Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциялари тўғрисида Намунавий низом (ЎзР ВМ 28.05.2020 й. 343-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 28 майдаги

343-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги

ҳузуридаги Қурилиш соҳасида ҳудудий

назорат инспекциялари тўғрисида

НАМУНАВИЙ НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Намунавий низом Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясининг (кейинги ўринларда - Ҳудудий инспекция) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва жавобгарлиги, фаолиятини ташкил этиш тартибини, шунингдек, раҳбарларининг функционал вазифалари, ҳуқуқлари ва жавобгарлигини белгилайди.


2. Ҳудудий инспекция Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси (кейинги ўринларда - Инспекция) таркибига киради ва ўз ваколати доирасида ўзига бириктирилган ҳудудлардаги қурилиш объектларида қурилиш материаллари, маҳсулотлари ва конструкцияларининг техник бошқарув ва норматив ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини, шаҳарсозлик фаолиятига оид қонун ҳужжатларига ҳамда қурилиш нормалари ва қоидаларига риоя этилишини танлов асосида назорат қилади.


3. Ҳудудий инспекция қурилиш ва шаҳарсозлик соҳасида назорат органи ҳисобланади (йўл қурилиши объектлари ва ҳудудий назорат инспекциясидан рўйхатдан ўтмаган объектлар бундан мустасно).


4. Ҳудудий инспекция ўз фаолияти юзасидан Инспекцияга бўйсунади ва ҳисобот беради.


5. Ҳудудий инспекция ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига, шу жумладан Қурилиш вазирлиги ва Инспекциянинг буйруқлари, қарорларига ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


6. Ҳудудий инспекция хўжалик ҳисобидаги ташкилот ҳисобланади.


7. Ҳудудий инспекция юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга, банкларда ҳисобварақларига, шу жумладан хорижий валютадаги банк ҳисобварақларига эга бўлади.


8. Ҳудудий инспекциянинг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ номи - Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси;

қисқартирилган номи - Ҳудудий қурилиш назорати инспекцияси;

б) рус тилида:

тўлиқ номи - Территориальная инспекция по контролю в сфере строительства при Министерстве строительства Республики Узбекистан;

қисқартирилган номи - Территориальная инспекция по контролю строительства;

в) инглиз тилида:

тўлиқ номи - Territorial Inspectorate of Construction Supervision under the Ministry of Construction of the Republic of Uzbekistan;

қисқартирилган номи - Territorial Construction Inspection Inspectorate.



2-БОБ. ҲУДУДИЙ ИНСПЕКЦИЯНИНГ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


9. Қуйидагилар Ҳудудий инспекциянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

аҳоли пунктлари комплекс қурилишларини, шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунлар, шаҳарсозлик меъёрлари, қоидалари ва стандартларга риоя қилинишини танлов асосида давлат назоратини амалга ошириш;

аҳоли пунктларининг тасдиқланган бош режаларига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар ҳокимликлари, ҳудудий қурилиш бошқармалари томонидан қатъий амал қилиши юзасидан назоратни амалга ошириш;

буюртмачининг техник назорати ва лойиҳа ташкилотларининг муаллифлик назоратини, пудратчининг ички назорат тизимини олиб борилишини назорат қилиш;

қурилиш объектларидаги қурилиш материаллари, маҳсулотлари ва конструкцияларининг шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, давлат стандартлари талабларига ҳамда лойиҳа ҳужжатларида қабул қилинган техник ечимларга, қурилиш-монтаж ишларининг барча босқичларига риоя этишларини назорат қилиш;

қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун рўйхатдан ўтказиш;

шаҳарсозлик қонунчилигига, қурилиш соҳасидаги қурилиш меъёрлари ва қоидалари бўйича Инспекцияга таклифлар киритиш ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштиришда иштирок этиш;

янги қурилаётган бино ва иншоотларнинг сейсмик жиҳатдан заифлигини баҳолаш учун зарур бўлган ахборотни ўз ичига олган электрон техник паспортларни шакллантириш ва платформага киритилишида ҳамда мавжуд бинолар ва иншоотларнинг инструментал-техник текширувдан ўтказилишида иштирок этиш.

10. Ҳудудий инспекция ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) аҳоли пунктлари комплекс қурилишларини, шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунлар, шаҳарсозлик меъёрлари, қоидалари ва стандартларга риоя қилинишини танлов асосида давлат назоратини амалга ошириш соҳасида:

қурилиш объектларида тасдиқланган лойиҳа ҳужжатлари, амалга оширилаётган қурилиш-монтаж ишлари ҳамда қўлланилаётган қурилиш материаллари ва буюмларини шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари ҳамда стандартларига риоя этилишини танлов асосида назорат қилади;

юридик ва жисмоний шахсларнинг шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунларга, қурилиш меъёрлари ва қоидалари ҳамда стандартларига риоя этилишини танлов асосида назорат қилади;


б) аҳоли пунктларининг тасдиқланган бош режаларига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар ҳокимликлари, ҳудудий қурилиш бошқармалари томонидан қатъий амал қилиши юзасидан назоратни амалга ошириш соҳасида:

тасдиқланган бош режаларга қатъий амал қилиниши юзасидан ҳудудий қурилиш бошқармалари томонидан олиб борилаётган ишлар бўйича давлат назоратини амалга оширади;

қурилиш объектларида синовлар амалга оширилганлиги, топотасвирлар мавжудлигини назорат қилади;


в) буюртмачининг техник назорати ва лойиҳа ташкилотларининг муаллифлик назоратини, пудратчининг ички назорат тизими амалга оширилишини назорат қилиш соҳасида:

қурилиш объектида буюртмачи, лойиҳа ташкилоти ва пудратчи томонидан ижро ҳужжатларини юритилишини, шаҳарсозлик ҳужжатлари ишлаб чиқилишини ҳамда қурилиш соҳасида қонунда кўрсатилган лицензияли фаолият турларини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларнинг мавжудлигини назорат қилади;


г) қурилиш объектларидаги қурилиш материаллари, маҳсулотлари ва конструкцияларининг шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, давлат стандартлари талабларига ҳамда лойиҳа ҳужжатларида қабул қилинган техник ечимларга, қурилиш-монтаж ишларининг барча босқичларига риоя этишларини назорат қилиш соҳасида:

молиялаштириш манбаларидан қатъи назар, хавф-хатар тоифасидан келиб чиққан ҳолда, қурилиш объектларида (хавф-хатар тоифаси паст бўлган ҳамда икки қаватгача, (цоколни ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзасидан 12 метрдан паст ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метргача бўлган якка тартибдаги уй-жойлар шунингдек 300 метр кубдан кичик бўлган нотурар бино ва иншоотлардан ташқари) рухсат берилган ҳужжатлар мавжудлиги, шаҳарсозлик норма ва қоида талабларига риоя этилаётганлиги борасида белгиланган тартибда инспекторлик назоратини ўтказади;

қурилиш объектларида хавф-хатар тоифасидан келиб чиққан ҳолда танлов асосида назорат функцияларини амалга оширади;


д) қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун рўйхатдан ўтказиш соҳасида:

Ўзбекистон Республикасининг давлат дастурларига киритилган ҳамда давлат бюджети маблағларидан молиялаштирилган объектларнинг қурилиши ва наъмунавий лойиҳалар бўйича қуриладиган якка тартибдаги ҳамда икки қаватдан юқори (цоколни ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган якка тартибдаги уй-жойлар шунингдек 300 м.кубдан кўп ҳажмдаги нотурар бино ва иншоотларда қурилиш-монтаж ишларининг бажарилишини тўғридан-тўғри рўйхатдан ўтказади;

Ҳудудий инспекциядан тегишли тартибда қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун рўйхатдан ўтган, қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиш хайъати таркибида мажбурий иштирок этади;


е) янги қурилаётган бино ва иншоотларнинг сейсмик жиҳатдан заифлигини баҳолаш учун зарур бўлган ахборотни ўз ичига олган электрон техник паспортларни шакллантириш ва платформага киритилишида ҳамда мавжуд бинолар ва иншоотларнинг инструментал-техник текширувдан ўтказиш соҳасида:

сейсмик фаол зоналарда қурилиши режалаштирилаётган барча турдаги бинолар ва иншоотларнинг, шунингдек, кўп қаватли турар жойларнинг сейсмик жиҳатдан заифлигини баҳолаш учун зарур бўлган ахборотни ўз ичига олган электрон техник паспортларнинг буюртмачилар томонидан расмийлаштирилишини текширади;

Ўзбекистон Республикасида қурилаётган бинолар ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини таъминлаш, шунингдек, сейсмик заиф ҳисобланган бино ва иншоотларни инструментал-техник текширувдан ўтказиш ҳамда зилзилабардошлигини ошириш учун зарур чоралар кўришга кўмаклашади.

11. Ҳудудий инспекция инспекторлари қонунчиликда белгиланган тартибда ҳар 3 йилда аттестациядан ўтадилар ва уларга натижаларига кўра махсус гувоҳнома берилади.



3-БОБ. ҲУДУДИЙ ИНСПЕКЦИЯНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


12. Ҳудудий инспекция ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

бино ва иншоотларнинг зилзилага бардошлилигига таъсир қилувчи, шунингдек, инсон саломатлиги ва ҳаётига таҳдид солувчи конструктив ҳуқуқбузарликлар аниқланган ҳолатларда, қурилиш-монтаж ишларини тўхтатиб туриш ва демонтаж ишларини амалга оширишни талаб қилиш;

юридик ва жисмоний шахсларга объектдаги ҳуқуқбузарликларни бартараф қилиш учун мос равишда, бироқ 60 кундан ортиқ бўлмаган муддатни белгилаган ҳолда, аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш бўйича ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;

қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган қурилиш соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомилларига риоя қилинмаган ҳамда аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш бўйича камида иккита кўрсатма бажарилмаган тақдирда қурилиш-монтаж ишларини тўхтатиб қўйиш ва демонтаж ишларини амалга ошириш тўғрисидаги даъво билан судга мурожаат қилиш;

лойиҳалаштириш ва қурилиш соҳасида фаолиятни амалга ошириш учун лицензиялар ва рухсат берувчи ҳужжатларни тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилиш масалаларини ҳал қилиш юзасидан тегишли органлар ва ташкилотларга тақдимномалар юбориш;

объектларда бино ва иншоотларнинг зилзилага бардошлилигига таъсир қилувчи сифатсиз қурилиш материаллари ва буюмлар қўлланилгани аниқланган ҳолларда, қурилиш материаллари ва буюмлар ишлаб чиқариш, сотиш ва қўллашни тўхтатиб туриш ҳақида тегишли орган ва ташкилотларга тақдимномалар юбориш;

ҳудудий давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан ўз ваколати доирасига кирувчи масалаларни ҳал қилиш учун зарур бўлган маълумотларни сўраш ва олиш;

ҳудудий давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига Ҳудудий инспекция ваколатига кирувчи масалалар юзасидан таклифлар киритиш;

Ҳудудий инспекцияда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган объектларда назорат функцияларини ваколатли органни хабардор қилмаган ҳолда амалга ошириш;

қурилиш объектларида фойдаланилаётган қурилиш материаллари, буюмлари, конструкциялари ва бажарилаётган қурилиш-монтаж ишларини назорат қилиш учун шаҳарсозлик фаолияти субъектларидан белгиланган тартибда лойиҳа, технологик ва ижро ҳужжатлари, шунингдек, бошқа зарур маълумотларни сўраш ва олиш;

пудратчи ташкилотларга конструкцияларнинг алоҳида деталларини очиш, пойдевордаги ва қайта тўлдириладиган тупроқни текшириш ишларини топшириш, зарурат бўлганда, тегишли хулоса тайёрлаш учун илмий-тадқиқот ташкилотларидан эксперт-мутахассисларни жалб қилиш;

қурилиш объектларининг барча босқичларида пудратчининг ички, лойиҳачининг муаллифлик ва техник назоратни амалга оширувчи мутахассисларнинг махсус сертификатлари мавжудлигини текшириш, назорат давомида сертификат мавжуд бўлмаганда буюртмачи, пудратчи ва лойиҳа ташкилотларига масъул шахсларни қурилиш объектларидан четлаштириш юзасидан тақдимномалар киритиш;

шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилганлиги ҳолати аниқланганда, ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги баённомаларни расмийлаштириш;

авария ҳолатидаги бинолар, иншоотлар, уларнинг қисмлари, конструктив элементлари ва аварияга олиб келган сабабларни текшириш бўйича техник комиссияларда иштирок этиш;

мавжуд бинолар ва иншоотларнинг техник ҳолатини шартнома асосида ўрганиш ва тегишли хулоса бериш;

қурилиш объектларида синов лаборатория ишларини шартнома асосида ўтказиш;

шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишига оид маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида маъмурий баённомалар тузиш ва ишларни кўриб чиқиш, ҳуқуқбузарлик фактига эътироз билдирилган ҳолларда ишни кўриб чиқиш учун судга тақдим этиш;

шаҳарсозлик қонунчилиги талабларига риоя этилиши юзасидан давлат ташкилотлари, илмий-тадқиқот, лойиҳалаш ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда бошқа ваколатли органлар билан ҳамкорлик қилиш;

қурилиш ишларида мустаҳкамлик, сейсмик қоидаларининг бузилиши натижасида аҳоли соғлиғи ва ҳаётига зарар етказилиши ёки оғир оқибатларга олиб келинишини олдини олиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга чоралар кўриш юзасидан тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда хабар бериш;

назорат натижаларини таҳлил қилиш, халқаро тажрибаларни ўрганиш, меъёрий талабларни такомиллаштириш бўйича, қурилиш-монтаж ишларини яхшилаш ҳамда қурилиш материалларидан оқилона фойдаланиш юзасидан таклифлар киритиш;

ҳар чоракда Инспекцияга бажарилган ишлар тўғрисида ҳисобот бериш;

электрон рейтингларни жорий этиш учун ўрнатилган муддатларда "Шаффоф қурилиш" бўйича Инспекциянинг миллий ахборот тизими билан интеграциялаштирган маълумотларни тақдим этиш;

ўзига юкланган вазифалар доирасида иш режалари, шунингдек, аниқ фаолият юзасидан тадбирлар режасини ишлаб чиқиш, белгиланган тартибда тасдиқлаш ва Инспекцияга тақдим этиш;

Инспекция топшириғига биноан шаҳарсозлик ва қурилиш масалалари бўйича ўқув семинарларни ташкил қилиш ва ўтказиш;

Ҳудудий инспекция ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга эҳтиёжини ўрганиш, шунингдек, бу масалалар бўйича Инспекцияга аниқ таклифлар киритиш;

Ҳудудий инспекция номенклатурасига киритилган лавозимларга малакали кадрларни тавсия қилиш;

Ҳудудий инспекция манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, инспекция ваколатига кирувчи масалалар бўйича даъвогар ва жавобгар бўлиш.


13. Ҳудудий инспекция:

ўзига юкланган вазифалар ва функцияларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш;

шаҳарсозлик фаолияти субъектларининг қурилиш-монтаж ишлари лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ равишда бажарилишини танлаб назорат қилиш;

қурилиш объектларида ишлатилаётган қурилиш материаллари, конструкциялари ва буюмларининг техник жиҳатдан тартибга солиш норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини назорат қилиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларига риоя этилишини ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш;

қурилиш соҳасида қонунларнинг ижро этилиши, аниқланган қонунбузарлик ҳолатларининг ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлаш ҳамда ўз ваколати доирасида тегишли чора-тадбирлар кўриш;

ҳар ойлик, чораклик ва йиллик ҳисоботлар, маълумотлар ва статистик маълумотларнинг ўз вақтида тақдим этилишини таъминлаш;

қурилиш объектларда аниқланган муаммоларни ҳар томонлама ва чуқур ўрганиш ҳамда умумлаштириш асосида ҳудудларда тегишли соҳани ривожлантиришга доир таклифлар тайёрлаш учун масъулдир.



4-БОБ. ҲУДУДИЙ ИНСПЕКЦИЯ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


14. Ҳудудий инспекция бошлиғи Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазири билан келишилган ҳолда, Инспекция бошлиғи томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;


15. Ҳудудий инспекция бошлиғи ўзи томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод қилинадиган икки нафар ўринбосарга, шу жумладан, бир нафар биринчи ўринбосарга эга.

Инспекция бошлиғи:

Ҳудудий инспекция ходимлари учун мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ҳамда уларнинг бажарилишини назорат қилади;

Ҳудудий инспекция ходимларини фаолиятини рағбатлантириш учун тегишли буйруқлар чиқаради;

инспекторлик вакант лавозимларига таклиф қилинаётган номзодларнинг қурилиш соҳасида камида 3 йиллик иш тажрибасига, мутахассислиги бўйича мухандис-қурувчи, архитектор, мухандис-гидротехник, малакали, амалий тажрибага эга эканлиги, юқори даражали касбий ва маънавий-ахлоқий сифатларга эга бўлиши кафолатланганлигини таъминлайди.


16. Инспекция бошлиғи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.


17. Ҳудудий инспекциялар низоми, тузилмаси, штат бирликлари нормативларини ҳамда харажатлар сметасини Инспекция бошлиғи тасдиқлайди.



5-БОБ. ҲУДУДИЙ ИНСПЕКЦИЯ БОШЛИҒИ

ВА УНИНГ ЎРИНБОСАРЛАРИНИНГ АСОСИЙ

ФУНКЦИОНАЛ ВАЗИФАЛАРИ


18. Қуйидагилар Ҳудудий инспекция бошлиғининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга амал қилиш;

Ҳудудий инспекциялар фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа қонун ҳужжатлари ҳамда Қурилиш вазирлиги ва Инспекция ҳужжатлари ва қарорлари билан Ҳудудий инспекцияга юкланган вазифалар ва функциялар бажарилишини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Вазирлар Маҳкамаси ва Қурилиш вазирлигининг топшириқлари ва ҳужжатлари ижросини таъминлаш, ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек, ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ҳамда барча даражадаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида" 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон ва "Давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 5 октябрдаги ПҚ-3962-сон қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун Ҳудудий инспекция ходимларининг шахсий жавобгарлигини ошириш чораларини кўриш;

Қурилиш вазирлиги ва Инспекциянинг буйруқлари, қарорлари ва топшириқларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

Инспекциянинг фаолияти доирасига кирадиган масалалар бўйича маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа маҳаллий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш;

Ҳудудий инспекция ходимлари томонидан Одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя қилишини таъминлаш;

"Коррупцияга қарши кураш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ Инспекцияда коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чора-тадбирларини кўриш, ҳуқуқий амалиёт ва қонунчиликни такомиллаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш йўли билан уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш ва бартараф этиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан белгиланган муддатда ва тартибда кўриб чиқиш;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатларда ҳуқуқбузарликлар бўйича далолатномалар тузиш ва кўрсатмалар бериш;

инспекторлик вакант лавозимларига таклиф қилинаётган номзодларнинг қурилиш соҳасида камида 3 йиллик иш тажрибасига, мутахассислиги бўйича мухандис-қурувчи, архитектор, мухандис-гидротехник, малакали, амалий тажрибага эга эканлиги, юқори даражали касбий ва маънавий-ахлоқий сифатларга эга бўлиши кафолатланганлигини таъминлаш;

Ҳудудий инспекция ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал қилиш, жумладан, уларнинг эгаллаб турган лавозимларига лаёқатли эканлигини кўриб чиқиш, шахсий масъулиятини ошириш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш;

Ҳудудий инспекциянинг белгиланган кўрсаткичларга сўзсиз эришишни таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирларни тасдиқлаш ва бу бўйича Инспекция бошлиғига таклиф киритиш;

Ҳудудий инспекция ходимлари фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини тизимли танқидий таҳлил қилиш;

Ҳудудий инспекция фаолиятини такомиллаштириш, шунингдек, давлат хизматлари самарадорлиги, сифати ва мақбуллигини ошириш бўйича таклифни Инспекция бошлиғига кўриб чиқиш учун киритиш;

давлат сирларига оид ва махфий тусга эга бўлган ахборотлар билан ишлашда қонун талабларига риоя қилиш;

Ҳудудий инспекция ходимлари учун мажбурий бўлган буйруқлар чиқариш ва кўрсатмалар бериш;

Ҳудудий инспекция мулкини қонунчиликда белгиланган тартибда тасарруф этиш;

шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларининнг бузилишига оид маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқади.

ушбу Низомга мувофиқ мажбуриятларни тақсимлашга кўра бошқа ваколатларни амалга ошириш.


19. Қуйидагилар Ҳудудий инспекция бошлиғи ўринбосарларининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилиш;

Ҳудудий инспекция бошлиғи вақтинча бўлмаганда, унинг вазифаларини бажариш;

Ҳудудий инспекциянинг ўзи мутасаддилик қиладиган бўлимлари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва бевосита бошқариш, улар ходимлари ўртасида вазифаларни тақсимлаш;

Ҳудудий инспекция фаолиятининг ўзи мутасаддилик қиладиган йўналишлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тасдиқланган Инспекциянинг фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича концепциялар, комплекс дастурлар ва тадбирларнинг бажарилишини танқидий ва чуқур таҳлил қилиш;

ўзи мутасаддилик қиладиган бўлимлар томонидан режа кўрсаткичларининг сўзсиз бажарилишини таъминлаш чораларини кўриш, бўлинмалар раҳбарларининг ҳисоботларини мунтазам равишда эшитиш ва ушбу кўрсаткичларга эришиш учун уларнинг шахсий масъулиятини ошириш;

ўзи мутасаддилик қиладиган бўлимлари раҳбарларининг иш режаларини тасдиқлаш, уларнинг бажарилиши юзасидан назоратни таъминлаш;

ўзи мутасаддилик қиладиган бўлимлар фаолиятида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни бажариш, шунингдек, бўлимлар раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чора-тадбирларини кўриш;

Инспекциянинг Ҳудудий инспекция фаолиятига тааллуқли буйруқлари, Ҳудудий инспекция буйруқлари ва топшириқларини ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

ўзи мутасаддилик қиладиган бўлимлар ходимларини танлаш ва жой-жойига қўйиш бўйича Ҳудудий инспекция бошлиғига таклифлар киритиш;

ўзи мутасаддилик қиладиган бўлимлар раҳбарлари фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини мунтазам равишда танқидий таҳлил қилиш;

ўзи мутасаддилик қиладиган бўлимлар раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш бўйича Ҳудудий инспекция бошлиғига таклифлар киритиш;

ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;

"Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган муддатларда ва тартибда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича самарали ишларни ташкил этиш, аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, жисмоний шахсларни ва юридик шахслар вакилларини мунтазам равишда шахсан қабул қилиш, шу жумладан, жойларга бориб қабул қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорлик қилиш, уларнинг фаолиятида фаол иштирок этиш, жисмоний ва юридик шахслар вакилларининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан тушган мурожаатлари ўз вақтида ва тўлақонли кўриб чиқилишини таъминлаш;

давлат сирига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш.



6-БОБ. ҲУДУДИЙ ИНСПЕКЦИЯ БОШЛИҒИ ВА УНИНГ

ЎРИНБОСАРЛАРИНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


20. Ҳудудий инспекция бошлиғи:

Инспекцияга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши, шунингдек, ушбу Низомнинг 13-бандида назарда тутилган масалалар бўйича;

ушбу Низомнинг 18-бандида кўрсатилган ўз функционал вазифалари сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.


21. Ҳудудий инспекция бошлиғининг ўринбосарлари:

тегишли бўлимларга юкланган вазифалар ва функциялар бажарилиши учун;

ушбу Низомнинг 13-бандида назарда тутилган жавобгарлик соҳалари бўйича;

ушбу Низомнинг 19-бандида кўрсатилган ўз функционал вазифаларини сифатли бажариш учун шахсан масъулдир.



7-БОБ. ҲУДУДИЙ ИНСПЕКЦИЯ ФАОЛИЯТИНИНГ

САМАРАДОРЛИГИ ВА НАТИЖАДОРЛИГИНИ

БАҲОЛАШ МЕЗОНЛАРИ


22. Ҳудудий инспекция бошлиғи Ҳудудий инспекция фаолияти ва унга юкланган вазифалар самарали бажарилиши бўйича доимий мониторинг олиб боради ҳамда Ҳудудий инспекция фаолияти самарадорлигига холисона баҳо беради.


23. Ҳудудий инспекция фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлиги мунтазам равишда баҳолаб борилади.


24. Ҳудудий инспекция фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш Инспекция бошлиғи томонидан тасдиқланадиган Ҳудудий инспекция фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ва индикаторларга асосланади.


25. Ҳудудий инспекция фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш якунлари бўйича қуйидаги чоралар кўрилади:

Ҳудудий инспекция бошлиғининг ўринбосарлари ва ходимларини рағбатлантириш (мукофотлаш) ёки интизомий жавобгарликка тортиш;

Ҳудудий инспекция фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф қилиш ва унинг фаолиятини янада такомиллаштириш.


26. Ҳудудий инспекция фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш тартиби Инспекция томонидан белгиланади.



8-БОБ. ҲУДУДИЙ ИНСПЕКЦИЯНИНГ ИНСПЕКЦИЯ

БИЛАН ҲАМКОРЛИК ҚИЛИШ ТАРТИБИ


27. Ҳудудий инспекция Инспекция билан ҳамкорликда:

фаолиятнинг белгиланган соҳасида қонунларни амалга ошириш натижалари ҳақида ахборот тақдим этади;

фаолиятни ўрганиш жараёнида аниқланган камчиликлар ва қонунбузарликларни бартараф этиш натижалари ҳақида ахборот беради;

ўз иши натижалари ҳақида ҳисоботлар тақдим этади;

ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши муаммоларини, жумладан, аҳолининг энг муҳим муаммоларини ҳал қилишга мўлжалланган таклифларни йўллайди;

ваколатли органлар томонидан ўтказилган ўз фаолияти текшируви натижалари ҳақида ахборот беради.



9-БОБ. ҲУДУДИЙ ИНСПЕКЦИЯЛАР ФАОЛИЯТИНИ

МОЛИЯЛАШТИРИШ ВА МОДДИЙ-ТЕХНИК ТАЪМИНЛАШ,

ХОДИМЛАР МЕҲНАТИГА ҲАҚ ТЎЛАШ ВА УЛАРНИ

МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИШ


28. Ҳудудий инспекция фаолияти қуйидаги манбалар ҳисобидан молиялаштирилади:

а) давлат қурилиш назорати амалга ошириладиган барча объектлар учун Ҳудудий инспекцияларга ажратмаларнинг қурилиш-монтаж ишлари қийматининг (қўшимча қиймат солиғисиз) 0,18 фоиз миқдоридаги Ҳудудий инспекциялар ихтиёрида қолдириладиган маблағлар;

б) Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан молиялаштириладиган маблағлар;

в) мавжуд бинолар ва иншоотларнинг техник ҳолатини текшириш бўйича шартнома асосида ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишдан, шунингдек, лаборатория хизматлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган хизматларнинг бошқа турларини кўрсатишдан олинган даромадлар.


29. Мавжуд бинолар ва иншоотларнинг техник ҳолатини текшириш бўйича бажарилаётган ишлар ва кўрсатилаётган хизматларнинг, шунингдек, синов лаборатория хизматлари ва Инспекция томонидан кўрсатилаётган хизматлар бошқа турларининг қийматини аниқлаш методикаси Инспекция томонидан тасдиқланади.


30. Ҳудудий инспекция ходимларига Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси ходимларини моддий рағбатлантириш тартибида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш шартлари татбиқ этилган ҳолда, ушбу маблағлар Ҳудудий инспекциялар ҳисобидан амалга оширилади.

Ҳудудий инспекциянинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, унинг ходимларини моддий рағбатлантириш, шу жумладан қўшимча тўловлар, устама ҳақлар, мукофотлар, ижтимоий ва бошқа тўловларни тўлаш Ҳудудий инспекциялар ва Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қўшимча молиялаштириш йўли билан амалга оширилиши мумкин.

Ҳудудий инспекциянинг ходимларига ўз хизмат вазифаларини ташаббус кўрсатиб ва виждонан бажарганликлари учун Ҳудудий инспекция бошлиғи томонидан инспекция маблағлари ҳисобидан лавозим маошининг 200 фоизигача устама белгиланиши мумкин.



10-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


31. Ҳудудий инспекция қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта ташкил этилади ва тугатилади.


32. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 29 май