Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 25.04.2020 й. 254-сон "Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга доир қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

25.04.2020 й.

N 254



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА

КОРОНАВИРУС ИНФЕКЦИЯСИ ТАРҚАЛИШИНИНГ

ОЛДИНИ ОЛИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ТАШКИЛИЙ

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекциясини юқтирганликда гумон қилинган шахсларни вақтинчалик карантинда сақлашга оид масалаларни мувофиқлашган ҳамкорлигини тартибга солиш ҳамда мазкур йўналишда давлат органларининг ўзаро ҳамкорлигини ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида коронавирус инфекциясини юқтирганликда гумон қилинган шахсларни вақтинчалик карантинда сақлашга мослаштирилган мажмуа (кейинги ўринларда - карантин мажмуаси) барпо этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ҳокимликлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузурида Коронавирус инфекциясини юқтирганликда гумон қилинган шахсларни вақтинчалик карантинда сақлашга мослаштирилган мажмуасини бошқариш бўйича махсус марказ (кейинги ўринларда - Карантин маркази) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


3. Қуйидагилар:

Коронавирус инфекциясини юқтирганликда гумон қилинган шахсларни вақтинчалик карантинда сақлашга мослаштирилган мажмуани бошқариш махсус марказининг тузилмаси 1-иловага;

Коронавирус инфекциясини юқтирганликда гумон қилинган шахсларни вақтинчалик карантинда сақлашга мослаштирилган мажмуада эпидемияга қарши чора-тадбирларни амалга ошириш вақтинчалик тартиби тўғрисида низом 2-иловага;

Коронавирус инфекциясини юқтирганликда гумон қилинган шахсларни уй шароитида карантинга жойлаштириш ва сақалаш вақтинчалик тартиби тўғрисида низом 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилансинки:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида карантин мажмуалари ташкил этилганда Коронавирус инфекциясини юқтирганликда гумон қилинган шахсларни вақтинчалик карантинда сақлашга мослаштирилган мажмуада эпидемияга қарши чора-тадбирларни амалга ошириш вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ чора-тадбирлар амалга оширилади.

Тошкент шаҳар ҳокимига карантин мажмуасида сақланаётган коронавирус инфекциясини юқтирганликда гумон қилинган шахслар сонидан келиб чиқиб Карантин марказининг тузилмасига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.


4. Карантин марказининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

коронавирус инфекциясини юқтирганликда гумон қилинган шахсларни (кейинги ўринларда карантинга олинган шахслар деб аталади) қабул қилиш, сақлаш ва карантин мажмуасидан чиқаришни ташкил этиш;

карантин мажмуасини самарали бошқариш, карантин мажмуасида коронавирус инфекциясини тарқалишини олдини олиш бўйича зарур чоралар кўриш ва карантинга олинган шахслар, шунингдек жалб қилинган мутахассис, ходим ва ҳарбий хизматчилар тиббий назоратини тизимли равишда олиб бориш;

ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлар томонидан карантинга олинган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, шунингдек уларга юклатилган мажбуриятларни бажаришларини назорат этилишида ҳамкорлик қилиш;

карантинга олинган шахсларни қабул қилиш, сақлаш ва карантин мажмуасидан марказлаштирилган тартибда чиқаришни ташкил этишда давлат органлари ва ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;

карантин мажмуасида мунтазам, шу жумладан, карантин тадбирлари якунлангандан кейин дезинфекция ишларини амалга оширишни таъминлаш.


5. Белгилаб қўйилсинки, Карантин маркази:

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг юридик шахс мақомига эга бўлган давлат унитар корхонаси шаклидаги таркибий бўлинмаси ҳисобланиб, мустақил балансга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ҳисобварақларига эга бўлади;

директори Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган ҳолда Тошкент шаҳар ҳокими томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;

фаолияти манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда ёрдамчи ва техник ходимларни жалб қилган ҳолда ташкил этилади;

мажмуадаги барча мол-мулклардан самарали фойдаланишни ва уларни бут сақланишини таъминлайди;

мажмуани сақлаш ва эксплуатация қилиш бўйича шартномалар тузади;

озиқ-овқат маҳсулотлари, биринчи навбатдаги дори воситалари, ниқоб, дезинфекция воситалари ва бошқа зарур товарларни истисно тариқасида, тендер савдоларисиз, ишлаб чиқарувчи (хизмат кўрсатувчи) лар билан тўғридан-тўғри шартнома тузиш орқали харид қилади;

ўзининг фаолияти, юзага келаётган тизимли муаммолар, карантинга олинган шахслар, шунингдек жалб қилинган мутахассис, ходим ва ҳарбий хизматчилар тиббий назорати тўғрисида ҳар кунлик маълумотлар ҳамда фавқулодда вазиятлар ҳақида дарҳол Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясига (кейинги ўринларда - Комиссия) электрон тарзда ахборот киритиб боради.


6. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардияси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги карантин мажмуасига меҳнат ва хизмат фаолиятини олиб бориш мақсадида тегишли мутахассис, ходимлар ва ҳарбий хизматчиларнинг бириктирилишини таъминласин.

Белгилансинки, жалб қилинган мутахассис, ходим ва ҳарбий хизматчилар меҳнат ва хизмат фаолиятини:

асосий иш жойидан ажралган ва ойлик иш ҳақи (пул таъминоти) сақланган ҳолда олиб борадилар ҳамда уларга тегишли вазирлик ва идоралар томонидан уларни қўшимча моддий рағбатлантириш чоралари кўрилади;

бевосита карантин мажмуасида истиқомат қилиб, унда ўрнатилган режимга риоя қилган ҳолда олиб борадилар.


7. Карантин марказининг моддий-техника базасини шакллантириш ва жорий сақлаш, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш ва қўшимча моддий рағбатлантириш, шунингдек карантинга олинган шахсларни ҳамда жалб қилинган мутахассис, ходим ва ҳарбий хизматчиларни озиқ-овқат маҳсулотлари, биринчи навбатдаги дори воситалари, ниқоб, дезинфекция воситалари ва бошқа зарур нарсалар билан таъминлаш харажатлари қуйидагилар ҳисобидан қопланади:

Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


8. Тошкент шаҳар ҳокимлиги:

Карантин марказининг уставини белгиланган тартибда тасдиқланишини таъминласин;

Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда карантин марказини компьютер техникаси билан таъминлаш ҳамда юқори тезликдаги Интернет жаҳон ахборот тармоғига улаш ишларини тезлаштирсин.


9. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Геология ва минерал ресурслар Давлат қўмитаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари қўмитаси билан биргаликда эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб карантин тадбирлари тугатилгандан сўнг 5 кун муддатда ушбу мажмуадаги иншоотлардан самарали фойдаланиш юзасидан Комиссияга таклиф киритсин.


10. Белгилансинки:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари - карантин марказларига умумий раҳбарлик қилиш ва жалб қилинган мутахассис, ходим ва ҳарбий хизматчилар фаолиятини мувофиқлаштиришга;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги - карантинга олинган шахслар, шунингдек жалб қилинган мутахассис, ходим ва ҳарбий хизматчилар тиббий назоратини тизимли равишда олиб борган ҳолда уларни соғлиғини сақлашга ва карантин мажмуасида коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олишга;

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги - карантин мажмуалари периметри бўйлаб кеча-кундуз қўриқлашга;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардияси - карантин мажмуаларида ички тартиб-қоидаларига риоя этилишини таъминлашга ва жамоат тартибини сақлашга;

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги - карантин марказларини ўрнатилган тартибда Интернет жаҳон ахборот тармоғи билан таъминлашга масъул ҳисобланадилар.


11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж. Раматов, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.К. Шадманов ва Тошкент шаҳар ҳокими Ж.А. Артикходжаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                                    А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 25 апрелдаги

254-сон қарорига

1-ИЛОВА



Коронавирус инфекциясини юқтирганликда гумон

қилинган шахсларни вақтинчалик карантинда

сақлашга мослаштирилган мажмуани

бошқариш махсус марказининг

ТУЗИЛМАСИ

Директор

Тиббий масалалар бўйича ўринбосар*

Ташкилий ва хўжалик масалалари бўйича ўринбосар*

Комендант*






Тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимлари гуруҳи*

Ёрдамчи ва техник ходимлар гуруҳи*


Ички ишлар органлари ходимлари, Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари гуруҳи*











Бухгалтер

*) Асосий иш жойидан ажралган ва ойлик иш ҳақи (пул таъминоти) сақланган ҳолда жалб қилинади. Мутахассис, ходим ва ҳарбий хизматчиларнинг умумий сони карантин мажмуасида сақланаётган коронавирус инфекциясини юқтирганликда гумон қилинган шахслар сонидан келиб чиқиб белгиланади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 25 апрель