Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 01.05.2020 й. Ф-5569-сон "Сирдарё вилоятида жойлашган "Сардоба сув омбори" тўғонида юзага келган фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармойиши

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОЙИШИ

01.05.2020 й.

N Ф-5569




СИРДАРЁ ВИЛОЯТИДА ЖОЙЛАШГАН

"САРДОБА СУВ ОМБОРИ" ТЎҒОНИДА ЮЗАГА КЕЛГАН

ФАВҚУЛОДДА ҲОДИСА ОҚИБАТЛАРИНИ БАРТАРАФ

ЭТИШ БЎЙИЧА КЕЧИКТИРИБ БЎЛМАЙДИГАН

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


2020 йил 1 май куни Сирдарё вилоятида эсган кучли шамол ва ёғингарчиликлар оқибатида табиий офат юз берди. Натижада Сирдарё вилоятининг Сардоба тумани ҳудудидаги "Сардоба сув омбори" тўғонидан сув тошиб, Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги бир қанча аҳоли пунктлари, ижтимоий соҳа объектлари, қишлоқ хўжалиги экинлари, шу жумладан, ғалла, пахта майдонлари ва бошқа экинлар жиддий талафот кўрди.

Юз берган фавқулодда ҳодиса оқибатларини зудлик билан бартараф этиш, авария-тиклаш, қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб бориш, қишлоқ хўжалиги экинларини тез кунларда қайта жойлаштириш ва экишни, зарар кўрган аҳолига ҳар томонлама тезкор амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда ҳодиса сабабларини чуқур ўрганиш ва келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича амалий таклифларни ишлаб чиқиш мақсадида:


1. Сирдарё вилоятидаги "Сардоба сув омбори" тўғонидан сув тошиши оқибатларини бартараф этиш ва ҳодиса сабабларини ўрганиш бўйича Ҳукумат комиссияси (кейинги ўринларда - Ҳукумат комиссияси) иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин.


2. Ҳукумат комиссияси (А. Арипов) зиммасига қуйидаги вазифалар юклансин:

"Сардоба сув омбори" тўғонидан сув тошиши оқибатида иқтисодиёт тармоқларида, биринчи навбатда, қишлоқ хўжалиги, йўл-транспорт ва ирригация тизимлари, ижтимоий соҳа, аҳоли уй-жой фонди, нотурар жой биноларига етказилган зарар ва йўқотишлар миқдорини аниқлаш ва баҳолаш;

сув тошқини оқибатида эвакуация қилинган ва зарар кўрган фуқароларга амалий кўмак кўрсатиш, вақтинча турар жой, озиқ-овқат, тиббий-психологик ёрдам ва бошқа зарур шароитларни яратиш;

сув тошиши оқибатларини тезкорлик билан бартараф этиш, ижтимоий-иқтисодий, муҳандислик-транспорт коммуникациялари, қишлоқ хўжалиги ва ирригация инфратузилмаси ҳамда бошқа ҳаётий муҳим объектлар ва тизимларни, уй-жой ва коммунал хўжалигини тиклаш ва ишчанлик ҳолатига келтириш;

қурилиш-тиклаш ишларига зарур бўладиган барча турдаги қурилиш материалларининг миқдорини аниқлаш ва уларни республиканинг турли ҳудудларидаги ишлаб чиқариш корхоналаридан керакли ҳажмда етказилишини таъминлаш;

қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида етказилган зарарлар, экин майдонларидаги йўқотишлар ва нобудгарчиликлар ўрнини қоплаш, ирригация ва мелиорация тармоқларини тиклаш чораларини кўриш;

тез кунларда нобуд бўлган экин майдонларини тўлиқ ўрганиб чиқиб, қисқа муддатларда бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экишни ташкил этиш, зарар кўрган иссиқхоналарни тиклаш ва улардаги экинларни парваришлаш бўйича зарур чора-тадбирларни белгилаш;

"Сардоба сув омбори" тўғонидан сув тошишига олиб келган сабабларни ҳар томонлама чуқур ва атрофлича ўрганиш ҳамда келгусида бундай ҳолатларнинг республика миқёсида олдини олиш бўйича амалий таклифларни ишлаб чиқиш;

республикамизнинг бошқа ҳудудларида жойлашган гидротехника иншоотлари жисмоний хавфсизлиги, яхлитлиги ва бутлигини доимий мониторинг қилиш, ўз вақтида назорат-профилактика тадбирларини ташкил этиш, сув омборлари ва тўғонларга туташ ҳудудлар ва аҳоли пунктларида истиқомат қилаётган фуқароларни фавқулодда вазият юзага келиши хавфи ҳақида хабардор этиш тизимини такомиллаштириш юзасидан аниқ чоралар кўриш;

сув омборлари ва тўғонлардан сув тошиши даврида мутасадди вазирлик ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва фавқулодда хизматлар, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жамоат ташкилотларининг хатти-ҳаракатлар алгоритми ва ўзаро ҳамкорлигининг самарали механизмларини яратиш.


3. Ҳукумат комиссияси (А. Арипов) қуйидагиларни таъминласин:

Сирдарё вилоятининг сув босган Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида бошқарув органлари ва сектор раҳбарларининг суткалик навбатчилигини ташкил этиш;

мутасадди вазирлик, идора ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида етказилган зарар ва йўқотишлар кўламини ҳамда ажратиладиган молиявий маблағларни инобатга олган ҳолда фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиб, уни амалга ошириш;

сув босган ҳудудлардан эвакуация қилинган фуқароларни вақтинчалик яшаш манзилларига жойлаштириш, уларни озиқ-овқат ва дори воситалари, зарур гигиеник воситалар билан таъминлаш, тиббий-психологик ёрдам кўрсатиш ишларини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан эвакуация қилинган аҳолининг тиббий кўрикдан ўтказилиши, уларнинг вақтинчалик яшаш манзилларида санитар-эпидемиологик тадбирларни ўтказиш.


4. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси (Н. Йўлдошев), Ички ишлар вазирлиги (Ш. Собиров), Миллий гвардияси (Р. Джураев) мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда қуйидаги зарур чораларни кўрсин:

Сирдарё ва Жиззах вилоятларига эвакуация қилинган аҳолини узлуксиз зарур озиқ-овқат маҳсулотлари, шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари, ётоқ анжомлари, шунингдек, кунига уч маҳал иссиқ овқат билан таъминлаш;

Сирдарё вилоятининг сув босган туманларида хавфли ҳудудлар қуршаб олиниши, блок-постлар, назорат-ўтказиш пунктлари ва патруллик хизматини ташкил этиш, ушбу ҳудудларда жиноятчиликнинг олдини олиш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш;

аҳоли орасида ёлғон, нотўғри маълумот ва хабарлар ҳамда саросима кайфият тарқалишининг олдини олиш.


5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (Т. Ишметов) уч кун муддатда юз берган фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш, шу жумладан ҳодиса оқибатида жабрланганлар ва уларнинг оила аъзоларига моддий ёрдам кўрсатиш ишларига Ўзбекистон Республикаси республика бюджети параметрларида Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириқларига мувофиқ ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун кўзда тутилган маблағлар ҳисобидан Сирдарё вилояти маҳаллий бюджетига дастлаб 100 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратсин.

Ҳукумат комиссияси фавқулодда ҳодиса оқибатларини ўрганиш натижаларига кўра, заруратга қараб, Сирдарё вилоятига қўшимча маблағлар ажратиш бўйича таклиф киритсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (Ў. Барноев) мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда туман ҳокимликлари билан биргаликда бир ҳафта муддатда қишлоқ хўжалиги экинларига, жумладан ғалла, пахта, мева-сабзавот ва бошқа экин турлари бўйича зарар етказилган майдонларни аниқлаб, ҳар бир туман кесимида бажариладиган чора-тадбирларни ишлаб чиқсин ҳамда тезкор тарзда амалга оширилишини таъминласин.


7. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги (А. Султанов) беш кун муддатда ишлаб чиқариш, ижтимоий соҳа ва аҳолини электр энергияси ва табиий газ билан узлуксиз таъминлаш, шунингдек, авария-тиклаш ишларига, заруриятга қараб, республиканинг бошқа ҳудудларидан куч-восита ва махсус техникаларни жалб этиш чораларини кўрсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги (Б. Қурбонов) фавқулодда ҳодиса юз берган ҳудудларда муҳандислик, қидирув-қутқарув ва бошқа шошилинч ишларни бажариш, зарар кўрган одамларнинг ҳаёт фаолиятини биринчи навбатда таъминлаш, муҳим объект ва тизимларнинг ишчанлигини тезкорлик билан тиклаш ишларига ҳарбий қисм ва муассасаларининг ҳарбий хизматчилари ҳамда махсус техникаларини жалб қилсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги (Ш. Собиров) Миллий гвардия (Р. Джураев) билан биргаликда:

Сирдарё вилояти ҳудудида фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш ишларини амалга ошириш жараёнида жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини ҳамда жисмоний ва юридик шахслар турар жойлари, бино-иншоотлари ҳамда мол-мулки муҳофаза қилинишини таъминлаш чораларини кўрсин;

таъмирлаш-қайта тиклаш бригадалари ва махсус хизматлар транспорт воситаларининг тўсиқсиз ҳаракатланишини таъминласин, зарур ҳолларда белгиланган йўналишларда Йўл-патрул хизмати кучлари ёрдамида уларнинг кузатувини ташкил этсин, транспорт таъминоти ва муайян ҳудудни қамраб олиш бўйича амалий ёрдам кўрсатсин;

Сирдарё ва Жиззах вилоят ҳокимликлари билан биргаликда эвакуация қилинган аҳоли тўғрисида уларнинг исми-шарифи, яшаш манзили ва бошқа шахсий маълумотлари акс этган аниқ рўйхатни шакллантирсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (Т. Худайбергенов, А. Қўлдошев):

фавқулодда ҳодиса оқибатида сақланиб қолаётган таҳдид ва хавфларни олдиндан аниқлаш ҳамда бартараф этиш, аҳоли турар-жойлари, ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган объектларда ёнғинлар келиб чиқишининг олдини олиш, моддий йўқотишларни камайтиришга қаратилган ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишларни ташкил этсин;

Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда сув босган ҳудудларнинг, айниқса мозорлар, канализация ва тозалаш иншоотлари, эпизоотиядан хавфли объектларнинг санитар-эпидемиологик ҳолатини баҳолаш, сув билан таъминлаш тизимларини текшириш ва ичимлик сувини етказиш, фуқаролар эвакуация қилинган аҳоли пунктларида санитар-гигиеник тадбирлар, шу жумладан сизиб чиққан ахлатлар, ўлган уй ҳайвонлари жасадлари ва бошқа хавфли унсурлардан тозалаш ҳамда бошқа зарур дезинфекция ва махсус тадбирларни амалга оширсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш. Садиков) ўн кун муддатда Сирдарё вилоятининг сув босган Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида алоқа воситалари, Интернет тармоқлари ҳамда техник қурилмаларга етказилган зарарни аниқлаш ва барчасини ишчи ҳолатга келтириш, узилган алоқа кабеллари ва носоз ҳолга келган мобил алоқа база станция антенналарини қайта тиклаш ҳамда уларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш чораларини кўрсин.


12. Сув босган Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида фавқулодда ҳодиса натижасида уй-жойларига жиддий зиён етказилган аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш мақсадида:

а) Ҳукумат комиссияси (А. Арипов), Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Сирдарё вилояти ҳокимлиги қайд этилган туманларда 2020-2021 йиллар давомида 50 та кўп қаватли уй-жойларни муҳандислик-транспорт коммуникациялари билан бирга қуриш (кейинги ўринларда - кўп қаватли уй-жойлар) бўйича беш кун ичида таклиф киритсин;

б) Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси икки ҳафта муддатда кўп қаватли уй-жойлар қуриш учун ер участкаларини танласин ва уларни ажратиш бўйича материалларни тегишли вазирлик ва идоралар билан белгиланган тартибда келишсин;

в) Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги:

Сирдарё вилояти ҳокимлиги (Ғ. Мирзаев) билан биргаликда икки ҳафта муддатда кўп қаватли уй-жойлар қурилиши учун малакали пудрат ташкилотлари ўртасида танлов ўтказсин ва танлов ғолиблари билан кўп қаватли уй-жойларни қуриш бўйича шартнома имзоласин;

кўп қаватли уй-жойлар ва муҳандислик-транспорт коммуникациялари қурилишида қурилиш-монтаж ишлари ва лойиҳа ечимларининг бажарилиши сифати, шунингдек, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши устидан давлат архитектура-қурилиш назорати юритилишини таъминласин;

г) Сирдарё вилояти ҳокимлиги уй-жойларига сув тошқини оқибатида жиддий зиён етказилган фуқаролар рўйхатини тузсин ва уларга қурилган кўп қаватли уй-жойларда хонадонларни беғараз ажратиш чораларини кўрсин.


13. Белгилансинки, кўп қаватли уй-жойларни қуриш билан боғлиқ харажатлар Давлат бюджети маблағлари ва бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги кўп қаватли уй-жойларни қуриш учун қўшимча манбаларни, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари маблағларини, шу жумладан бюджетни қўллаб-қувватлаш учун жалб қилинадиган халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг кредитлари ва қонун билан тақиқланмаган бошқа манбаларни излаб топсин.


14. Ҳукумат комиссияси (А. Арипов, Ғ. Мирзаев) ўн кун муддатда:

сув босган Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманлари аҳолисига қулай шарт-шароитлар яратиш, аҳоли пунктларини янада обод ва кўркам қилиш мақсадида маданий-маиший ҳамда бошқа ижтимоий объектлар қурилиши бўйича;

Сув хўжалиги вазирлиги (Ш. Хамраев) ва Қурилиш вазирлиги билан биргаликда "Сардоба сув омбори" фаолиятини тиклаш, тўғон орқали сув массаси сизиб чиқишини бартараф этиш ва сув омборининг ўпирилган қисмини реконструкция қилиш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқсин.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж. Қўчқоров ва Молия вазирлиги (Т. Ишметов) мазкур қурилиш ишларини молиялаштириш юзасидан таклиф киритсин.


15. Ҳукумат комиссияси (А. Арипов):

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А. Шодмонов) билан биргаликда фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш ишларини ташкил этиш ва амалга ошириш давомида ҳамда эвакуация қилинган аҳолининг вақтинча яшаш жойларида ва ўз уйларига қайтган аҳоли томонидан коронавирус инфекцияси тарқалиши муносабати билан жорий қилинган карантин қоидаларига қатъий риоя этилишини, уларни махсус шахсий ҳимоя воситалари, зарур тиббий буюмлар ва дори воситалари билан таъминласин;

бир ой муддатда Сирдарё вилоятида жойлашган "Сардоба сув омбори" тўғонидан сув тошиши сабаблари, тўғоннинг лойиҳалаштирилиши сифати ҳамда қурилиши меъёрлари ва қоидаларига риоя этилиши, сув омборидан фойдаланиш ва объектни бошқариш самарадорлиги баҳоси ва бошқа ёндош масалалар, аниқланган муаммо ва камчиликлар тўғрисида, шунингдек келгусида бундай ҳодисаларнинг такрорланмаслиги бўйича аниқ ва асослантирилган таклифларни ўз ичига олган якуний хулосани Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин;

уч ой муддатда республикада фаолият кўрсатаётган гидротехника иншоотлари, шу жумладан сув омборлари ва тўғонлар, энергетика, транспорт, алоқа ва бошқа ҳаётий муҳим ҳамда стратегик инфратузилма объектлари ва тизимларининг ҳудудлар кесимида махсус ишчи гуруҳларини ташкил этган ҳолда тўлиқ текширилиши ва ҳар томонлама тафтишдан ўтказилиши, аниқланган хато ва камчиликларнинг тезкорлик билан бартараф этилишини таъминласин.


16. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг Сирдарё вилоятида сув тошқини оқибатида зарар кўрган ҳудудларда авария-тиклаш, қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб бориш, қишлоқ хўжалиги экинларини тез кунларда қайта жойлаштириш ва экишни, эвакуация қилинган ва зарар кўрган аҳолига ҳар томонлама тезкор амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида қурилиш материаллари, озиқ-овқат маҳсулотлари, дори воситалари ва молиявий ёрдамни ўз ичига олган "Мадад карвонлари"ни Сирдарё вилоятига юбориш ҳақидаги ташаббуслари қўллаб-қувватлансин.


17. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги:

Сирдарё вилоятида сув тошиши оқибатларини бартараф этиш ва зарар кўрган аҳолига ёрдам кўрсатиш бўйича Ҳукумат томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида кенг жамоатчиликни оммавий ахборот воситалари ва фаол ижтимоий тармоқлар орқали мунтазам хабардор этиб борилишини таъминласин;

бир кун муддатда Сирдарё вилоятида сув тошиши муносабати билан аҳолидан келиб тушаётган мурожаатларни доимий ва узлуксиз равишда қабул қилиш, фуқароларга зарур тушунтириш ишларини ташкил этиш мақсадида туну-кун ишлайдиган қисқа рақамли телефон линиясини ташкил этсин.


18. Мазкур фармойиш ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                         Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2020 йил 1 майдаги

Ф-5569-сон фармойишига

ИЛОВА



Сирдарё вилоятидаги "Сардоба сув омбори"

тўғонидан сув тошиши оқибатларини бартараф этиш

ва ҳодиса сабабларини ўрганиш бўйича

Ҳукумат комиссияси

ТАРКИБИ


А.Н. Арипов

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Комиссия раиси

Т.А. Худайбергенов

-

Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири, Комиссия раисининг ўринбосари

Ў.И. Барноев

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Комиссия раисининг ўринбосари

Ғ.Ғ. Мирзаев

-

Сирдарё вилояти ҳокими, Комиссия раисининг ўринбосари

Н.Т. Йўлдошев

-

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори

Б.Н. Қурбонов

-

Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири

Ш.Ў. Собиров

-

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари

Б.И. Закиров

-

Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазири

Т.А. Ишметов

-

Ўзбекистон Республикаси молия вазири

Р.Т. Маматов

-

Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири

Ш.Р. Хамраев

-

Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири

А.К. Шадманов

-

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири

М.Х. Салиев

-

Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири

Р.М. Джураев

-

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони

А.Х. Қўлдошев

-

Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари

И.Р. Махкамов

-

Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи

У.М. Мустафаев

-

"Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ бошқаруви раиси

Б.К. Зарипов

-

"Ўзсаноатқурилишматериаллари" уюшмаси раиси

А.А.Сангинов

-

"Ўзбекгидроэнерго" АЖ бошқаруви раиси

Х.Н.Хасилов

-

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ бошқаруви раиси вазифасини бажарувчиси

А.М. Хидиров

-

Сардоба тумани ҳокими

Д.Т. Фозилов

-

Оқолтин тумани ҳокими вазифасини бажарувчи

Х.К. Абдуллаев

-

Мирзаобод тумани ҳокими

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 1 май