Ижара текин бўлмайди

preview

МЧЖ жисмоний шахсдан текинга, тўловсиз офисни (нотурар жой бинони) ижарага олган. Бундай шартнома қандай тўғри расмийлаштирилади? Ижарага берувчи (жисмоний шахс) ва ижарачи (МЧЖ)да солиқ оқибатлари юзага келадими? 


Buxgalter.uz аниқлаштириб олишга ёрдам беради:

- Дарҳол таъкидлаб ўтамизки, ижара текин бўлиши мумкин эмас.

Ушбу тушунчалар Фуқаролик кодексида тушунтирилган.

Жумладан, шартнома бўйича тараф ўз бурчларини бажарганлиги учун ҳақ олиши ёки унга бошқа муқобил тўлов тўланиши лозим бўлса, бундай шартнома ҳақ эвазига тузилган шартнома бўлади .

Шартнома бўйича бир тараф бошқа тарафга ундан ҳақ ёки бошқа муқобил тўлов олмасдан бирон нарсани бериш мажбуриятини олса, бундай шартнома текинга тузилган шартнома ҳисобланади.

Агар қонун ҳужжатларидан, шартноманинг мазмуни ёки моҳиятидан бошқача ҳол англашилмаса, шартнома ҳақ эвазига тузилган шартнома ҳисобланади.

Ижара шартнома асосида ерга, бошқа табиий ресурсларга, шунингдек хўжалик фаолиятини ва ўзга фаолиятни мустақил равишда амалга ошириш учун ижарачига зарур бўлган мол-мулкка ҳақ эвазига муддатли эгалик қилиш ва ундан фойдаланишдан иборатдир .

Мулк ижараси шартномаси бўйича ижарага берувчи ижарага олувчига ҳақ эвазига мол-мулкни вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланиш  учун топшириш мажбуриятини олади .

Ижара шартномасида ижара ҳақи шартлари ва миқдори, уни тўлаш муддатлари назарда тутилади .

Шу каби ФКнинг 577-моддасида ҳам бино ёки иншоотни ижарага бериш шартномасида ижара ҳақининг миқдори назарда тутилиши лозимлиги назарда тутилган. Бундан ижарага берувчи ижарачига мол-мулкни бериши, ижарачи эса, ўз навбатида, ижара ҳақини тўлаши келиб чиқади. Демак шартнома асосида ҳақ тўланиши табиий.

Агар шартнома тарафлари берилган мол-мулкдан (нотурар жой биноси, автотранспорт ва ҳ.к.) вақтинча фойдаланиш учун ҳақ белгилаш хоҳишини билдиришмаса (ўзаро келишув), гап ижара ҳақида эмас, балки бепул фойдаланиш (ссуда) шартномаси ҳақида бормоқда.

ФКнинг 617-моддасига асосан текин фойдаланиш (ссуда) шартномаси бўйича бир тараф (ссуда берувчи) иккинчи тарафга (ссуда олувчига) ашёни вақтинча текин фойдаланиш учун бериш мажбуриятини олади ёки беради, иккинчи тараф эса бу ашёни қандай олган бўлса, нормал ейилишни ҳисобга олиб худди шундай ҳолатда ёки шартномада назарда тутилган ҳолатда қайтариб бериш мажбуриятини олади.


Солиқ оқибатлари

Текин олинган мулкий ҳуқуқлар жами даромадга киритилади .

Юқорида кўрсатилганидек, ссуда олувчи ссуда шартномаси бўйича ссуда берувчидан объектдан вақтинча фойдаланиш ҳуқуқини текин олади. СКнинг 299-моддаси асосида ссуда олувчи томонидан мулкий ҳуқуқдан текин фойдаланиш даври учун тежалган пул маблағлари суммаси ссуда олувчининг солиқ базаси бўлади. Бундай даромаднинг суммаси бозор қийматидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

Бундай “бошқа” даромадга солиқ солиш мақсадларида мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний шахслар учун белгиланган ижара тўловининг энг кам ставкаларини қўллаш мумкин .

Эътибор беринг!
Текин олинган мол-мулк (хизмат)дан олинган даромадни қандай аниқлаш ҳақида бизнинг тавсиямизда батафсил ўқинг.


Икр
ом АБДУЛҚОДИРОВ, юрист,

Татьяна ЛИМАРЕВА, buxgalter.uz эксперти