Ўзбекистон Республикаси Президентининг 20.05.2020 й. ПҚ-4720-сон "Ҳар бир оила - тадбиркор" дастурини молиялаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ
20.05.2020 й.
N ПҚ-4720
"ҲАР БИР ОИЛА - ТАДБИРКОР" ДАСТУРИНИ
МОЛИЯЛАШТИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА
ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
"Ҳар бир оила - тадбиркор" дастури доирасида амалга ошириладиган лойиҳаларни молиявий ресурслар билан таъминлаш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини ошириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ва Марказий банкининг "Ҳар бир оила - тадбиркор" дастури доирасида Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан (кейинги ўринларда - Жамғарма) қўшимча равишда 100 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги маблағларни қуйидаги ваколатли банкларга ажратиш ҳақидаги таклифига розилик берилсин:
"Агробанк" АТБга - 40 миллион АҚШ доллари эквивалентида;
АТ Халқ банкига - 30 миллион АҚШ доллари эквивалентида;
"Микрокредитбанк" АТБга - 30 миллион АҚШ доллари эквивалентида.
2. Белгилаб қўйилсинки, мазкур қарорга асосан қўшимча маблағларни ажратиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24 октябрдаги "Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган лойиҳаларни кредитлаш тартибини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4498-сон қарорида белгиланган тартиб ва шартларда Жамғарма ҳамда ваколатли банклар ўртасида тузилган кредит шартномаларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали амалга оширилади.
3. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси М.Б. Нурмуратов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2020 йил 21 май
"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",
2020 йил 25 май, 19-20-сон, 211-модда