Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 27.04.2020 й. 228-Ф-сон "Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг моддий-техника базасини такомиллаштириш тўғрисида"ги Фармойиши

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ФАРМОЙИШИ

27.04.2020 й.

N 228-Ф




Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг моддий-техника базасини такомиллаштириш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ва Қурилиш вазирлигининг Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Мустақиллик шоҳ кўчаси, 63-уй манзилида жойлашган Давлат статистика қўмитаси марказий аппарати биноларини (кейинги ўринларда - объект) реконструкция қилиш ҳамда жиҳозлаш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


2. Объектни реконструкция қилиш ҳамда жиҳозлаш бўйича Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги "Ягона буюртмачи хизмати" инжиниринг компанияси - буюртмачи этиб белгилансин.


3. Белгилансинки:

объектнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш харажатлари Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан;

объектни реконструкция қилиш ҳамда жиҳозлаш ишлари Ўзбекистон Республикасининг 2021 йилга мўлжалланган Инвестиция дастури доирасида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.


4. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги "Ягона буюртмачи хизмати" инжиниринг компанияси:

2020 йил 1 сентябрга қадар объектнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда экспертизадан ўтказиш ишларини якунига етказсин;

лойиҳа-смета ҳужжатларининг техник топшириғини сифатли ишлаб чиқишда Давлат статистика қўмитасининг бўлинмаларини мавжуд майдонлардан унумли фойдаланилган ҳолда оптимал жойлаштирсин;

бинодан фойдаланиш сифатини ошириш, қурилиш ишлари таннархининг пасайишига таъсир қилувчи қурилиш материалларидан фойдаланишга эътибор қаратсин;

лойиҳа-смета ҳужжатларининг техник топшириғини ишлаб чиқишда Давлат статистика қўмитаси билан келишсин;

2022 йил 1 июнга қадар объектни реконструкция қилиш ҳамда жиҳозлаш ишлари тугалланишини таъминласин.


5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда 2021 йил ва кейинги йиллар учун Инвестиция дастури параметрларини шакллантиришда, тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан Тошкент шаҳар ҳокимлигига объектни реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун бюджет маблағлари ажратилишини назарда тутсин.


6. Мазкур фармойишнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж. Раматов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 28 апрель