Интернет орқали норезидент хизматларидан фойдаланилса, ундан олинадиган фойда солиғи қандай ушлаб қолинади

preview

“Норезидет-корхона резидент-корхонага интернетдаги ўқув платформасидан фойдаланиш имкониятини тақдим этган ҳолда таълим хизматларини кўрсатди.  Резидент-корхона, даромад тўлаш манбаи сифатида, норезидентнинг таълим хизматлари кўрсатишдан олинган даромадидан солиқ ушлаб қолиши керакми?”. 

Саволга buxgalter.uz илтимосига биноан ДСҚ Солиқ солиш методологияси департаменти бош мутахассиси Раъно АЛИШАЕВА жавоб берди:

 

– Норезидентнинг доимий муассаса билан боғлиқ бўлмаган, ундан солиқ агенти, даромад тўлаш манбаи сифатида, солиқ ушлаб қоладиган даромадлари СКнинг 351-моддасида келтирилган.

Улар жумласига қуйидагилар киради:

  • роялти;
  • норезидент томонидан Ўзбекистон ҳудудида хизматлар кўрсатишдан олинган даромадлари.

 

Роялти

Роялти – бу ҳар қандай номоддий активдан, шу жумладан – дастурий таъминот ва маълумотлар базаларига,  технологияга ёки жараёнга, аудиовизуал асарларга бўлган муаллифлик ҳуқуқларидан фойдаланганлик ёки фойдаланиш ҳуқуқи учун тўловлар .

Компьютер дастурларидан фойдаланганлик учун тўловларга, агар фойдаланиш шартлари бундай дастурнинг мўлжалланган функционал мақсади билан чекланган ва уни такрорлаш бундай фойдаланиш учун зарур бўлган кўчирма нусхалар сони билан чегараланган бўлса, роялти сифатида қаралмайди.

Агар хизматлар кўрсатилган жойидан қатъи назар, дастурий таъминотдан фойдаланиш орқали, шу жумладан норезидент томонидан дастурий таъминотдан фойдаланиш учун логин ва паролни бериш йўли билан тақдим этилса, ушбу хизматлар норезидентнинг роялти тарзидаги даромади деб эътироф этилади ва тўлов манбаида солиқ солиниши лозим.

“Бошқарувга оид, техник ёки маслаҳат хусусиятига эга хизматлар учун тўлов” сифатида белгиланган техник хизматлардан олинган даромадларга ҳам шунга ўхшаш тарзда солиқ солинади.

 

Онлайн хизматлар

Бошқа вариант – масофавий конференц-алоқа (Zoom да ва ҳоказо) орқали реал вақт режимида (онлайн режим) таълим хизматлари кўрсатиш.

Бу ҳолда таълим хизматлари кўрсатувчи корхона унинг резиденти ҳисобланадиган давлат хизматлар кўрсатиш жойи деб эътироф этилади. Хизматлар Ўзбекистон ҳудудида кўрсатилмаслиги боис, уларни олувчида норезидентнинг даромадларидан олинадиган солиқни тўлаш мажбурияти юзага келмайди .