ДСҚ тушунтириш берди: қандай қилиб муддатидан аввал солиқ резиденти бўлиш мумкин

preview

Амалиётда бухгалтерларда чет эллик ходимларнинг даромадларига нисбатан ЖШДС ставкасини қўллаш билан боғлиқ саволлар ва қийинчиликлар юзага келди. Экспертлар, аудиторлар ва солиқ маслаҳатчилари ушбу саволлар юзасидан турли хил фикрга эгалар.

Шу муносабат билан buxgalter.uz ана шундай саволларни жамлаб, тушунтириш олиш учун ДСҚга мурожаат қилди:


1) Чет эллик ходимларнинг резидентлик мақомини белгилаш учун кунларни қайси санадан бошлаб ҳисоблаш зарур: Ўзбекистон ҳудудига, масалан, шахсий мақсадни кўзлаб ҳақиқатда келган санаданми ёки Ўзбекистон резиденти бўлган ташкилот (ёки ДМ, ваколатхона) чет эллик ходим билан меҳнат шартномасини (контрактини) тузган санаданми?

2) Чет эллик ходим 2019 йил октябрда меҳнат визаси бўйича Ўзбекистонга келган, Ўзбекистон ҳудудида бўлган 183 куни 2020 йил 25 мартга тўғри келади. Корхона қайси ойдан бошлаб 12%лик ставкани қўллаган ҳолда ЖШДСни қайта ҳисоб-китоб қилиши керак – 2020 йил 1 январдан, 2020 йил 1 мартдан, 2020 йил 25 мартдан ёки 2020 йил 1 апрелдан бошлабми?

3) Ушбу вазиятда ДСҚ 2019 йилги даромадлари тўғрисида декларация тақдим этган чет эллик ходимга 2019 йил учун ЖШДСни қайта ҳисоб-китоб қила оладими?

4) Чет эллик ходим узоқ муддатли меҳнат контрактини тузган пайтдан бошлаб солиқ органларига тақдим этган аризасига биноан Ўзбекистон резиденти деб эътироф этилиши мумкинми

5) Чет эллик ходим билан тузилган меҳнат шартномаси (контракти) узоқ муддатли деб ҳисобланиши учун қанча муддатга тузилган бўлиши керак: 183 кундан ортиқ муддатгами ёки 12 ойдан ортиқ муддатгами?

6) Норезидент чет эллик ходим билан узоқ муддатли меҳнат шартномаси (контракти) тузилган санадан бошлаб унинг даромадларига нисбатан ЖШДСнинг 12%лик ставкасини қўллаш мумкинми?

ДСҚ мутахассислари қуйидагича тушунтириш бердилар:

1. Солиқ кодексининг (кейинги ўринларда – СК) 30-моддасига мувофиқ, тегишли мақоми ўзига нисбатан белгиланган солиқ даври бошланадиган ёки тугайдиган ҳар қандай кетма-кет ўн икки ойлик давр давомида жами бир юз саксон уч календарь кундан кўпроқ ЎзРда ҳақиқатда бўлган жисмоний шахслар ЎзР солиқ резидентлари деб эътироф этилади .

Бунда жисмоний шахснинг ЎзРда ҳақиқатан бўлиб туриши даври унинг қисқа муддатли (олти ойдан кам) даволаниш ёки ўқиш учун ЎзР ҳудудидан ташқарига чиққан даврида узилмайди .

Чет давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг қуйидаги даврлар мобайнида бўлган вақти унинг ЎзРда ҳақиқатда бўлган вақтига тааллуқли ҳисобланмайди :

1) дипломатик ёки консуллик мақомига эга шахс сифатида бўлган даври;

2) ЎзР иштирокчиси бўлган, халқаро шартнома бўйича тузилган халқаро ташкилотнинг ходими сифатида бўлган даври;

3) тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмаган тақдирда, ушбу модданинг 1 ва 2-бандларида кўрсатилган шахслар оиласининг аъзоси сифатида бўлган даври.

ЎзР ҳудудида ҳақиқатда бўлиб турганликни тасдиқлаш учун ЎзРга кириш (ЎзРдан чиқиш) куни чет давлатларнинг давлат чегараларини кесиб ўтганлик тўғрисидаги белги асосида аниқланади. Бундай белги ЎзРнинг ва (ёки) чет давлатнинг чегара назоратини амалга оширувчи ваколатли органи томонидан шахсни тасдиқловчи ҳужжатларга ва (ёки) ЎзРга кириш (ЎзРдан чиқиш) ҳужжатларига қўйилади. Шунингдек шахснинг ЎзР ҳудудида ҳақиқатда бўлиб турганлиги давлат органлари ва ташкилотлар томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тақдим этилган, солиқ органида мавжуд бўлган маълумотлар асосида ҳам аниқланиши мумкин .

Агар тўққизинчи қисм қоидалари жисмоний шахснинг ЎзР ҳудудида ҳақиқатан ҳам бўлиб турганлик вақтини аниқ белгилаш имконини бермаса, жисмоний шахс солиқ органига ўзининг календарь йил (йиллар) давомида ҳақиқатда бўлиб турган жойини тасдиқловчи ҳужжатларни (уларнинг кўчирма нусхаларини), шунингдек ўзининг ҳақиқатда бўлиб турган жойини аниқлаш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин бўлган ҳар қандай бошқа ҳужжатларни (ёки уларнинг кўчирма нусхаларини) тақдим этади :

1) шахсни тасдиқловчи ҳужжат;

2) белгиланган тартибда расмийлаштирилган ЎзРда вақтинча яшаш учун рухсатнома;

3) ҳақиқатда бўлиб турган жойини тасдиқловчи ҳужжатлар.

Шу тариқа, амалдаги солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида жисмоний шахснинг ЎзР ҳудудида ҳақиқатда бўлиши билан боғлиқ солиқ резидентлигини белгилашнинг аниқ мезонлари берилган, сабаби жисмоний шахс унда солиқ мажбуриятлари юзага келишидан анча аввал резидентга айланиши мумкин.

2, 3. СКнинг 391-моддаси 6-қисмига мувофиқ, солиқ даврида ЎзР резиденти мақомини олган солиқ тўловчи ушбу даврда норезидент мақомида тўлаган солиқ суммасини қайта ҳисоб-китоб қилишга ва қайтариб олишга ҳақли. Солиқ суммасини қайтариш солиқ тўловчи СКнинг 397-моддасида белгиланган тартибда жами йиллик даромад тўғрисидаги декларацияни тақдим этган тақдирда яшаш жойи (турган жойи) бўйича ҳисобга қўйилган солиқ органи томонидан амалга оширилади. Ушбу декларацияга мазкур солиқ даврида ЎзР резиденти мақомини тасдиқлайдиган ҳужжатлар илова қилиниши керак.

СKнинг 397-моддасида белгиланганидек, солиқ тўловчилар СКнинг 393-моддасида кўрсатилган даромадлар бўйича жами йиллик даромад тўғрисидаги декларацияни, агар ушбу моддада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, доимий яшаш жойидаги солиқ органига ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай тақдим этади.

Юқорида баён этилганларни эътиборга олган ҳолда:

  • жорий йилнинг 1 апрелигача ЎзР резиденти бўлган чет эллик жисмоний шахс ўтган солиқ даври (2019 йил) учун жами йиллик даромади тўғрисида декларация топширади ва бу ҳолда солиқ ставкаси 20 фоизни ташкил этади, сабаби жисмоний шахс 2019 йилда ҳали солиқ резиденти мақомига эга бўлмаган;
  • 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб солиқ агенти жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини қайта ҳисоб-китоб қилишга ҳақли эмас, тегишинча, агар жисмоний шахс 2020 йилнинг 1 апрелидан кейин резидент мақомига эга бўлса, солиқни қайтариш жисмоний шахс жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияни яшаш жойи (турган жойи) бўйича тақдим этганда солиқ органи томонидан амалга оширилади ва солиқ ставкаси 12 фоизни ташкил этади

4, 5, 6. СКнинг 30-моддаси бешинчи қисмига мувофиқ, агар жисмоний шахс ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган ўн икки ойлик муддат тугагунга қадар солиқ органларига узоқ муддатли меҳнат шартномасини ёки ушбу модданинг иккинчитўртинчи қисмларида назарда тутилган шартлар бажарилишини тасдиқловчи бошқа ҳужжатни тақдим этса, ўзининг аризасига биноан ЎзР солиқ резиденти деб эътироф этилиши мумкин.

Юқорида баён этилганлардан келиб чиқилса:

Солиқ агенти чет эллик ходим–резидент билан узоқ муддатли меҳнат шартномасини (контрактини) тузган санадан бошлаб фақат ЎзР солиқ органи тасдиқлаган тақдирда (солиқ резидентлигини муддатидан аввал эътироф этиш) унинг даромадларига нисбатан ЖШДСнинг 12%лик ставкасини қўллаши мумкин.

Бунда чет эллик ходим бундай меҳнат шартномаси бўйича бажарадиган меҳнат мажбуриятлари ва бундай ходимнинг ЎзРда тахминий бўлиш вақти тегишли мақоми ўзига нисбатан белгиланган солиқ даври бошланадиган ёки тугайдиган ҳар қандай кетма-кет ўн икки ойлик давр давомида жами бир юз саксон уч календарь кундан кўпроқ бўлган тақдирда солиқ органи тасдиқлайди.

Бинобарин, 183 кундан ортиқ ёки 12 ойдан ортиқ муддатга контракт тузилиши жисмоний шахсни резидент деб эътироф этишнинг асосий мезони ҳисобланмайди.