Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 12.05.2020 й. ПҚ-4710-сон "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

12.05.2020 й.

N ПҚ-4710



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ФАОЛИЯТИНИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА ОИД ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Яқин истиқболга мўлжалланган устувор вазифалардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий юксалтиришда, ижтимоий соҳаларни, жумладан, таълим, соғлиқни сақлаш ва маданият соҳаларини изчил ривожлантириш, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, маънавий баркамол ёш авлодни тарбиялаш масалаларида мутасадди идоралар фаолиятини самарали мувофиқлаштириш, шунингдек, IТ-технологиялар ва телекоммуникацияларни ривожлантириш, инновацияларни жорий этиш, саноатнинг базавий тармоқларини, биринчи навбатда, геология, тоғ-кон, металлургия соҳаларини, нефть-газ ва ёқилғи-энергетика саноатини ривожлантиришдаги ролини ошириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмасини янада такомиллаштириш мақсадида:


1. Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмасида:

а) қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича ўринбосари лавозими;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг саноатни ва кооперация алоқаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими;

Маҳалла, оила ва ёшларни қўллаб-қувватлаш, маданият, маънавият ва жамоат ташкилотлари масалалари котибияти;

Таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари котибияти тугатилсин;

б) қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси - IТ-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси - Саноат ва унинг базавий тармоқларини ҳамда кооперация алоқаларини ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи лавозимлари киритилсин;

в) қуйидагилар:

Телекоммуникациялар, IТ-технологиялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари котибияти IТ-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти этиб қайта ташкил этилсин;

Саноатни ва кооперация алоқаларини ривожлантириш масалалари котибияти Саноат ва унинг базавий тармоқларини ҳамда кооперация алоқаларини ривожлантириш масалалари департаменти этиб қайта ташкил этилсин;

д) қуйидагилар:

Республика бўйсунувидаги шаҳарларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўлимини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосарига юклансин ҳамда ушбу бўлим Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, коммуникациялар, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги масалалари котибияти таркибига киритилсин.

2.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига ўрта ва узоқ муддатга мўлжалланган устувор вазифаларни ҳал қилишнинг муҳимлиги ва натижадорлигини ҳисобга олган ҳолда, зарурат бўлганда, Вазирлар Маҳкамаси ходимларининг умумий штатлари сони доирасида унинг ижро этувчи тузилмасига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.


3. Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 21-моддасида белгиланган асосий устувор вазифалар билан бирга:

а) Вазирлар Маҳкамасининг қуйидаги йўналишлар бўйича фаолиятига бевосита раҳбарлик қилиш:

IТ-технологиялар, "электрон ҳукумат"ни жорий этиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, телекоммуникациялар, илм-фан, илмий тадқиқотлар ва инновацияларни ривожлантиришни таъминлаш;

саноатнинг базавий тармоқларини, шу жумладан геология, тоғ-кон ва металлургия соҳаларини, шунингдек, нефть-газ, ёқилғи ва атом энергетикаси саноатини жадал ва барқарор ривожлантириш;

машинасозлик, автомобиль, электротехника, тўқимачилик, заргарлик, кимё, кўмир, мудофаа саноати ва қишлоқ хўжалиги машинасозлиги йўналишларини комплекс ривожлантиришни таъминлаш;

саноатда кооперация алоқаларини, саноат хавфсизлиги, маҳсулотларни стандартлаштириш соҳаларини ривожлантириш, шунингдек, тегишли давлат инспекциялари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда давлат моддий захираларини мустаҳкамлаш;

б) мазкур йўналишларда жадал ривожланиш ва натижаларга эришиш бўйича қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш:

янги "ўсиш нуқта"ларини аниқлаш ва шу асосда қўшимча ресурс ва захираларни ишга солиш ҳамда мавжудларини ўзлаштириш, иқтисодиёт ва аҳолининг энергия манбалари ва хомашё ресурсларига бўлган эҳтиёжларини етарлича таъминлашга мўлжалланган ривожлантиришнинг стратегия ва тармоқ дастурларини ишлаб чиқиш ва уларнинг амалга оширилишини таъминлаш;

янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун хусусий инвестицияларни, биринчи навбатда, хорижий инвестицияларни жалб этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш, уларнинг ҳар томонлама баҳоланиши ва экспертиза қилинишини ташкил этиш;

белгиланган лойиҳаларни амалга оширишнинг мақбул шартларини топиш мақсадида хорижий инвесторлар билан музокаралар ўтказиш, шунингдек, улар бўйича тегишли таклифлар киритиш ва қарорлар қабул қилиш;

Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг тегишли таркибий бўлинмалари, шунингдек, вазирликлар, идоралар ва уларнинг раҳбарлари фаолияти натижаларини баҳолаш учун асосий кўрсаткичларни белгилаш вазифалари юклансин.


4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

а) қуйидагиларни:

бир ҳафта муддатда - Вазирлар Маҳкамаси аппарати таркибий бўлинмаларининг тузилмаларини ва янгиланган штат жадвалини;

ўн беш кун муддатда - Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари ва маслаҳатчиларининг функционал вазифаларини;

бир ой муддатда - Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида Ҳукумат қарорларини қабул қилсин;

б) бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг янгидан ташкил этилган таркибий бўлинмаларини замонавий талабларни ҳисобга олган ҳолда, қўйилган вазифалар самарали бажарилишини юксак профессионал даражада таъминлашга қодир бўлган малакали мутахассислар билан тўлдирсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-4612-сон қарорининг 4-банди, шунингдек, қарорга илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                Ш. Мирзиёев


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 13 май


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 25 май, 19-20-сон, 205-модда