Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг функционал вазифалари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 25.04.2020 й. 255-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 25 апрелдаги

255-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг

ўринбосари - Туризмни ривожлантириш давлат

қўмитаси раисининг функционал

вазифалари тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг стратегик вазифалари амалга оширилиши самарадорлиги учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг масъулиятини оширишга доир биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида" 2019 йил 28 январдаги ПФ-5644-сон Фармони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ишини ташкил этишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида" 2019 йил 28 январдаги ПҚ-4136-сон, "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмасини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2020 йил 20 январдаги ПҚ-4569-сон ва "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2020 йил 24 февралдаги ПҚ-4612-сон қарорларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг (кейинги ўринларда Бош вазир ўринбосари деб аталади) функционал вазифаларини белгилайди.


2. Бош вазир ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси унинг номзодини маъқуллагандан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тасдиқланади.

Бош вазир ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Президентига ва Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига ҳисобот беради.


3. Бош вазир ўринбосари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг (кейинги ўринларда Вазирлар Маҳкамаси деб аталади) қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низомга амал қилади.


4. Бош вазир ўринбосарининг фаолияти жисмоний тарбия, спорт ва туризм тизимини ислоҳ қилишни мувофиқлаштириш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишга йўналтирилган.


5. Бош вазир ўринбосари мақомига кўра Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг аъзоси ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раёсати таркибига киради.

Бош вазир ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида бевосита иштирок этади.



2-БОБ. БОШ ВАЗИР ЎРИНБОСАРИ

ФАОЛИЯТИНИНГ АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ,

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИОНАЛ МАЖБУРИЯТЛАРИ


6. Қуйидагилар Бош вазир ўринбосари фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси вазифалари, 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш концепциясини ҳамда ўрта муддатли ва узоқ истиқболда ривожлантиришнинг тасдиқланган тармоқ ва ҳудудий дастурлари ўз вақтида ҳамда самарали амалга оширилишини таъминлаш чора-тадбирларини ташкил этиш;

вазирликлар ва идоралар, давлат қўмиталари ҳамда давлат бошқарувининг бошқа органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, парламент ва депутатлар сўровлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва топшириқлари сўзсиз бажарилишини ташкил қилиш юзасидан мониторингни таъминлаш, шунингдек, жойлардаги ишларнинг реал ҳолатини доимий ўрганиш, жисмоний тарбия, спорт ва туризм соҳадаги муаммоларни ҳар томонлама таҳлил қилиш ва шу асосда стратегик ҳамда устувор вазифаларни амалга оширишга доир комплекс таклифлар ишлаб чиқиш;

кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига тақдим этиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқадиган тегишли йилга мўлжалланган давлат дастурининг амалга оширилиши тўғрисида ҳисоботлар тайёрланишини таъминлаш;

Ҳукумат, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг асосий халқаро рейтинглар ҳамда индексларда Ўзбекистон Республикасининг позицияларини яхшилаш бўйича ишлари самарадорлигини ошириш соҳасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминлаш;

жойларда "халқ билан мулоқот" ва шахсий учрашувлар амалиётини такомиллаштириш чораларини кўриш, жисмоний тарбия, спорт ва туризм соҳани янада ривожлантириш, шу жумладан аҳолининг бандлиги ва реал даромадлари оширилишини таъминлашни кафолатловчи комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

мутасаддилик қилинадиган соҳалар ва тармоқларда иқтисодий ҳамда ижтимоий ислоҳотлар амалга оширилишининг самарадорлиги доимий ва тизимли асосда ҳар томонлама ва танқидий таҳлил қилинишини таъминлаш, аниқланган муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш ва комплекс вазифаларни амалга ошириш бўйича асосли таклифлар тайёрлаш;

замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали, шу жумладан илғор халқаро тажрибани ўрганиш асосида, зарур бўлганда, ушбу мақсадларга хорижий консультантларни жалб этган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқиш, келишиш, экспертизадан ўтказиш ва кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг тегишли таркибий бўлинмалари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўмиталари билан яқин ўзаро ҳамкорликни таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппаратида, вазирликлар ва идораларда, шунингдек, барча даражалардаги ҳокимликларда ижро интизоми даражасини ошириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг ҳужжатлари, баённомалари ва топшириқлари, шунингдек, "йўл хариталари"нинг бажарилиши юзасидан тизимли назоратни таъминлаш;

ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолиятини юзага келадиган муаммолар сабаблари ва шароитларини бартараф этиш, ишларни ташкил этишнинг замонавий услубларини жорий қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишга қайта йўналтириш мақсадида айрим давлат функцияларини хусусий сектор субъектларига бериш орқали ортиқча маъмурий тартибга солишни камайтириш;

давлат бошқарувини номарказлаштириш, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг молиявий имкониятлари, роли ва жавобгарлигини кенгайтириш, марказий ва ўрта бўғин бошқарув ходимлари сонини оптималлаштириш орқали бошқарувнинг вертикал тизими механизмларини ва ижро этувчи ҳокимият органларининг ўзаро ҳамкорлигини такомиллаштириш;

Спорт ва туризмни ривожлантириш масалалари котибиятида (кейинги ўринларда Котибият деб аталади), шунингдек, унга бириктирилган вазирликлар, идоралар ҳамда хўжалик бирлашмаларида кадрларни танлаш тизимини такомиллаштириш, ходимлар малакасини ошириш ва кадрларнинг амалий захирасини тайёрлашнинг самарали шакл ва усулларини жорий этиш;

давлат бошқаруви тизимига жумладан, стратегик режалаштириш ва прогнозлаштиришнинг замонавий шакллари, усуллари ва принциплари жорий этилишини мувофиқлаштириш;

Котибиятга бириктирилган барча даражалардаги ижро этувчи ҳокимият органлари ва уларнинг раҳбарлари фаолиятини аниқ кўрсаткичлар ҳамда мақсадли индикаторларга эришиш, яқин, ўрта муддатли ва узоқ муддатли истиқболда жисмоний тарбия, спорт ва туризм соҳаларини стратегик ривожлантириш дастурларини амалга ошириш сифати ва самарадорлигига асосланган баҳолаш тизими жорий этилишини мувофиқлаштириш;

Бош вазир томонидан муайян соҳалар ва йўналишларда ислоҳотларнинг амалга оширилишини ўрганиш мақсадида ҳудудларда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, ҳудудий давлат бошқаруви органлари раҳбарлари, жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида Ҳукуматнинг мавзуга оид сайёр (очиқ) мажлисларини ўтказиш учун тегишли таҳлилий материаллар тайёрланишида иштирок этиш.


7. Қуйидагилар Бош вазир ўринбосарининг асосий вазифалари ҳисобланади:


а) жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш соҳасида:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2020 йил 24 январдаги ПФ-5924-сон Фармонига мувофиқ мамлакатда юксак маданиятга эга бўлган ҳар томонлама етук ҳамда жисмонан соғлом инсонни шакллантириш мақсадида, аҳолининг жисмоний тарбия ва спорт соҳасида малака ва билимларини орттиришга қаратилган устувор йўналишларни белгилаш, иқтидорли спортчиларни танлаб олиш (селекция) жараёнига инновацион шакллар ва усулларни жорий этиш;

аҳолининг кенг қатламларини спорт билан мунтазам шуғулланишга кенг жалб этиш учун шарт-шароитлар яратиш ва амалий чора-тадбирларни амалга ошириш, жисмонан соғлом баркамол ёш авлодни вояга етказиш, болалар спортини устувор ривожлантириш, спорт тайёргарлиги методикалари ва дастурларини такомиллаштириш, илмий асосланган спорт тиббиётини ривожлантириш, тренерлар таркибининг касбий даражасини доимий равишда ошириш;

аҳолининг ўсиб бораётган эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, спорт иншоотларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирларини амалга ошириш, жаҳон стандартларига жавоб берадиган замонавий спорт инвентарлари ва асбоб-ускуналари билан жиҳозлашни ҳисобга олган ҳолда, илғор хорижий тажриба асосида халқаро тоифадаги спорт усталарини тайёрлаш учун ҳар бир ҳудудда спорт комплекслари ташкил этиш;

ўрта ва узоқ муддатли истиқболда мамлакатда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга доир таклифлар ишлаб чиқилиши ва оммавий спорт ҳамда олий ютуқлар спорти соҳасида аниқ вазифалар ва мақсадли кўрсаткичлар белгиланишини таъминлаш;

спортнинг миллий ва олимпия турларини ривожлантириш бўйича, аввало, тўпланган тажриба, ҳудудларда шаклланган ва ташкил этилаётган спорт мактаблари, яратилган моддий-техника базаси, миллий қадриятлар ва анъаналар, аҳоли менталитети, тренер-ўқитувчилар салоҳияти ҳамда спортда эришилган ютуқлар инобатга олинган ҳолда таклифлар ишлаб чиқилишини таъминлаш;

жамоат жисмоний-тарбия-спорт бирлашмалари, шу жумладан Миллий олимпия қўмитаси, спорт турлари бўйича федерациялар ва уюшмалар фаолиятини ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлашга доир комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширилишини ташкил қилиш;

Спорт ва жисмоний тарбия-оммавий тадбирлар календарь режасини тасдиқлаш, шу жумладан халқаро ва республика даражасидаги техник ҳамда амалий спорт турлари бўйича чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминлаш;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасида махсус ваколатли давлат органи ва бошқа ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш;

иқтидорли ва истиқболли спортчиларнинг Олимпия ва Осиё ўйинларида, шунингдек, жаҳон чемпионатларида юқори натижаларга эришиши ҳамда мамлакатимизни муносиб тақдим этиши учун уларни спорт секциялари ва мактаблари даражасидан бошлаб, мамлакат терма жамоасигача танлаш, тайёрлаш ҳамда маҳоратини оширишнинг узлуксиз тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари амалга оширилишини таъминлаш;


б) туризмни ривожлантириш соҳасида:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2019 йил 5 январдаги ПФ-5611-сон Фармонига мувофиқ туризмни, авваламбор, хусусий секторда ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, кўрсатилаётган хизматларнинг рақобатбардошлигини ва сифатини ошириш, миллий туризм маҳсулотини дунё бозорида фаол ва комплекс равишда тарғиб қилиш;

туризмни ривожлантириш соҳасида қўйилган устувор вазифалар, шу жумладан қуйидагилар назарда тутилган 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини ривожлантириш Концепцияси амалга оширилиши мониторингини таъминлаш:

туризм фаолияти соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, туризмни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратишга қаратилган халқаро меъёр ва стандартларни имплементация қилиш;

туризм инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда мақбул ва қулай туризм муҳитини яратишни таъминлаш;

транспорт логистикасини ривожлантириш, ички ва ташқи йўналишларни кенгайтириш, транспорт хизматлари сифатини оширишни таъминлаш;

туризм бозорининг турли сегментларига йўналтирилган туризм маҳсулоти ва хизматларини диверсификация қилишни таъминлаш;

республика ичида туризм хизматларига бўлган эҳтиёжни қондиришга йўналтирилган туризм фаолияти субъектларининг фаоллигини рағбатлантиришни таъминловчи ички туризмни ривожлантиришни мувофиқлаштириш;

Ўзбекистон Республикаси туризм маҳсулотини халқаро ва ички туризм бозорларида тарғиб қилишни таъминлаш, мамлакатнинг саёҳат ва дам олиш учун хавфсиз сифатидаги имиджини мустаҳкамлаш;

туризм тармоғи учун кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш;

кириш ва ички туризмни, шунингдек, туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар комплекс дастурларини, шу жумладан республиканинг туризм салоҳиятини тубдан оширишга йўналтирилган туризмни ривожлантириш ҳудудий дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш мониторингини олиб бориш ишларини мувофиқлаштириш;

республиканинг тарихий-маданий меросини кенг тарғиб қилиш, туризм соҳасидаги нуфузини сақлаш ва ривожлантириш, миллий туризм маҳсулотлари ва брендларининг халқаро туризм бозорларига кириб боришига ҳамда ҳудудларда янги туризм йўналишлари ташкил этишга қаратилган фаол реклама-ахборот сиёсати амалга оширилишини таъминлаш;

туризм соҳасини давлат томонидан ва бозор орқали тартибга солишни мақбуллаштириш, туризм хизматлари бозорида рақобатни ривожлантириш, туризм турларини жадал ривожлантириш, хорижий инвестицияларни, шунингдек, халқаро молия институтлари ва бошқа ташкилотларнинг кредитлари ва грантларини туризм инфратузилмасини халқаро стандартларга мувофиқ ривожлантиришга жалб этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ишлари ташкил этилишини таъминлаш;

туризмни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган барча тўсиқлар ва ғовларни бартараф этиш, туризм соҳасида тадбиркорлик фаолиятини оширишга ҳар томонлама кўмаклашиш, ахборот-коммуникация технологияларини фаол жорий этиш бўйича чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш;

туризм соҳасида миллий ва нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш, туризм фаолияти амалиётига халқаро ва давлатлараро стандартлар нормаларини жорий этиш, туризм соҳаси учун кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш ишларини мувофиқлаштириш;

туризм зоналарини самарали бошқаришни ташкил этиш, уларда қулай инвестиция муҳитини яратиш ва уларнинг салоҳиятини тарғиб қилиш;

махсус туризм зоналари бошқарув кенгаши ва дирекциясининг фаолиятини мувофиқлаштириш, унинг таркибини қайта кўриб чиқиш, аъзоларини тайинлаш ва уларни озод этиш, шу жумладан кенгашнинг шаффоф фаолиятини таъминлаш мақсадида хорижий мутахассисларни кенгаш таркибига жалб этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 13 августдаги ПФ-5781-сон Фармонига мувофиқ туризм инфратузилмасидаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш, тақдим этилаётган хизматлар сифатини ошириш ва жаҳон бозорларида миллий туризм маҳсулотларини фаол тарғиб қилиш, туризм тармоғининг кадрлар салоҳиятини кучайтириш орқали туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш ҳамда республикага кириб келаётган хорижий фуқаролар сонини кескин кўпайтириш.


в) "йўл хариталари"ни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш соҳасида:

мутасаддилик қилинадитган ташкилотлар раҳбарлари билан биргаликда "йўл хариталари"га киритиш учун хорижий мамлакатлар билан ҳамкорликни чуқурлаштириш юзасидан, шунингдек, тегишли тармоқларда ва республика ҳудудларидаги муаммоли масалалар бўйича таклифлар тайёрланишини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг хорижий мамлакатларга ташрифлари ва республика ҳудудларига сафарлари натижаларига кўра, Бош вазир ўринбосарининг ваколатига кирувчи масалалар бўйича тасдиқланган "йўл хариталари" бажарилишининг тизимли назоратини мувофиқлаштириш;

вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва тижорат банклари раҳбарларининг "йўл хариталари" амалга оширилиши тўғрисидаги ҳисоботлари, батафсил ахборотлари, материаллари тақдим этилишини таъминлаш ҳамда муҳокама қилиш учун Вазирлар Маҳкамаси мажлисига киритиш;

муайян ҳолатлар бўйича тегишли чоралар кўриш учун оммавий ахборот воситаларида ва бошқа манбаларда, шу жумладан жойларга борган ҳолда жамоатчилик фикрини ўрганишни таъминлаш.


8. Бош вазир ўринбосари ўз зиммасига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

Бош вазир томонидан жисмоний тарбия, спорт ва туризм соҳаларида ислоҳотларнинг амалга оширилишини ўрганиш мақсадида ҳудудларда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, ҳудудий давлат бошқаруви органлари раҳбарлари, жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида мавзуга оид сайёр (очиқ) мажлислар ўтказиш учун тегишли таҳлилий материаллар тайёрланиши ва киритилишини тизимли асосда таъминлайди;

Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисларида, Бош вазир ҳузурида кўриб чиқиш учун тегишли режалаштирилган масалалар тайёрланиши ва киритилишини таъминлайди;

мамлакатни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришнинг ўта муҳим ва устувор йўналишлари бўйича яқин, ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган концепциялар, давлат дастурлари ҳамда "йўл хариталари" лойиҳаларининг тайёрланиши ва Бош вазир, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчилари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида ҳимоя қилинишини таъминлайди;

Котибият раҳбарлари ва мутахассисларининг аниқ кўрсаткичлар ҳамда мақсадли индикаторларга эришишга асосланган фаолиятини тизимли баҳолайди;

ижро этувчи ҳокимият тегишли органларининг раҳбарларига юкланган вазифа ҳамда функцияларнинг самарали ва натижали бажарилиши учун уларнинг шахсий роли ва масъулиятини ошириш чораларини кўради;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасидан келиб чиқадиган тегишли йилга мўлжалланган давлат дастурининг амалга оширилиши тўғрисида ҳар чораклик ҳисоботлар тайёрланишини ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига тақдим этилишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг тегишли хизматлари билан ҳамкорлик қилади;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг топшириқларига биноан тегишли тармоқларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда иқтисодий ислоҳотларнинг бажарилишини мувофиқлаштириб боради;

Котибиятга бевосита раҳбарлик қилади;

Котибиятга бириктирилган ташкилотларнинг ўзи юритадиган масалалар бўйича фаолиятини мувофиқлаштиради ва назорат қилади;

аниқ соҳалар ва йўналишларни ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг хорижий сафарлари ва республика ҳудудларига ташрифлари якунлари бўйича белгиланган топшириқлар ҳамда вазифаларни бажариш бўйича "йўл хариталари" ишлаб чиқилиши, амалга оширилиши ва мониторинги олиб борилишини мувофиқлаштиради;

Ҳукумат аъзолари ҳисобланган ва Котибиятга бириктирилган вазирлар ҳамда давлат қўмиталари раислари лавозимларига номзодлар бўйича таклифларни Бош вазир билан келишган ҳолда, кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси маъқуллаши учун белгиланган тартибда киритади;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчилари номенклатурасига кирадиган ва бириктирилган хўжалик бошқаруви органлари ҳамда бошқа ташкилотлар раҳбарлари лавозимларига номзодлар бўйича таклифларни кейинчалик Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири маъқуллаши учун белгиланган тартибда киритади;

вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар бириктирилган соҳада давлат сиёсатини самарали ва сифатли амалга ошириш учун Вазирлар Маҳкамасининг айрим функция ва вазифаларини уларга бериш бўйича таклифлар киритади;

жисмоний тарбия, спорт ва туризм соҳаларига кирадиган масалалар бўйича Вазирлар Маҳкамасига киритилган таклифлар ва ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқишда давлат манфаатларига қатъий риоя этилишини таъминлайди, ҳужжатларнинг тайёрланган лойиҳаларига виза қўяди;

тегишли ҳужжатлар қабул қилингандан сўнг уларнинг амалга оширилиши юзасидан тизимли назорат ташкил этилишини таъминлайди;

қонун ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари лойиҳаларининг экспертизадан ўтказилиши ва сифатли тайёрланишини ташкил этиш масалаларида Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси билан ҳамкорлик қилади;

Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари, баённомалари ва топшириқлари, "йўл хариталари", Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ҳамда фармойишларининг ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан бажарилиши юзасидан назоратни таъминлайди;

Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси билан биргаликда Котибият мудири, Котибият мутахассислари лавозимларига кадрлар танлайди;

Котибият мудири ва мутахассисларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, рағбатлантириш ва уларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш тўғрисида таклифлар киритади;

Котибиятда ва Котибиятга бириктирилган давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органларининг марказий аппаратларида кадрларни танлаш ва амалдаги захирасини шакллантириш тизимини такомиллаштириш ишларини тизимли асосда ташкил этади;

жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилади, шунингдек, ўзи юритадиган масалалар бўйича уларнинг мурожаатларини кўриб чиқади.


9. Бош вазир ўринбосари тегишли идоралараро коллегиал органларга раҳбарлик қилади, шунингдек, Бош вазир раҳбарлик қиладиган идоралараро коллегиал органлар фаолиятини ҳамда уларнинг қарорлари бажарилишини ташкил этиш юзасидан назоратни таъминлайди.



3-БОБ. БОШ ВАЗИР ЎРИНБОСАРИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


10. Бош вазир ўринбосари ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Вазирлар Маҳкамасида кўриб чиқиладиган масалаларни таҳлил қилиш ва тайёрлаш учун зарур бўлган материаллар ва маълумотларни давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа органлар ва ташкилотлардан белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда вакиллари иштирокида йиғилишлар ўтказиш;

бириктирилган вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар коллегиал органларининг, хўжалик бошқаруви органлари мажлисларида, шунингдек, Бош вазир топшириқларига кўра - давлат бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотларнинг ўзи юритадиган соҳага кирувчи масалалар бўйича ўтказиладиган мажлислари ва йиғилишларида иштирок этиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, илмий муассасалар ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари ҳамда вакилларини Вазирлар Маҳкамасида кўриб чиқиладиган масалаларни ишлаб чиқиш учун белгиланган тартибда жалб этиш, тегишли масалалар бўйича вақтинчалик ишчи гуруҳлар тузиш;

"Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти талаблари бузилган ҳолда келадиган ҳужжатларни қайтариш.

Бош вазир ўринбосарининг зарур материаллар, маълумотларни тақдим этиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини пухта ишлаб чиқиш бўйича талаблари ва топшириқлари унинг томонидан белгиланган муддатларда бажарилиши шарт.

Бош вазир ўринбосарининг ўзи юритадиган масалалар бўйича вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига бериладиган топшириқлари белгиланган тартибда бажарилиши мажбурийдир.


11. Бош вазир ўринбосари:

ушбу Низомнинг 7 ва 8-бандларида кўрсатилган вазифалар ва функцияларнинг тегишли даражада ва сифатли бажарилиши;

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва унинг ваколатига кирадиган масалалар бўйича бошқа қонун ҳужжатлари билан Вазирлар Маҳкамасига юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши;

қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари, баённомалари ва топшириқлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ҳамда фармойишлари сифатли ва ўз вақтида бажарилиши;

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Бош вазир ўринбосари олдига бевосита қўйилган вазифаларнинг тегишли даражада ва самарали бажарилиши;

ўзи раҳбарлик қиладиган соҳадаги ишларнинг ҳолати, давлат ва хўжалик бошқарувининг тегишли органлари, бошқа ташкилотлар фаолиятининг тегишли равишда мувофиқлаштирилиши ва назорат қилиниши, унинг ваколатига кирадиган масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилган таклифлар ва ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳар томонлама кўриб чиқилиши;

олий даражадаги хорижий ташрифлар, шунингдек, ўзининг ваколатига кирадиган масалалар бўйича республика ҳудудларига ташрифлар якунлари асосида тасдиқланадиган "йўл хариталари"нинг тегишли равишда ва самарали бажарилиши;

ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳолатининг ҳар томонлама ва чуқур таҳлил қилиниши, инвестиция (давлат) дастурлари ва ҳудудларни ривожлантириш дастурларининг шакллантирилиши, ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифаларининг ташкил этилиши ва ҳал қилиниши;

тегишли вазирликлар, давлат қўмиталари ва давлат бошқарувининг бошқа органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, парламент ва депутатлар сўровлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари сўзсиз бажарилишининг мониторинги олиб борилиши;

жойлардаги реал аҳволни доимий ўрганиш, иқтисодий ва ижтимоий соҳадаги муаммоларни ҳар томонлама таҳлил қилиш ва шу асосда стратегик ҳамда устувор вазифаларни амалга оширишга доир комплекс таклифлар ишлаб чиқилиши;

Вазирлар Маҳкамаси Регламентига мувофиқ тақдим этиладиган Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ҳамда фармойишлари лойиҳаларининг давлат манфаатларини таъминлаш, иқтисодий самарадорлик нуқтаи назаридан ва улардаги масалаларнинг барча манфаатдор тузилмалар билан боғлиқ ҳолда пухта экспертизадан ўтказилиши юзасидан назоратнинг таъминланиши;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 3 апрелдаги ПФ-5395-сон Фармонини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида" 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон, "Давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 5 октябрдаги ПҚ-3962-сон қарорларига, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ ижро интизомига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш учун жавоб беради.



4-БОБ. БОШ ВАЗИР ЎРИНБОСАРИНИНГ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


12. Бош вазир ўринбосарининг ишлари "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Регламентига, ушбу Низомга, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг топшириқларига мувофиқ, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг иш режалари ҳамда Котибиятнинг иш режаси асосида ташкил этилади.

Котибиятнинг иш режаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раёсати томонидан тасдиқланади.


13. Бош вазир ўринбосарининг Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ҳамда фармойишларининг Котибиятга бириктирилган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, ташкилотлар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида амалга оширилишининг тизимли мониторингини таъминлаш бўйича фаолияти Вазирлар Маҳкамасининг иш режасига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг топшириқларига мувофиқ комплекс ўрганишларни амалга ошириш, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда унинг Раёсати мажлисларида ҳисоботларни эшитиш йўли билан ташкил этилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 25 апрель