Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Республика олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва бошқа тоифадаги ходимларини бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 26.08.2020 й. 517-сон қарорига илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 26 августдаги

517-сон қарорига

ИЛОВА



Республика олий таълим муассасаларининг

профессор-ўқитувчилари ва бошқа тоифадаги

ходимларини бюджетдан ташқари маблағлар

ҳисобидан моддий рағбатлантириш

тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом республика олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва бошқа тоифадаги ходимларини бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан моддий рағбатлантириш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


профессор-ўқитувчилар - олий таълим муассасасида кафедра мудири, профессор, доцент, катта ўқитувчи, ассистент, ўқитувчи, тажриба орттирувчи ўқитувчи лавозимида фаолият юритадиган шахслар;


бошқа тоифадаги ходимлар - олий таълим муассасасида бошқарув, техник, хизмат кўрсатувчи ва ўқув-ёрдамчи ходимлар лавозимларида фаолият юритадиган шахслар.


3. Олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчиларини ва бошқа тоифадаги ходимларини моддий рағбатлантириш пул мукофотлари кўринишида, шунингдек, меҳнат фаолиятида юқори ижодий ва ишлаб чиқаришдаги эришган ютуқлари учун олий таълим муассасаси раҳбарияти томонидан асосий иш ҳақига устама ва қўшимча ҳақлар белгилаш орқали бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига амалга оширилади.


4. Пул мукофотлари, устамалар ва қўшимча ҳақлар миқдори ҳар бир ходимнинг олий таълим муассасаси фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини оширишга қўшган шахсий ҳиссасига қараб белгиланади.


5. Олий таълим муассасаси раҳбарларига (ректор, проректор, филиал директори ва ўринбосарлари) меҳнат фаолиятида эришган юқори ижодий ва ишлаб чиқаришдаги ютуқлари учун устама ва қўшимча ҳақлар ҳамда пул мукофотлари юқори турувчи ташкилотларнинг тегишли қарорлари билан белгиланади.


6. Мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш, олий таълим муассасаларининг илмий-интеллектуал салоҳияти ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида олий таълим муассасаси ҳар йили профессор-ўқитувчи ва ходимлар томонидан бажарилган ишларнинг самарадорлиги ва сифатига қараб моддий рағбатлантириш тартиби ва ҳажмларини белгилаши шарт.


7. Моддий рағбатлантириш нафақат бир ходим учун, балки олий таълим муассасаси раҳбарияти ёки бошқа бошқарув органлари томонидан жамоатчилик ишларини бажарган бутун бир жамоа, кафедра, факультет, илмий лаборатория ва бошқа бўлинмалар ходимларига ҳам берилиши мумкин. Бунда, моддий рағбатлантириладиган ходимларнинг рўйхати бажарилган ишларнинг аниқ кўрсаткичлари, эришилган натижалари тўғрисидаги маълумотлар ва бошқа ҳужжатлар билан тасдиқланиши лозим.


8. Олий таълим муассасаси раҳбариятига бажарилган ишлар ва эришилган натижалар тўғрисида нотўғри маълумот тақдим этган ходимлар моддий рағбатлантирилмайди.


9. Олий таълим муассасасининг ўқув-тарбиявий, илмий-тадқиқот ва иқтисодий фаолияти самарадорлиги ва сифатини ошириш мақсадида ходимларни рағбатлантириш ўқув йили давомида амалга оширилиши мумкин.


10. Рағбатлантириш кўрсаткичлари бажарилган ишларнинг хусусияти, ўзига хослиги ва олий таълим муассасаси (унинг таркибий бўлинмалари)нинг йўналишидан келиб чиқиб аниқлаштирилган бўлиши лозим. Жамоа (аниқ бир ходим) моддий рағбатлантирилишида ҳақиқатан ҳам эришиши мумкин бўлган кўрсаткичлардан икки ёки учтадан кўп бўлмаган мукофотлаш мезонлари белгиланади.


11. Ходимларни моддий рағбатлантириш тўғрисидаги буйруқ ҳар бир ходим учун олий таълим муассасаси раҳбари томонидан имзоланиб, касаба уюшма ташкилоти билан келишилади, олий таълим муассасалари раҳбарлари учун эса юқори турувчи ташкилотнинг қарори тегишли бошқарма ва бўлимларининг тавсиясига биноан тайёрланади.


12. Меҳнат интизомининг бузилиши белгиланган (ёки белгиланадиган) рағбатлантиришни бекор қилишга асос бўлиши мумкин.


13. Олий таълим муассасаси раҳбари иш сифати ёмонлашганда, топшириқлар ўз вақтида бажарилмаганда, меҳнат ва ишлаб чиқариш интизоми бузилганда устамаларни бекор қилиш ёки камайтиришга ҳақли.


14. Қуйидаги ҳолларда олий таълим муассасалари ходимларига уларнинг мурожаатига асосан касаба уюшмаси ташкилотининг ташаббуси билан олий таълим муассасасининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан моддий ёрдам тўланади:

яқин қариндошлари (ота-она, ака-ука, опа-сингил, эр-хотин) вафот этганда;

ходимнинг тўйи ёки юбилей тантанаси муносабати билан;

ходимнинг ўз соғлиғини тиклаши муносабати билан;

табиий офатлар оқибатлари ва бошқа шунга ўхшаш ҳолларда уларга зарар етказилганда.


15. Иш сифати ёмонлашганда, топшириқлар ўз вақтида бажарилмаганда, меҳнат ва ишлаб чиқариш интизоми бузилганда устамаларни бекор қилиш ёки камайтириш интизомий жазо чораси ҳисобланмайди.



2-БОБ. МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИШ

МИҚДОРИ ВА МАНБАЛАРИ


16. Олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчиларига иш ҳақи учун устама ҳақ ва қўшимча ҳақлар бир ойлик маошгача бўлган миқдорда табақалашган ҳолда, бошқа тоифадаги ходимларига эса - олий таълим муассасаси касаба уюшмаси ташкилотининг тавсиясига кўра олий таълим муассасаси ректори (филиал директори) томонидан белгиланадиган миқдорларда тўланади.

Ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтган олий таълим муассасаларида юқори малакали мутахассисларни жалб этиш, кўрсатиладиган таълим хизматлари сифатини ошириш мақсадида профессор-ўқитувчи ва ходимларга устамалар ҳамда моддий рағбатлантириш турлари ва миқдорлари молиявий имкониятдан келиб чиқиб, мустақил белгиланади.


17. Тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағларнинг 30 фоиздан кўп бўлмаган қисми таълим муассасасининг профессор-ўқитувчилар таркиби ва бошқа тоифадаги ходимларини моддий рағбатлантиришга сарфланиши мумкин.

Бунда, моддий рағбатлантириш билан боғлиқ харажатлар олий таълим муассасасининг молиявий имкониятларидан келиб чиқиб, бирламчи харажатлари қопланганидан сўнг амалга оширилади.


17-1. Олий таълим муассасаларидаги Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилот етакчиси бўлган олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва бошқа тоифадаги ходимларига олий таълим муассасасининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан мазкур низомда белгиланган тартибда "Катта ўқитувчи (илмий даражага ва илмий унвонга эга бўлган)" базавий лавозим маошининг эллик фоизи миқдорида ҳар ойлик қўшимча ҳақ тўланади.

17-2. "Меҳрибонлик" уйлари ва Болалар шаҳарчаларининг тарбияланувчиларига ахборот технологиялари, хорижий тиллар, аниқ, табиий ва бошқа фанларга ўқитиш бўйича факультатив ва тўгарак машғулотларини, "давра сухбатларини" ва фан мусобақаларини ташкил этган олий таълим муассасалари етакчи профессор-ўқитувчиларига олий таълим муассасасининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан мазкур низомда белгиланган тартибда уларнинг базавий лавозим маошига қўшимча ҳақ тўланади.


3-БОБ. ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ

ПРОФЕССОР-ЎҚИТУВЧИЛАРИ ВА БОШҚА

ТОИФАДАГИ ХОДИМЛАРИНИ МОДДИЙ

РАҒБАТЛАНТИРИШНИНГ АСОСИЙ

МЕЗОНЛАРИ


18. Олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчи ва бошқа тоифадаги ходимларини рағбатлантиришнинг асосий мезонлари сифатида қуйидагилар ҳисобга олинади:

ўқув жараёнини ташкил этишдаги салмоқли ютуқлари, уларни жаҳон стандартлари даражасида доимий равишда янгилаб бориш, фан, техника, янги технологиялар ва маданиятни ривожлантиришдаги ютуқлари ҳамда истиқболлари, илмий-техник ва ижтимоий тараққиётни белгилайдиган соҳаларда махсус курслар ташкил этиш;

ўқув ва ўқув-услубий ишларнинг самарадорлиги ва сифатини таъминловчи юқори педагогик маҳоратга, талабанинг ижодий ҳамда идрок қилиш қобилиятини оширишни таъминловчи ўқитишнинг илмий-методик даражасига эга бўлиш;

ўқитишнинг фаол усулларидан фойдаланиш ва билимларни назорат қилиш, таълим ва тарбиянинг уйғунлигини таъминлаш, ўсиб келаётган ёш авлоднинг юксак ахлоқий жиҳатларини шакллантириш, беш ташаббус йўналишлари бўйича ютуқларга эришиш;

янги авлод дарсликлари ва ўқув қўлланмаларини яратиш ва ишлаб чиқиш;

барча турдаги ишлаб чиқариш амалиётларини ташкил этиш ва ўтказишни такомиллаштириш, талабалар конструкторлик тўгаракларини, ёшлар ижодий марказларини ҳамда талабаларнинг илмий-тадқиқот ишларини бошқариш, шунингдек талабалар орасидан иқтидорлиларини саралаб олиш, танловларда, конференциялар ва симпозиумларда фаол қатнашиш;

ўқув жараёнида замонавий компьютер техникаларидан фойдаланган ҳолда ўқитишнинг янги шакллари ва усулларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, талабаларнинг мустақил таълим олишини шакллантириш;

тайёрланаётган мутахассислар сифатини ошириш мақсадида олий таълимнинг долзарб масалалари бўйича илмий-тадқиқот ишларида қатнашиш ва уларни ўқув-тарбиявий жараёнига татбиқ этиш;

илмий-услубий кенгашлар ва ўқув-услубий бирлашмаларда самарали иш олиб бориш, ўқув режа ва дастурларини ҳамда иқтисодиёт тармоқларининг реал эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда мутахассислар тайёрлаш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқиш;

фан ва техника ҳамда иқтисодиёт тармоқларини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшадиган мақолалар, монографиялар ва китобларни нашр этиш;

Ўзбекистон Республикаси манфаатларини кўзлаб турли хилдаги ижтимоий-сиёсий ва оммавий тадбирларда фаол иштирок этиш;

илмий ва педагог кадрлар тайёрлашда, докторантлар, жумладан хориж давлатларидаги докторантларга илмий раҳбарлик қилишда ижобий натижаларга эришиш;

фан доктори дипломини олгандан сўнг талабгор (агар олий таълим муассасасида фаолият юритаётган бўлса) ва унинг илмий раҳбари;

ҳисобот йили давомида амалиётга татбиқ қилинадиган диплом лойиҳаларига раҳбарлик қилиш;

чет тилларидан (инглиз, француз, немис ва бошқа) бири ёрдамида ўқув жараёнини ташкил этиш;

бюджетдан ташқари маблағларни кўпайтиришда, шунингдек олий таълим муассасаси моддий-техника базасини ҳомийлик асосида мустаҳкамлаш борасида шахсий ташаббус кўрсатиш;

ҳар бир ходимнинг таълим муассасаси фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини оширишга қўшган шахсий ҳиссаси, берилган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариши ҳамда жамоат ишларида фаол қатнашиши.


19. Олий таълим муассасаси раҳбарларини рағбатлантиришда қуйидаги мезонлар ҳисобга олинади:

олий таълим муассасасида тайёрланган мутахассисларнинг сифат кўрсаткичлари;

профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳияти бўйича таркиби ва уларнинг малакасини оширганлик даражаси, олий таълим муассасасида фаолият юритаётган хориждан жалб қилинган малакали профессор-ўқитувчиларнинг (мутахассис) салмоғи;

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт тармоқларини ривожлантиришга қўшган илмий салоҳияти;

олий таълим муассасасидаги тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш даражаси ва бюджетдан ташқари маблағларни жалб қилиш усуллари;

таълим муассасасининг даромадлари ва харажатлари сметасининг ижроси натижалари (охири йиллар ўсиш динамикаси таҳлили асосида);

ҳукумат ва бошқа бошқарув органларига олий таълимни ислоҳ қилиш ҳамда миллий иқтисодиёт ва маданиятни ривожлантириш муаммолари бўйича таклифлар киритиш;

олий таълим муассасасида жамоанинг маънавий, ахлоқий ва психологик муҳитининг ҳолатига кўрсатаётган ижобий таъсири.


20. Рағбатлантириш чора-тадбирларининг самарадорлигини ошириш мақсадида олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари ва бошқа тоифа ходимларининг илғор тажрибасини ва фаолияти самарадорлигини оммавий ахборот воситаларида ёритиш ҳамда олий таълим муассасаси веб-сайтига жойлаштирилади.



4-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


21. Олий таълим муассасасининг штатдаги ходимларига меҳнатга ҳақ тўлашнинг амалдаги тизимида назарда тутилган рағбатлантириш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа тўловлар ҳам қўлланилиши мумкин.


22. Устама ҳақларини қатъий мезонларга мувофиқ белгилаш ва тўлаш учун жавобгарлик олий таълим муассасаси раҳбари зиммасига юкланади.


23. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


24. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 27 август