• beta

Бош бухгалтер ишдан бўшаб, ЭРИни қайтармаса нима қилиш керак?

17.09.2019

Рақамли имзодан фойдаланиш имкониятига эга ходимни ишдан бўшатишда у томондан содир этилиши мумкин бўлган фирибгарликлардан ўзингизни сақланг.

ЭРИнинг ёпиқ калити ва унинг пароли – чекланган шахслар фойдаланиши мумкин бўлган махфий ахборотдир.  Шу боис, агар сиз ЭРИ билан ишлаган ходимни ишдан бўшатсангиз, дарҳол паролни ўзгартиринг.

Агар калит сертификати мавжуд флешка йўқотилган бўлса, мутахассислар:

  • иложи борича тезроқ ушбу ҳолатлар рўй берган кунда ЭРИ калити сертификатини бекор қилишни;
  • янги ЭРИ олишни тавсия қиладилар.

Бунинг учун бевосита Давлат хизматлари марказига мурожаат қилинг. Буни ЯИДХП орқали қилиш ҳам мумкин, бироқ биринчи вариант осонроқ. Ўзингиз билан шахсни тасдиқловчи ҳужжат бўлиши лозим.

Қанча вақт талаб этилади?

Сертификат саноқли дақиқаларда бекор қилинади, янги ЭРИни расмийлаштириш учун тахминан 40 дақиқа талаб этилади. Эҳтимол, ўз навбатингизни кутиб бирмунча вақт сарфлашингизни ҳам ёдда тутинг.

Сўровномада қандай маълумотлар кўрсатилади?

Мурожаат қилганда белгиланган намунадаги сўровномани марказ ходимининг ўзи тўлдиради. Унга фамилиянгиз, исмингиз, отангизнинг исмини, солиқ тўловчининг идентификация рақамини (СТИР) ва мобиль телефонингиз рақамини айтинг, унга аризани кўриб чиқиш натижалари ва ЭРИ ёпиқ калитининг пароли юборилади.

Агар сиз юридик шахс манфаатида ҳаракат қилсангиз, юридик шахснинг тўлиқ номи ва СТИРни айтинг. Бу ҳолда сўровномага юридик шахснинг сизнинг номингизга берилган хати ёки ишончномасини илова қилиш зарур.

Масаланинг нархи

ЭРИ калити сертификатини сиз учун бепул бекор қилишади. Янги сертификат олиш учун юридик шахслар  ва тадбиркорлик субъектлари БҲМнинг 10%и миқдорида ҳақ тўлайдилар. Ариза ЯИДХП орқали берилганда хизмат қиймати шу сумманинг 90%ини ташкил этади. Йиғимни банк кассаси ёки бундай функцияни қўллаб-қувватлайдиган мобиль илова орқали тўлаш мумкин.

Сертификат беришни рад этишлари мумкинми?

Иккита ҳолатда сизга ушбу хизматларни олишда рад этишлари мумкин:

  • сўровнома нотўғри тўлдирилганда;
  • йиғим тўланмаганда.

ЭРИ сертификатини бериш ҳақида бу ерда батафсил ўқишингиз мумкин.

Олег Гаевой.

Buxgalter.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг