Ўзбекистон резиденти бўлган жисмоний шахснинг кўчмас мулкини сотишдан олинган даромадга қандай солиқ солиш мумкин

preview

Жисмоний шахс-резидент ўзининг кўчмас мулкини сотмоқчи. Кўчмас мулкни реализация қилишдан олинган даромад – бу жисмоний шахснинг мулкий даромадидир . Бунда қандай солиқ оқибатлари юзага келади?

Мазкур ҳолда ЖШДСни қандай ҳисоблаб чиқариш ва тўлашни buxgalter.uz илтимосига биноан “Норма”  эксперти Дилором САИДОВА тушунтирди:

Қандай солиқларни тўлаш зарур

- Жисмоний шахсга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган кўчмас мулкни реализация қилишдан олинган даромадларга:

  • ЖШДС солинади;
  • ижтимоий солиқ солинмайди .

Уларга ШЖБПҲ ҳисобланмайди.

Даромад қандай аниқланади?

Кўчмас мулкни реализация қилишдан олинган даромад уни реализация қилиш суммасининг ҳужжатлар билан тасдиқланган уни олиш қийматидан ошган қисми сифатида аниқланади.

Олиш қийматини тасдиқловчи ҳужжатлар - мавжуд бўлмаса, кадастр қиймати ҳамда реализация қилиш нархи ўртасидаги ижобий фарқ даромад деб эътироф этилади .

Уй-жой фонди кўчмас мулк объектларининг кадастр қийматини аниқлаш махсус Низомга мувофиқ амалга оширилади. Ҳисоблаш ишлари "Давергеодезкадастр" қўмитаси органлари томонидан маҳаллий ҳокимият органлари билан биргаликда амалга оширилади .

Агар сотиб олувчи жисмоний шахс бўлса, солиқни ким тўлайди?

Агар сотиб олувчи – жисмоний шахс бўлса, солиқ тўлаш бўйича мажбурият жисмоний шахс – сотувчининг зиммасига юкланади.

ЖШДС йиллик жами даромади тўғрисида декларация асосида ҳисоблаб чиқарилади. Кўчмас мулк сотувчиси декларацияни доимий яшаш жойидаги солиқ органига ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай тақдим этади, ҳисоблаб чиқарилган солиқни эса қўчмас мулк сотилган йилдан кейинги йилнинг 1 июнидан кечиктирмай тўлайди .

Қачон ЖШДСни тўлаш керак эмас

Жисмоний шахс камида 3 йил ўзининг мулкида бўлган турар жой биноларини сотишда солиқ тўламайди.

Вазият
Жисмоний шахс бошқа жисмоний шахсга квартирани сотади
Жисмоний шахс ўзига мулк ҳуқуқида тегишли бўлган квартирани бошқа жисмоний шахсга сотади. Битимнинг қиймати – 190 млн сўм. Квартира 10 йил олдин ҳадя тариқасида олинган. Квартиранинг кадастр қиймати – 166 млн сўм.
Мазкур вазиятда квартирани сотишдан олинган даромад 24 млн сўмга (190 – 166) тенг.
Квартира эгасига 3 йилдан ортиқ муддат тегишли эканлиги боис, сотишда ЖШДС тўланмайди .

Агар сотиб олувчи – юридик шахс бўлса

Агар жисмоний шахснинг кўчмас мулкини корхона сотиб олса, у солиқ агентига айланади ва жисмоний шахсга даромад тўлаш чоғида ЖШДСни ушлаб қолади.

Ўзбекистон резиденти бўлган жисмоний шахсдан кўчмас мулкни солиб олишда солиқни ушлаб қолиш мажбурияти даромад тўлайдиган қуйидаги шахсларнинг зиммасига юклатилади :

  • Ўзбекистоннинг юридик шахсларига;
  • якка тартибдаги тадбиркорларга;
  • Ўзбекистонда фаолиятини ДМ орқали амалга оширадиган Ўзбекистоннинг норезиденти бўлган юридик шахсларга;
  • Ўзбекистон норезиденти бўлган юридик шахсларнинг ваколатхоналарига;
  • мол-мулкини ишончли бошқаришни амалга оширувчи ишончли бошқарувчига.

Вазият
Юридик шахс жисмоний шахсдан яшаш учун мўлжалланмаган бино сотиб олди
Ўзбекистоннинг юридик шахси жисмоний шахсдан 360 млн сўмга жисмоний шахснинг ўзи томонидан 1 йил олдин 250 млн сўмга сотиб олинган нотурар жой бинони сотиб олди.
Жисмоний шахснинг реализация қилишдан олган даромади солиқ солиш мақсадларида 110 млн сўмни (360-250) ташкил этди.
Солиқ суммаси 13,2 млн сўмга (110 х 12%) тенг.
Юридик шахс солиқ агенти сифатида жисмоний шахсга даромад тўлаш чоғида солиқ суммасини ушлаб қолиши ва жисмоний шахсга 346,8 млн сўм (360 – 13,2) тўлаши керак.
Солиқ суммаси жисмоний шахсга даромад тўлаш билан бир вақтда бюджетга ўтказилади.