Нима учун сизга карантин даврида меҳнатга лаёқатсизлик варақаси учун ҳақ тўланмайди

08.05.2020

Карантинда бўлган ходимларнинг меҳнатга лаёқатсизлик тўғрисидаги маълумотномаларга ҳақ тўлаш лозимми? Бу ҳолда маълумотномани меҳнатга лаёқатсизлик варақаси билан алмаштириш мумкинми? Шунингдек, поликлиникаларнинг болалар боғчалари карантинга ёпилган болаларнинг ота-оналарига меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини беришни рад этиши қонунийми? Buxgalter.uz ушбу саволлар юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигидан тушунтиришлар олди.

Агар ходим карантинда бўлса

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, ҳақиқатан, карантин чоғида меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади . Бироқ у фақат коронавирус билан касалланган ва стационарга жойлаштирилганларга берилади.

Коронавирус инфекцияси тарқалишига йўл қўймаслик мақсадида стационарда ёки уйда карантинда бўлган фуқаролар белгиланган намунадаги маълумотнома олишлари мумкин (Санэпидназорат агентлиги директорининг 30.03.2020 йилдаги 04-8/2122-сон фармойиши). У муассаса раҳбарининг имзоси ва думалоқ муҳри билан тасдиқланади ва меҳнатга лаёқатсизлик варақасига алмаштирилмайди.

Меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси ишдан озод этиш учун асос ҳисобланади . Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси эса ҳам ишдан озод этишни, ҳам вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси бўйича тўловни назарда тутади.

Шу боис карантин чоғида берилган маълумотномаларга иш берувчи ҳақ тўлаши керак эмас.

Бироқ истисно ҳам мавжуд. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси қуйидагиларга ўртача иш ҳақининг 100%и миқдорида тўланади :

  • коронавирус инфекцияси билан зарарланиши ёки зарарланган деб гумон қилиниши муносабати билан карантинга жойлаштирилган, 14 ёшгача боласи бўлган ота-оналарга;
  • ушбу ота-оналарнинг болаларини парвариш қилаётган шахсларга.

Агар болалар боғчаси карантинда бўлса

Умумий қоидага кўра, мактабгача таълим муассасаларида (МТМ) карантин белгиланганда ота-онасидан бирига ёки оиланинг бошқа аъзосига 14 календарь кунидан ошмаган муддатга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади . Ушбу варақа Соғлиқни сақлаш вазирлиги ёки унинг ҳудудий бошқармаларининг рухсати асосида эпидемиолог ёки санитар врач томонидан берилиши керак . Бироқ амалиётда поликлиникалар Соғлиқни сақлаш вазирлигидан бундай фармойиш бўлмаганини важ қилиб, бундай ҳужжатни беришни рад этишмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тушунтиришича,  меҳнатга лаёқатсизлик варақалари беришни рад этиш қонунийдир.

Соғлом болани парвариш қилиш учун меҳнатга лаёқатсизлик варақасини МТМ Санэпидназорат маркази томонидан фақат мазкур болалар боғчасида болалардан бири ўткир инфекцияли ёки паразитар касаллик билан оғриб қолган ҳолатда карантинга ёпилган тақдирда бериш назарда тутилган. Бинобарин, поликлиникалар меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини беришни асосланган ҳолда рад этишмоқда, сабаби МТМ аниқланган инфекцияли касаллик туфайли эмас, балки коронавируснинг тарқалишига йўл қўймаслик муносабати билан ёпилган.

Аслида ушбу вазиятда меҳнатга лаёқатсизлик варақасини олмаса ҳам бўлади. МТМ тарбияланувчилари ва бошланғич синфлар ўқувчиларининг ота-оналари ўз хоҳишларига кўра ва графикдан қатъи назар меҳнат таътилига чиқишлари мумкин. Шу жумладан – 6 ойдан кам ишлаб берганлар ҳам.  Агар ҳақ тўланадиган таътилдан фойдаланиб бўлинганда ёки ходим ҳозирнинг ўзида ундан фойдаланишни истамаса, у иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътилга чиқиши мумкин.  Ушбу таътил турига максимал 3 ой муддат бўйича чеклов татбиқ қилинмайди .

Вазирликларнинг жавоблари билан бу ерда ва бу ерда батафсил танишиш мумкин.

 

Альберт САФИН,

юридик масалалар бўйича «Норма» эксперти

Экспертлар ўз нуқтаи назарларидан келиб чиққан ҳолда тушунтириш берганлар, улар Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот берувчи асос бўлади.
Buxgalter.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг