Агар корхона карантин даврида бекор туриб қолса, директорга иш ҳақи тўлаш керакми

11.05.2020

Кичик ишлаб чиқариш корхонаси (микрофирма) карантин даврида ўз фаолиятини вақтинча тўхтатди. Фақат директор расман ўз вазифаларини бажармоқда. Бу ҳолда унга иш ҳақи ҳисоблаш ва тегишинча, солиқларни тўлаш лозимми? Бу саволга buxgalter.uz эксперти Татьяна ЛИМАРЕВА жавоб берди.

- Директор, мансабдор шахс сифатида ҳатто карантин кунларида, у иш жойида бўлмаганда ҳам ўзининг директорлик вазифаларини бажаради. Агар 2020 йилнинг 20 мартидан кейин ва бутун апрель ойи давомида барча ходимлар, шу жумладан бош бухгалтер меҳнат таътилида ёки иш ҳақи сақлаб қолинмаган ҳолда бериладиган таътилда бўлишса, директор ҳар қандай ҳолатда ҳам 2020 йилнинг I чораги ва апрель ойи учун солиқ ҳисоботини тайёрлаган ва тақдим этган, 2020 йилнинг март ва апрель ойлари учун солиқларни ва ШЖБПҲни тўлаган бўлиши керак эди.

Эътибор беринг
Бош бухгалтер бўлмаган давр учун унинг мажбуриятлари директор зиммасига юкланади. Бу нафақат иш ҳақи ҳисоб-китоби, солиқларни ҳисоблаш ва тўлаш, ҳисоботларни топширишга, балки бухгалтернинг барча бошқа вазифаларига ҳам тааллуқли.

Шу боис, камида ойда 2-3 иш куни учун директорга иш ҳақи ҳисоблаш ва тўлаш зарур. Масалан, 2020 йилнинг апрель ойи учун, у муайян вазифаларни бажарган камида уч сана учун:

  • 2020 йилнинг апрель ойи учун ШЖБПҲ, ЖШДС ва ижтимоий солиқ бўйича ҳисоботларни тақдим этиш куни;
  • 2020 йилнинг апрель ойи учун солиқлар ва ШЖБПҲни тўлаш куни;
  • 2020 йилнинг апрель ойи учун иш ҳақини тўлаш (пластик картага ўтказиш) куни.

Ушбу кунлар Иш вақтини ҳисобга олиш табелида қайд этилган бўлиши керак.

Эътибор беринг
Ушбу давр учун белгиланган меҳнат нормасини ва меҳнат вазифаларини тўлиқ бажарган ходимнинг ойлик меҳнат ҳақи қонун ҳужжатларида Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг биринчи разряди бўйича белгиланган миқдордан оз бўлиши мумкин эмас . Биринчи разряд бўйича тариф коэффициенти 1 МҲЭКМга тенг (2020 йил 1 февралдан бошлаб - 679 330 сўм).

Хуллас, агар директор апрель ойида, мисол учун, 3 кун (3, 10 ва 13 апрелда) ишлаб берган бўлса, МҲЭКМ ва 5 кунлик иш ҳафтасини инобатга олган ҳолда иш ҳақи ҳисоб-китоби қуйидагича бўлиши мумкин:

  • иш ҳақи ҳисобланди: 700 000 х 3 : 22 = 95 454,55 сўм;
  • ЖШДС ҳисобланди: 95 454,55 х 12%= 11 454,55 сўм;
  • ШЖБПҲ: 95 454, 55 х 0,1% = 95,46 сўм;
  • ижтимоий солиқ: 95 454,55 х 12%= 11 454,55 сўм.
Эътибор беринг

14 май - 2020 йил апрель ойи учун ШЖБПҲ реестрларини тақдим этиш ва бадалларни тўлашнинг сўнгги куни ;

15 май - 2020 йил апрель ойи учун ЖШДС ва ижтимоий солиқ бўйича солиқ ҳисоботини тақдим этиш ва солиқларни тўлашнинг сўнгги куни .

Шунингдек эслатиб ўтамиз, карантиннинг бизнесга салбий оқибатларини юмшатишга қаратилган Президентнинг ПФ-5969-сон ва ПФ-5978-сон Фармонлари билан айрим тадбиркорлик субъектлари тоифаларига муайян солиқ турлари бўйича соддалаштирилган тартибда кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) олиш имконияти тақдим этилган. Бу ерда ва бу ерда бу ҳақда батафсил ўқиш мумкин.

Экспертлар ўз нуқтаи назарларидан келиб чиққан ҳолда тушунтириш берганлар, улар Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот берувчи асос бўлади.
Buxgalter.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг