Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикасининг 14.10.2021 й. ЎРҚ-722-сон "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 16.08.2021 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 30.09.2021 й. маъқулланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

14.10.2021 й.

N ЎРҚ-722



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

АЙРИМ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИГА ЎЗГАРТИШ

ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 16 августда қабул қилинган

Сенат томонидан 2021 йил 30 сентябрда маъқулланган


1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 26 декабрда қабул қилинган "Сиёсий партиялар тўғрисида"ги 337-I-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 йил, N 2, 36-модда; 1999 йил, N 9, 229-модда; 2004 йил, N 1-2, 18-модда, N 5, 90-модда; 2005 йил, N 1, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, N 4, 163-модда; 2008 йил, N 12, 637, 640-моддалар; 2014 йил, N 1, 2-модда; 2018 йил, N 4, 224-модда; 2019 йил, N 2, 47-модда, N 9, 588-модда, N 10, 674-модда; 2020 йил, N 1, 1-модда, N 3, 203-модда; 2021 йил, 4-сонга илова) 14-2-моддаси чиқариб ташлансин.


2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 2 декабрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида"ги 704-II-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2005 йил, N 1, 8-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2008 йил, N 12, 637-модда; 2015 йил, N 12, 452-модда; 2017 йил, N 9, 510-модда; 2019 йил, N 5, 261-модда, N 9, 588-модда, N 12, 880-модда; 2020 йил, N 8, 488-модда; 2021 йил, 4-сонга илова) қуйидаги мазмундаги 9-4-модда билан тўлдирилсин:


"9-4-модда. Депутатнинг ёрдамчиси


Депутат ўзини депутатликка номзод этиб кўрсатган сиёсий партия билан алоқасини сақлаб туриш ҳамда ўз сайлов округидаги фаолиятини самарали ташкил этиш учун ёрдамчига эга бўлишга ҳақлидир.

Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган фуқароси депутатнинг ёрдамчиси бўлиши мумкин.

Қуйидаги шахслар депутатнинг ёрдамчиси бўлиши мумкин эмас, агар:

тегишли депутат билан яқин қариндош (ота-она, ака-ука, опа-сингил, фарзанд, эр-хотин, шунингдек эр-хотинларнинг ота-онаси, ака-укаси ва опа-синглиси) бўлса;

у қонунда белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса;

содир этган оғир ёки ўта оғир жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёхуд судланганлиги олиб ташланмаган бўлса.

Депутатнинг ёрдамчисига Қонунчилик палатаси томонидан хизмат гувоҳномаси белгиланган тартибда берилади.

Депутатнинг ёрдамчиси:

депутатнинг уни депутатликка номзод этиб кўрсатган сиёсий партия, унинг тегишли сайлов округидаги ҳудудий бўлими ҳамда сайловчилар билан самарали алоқа ўрнатишига кўмаклашади;

сайлов округида жисмоний ва юридик шахслардан депутат номига келиб тушган мурожаатларни рўйхатга олади ва бу ҳақда депутатни хабардор қилади;

жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини депутат томонидан қабул қилинишига, шунингдек депутатнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга кўмаклашади;

сайлов округи ҳудудида депутатнинг ваколатларини амалга ошириш билан боғлиқ ишларни депутатнинг топшириғига кўра ташкил этади;

округ сайловчиларини депутатнинг фаолияти тўғрисида хабардор қилади;

депутатнинг мурожаатларини, сўровларини тайёрлашда ҳамда сайлов округида депутат томонидан жисмоний ва юридик шахслардан олинган мурожаатлар кўриб чиқилишида иштирок этади, мурожаатларда баён этилган масалаларни ўрганади;

депутатнинг ўз ваколатларини амалга оширишга доир бошқа топшириқларини бажаради.

Депутат ёрдамчисининг ишини ташкил этиш учун сиёсий партия томонидан тегишли сайлов округида сиёсий партиянинг ҳудудий бўлимида хона ажратилади.

Депутатнинг ёрдамчисини ишга қабул қилиш депутатнинг тақдимномасига кўра амалга оширилади.

Депутатнинг ёрдамчиси депутатнинг ваколатлари даврига тузиладиган муддатли меҳнат шартномаси асосида ишлайди. Муддатли меҳнат шартномаси депутатнинг ёрдамчиси ва сиёсий партиянинг тегишли раҳбари ўртасида тузилади.

Депутатнинг ёрдамчиси билан тузилган муддатли меҳнат шартномаси депутатнинг ваколатлари муддатидан илгари тугатилган, шунингдек меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда тугатилиши мумкин.

Депутат ёрдамчисининг меҳнатига ҳақ тўлаш, шунингдек унга кафолатли тўловлар ва компенсация тўловлари меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган тартибда сиёсий партия маблағлари ҳисобидан амалга оширилади".


3-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 20 январда қабул қилинган ЎРҚ-400-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодекси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2016 йил, 1-сонга илова; 2017 йил N 9, 510-модда; 2018 йил, N 4, 224-модда, N 7, 433-модда, N 10, 670-модда; 2019 йил, N 1, 5-модда, N 2, 47-модда, N 5, 267-модда, N 9, 589-модда, N 10, 671-модда, N 12, 880-модда; 2020 йил, N 10, 593-модда; 2021 йил, 4-сонга илова) 329-моддасига қуйидаги ўзгартишлар ва қўшимча киритилсин:

тўртинчи қисмидаги "ўнинчи" деган сўз "ўн биринчи" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

қуйидаги мазмундаги ўнинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Товарларни импорт қилиш билан уч йилдан ортиқ вақтдан буён шуғулланаётган, божхона тўловлари бўйича мажбуриятларини яхши (ёки ўз вақтида) бажариб келган, лекин молиявий аҳволига кўра тўловларни белгиланган муддатда тўлаш имкониятига эга бўлмаган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилади. Бунда божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти охирги уч йил давомида тўланган божхона тўловлари суммасининг эллик фоизидан ошмайдиган сумма миқдорида, олти ой муддатга божхона тўловларини таъминлаш қўлланилмаган ҳолда берилиши мумкин";

ўнинчи қисми ўн биринчи қисм деб ҳисоблансин.


4-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 30 декабрда қабул қилинган ЎРҚ-599-сонли Қонуни билан янги таҳрирда тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, 12-сонга 1-илова; 2020 йил, N 3, 198-модда, N 10, 593-модда, N 11, 652-модда, N 12, 690, 691-моддалар; 2021 йил, N 1, 6-модда, N 4, 294-модда, 4-сонга илова) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:


1) 99-модда биринчи қисмининг 1-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"1) ушбу Кодекс 17-моддаси биринчи қисмининг 1 - 5-бандларида кўрсатилган солиқлар бўйича - Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси (бундан ушбу қисмнинг 3-бандида ва ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно). Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ушбу Кодекснинг 17-моддасида кўрсатилган солиқларни, шунингдек айланмадан олинадиган солиқни ушбу бобда назарда тутилган тартибда мол-мулкни гаровга бермаган ҳолда, кафилликсиз ёки банк кафолатисиз бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини тақдим этишга (бундан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, ижтимоий солиқ, тўлов манбаида олинадиган фойда солиғи ҳамда солиқ агенти сифатида тўланадиган қўшилган қиймат солиғи мустасно) ҳам ҳақли";


2) 100-модданинг иккинчи қисми қуйидаги мазмундаги 3-1-банд билан тўлдирилсин:

"3-1) манфаатдор шахс фаолиятни уч йилдан ортиқ вақтдан буён амалга ошираётганлиги ҳамда ҳисобланган солиқларни ўз вақтида тўлаб келганлиги, аммо молиявий аҳволига кўра солиқ қарзини белгиланган муддатларда тўлаш имкониятига эга бўлмаганлиги";


3) 101-модда:

қуйидаги мазмундаги ўнинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Ушбу Кодекс 100-моддаси иккинчи қисмининг 3-1-бандида кўрсатилган асослар мавжуд бўлган тақдирда, манфаатдор шахснинг аризасига мувофиқ солиқни бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади. Бунда ушбу қисмда назарда тутилган тартибда тўланадиган солиқ суммаси охирги уч йил давомида тўланган солиқлар суммасининг эллик фоизидан ошмаслиги керак";

ўнинчи - йигирманчи қисмлари тегишинча ўн биринчи - йигирма биринчи қисмлар деб ҳисоблансин;


4) 243-модда биринчи қисмининг 18-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"18) қимматбаҳо металлардан ишланган банк ва ўлчовли қуймаларини, қимматбаҳо металлардан ишланган қуйма (инвестиция) тангаларни (нумизматика мақсадлари учун фойдаланиладиган тангалардан, шунингдек қимматбаҳо металлардан ишланган чет эл тангаларидан ташқари), заргарлик буюмларини, қимматбаҳо металларни ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган парчаларни ва чиқиндиларни, қимматбаҳо металларнинг ўлчов пластиналари ва гранулаларини, қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошларни, шунингдек қимматбаҳо металлардан ва қимматбаҳо тошлардан ясалган ярим тайёр маҳсулотларни";


5) 312-модданинг иккинчи қисми "тарафлар имзолаганидан кейин" деган сўзлардан кейин "2-коэффициент қўлланилган ҳолда" деган сўзлар билан тўлдирилсин;


6) 378-модда 16-бандининг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ўзбекистон Республикасининг прoфессионал ва олий таълим ташкилотларида таълим олиш (ўзининг, шунингдек йигирма олти ёшга тўлмаган фарзандларининг ёки эрининг (хотинининг) таълим олиши) учун тўлов";


7) 483-модда қуйидаги мазмундаги еттинчи ва саккизинчи қисмлар билан тўлдирилсин:

"Ҳунарманд" уюшмасининг аъзоларига берилган солиқ имтиёзлари "Ўзбекзаргарсаноати" уюшмасининг аъзолари бўлган заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан 2023 йил 1 мартга қадар бўлган давр учун татбиқ этилади.

Оролбўйида инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси учун белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган Ўзбекистон Республикасида ўхшаши ишлаб чиқарилмайдиган илмий-лаборатория асбоб-ускунаси, реагентлар ва сарфлаш материаллари 2024 йил 1 январга қадар бўлган давр учун қўшилган қиймат солиғини тўлашдан озод этилади".


5-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин;

ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.


6-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ушбу Қонун 4-моддаси 7-банди учинчи хатбошисининг қоидалари 2021 йил 1 январдан эътиборан юзага келган муносабатларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                          Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 15 октябрь


"Халқ сўзи", 2021 йил 15 октябрь