ЭҲФ тизимида апрелдаги ўзгаришлардан кейин пулни қайтариш, бўлиб-бўлиб тўлаш ва ўз тушуми қандай расмийлаштирилади

preview

Buxgalter.uz ЭҲФ тизими маъмурчилигидаги ўзгаришлар туфайли юзага келган муаммоларни ёритишни давом эттирмоқда. Янги воқеликда қайтаришларни ва бўлиб-бўлиб тўлаш билан сотишни қандай расмийлаштириш, шунингдек ёрдамчи пудратни жалб қиладиган қурилиш ташкилотлари томонидан ўз тушумини акс эттириш муаммолари тўғрисида солиқ маслаҳатчиси Гульнара ЭРГАШЕВА гапириб берди:


1. Қайтариш билан боғлиқ вазият

“Кеча кассир онлайн-НКМда чекни нотўғри урди, кейин НКМ орқали қайтаришни амалга оширди. Қайтариш my.soliq да қайд этилди. Бироқ апрель учун ҳисобварақ-фактуралар реестрида қайтариш чекини ҳисобга олмасдан тўлиқ сумма акс этади. Буни қандай тузатиш мумкин?”.

- Агар регулятор ЭҲФ тизимида техник жиҳатдан ҳеч нарсани ўзгартирмаса, қайтариш учун қайтариш суммасига айирма билан бир томонлама қўшимча ЭҲФ тақдим этишга тўғри келади.

Эслатиб ўтамиз: мижозга пулни қайтариш  учун, қандай сабабга кўра эканлиги (кассирнинг хатоси, кафолат бўйича қайтариш, яроқлилик муддатининг ўтганлиги, заводнинг нуқсонини аниқлаш ва ҳ.к.) - муҳим эмас, мижознинг аризасига биноан маблағлар кассадан тўланади, у ерга улар корхонанинг ҳисобварағидан келиб тушиши керак. КПК ва жисмоний шахснинг банк картасига пуллар худди шу тартибда қайтарилади.

СКнинг 257-моддасига асосан қайтаришда  “айирма” юкхати (қўшимча ҳисобварақ-фактура) ёзиб берилади. Мазкур вазиятда мен ҳеч қандай қўшимча юзага келган муаммони ва хавотирланиш учун асосни кўрмаяпман.

Кўп тадбиркорлар қайтариш учун, пулларни ҳисобварақдан ўтказиш тартиб-таомилини четлаб ўтган ҳолда уларни кассадан олишади. Харидордан олинган барча тушум (100%) банкка инкассация қилиниши керак. Қайтариш операцияларини эса тўғри расмийлаштириш зарур: буюртмада товарни қайтариш муносабати билан сўралаётганлигини кўрсатиш лозим.


2. Бўлиб-бўлиб тўлаш билан боғлиқ вазият

Биз маиший техникани бўлиб-бўлиб тўлашга сотамиз. Ҳозир бўлиб-бўлиб тўлаш бўйича барча тўловлар онлайн-НКМдан 5-иловада реестрга жорий тушум сифатида келиб тушади. Агар ушбу суммалар илгари ҳисобга олинган бўлса, қандай йўл тутиш зарур?”. 

- Муаммо шундан иборатки, товарларни кредит ёки бўлиб-бўлиб тўлашга реализация қилувчи корхоналар тушумни дарҳол, яъни - товарнинг барча суммасига кўрсатишади, уларга пул маблағлари эса қисм-қисм бўлиб келиб тушади (кредит берилган давр давомида). Шу боис илгари реестрда ҳисобга олинган суммалар унга такроран тушади.

Бўлиб-бўлиб тўлаш бўйича тўловларни расмийлаштирган ҳолда, энди ҳар бир тўловни аниқлаштириб олиш зарур - кассага пуллар кимдан келганлигини қараш ва сумма илгари сотишларда ҳисобга олинган бўлса, айирма ЭҲФ шакллантириш зарур.

Шу тариқа, бухгалтернинг одатдаги ишига қўшимча иш ҳажми қўшилади. Агар биз тушумни касса усули билан эътироф этсак, тизим эса ҳозир айнан шундай созланган, бу СК билан келишилмайди. Агар илгари бўлиб-бўлиб тўлашга ҳар бир сотиш бўйича йиғма ҳисобварақ-фактура бир марта жўнатилган бўлса, энди буни ҳар бир алоҳида тўлов бўйича амалга ошириш зарур.


3. Ёрдамчи пудратни жалб қиладиган қурилиш ташкилотлари билан боғлиқ вазият

“Биз - айланмадан олинадиган солиқ тўловчи бўлган қурилиш ташкилотимиз. Агар қурилиш пудратининг барча суммаси энди тушум реестрида ҳисобга олинса, айланмадан олинадиган солиқни тўлашда биз қандай қилиб бевосита фақат ўзимизнинг тушумни тўғри акс эттиришимиз мумкин?”.

- Бош пудратчи ёрдамчи пудратчи ташкилотларни жалб қиладиган вазиятда, ҳисобварақ-фактура барибир бутун ҳажмга ёпилади.

ҚҚС тўловчиси бўлган қурилиш ташкилотлари учун ЭҲФ тизимида янги маъмурчилик жорий этилиши муносабати билан муаммолар юзага келмайди. Айланмадан олинадиган солиқни тўловчилар мураккабликка дуч келишди, сабаби улар фақат ўз кучи билан бажарилган ишлардан олинган тушум суммасини акс эттиришлари керак, бироқ ЭҲФ буюртмачига ёрдамчи пудратни ҳам ўз ичига оладиган барча суммага жўнатилиши керак.

Қўшимча “айирма” ҳисобварақ-фактура мазкур вазият учун тўғри келмайди, сабаби ёрдамчи пудратчидан ҳисобварақ-фактура бош пудратчида “сотиб олишда” ўтиради.

Шу муносабат билан яна регуляторга савол туғилади. Агар айланмадан олинадиган солиқ бўйича ҳисобот шакли умумий суммани, жумладан ёрдамчи пудрат бўйича ишлар қийматини акс эттирса, фақат ўз тушумини акс эттириш имконини берадиган инструмент бўлиши керак.


Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади