Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 11.05.2020 й. 275-сон "Биологик хилма-хиллик ҳақидаги Конвенциянинг биохавфсизлик бўйича Картахена протоколи (Монреаль, 2000 йил 29 январь) қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

11.05.2020 й.

N 275




БИОЛОГИК ХИЛМА-ХИЛЛИК ҲАҚИДАГИ

КОНВЕНЦИЯНИНГ БИОХАВФСИЗЛИК БЎЙИЧА

КАРТАХЕНА ПРОТОКОЛИ (МОНРЕАЛЬ, 2000 ЙИЛ

29 ЯНВАРЬ) ҚОИДАЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



"Ўзбекистон Республикасининг Биологик хилма-хиллик ҳақидаги Конвенциянинг биохавфсизлик бўйича Картахена протоколига қўшилиши тўғрисида (Монреаль, 2000 йил 29 январь)"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Фанлар академияси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Биологик хилма-хиллик ҳақидаги Конвенциянинг биохавфсизлик бўйича Картахена протоколида (Монреаль, 2000 йил 29 январь) (кейинги ўринларда - Картахена протоколи) белгиланган Миллий мувофиқлаштирувчи марказ вазифаларини Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Геномика ва биоинформатика марказига (кейинги ўринларда - Марказ) юклаш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


2. Марказга қуйидаги қўшимча вазифалар юклансин:

генетик модификацияланган организмларнинг (кейинги ўринларда - ГМО) биологик хавфсизлиги бўйича илмий тадқиқотлар натижаларини ҳамда бошқа маълумотларни таҳлил қилиш ва умумлаштириш;

озиқ-овқат хомашёси, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳамда озуқа ва уруғларда ГМОни аниқлаш бўйича лаборатория тадқиқотлари, шунингдек, хўжалик шартномалари асосида таҳлилларини ўтказиш;

республикада синовдан ўтказилиши ёки ишлатилиши кутилаётган ГМО ва унинг асосида яратилган маҳсулотлар хавфсизлиги бўйича илмий асосланган экспертизалар ташкил этиш;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар, юридик ва жисмоний шахсларга ҳамда оммавий ахборот воситаларига биологик хавфсизлик тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиб бориш, илмий, илмий-техник, экологик, ҳуқуқий ахборот ва тажриба алмашинувига кўмаклашиш;

халқаро ахборот тармоқларидаги биологик хавфсизлик тўғрисидаги маълумотлар асосида миллий маълумотлар базасини яратиш;

хорижий мамлакатлар биологик хавфсизлик ташкилотлари ва халқаро ташкилотлар билан маълумотлар алмашиш;

ГМОларни аниқлаш ва уларни атроф-муҳитга чиқаришнинг хавфини баҳолаш соҳасида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишда иштирок этиш;

Биологик хилма-хиллик ҳақидаги Конвенция котибияти билан биологик хавфсизлик масалалари бўйича доимий алоқада бўлиш ва биологик хавфсизлик соҳасида воситачилик механизмини жорий этиш;

биологик хилма-хилликни таъминлаш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда иштирок этиш.


3. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар марказига озиқ-овқат хомашёси, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳамда озуқа ва уруғларда ГМОни аниқлаш бўйича референс-лаборатория вазифаси юклатилсин.

Белгилаб қўйилсинки, референс-лаборатория ГМОни аниқлашнинг лаборатория натижалари юзасидан мунозарали ҳолат юзага келганда "учинчи томон" сифатида қатнашади.


4. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси 2020 йилдан бошлаб белгиланган тартибда Картахена протоколи қоидаларининг бажарилиши юзасидан Биологик хилма-хиллик ҳақидаги Конвенция котибиятига ҳисобот бериб борилишини таъминласин.


5. Белгилансинки, Марказнинг мазкур қарор 2-бандида белгиланган вазифаларни бажариш билан боғлиқ қўшимча харажатлари:

тасдиқланган харажатлар сметаси асосида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети (қўшимча жалб қилинган ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашдан ташқари);

хўжалик шартномаларидан тушган бюджетдан ташқари маблағлар (қўшимча жалб қилинган ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш учун) ҳисобидан амалга оширилади.


6. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Картахена протоколи қоидаларини амалга оширишда ўзларига тааллуқли қисми бўйича масъул ваколатли органлар этиб белгилансин.


7. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Фанлар академияси ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлигининг буюртманомаларига биноан Картахена протоколи масалалари бўйича ташриф буюрувчи хорижий мутахассисларга Ўзбекистон Республикасига кириш визалари консуллик йиғимлари ва ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимлар ундирилмасдан, белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.


8. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Картахена протоколи бўйича Марказга юкланган қўшимча вазифаларни самарали бажариш мақсадида халқаро беғараз техник кўмак маблағларини (грантларни) жалб этишда кўмаклашсин ва бу борада донор мамлакатлар, халқаро ва хорижий ҳукумат ҳамда ноҳукумат ташкилотлар билан доимий равишда амалий иш олиб борсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги:

биологик хавфсизликни таъминлаш, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳамда озуқа ва уруғлар таркибида ГМОни тадқиқ этишга қаратилган фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳаларнинг танловлар асосида шакллантирилишини таъминласин;

бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


10. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж. Раматов, Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири И.Ю. Абдураҳмонов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Б.С. Юлдашев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                           А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 12 май