Ўзбекистон Республикаси Президентининг 19.09.2025 й. ПҚ-290-сон "Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатида ислоҳотларни жадаллаштириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ
19.09.2025 й.
N ПҚ-290
ТЎҚИМАЧИЛИК ВА ТИКУВ-ТРИКОТАЖ
САНОАТИДА ИСЛОҲОТЛАРНИ ЖАДАЛЛАШТИРИШ
ВА ЭКСПОРТ САЛОҲИЯТИНИ КЕНГАЙТИРИШ
ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада жадаллаштириш, соҳани диверсификация қилиш учун қулай шарт-шароит яратиш, хомашёни чуқур қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотлар экспортини ошириш мақсадида ҚАРОР ҚИЛАМАН:
I. Асосий мақсадлар
1. Қуйидагилар тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатида 2026 йил учун асосий мақсадли кўрсаткичлар этиб белгилансин:
(а) ишлаб чиқариш ҳажми 9 фоизга ўсишини таъминлаш ва 146 триллион сўмга етказиш;
(б) соҳага 2 миллиард АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестицияларни жалб қилиш;
(в) экспортни 3,3 миллиард АҚШ долларига етказиш;
(г) соҳада амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида 50 мингта иш ўринларини яратиш.
II. Пахта-тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналарини молиявий соғломлаштиришга қаратилган амалий чора-тадбирлар
2. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Марказий банкнинг пахта-тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналарини молиявий соғломлаштиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
3. Белгилансинки, пахта-тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналарини молиявий соғломлаштириш чора-тадбирлари доирасида Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) маблағлари ҳисобидан тижорат банклари орқали 2022-2023 йиллар пахта ҳосилига ажратилган кредитлардан қарздорлиги мавжуд бўлган пахта-тўқимачилик кластерлари (кейинги ўринларда - кластерлар) бўйича:
(а) гаров таъминотини мол-мулк билан тўлиқ таъминлаган кластерларга 2025 йил 1 августдан бошлаб фақат асосий қарзни тўлашга ҳамда асосий қарз тугагандан кейинги 12 ойда тенг улушларда фоиз тўлашга рухсат этилади. Бунда Жамғарма бюджет ссудаси учун фоиз тўловларини мазкур бандда назарда тутилган тўловларга мутаносиб равишда амалга оширади;
(б) амалдаги тўлов графиги бўйича ҳам асосий қарз, ҳам фоизини ўз вақтида тўлаган кластерларга ушбу кредитлар бўйича Жамғармага жорий йил 1 августдан кейин ундирилган фоиз суммасининг эллик фоизи қайтариб берилади;
(в) 2025 йил 1 август ҳолатига тўланмаган фоизларга ҳисобланган пеня суммалари ҳисобдан чиқарилади;
(г) 2025 йил 1 августга қадар тўланмаган фоизлар учун ундирилган пеня суммалари тўлиқ равишда кредит бўйича асосий қарзни камайтиришга, асосий қарз мавжуд бўлмаган тақдирда, амалдаги бошқа кредитларнинг асосий қарзини қоплашга йўналтирилади;
(д) тижорат банклари томонидан 2025 йил 1 августга қадар ундирилган ва асосий қарзни камайтирган ҳолда Жамғармага йўналтирилган пеня суммалари Давлат бюджетидан Жамғармага ажратилган ссуданинг тўлов графигидаги суммани камайтириш ҳисобига чегириб ташланади. Бунда чегириладиган сумма Давлат молиявий назорати инспекцияси томонидан аниқланади.
4. Бош прокуратура ва Солиқ қўмитаси:
(а) бир кун муддатда тўланмаган фоизлар учун пеня ҳисобланган кластерлар ва ип-йигирув корхоналарининг ҳар бирига Давлат молиявий назорати инспекцияси ва Солиқ қўмитасидан масъул ходимларни бириктирсин;
(б) ушбу қарорнинг 3-бандида белгиланган чора-тадбирлар ижроси сўзсиз ва сифатли бажарилиши устидан қатъий назорат ўрнатсин;
(в) амалга оширилган ишлар юзасидан 2025 йил 10 октябрга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритсин.
5. Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан Жамғарма орқали:
(а) 2025 йил пахта ҳосилини нобуд қилмасдан, ўз вақтида териб олишни таъминлаш мақсадида фермер хўжаликларига улар томонидан қайта ишловчи корхоналарга, шу жумладан, кластерларга биржа савдолари орқали сотилган (электрон ҳисоб-фактура расмийлаштирилган) ҳар бир тонна пахта хомашёси учун бир миллион сўмдан субсидия ажратилсин;
(б) кластерлар ва тармоқ корхоналари ўз маблағи ҳисобидан пахта етиштирса ёки харид қилса, хомашё қийматининг 10 фоизи миқдорида қоплаб берилсин.
6. Белгилаб қўйилсинки, 2026 йилдан бошлаб:
(а) пахта ҳосили учун Жамғармадан бериладиган имтиёзли кредитлар фақат пахта толасини қайта ишлаш қувватлари мавжуд ёки ип-йигирув корхоналари билан кооперация тизимини йўлга қўйган кластерларга ажратилади;
(б) пахта хомашёсини биржа савдолари орқали харид қилишда кластерларнинг ишлаб чиқариш қувватларига мос ҳажмларда шартномалар (фьючерс, форвард ва спот) тузилади;
(в) Жамғарма маблағлари ҳисобидан молия йилидан бир йил аввалги пахта ҳосилининг якуний ҳисоб-китоблари учун ажратилган имтиёзли кредитларни белгиланган муддатларда тўлиқ қайтармаган кластерлар ва тўқимачилик корхоналарининг биржа савдолари орқали фьючерс шартномаси асосида пахта хомашёси харид қилишига йўл қўйилмайди.
7. Бош вазир ўринбосари Ж.Қўчқоров, Марказий банк, Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги бир ой муддатда:
(а) тижорат кредитидан мажбурияти мавжуд бўлган кластерлар, тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналарини соғломлаштириш бўйича ҳар бир корхона кесимида аниқ чораларни ишлаб чиқсин;
(б) соғломлаштириш имконияти мавжуд деб топилган корхоналарнинг тижорат кредитлари муддатини 7 йилгача узайтириб бериш чораларини кўрсин.
III. Имтиёзлар
8. 2025 йил 1 сентябрдан уч йил муддатга:
(а) кластерлар, тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналарига ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгилансин;
(б) белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб кириладиган ва Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган аралаш мато ва газлама маҳсулотлари, чарм ва ипак саноати учун зарур хомашёлар божхона божидан озод этилсин.
9. Меҳнат шартномаси асосида ишлаётган ходимлари сони 200 нафардан ортиқ бўлган пахта-тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналари томонидан ташкил этилган мактабгача таълим ташкилотларига оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари учун белгиланган шартларда Давлат бюджетидан субсидия ажратилиши белгилаб қўйилсин.
IV. Тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналарида ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини оширишни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар
10. Ишлаб чиқариш корхоналарида энергия самарадорлигини оширишни қўллаб-қувватлаш мақсадида:
(а) ишлаб чиқариш корхоналари томонидан қуввати 1 МВтдан ортиқ қуёш панелларида ўз истеъмолидан ортиқ ишлаб чиқарилган электр энергиясини ягона энергетика тизимига қабул қилиш ва сотиб олиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади;
(б) ишлаб чиқариш корхоналарида қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш мақсадида олинадиган кредитлар бўйича кредит фоизи ставкасининг 10 фоиз бандигача қисми Энергия самарадорлигини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади;
(в) ишлаб чиқариш корхоналарида қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш ишларини молиялаштириш мақсадида халқаро молия институтлари ҳамда хорижий банкларнинг 200 миллион АҚШ доллари миқдоридаги узоқ муддатли имтиёзли кредит линиялари жалб қилинади.
11. Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги:
(а) 2026 йил 1 августга қадар халқаро сертификатга эга тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналари сонини 300 тага етказсин;
(б) 2025 йил якуни билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги элчихоналари билан биргаликда АҚШ ва Европа давлатлари бозорларига тайёр кийим-кечак маҳсулотлари экспорти ҳажмини 200 миллион АҚШ долларига етказиш бўйича амалий чора-тадбирларни амалга оширсин.
12. Ташқи ишлар вазирлиги Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги элчихоналари билан биргаликда:
(а) бир ҳафта муддатда тўқимачилик ва тикув-трикотаж соҳасида йиллик айланмаси 1 миллиард АҚШ долларидан ошадиган йирик брендлар билан ишлаш бўйича "йўл харитаси"ни ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
(б) жорий йил октябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказиладиган тўқимачилик кўргазмасида ушбу компаниялар иштирокини таъминласин.
13. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатасининг қуйидаги таклифлари маъқуллансин:
(а) Андижон вилоятининг Пахтаобод, Қашқадарё вилоятининг Косон ва Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманларида қурилаётган тўқимачилик саноати зоналарида сувни тозалаш иншооти қурилишига давлат-хусусий шериклик асосида хорижий инвесторларни жалб қилиш;
(б) мазкур мақсадларга Савдо-саноат палатаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 16 январдаги "Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатида қайта ишлаш занжирини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-6-сон Фармони 2-банди "б" кичик бандида назарда тутилган 15 миллион АҚШ долларини ва Тармоқларни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан бўяш ускуналари харидини субсидиялаш учун назарда тутилган маблағнинг қолдиқ қисмини йўналтириш.
V. Қарор ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат
14. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Солиқ қўмитаси билан биргаликда уч ой муддатда мазкур қарорнинг 8-бандидан келиб чиқиб, Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
15. Энергия самарадорлиги миллий агентлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги бир ой муддатда тўқимачилик саноати корхоналарида энергия самарадорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат банклари томонидан уларнинг ўз эҳтиёжлари учун қуёш панелларини ўрнатишга ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз ставкасининг 10 фоиз бандигача қисмини компенсация қилиш тартибини Вазирлар Маҳкамасига киритсин. Бунда:
(а) компенсациялар тўқимачилик корхоналарида ўтказилган энергия аудити хулосалари асосида "Энергия самарадорлигини ошириш" рақамли платформаси орқали харид қилинган қуёш панелларига нисбатан қўлланиши;
(б) иқтисод қилинган маблағлар мақсадли равишда корхоналарда энергия самарадорлигини ошириш тадбирларига йўналтирилиши назарда тутилсин.
16. Вазирлар Маҳкамаси:
(а) икки ҳафта муддатда мазкур қарорнинг 5-бандида назарда тутилган маблағларни ажратиш тартибини тасдиқласин;
(б) жорий йил 1 ноябрга қадар тўқимачилик саноати корхоналарининг ўз эҳтиёжлари учун қуёш панелларини ўрнатишга ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз ставкасининг 10 фоиз бандигача қисмини компенсация қилиш тартибини тасдиқласин.
17. Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатида ислоҳотларни жадаллаштириш бўйича белгиланган вазифаларни амалга оширишга доир чора-тадбирлар дастури иловага мувофиқ тасдиқлансин.
18. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосарлари Ж.А. Қўчқоров ҳамда Ж.А. Ходжаев белгилансин.
19. Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев
Президентининг
2025 йил 19 сентябрдаги
ПҚ-290-сон қарорига
ИЛОВА
Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатида
ислоҳотларни жадаллаштириш бўйича белгиланган
вазифаларни амалга оширишга доир
ЧОРА-ТАДБИРЛАР ДАСТУРИ
Т/р |
Чора-тадбирнинг номланиши |
Амалга ошириш механизми |
Ижро муддати
|
Масъул ижрочилар |
I. ПАХТА-ТЎҚИМАЧИЛИК ВА ТИКУВ-ТРИКОТАЖ САНОАТИ КОРХОНАЛАРИНИ МОЛИЯВИЙ СОҒЛОМЛАШТИРИШГА ҚАРАТИЛГАН АМАЛИЙ ЧОРА-ТАДБИРЛАР
|
||||
1. |
Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ажратилган кредитлар бўйича қарздорликларни реструктуризация қилиш. |
Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тижорат банклари орқали 2022-2023 йиллар пахта ҳосилига ажратилган кредитлардан қарздорлиги мавжуд пахта-тўқимачилик кластерлари бўйича: |
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (А.Ҳайдаров), Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси (А.Исроилов), Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги, Марказий банк (Т.Ишметов), тижорат банклари |
|
1. Гаров таъминотини тўлиқ таъминлаган (мол-мулк) кластерларга 2025 йил 1 августдан бошлаб фақат асосий қарзни тўлашга ҳамда асосий қарз тугагандан кейинги 12 ойда тенг улушларда фоиз тўлашга рухсат этиш. |
2025-2026 йиллар |
|||
2. Амалдаги тўлов графиги бўйича ҳам асосий қарз ҳам фоизларни ўз вақтида тўлаган кластерларга ушбу кредитлар бўйича Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасига жорий йил 1 августдан кейин ундирилган фоиз суммасининг 50 фоизини қайтариб бериш. |
Амалдаги тўлов графиги бўйича |
|||
3. Гаров таъминотини тўлиқ таъминлаган кластерларга кредитнинг тўланмаган қисмига ҳисобланиб 2025 йил 1 август ҳолатига ҳосил бўлган пеня суммаларини ҳисобдан чиқариш. |
2025 йил 15 октябрь |
|||
4. Гаров таъминотини тўлиқ таъминлаган кластерларга кредитнинг тўланмаган қисмига ҳисобланиб 2025 йил 1 августга қадар ундирилган пеня суммаларини тўлиқ равишда кредит бўйича асосий қарзни камайтиришга, асосий қарз мавжуд бўлмаган тақдирда амалдаги бошқа кредитларнинг асосий қарзини қоплашга йўналтириш. |
2025 йил 15 октябрь |
|||
2. |
Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасига Давлат бюджетидан ажратилган ссуда суммасини мувофиқлаштириш. |
Тижорат банклари томонидан 2025 йил 1 августга қадар ундирилган ва асосий қарзни камайтирган ҳолда Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасига йўналтирилган пеня суммаларини, Давлат бюджетидан Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасига ажратилган ссудани тўлов графигидан чегириб ташлаш. |
2025 йил 15 октябрь |
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (А.Ҳайдаров), Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси (А.Исроилов), Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги, Давлат молиявий назорати инспекцияси (Т.Ражабов) |
3. |
Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ажратилган кредитлар бўйича қарздорликларни реструктуризация қилиш жараёнларини назорат қилиш. |
1. Кластерлар ва ип-йигирув корхоналарининг ҳар бирига Давлат молиявий назорати инспекцияси ва Солиқ қўмитасининг масъул ходимларини бириктириш. |
2025 йил 25 сентябрь |
Давлат молиявий назорати инспекцияси (Т.Ражабов), Солиқ қўмитаси (Ш.Кудбиев) |
2. Қарорнинг 3-бандида белгиланган чора-тадбирлар ижроси сўзсиз ва сифатли таъминланиши устидан қатъий назорат ўрнатиш. |
2025 йил 10 октябрь, кейинчалик доимий |
|||
3. Амалга оширилган ишлар юзасидан 2025 йилнинг 10 октябрига қадар Президент Администрациясига ахборот киритиш. |
2025 йил 10 октябрь |
|||
4. |
Пахта ҳосилини нобуд қилмасдан йиғиб олишни рағбатлантириш. |
Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан: |
2025 йил сентябрь- ноябрь, |
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (А.Ҳайдаров), Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси (А.Исроилов), Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (И.Абдураҳмонов) |
а) 2025 йил пахта ҳосилини нобуд қилмасдан, ўз вақтида териб олишни таъминлаш мақсадида фермер хўжаликларига улар томонидан пахта-тўқимачилик кластерларига сотилган ҳар бир тонна пахта хомашёси учун 1 миллион сўмдан субсидия ажратиш; б) ўз маблағлари ҳисобидан пахта етиштирган ёки пахта хомашёсини харид қилган пахта-тўқимачилик корхоналарига хомашё қийматининг 10 фоизини қоплаб бериш. |
кейинчалик ҳақиқатда сотилган ҳажмларга мувофиқ |
|||
5. |
Тижорат кредитидан мажбурияти мавжуд бўлган кластерлар, тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналарини соғломлаштириш. |
1. Тижорат кредитидан қарздорлиги мавжуд бўлган 144 та корхонани соғломлаштириш чораларини белгилаш. 2. Соғломлаштириш имконияти мавжуд деб топилган корхоналарнинг кредитлари муддатини 7 йилгача узайтириб бериш. |
2025 йил ноябрь |
Вазирлар Маҳкамаси (Ж.Қўчқоров), Марказий банк (А.Турдалиев), Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (И.Абдураҳмонов), Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги |
6. |
Пахта-тўқимачилик кластерлари ва ип-йигирув корхоналари ўртасида самарали кооперация тизимини йўлга қўйишни рағбатлантириш. |
Пахта-тўқимачилик кластерлари ва ип-йигирув корхоналари ўртасида самарали кооперация тизимини йўлга қўйиш учун қулай молиявий механизмларни жорий қилиш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиш. |
2025 йил ноябрь |
Вазирлар Маҳкамаси (Ж.Қўчқоров, Ж.Ходжаев), Марказий банк (А.Турдалиев), Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги |
7. |
Пахта-тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналарига ижтимоий солиқ ставкасини 1 фоиз этиб белгилаш бўйича қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритиш. |
Қарордан келиб чиқиб, Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш. |
2025 йил 15 ноябрь |
Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (А.Ҳайдаров), Солиқ қўмитаси (Ш.Кудбиев) |
8. |
Енгил саноат соҳасида корхоналарни молиявий соғломлаштириш, тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш чораларини кўриш. |
Чора-тадбирлар дастурида: 1. Соҳадаги тадбиркорлар билан муҳокама қилган ҳолда таннархни пасайтириш, ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмларини ошириш, тармоқлараро ва ички кооперацияни кенгайтириш, паст қувватда ишлаётган корхоналарни соғломлаштириш. |
2025 йил ноябрь, |
Вазирлар Маҳкамаси (Ж.Қўчқоров, Ж.Ходжаев), Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги, Марказий банк (А.Турдалиев), Божхона қўмитаси (А.Мавлонов) |
2. Енгил саноат соҳаси корхоналарининг молиявий ҳолатини таҳлил қилиб уларга айланма маблағларини шакллантириш учун қулай шартларда кредит маҳсулотларини тақдим этиш. 3. "Божхона ҳудудида қайта ишлаш" божхона режими орқали тайёр маҳсулотлар экспортини икки баробарга оширишни назарда тутиш. |
кейинчалик чора- тадбирларда назарда тутилган муддатларда |
|||
9. |
Пахта хомашёсини қабул қилишдан тортиб қайта ишлашгача бўлган жараёнларни автоматлашган ҳисобга олиш тизимини жорий қилиш. |
Пахта-тўқимачилик кластерлари ва бошқа тўқимачилик корхоналари томонидан пахта хомашёсини қабул қилиш ҳамда қайта ишлашдан олинган маҳсулотларни (тола, калава ва бошқалар) автоматлашган мажбурий ҳисобга олиш тизимини (маркировка) жорий қилиш. |
2026 йил 1 январь |
Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (И.Абдураҳмонов), Рақамли технологиялар вазирлиги (О.Пекось) |
10. |
Ҳосилдорлиги паст бўлган экин майдонларига бошқа сердаромад экин турларини жойлаштириш бўйича таклиф ишлаб чиқиш. |
Ҳосилдорлиги паст бўлган экин майдонларига бошқа сердаромад экин турларини жойлаштириш бўйича таклиф ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш. |
2026 йил 1 январь |
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (И.Абдураҳмонов), Кадастр агентлиги (Ф.Пулатов), "Ўзбеккосмос" агентлиги (Ш.Кадиров), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари |
|
||||
11. |
Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган аралаш мато, газлама маҳсулотлари, шунингдек, чарм ва ипак саноати учун зарур хомашёларни божхона божидан озод этиш. |
1. Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган аралаш мато, газлама, чарм ва ипак маҳсулотлари рўйхатини шакллантириш ҳамда "Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази" ДУКга киритиш. |
2025 йил 20 октябрь |
Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги, Божхона қўмитаси (А.Мавлонов), "Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази" ДУК (М.Аллабергенов) |
2. Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган аралаш мато, газлама маҳсулотлари, чарм ва ипак саноати учун зарур хомашёлар рўйхатини экспертизадан ўтказиш. |
2025 йил 1 ноябрь |
|||
3. Экспертиза натижаларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига четдан олиб киришда божхона божларидан озод қилинадиган Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган аралаш мато, газлама маҳсулотлари, чарм ва ипак саноати учун зарур хомашёлар рўйхатини тасдиқлашни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш. |
2025 йил 15 ноябрь |
|||
III. ТЎҚИМАЧИЛИК ВА ТИКУВ-ТРИКОТАЖ КОРХОНАЛАРИДА ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ВА ЭКСПОРТ ҲАЖМИНИ ОШИРИШНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР
|
||||
12. |
Тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналари учун қулай экспортолди молиялаштириш механизмларини йўлга қўйиш. |
Тижорат банкларида қулай экспортолди молиялаштиришни йўлга қўйиш бўйича "Ишончли экспортчи" дастурини ишга тушириш. |
2025 йил 10 октябрь |
Марказий банк (Н.Сайдуллаев) |
13. |
Ишлаб чиқариш корхоналари томонидан қуёш панелларида ўз истеъмолидан ортиқ ишлаб чиқарилган электр энергиясини ягона энергетика тизимига қабул қилиш, ростлаш ва сотиб олиш тартибини амалиётга жорий қилиш. |
Ишлаб чиқариш корхоналари томонидан қуввати 1 МВтдан ортиқ қуёш панелларида ўз истеъмолидан ортиқ ишлаб чиқарилган электр энергиясини ягона энергетика тизимига қабул қилиш, ростлаш ва сотиб олиш тартибини жорий қилиш бўйича қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш. |
2025 йил 1 ноябрь |
Энергетика вазирлиги (Ж.Мирзамаҳмудов), Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги |
14. |
Ишлаб чиқариш корхоналарида қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш ишларини молиялаштириш бўйича қулай кредит линияларини жорий қилиш. |
Ишлаб чиқариш корхоналарида қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш ишларини молиялаштириш мақсадида халқаро молия институтлари ҳамда хорижий банкларнинг 200 миллион АҚШ доллари миқдоридаги узоқ муддатли имтиёзли кредит линияларини жалб қилиш. |
2025 йил 1 ноябрь |
Вазирлар Маҳкамаси (Ж.Ходжаев), Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (Л.Кудратов) |
15. |
Ишлаб чиқариш корхоналарида қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш. |
Ишлаб чиқариш корхоналарида қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш мақсадида олинадиган кредитлар бўйича кредит фоизи ставкасининг 10 фоизгача қисмини Энергия самарадорлигини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармасидан қоплаб беришни йўлга қўйиш. |
2025 йил 1 ноябрь |
Энергия самарадорлиги миллий агентлиги (З.Бадриддинов) |
16. |
Республиканинг аралаш газлама ишлаб чиқариш қувватларини ошириш. |
2025 йил якунигача камида 100 минг тонналик аралаш газлама ишлаб чиқариш лойиҳаларини бошлаш. |
2025 йил 31 декабрь |
Вазирлар Маҳкамаси (Ж.Ходжаев), Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги |
17. |
Олис туманларда йирик тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналарининг тикувчилик фабрикаларини (филиалларини) ишга тушириш. |
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2025 йил якунига қадар 20 та туманда, 2026 йилда 30 та туманда тикувчилик фабрикаларини ишга тушириш. |
2025-2026 йиллар |
Вазирлар Маҳкамаси (Ж.Ходжаев), Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари |
18. |
Ўз бозорига эга хорижий бренд компанияларининг ишлаб чиқариш қувватларини Ўзбекистон Республикасига олиб келиш. |
1. Ўз бозорига эга ва ишлаб чиқариш корхонасини Ўзбекистон Республикасига кўчирмоқчи бўлган хорижий бренд компаниялари билан музокаралар ўтказиш. |
2025 йил 1 ноябрь |
Вазирлар Маҳкамаси (Ж.Ходжаев), Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (Л.Кудратов), Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги |
2. Музокаралар натижасига кўра ишлаб чиқариш корхонасини Ўзбекистон Республикасига кўчириш истагини билдирган бренд компанияларни қўллаб-қувватлаш (бож тўловидан озод этиш ва логистика харажатининг бир қисмини қоплаш) бўйича таклиф ишлаб чиқиш. |
2025 йил 31 декабрь |
|||
19. |
Жалб қилинган хорижий брендлар мутахассисларининг иш ҳақини қоплаб бериш. |
"Бухоро зарҳал" кластери томонидан жалб қилинган Германиянинг "Коурт Бауер" бренди учун ишлаётган хорижий мутахассислар иш ҳақининг 50 фоиз қисмини қоплаб бериш тартибини тасдиқлаш. |
2025 йил 1 ноябрь |
Вазирлар Маҳкамаси (Ж.Ходжаев), Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги |
20. |
Хорижий давлатларда тўқимачилик корхоналарининг савдо уйларини очиш. |
АҚШнинг Сент-Луис ва Нью-Йорк шаҳарларида тўқимачилик корхоналарининг савдо уйларини очиш. |
2025 йил 1 ноябрь |
Савдо-саноат палатаси (Д.Ваҳобов), Ташқи ишлар вазирлиги (Б.Аълоев), Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси (Ф.Сидиков) |
21. |
Ички бозорда тола нархининг асоссиз ошиб кетишининг олдини олиш. |
Толани қайта ишлаш қуввати етарли бўлмаган корхоналар томонидан тола спекуляциясини олдини олишга қаратилган чораларни кўриб бориш ва амалга оширилган ишлар бўйича Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиш. |
Ҳар чоракда |
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси (Х.Турахужаев) |
22. |
Андижон вилоятининг Пахтаобод, Қашқадарё вилоятининг Косон ва Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманларида қурилаётган тўқимачилик саноати зонаси ҳудудида сувни тозалаш иншооти қурилиши ва ишга туширилишини таъминлаш. |
1. Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш марказида мазкур объектлар учун тайёрланган лойиҳаларни белгиланган тартибда экспертизадан ўтказиш. 2. Мазкур лойиҳалар белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилганидан сўнг давлат шериги томонидан қурилиш ишлари, асбоб-ускуналар ва техникалар харидларининг бир қисмини молиялаштириш учун Савдо-саноат палатаси ҳузурида ташкил қилинган бошқарув компанияларига Андижон вилоятининг Пахтаобод ҳамда Қашқадарё вилоятининг Косон туманларида қуриладиган сувни тозалаш иншоотига 7,4 млн АҚШ доллари, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида қуриладиган сувни тозалаш иншоотига 13 млн АҚШ доллари миқдорида Тармоқларни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан бўяш ускуналари хариди субсидияси учун назарда тутилган маблағнинг 20,4 млн АҚШ доллари қисмини йўналтириш. 3. Лойиҳаларга хусусий инвесторни жалб қилиш ва давлат-хусусий шериклик асосида амалга ошириш чораларини кўриш. |
2025 йил 1 ноябрь |
Савдо-саноат палатаси (Д.Ваҳобов), Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (И.Умурзаков), "Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази" ДУК (М.Аллабергенов) |
23. |
Тўқимачилик ва тикув-трикотаж соҳасида йирик брендлар билан ишлашни ташкил қилиш. |
1. Тўқимачилик ва тикув-трикотаж соҳасида йиллик айланмаси 1 миллиард АҚШ долларидан ошадиган йирик брендлар билан ишлаш бўйича "йўл харита"сини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш. |
2025 йил 10 октябрь |
Ташқи ишлар вазирлиги (Б.Аълоев), Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (Л.Кудратов) |
2. Жорий йилнинг 14-16 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказиладиган халқаро "Heimtextil Uzbekistan 2025" тўқимачилик кўргазмасида ушбу бренд компаниялар иштирокини таъминлаш. |
2025 йил 20 октябрь |
|||
24. |
АҚШ бозорига маҳаллий тўқимачилик маҳсулотлари экспортини ошириш чораларини кўриш. |
АҚШнинг "Ай-Ти-Эф груп" логистика компанияси билан давлат-хусусий шериклик асосида Тошкент шаҳрида логистика компаниясини ташкил этиш. |
2025 йил 1 ноябрь |
Вазирлар Маҳкамаси (Ж.Ходжаев), Савдо-саноат палатаси (Д.Ваҳобов), Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси (Ф.Сидиков) |
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2025 йил 22 сентябрь

Бизнинг Facebook
Телеграм канали @uz_buxgalter