Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 03.12.2020 й. ПФ-6122-сон "2021 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида"ги Фармони

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

03.12.2020 й.

N ПФ-6122



2021 ЙИЛДА РАСМИЙ

САНАЛАРНИ НИШОНЛАШ ДАВРИДА

ҚЎШИМЧА ИШЛАНМАЙДИГАН КУНЛАРНИ

БЕЛГИЛАШ ВА ДАМ ОЛИШ КУНЛАРИНИ

КЎЧИРИШ ТЎҒРИСИДА


2021 йилда фуқароларнинг расмий саналарни нишонлаш даврида тўлиқ дам олиши учун шарт-шароитлар яратиш, дам олиш ва байрам кунларидан оқилона фойдаланишини таъминлаш мақсадида:


1. 2021 йилда қуйидаги қўшимча дам олиш кунлари белгилансин:

14 май - жума;

2 сентябрь - пайшанба;

3 сентябрь - жума;

31 декабрь - жума.

2. 2021 йилда дам олиш кунлари:

27 март - шанба кунидан 22 март - душанба кунига;

17 июль - шанба кунидан 21 июль - чоршанба кунига;

24 июль - шанба кунидан 22 июль - пайшанба кунига кўчирилсин.

3. Белгилаб қўйилсинки:

2021 йил 2 январь - шанба, 20 март - шанба, 22 март - душанба, 15 май - шанба, 21 июль - чоршанба, 22 июль - пайшанба ва 4 сентябрь - шанба кунлари барча ходимлар учун, иш ҳафтасининг туридан қатъи назар, дам олиш кунлари ҳисобланади;

бюджет ташкилотларида ушбу Фармоннинг 1-бандида белгиланган қўшимча дам олиш кунлари ҳар йилги меҳнат таътилининг давомийлигини икки иш кунига қисқартириш ҳисобига қопланади;

ҳар йилги меҳнат таътили даврида сақланадиган ўртача ойлик иш ҳақи миқдорини ҳисоблашда меҳнат таътилининг амалдаги давомийлиги ҳисобга олинади, унга ушбу Фармонда белгиланган қўшимча дам олиш кунлари қўшилади;

ҳар йиллик меҳнат таътилининг давомийлиги ушбу банднинг учинчи хатбошисидаги қисқартириш ҳисобга олинган ҳолда ўн беш иш кунидан кам бўлмаслиги керак;

бюджет ташкилоти ҳисобланмаган ташкилотларда ушбу Фармоннинг 1-бандига мувофиқ қўшимча дам олиш кунлари меҳнат таътилига қўшимча бошқа кунлар билан бир қаторда молиявий имкониятлардан келиб чиққан ҳолда, жамоа шартномалари ёки иш берувчилар томонидан касаба уюшмаси қўмиталари билан келишиб қабул қилинадиган бошқа локал ҳужжатларда белгиланади.


4. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Транспорт вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда байрам (ишланмайдиган) кунларининг узайтирилишини ҳисобга олган ҳолда, республика аҳолиси учун ички туризм ва фаол дам олиш йўналишларини, транспорт ва меҳмонхона хизматлари учун чегирмалар берилишини ҳамда акциялар ўтказилишини ташкил этсин.


5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек туман (шаҳар) ҳокимликлари:

аҳолининг узайтирилган байрам (ишланмайдиган) кунларида мароқли ва фойдали дам олишини ташкил этиш бўйича тизимли чоралар кўрсин;

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда байрам кунлари ўтказиладиган тадбирлар тўғрисида аҳолини кенг хабардор қилишни таъминласин.


6. Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгашига:

меҳнат жамоалари ўртасида ушбу Фармоннинг мақсади, мазмун-моҳияти тўғрисида тушунтириш ишларини ташкил этиш;

узайтирилган байрам кунларида ходимлар ва уларнинг оила аъзоларининг мароқли дам олишини таъминлаш юзасидан касаба уюшмалари ташкилотларининг ишини фаоллаштириш тавсия этилсин.


7. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                            Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 3 декабрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 7 декабрь, 48-сон, 534-модда