элда истиқомат қилаётган ватандошларимизни шартнома асосида ишлаши учун қўшимча транспорт, яшаш ва тиббий суғурта харажатларини қоплашни ҳисобга олган ҳолда жалб қилиш;

хорижий мутахассисларнинг иш ҳақини тўлаш, уларнинг оила аъзоларини (турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандлари) турар жой билан таъминлаш, икки томонга авиачипталарни (иқтисодий класс) қоплаб бериш, хизмат вазифаси бўйича Ўзбекистон ҳудудида авиачипталарни, темир йул чипталарини, транспорт, меҳмонхона харажатларини, тиббий хизмат кўрсатиш (тиббий суғурта) ва зарурият бўлганда бошқа зарур харажатларни тўлаш;

Агентлик тизимидаги мактабларда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини ва дастурий маҳсулотларни жорий этиш;

Агентликнинг ва Агентлик тизимидаги мактабларнинг бино ва иншоотларини сақлаш, улардан фойдаланиш ва зарур анжомлар билан таъминлаш бўйича харажатларни молиялаштириш;

Агентлик тизимидаги мактаблар ўқувчиларининг турли фанлардан халқаро олимпиадаларда иштирок этиши харажатларини қоплаш;

Агентлик тизимидаги мактаблар ўқувчиларини хорижий давлатларга маданий-маърифий тадбирларда иштирок этиш учун сафарларга юбориш;

Агентлик тизимидаги мактабларни ўқитувчи ва ходимларини малака ошириш, маданий-маърифий тадбирларда иштирок этиш учун республика миқёсида ва чет эл сафарларига юбориш;

Агентлик ва Агентлик тизимидаги мактаблар ходимлари ҳамда ўқитувчиларининг иш ҳақи лавозим маоши, мукофотлар, қўшимча ҳақлар, устамалар, рағбатлантирувчи тўловлар, шунингдек, қўшимча моддий рағбатлантириш ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловларни молиялаштириш;

Агентлик ва Агентлик тизимидаги мактаблар ходимлари ҳамда ўқитувчиларини хорижий мамлакатларнинг илмий-тадқиқот, таълим ва бошқа муассасаларида ўқитиш, малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказиш ҳамда маҳаллий ва хорижий хизмат сафарлари харажатларини тўлаш;

Агентлик, унинг идоравий бўйсунувидаги ташкилотлар ва муассасалар фаолиятида рақамлаштириш бошқарув тизими бўйича харажатларни қоплаш;

Агентлик фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган бошқа чора-тадбирларни молиялаштириш.

Даромадлар ва харажатлар сметасида назарда тутилган бошқа харажатларни молиялаштириш.


40. Жамғарманинг Васийлик кенгаши жамғарма фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади, даромадлар барқарор шакллантирилиши, ўз вақтида молиялаштирилиши ва маблағлардан мақсадли фойдаланилишини назорат қилади.

Васийлик кенгаши Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари сметасини тасдиқлайди. Бунда Жамғарма мабалағларини тасарруф этиш даромадлар ва харажатлар сметасига мувофиқ Агентлик томонидан шахсий ғазна ҳисобварағи орқали бюджет тизими бюджетлари харажатлари таснифининг бошқа харажатлар моддасидан битта сатрда амалга оширилади. Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари сметаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида рўйхатдан ўтказилмайди.

Жамғарма маблағларидан тўғри, мақсадли ва самарали фойдаланиш юзасидан жавобгарлик Агентликка юклатилади.


41. Агентлик белгиланган тартибда Васийлик кенгашига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига Жамғарма маблағларининг ишлатилиши тўғрисида ҳар ярим йилликда тегишли ҳисоботларни тақдим этиб боради.


42. Агентлик ҳузуридаги Жамғармани шакллантириш манбалари, улардан фойдаланиш ва ходимларни моддий рағбатлантириш тартиби Васийлик кенгаши томонидан тасдиқланади.



11-БОБ. АГЕНТЛИКНИНГ ҲИСОБОТ БЕРИШИ


43. Директор Агентликнинг фаолияти тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳар чоракда ҳисобот тақдим этади.


44. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Агентликка юкланган вазифаларнинг самарали бажарилиши бўйича фаолиятни ҳар томонлама таҳлил қилади ҳамда шу асосда стратегик ва устувор вазифаларни амалга ошириш юзасидан комплекс таклифларни ишлаб чиқади. Бунда юкланган вазифаларни ҳал этишда унинг Агентлик фаолиятига аралашишига йўл қўйилмайди.

45. Фаолият мониторинги ва баҳолаш натижаси якунлари бўйича Агентликнинг мансабдор шахслари ва ходимларини рағбатлантириш чоралари кўрилади ёхуд йўл қўйилган жиддий камчиликлар учун эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган жавобгарлик чоралари кўрилади.



12-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


46. Агентликни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


47. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 20 апрель