• beta

Дивидендлар 2018 йил 1 апрелгача УФни кўпайтиришга йўналтирилган бўлса, ДСИга қандай жавоб бериш лозим

02.07.2019

Вазият: 2017 йил якунларига кўра корхонада IV чорак учун тақсимланмаган фойда юзага келган, шунингдек 2016 йил ва 2017 йилнинг I, II, III чораклари учун ҳисобланган дивидендлар бўйича қарз мавжуд бўлган. Муассисларнинг 2018 йил 1 мартдаги қарори билан тақсимланмаган фойданинг бутун суммаси ва илгари ҳисобланган дивидендлар устав фондини кўпайтиришга йўналтирилган, бу ҳақда уставга киритилган тегишли ўзгартиришлар рўйхатдан ўтказилган. Корхона доим фойда кўриб ишлаган, 2016–2017 йилларда зарар кўрмаган, ушбу даврлар учун тақдим этилган молиявий ҳисобот буни тасдиқлайди.

ДСИ 2016 ва 2017 йиллар учун ЖШДС бўйича солиқ ҳисоботида акс эттирилган ҳисобланган дивидендлар суммасига ЖШДС суммасини қўшимча ҳисоблаш тўғрисида талабнома юборди.

Ташкилотнинг позицияси: Солиқ кодексининг 179-моддаси 19-банди, худди шунингдек Солиқ кодексининг 156-моддаси 4-қисми:

устав фондини (устав капиталини) кўпайтириш учун ўтган йиллардаги тақсимланмаган фойдани йўналтиришда дивидендлар тарзида олинган ва дивиденд тўлаган юридик шахснинг устав фондига (устав капиталига) йўналтирилган даромадларни ЖШДС ва фойда солиғи солишдан озод қилиш тўғрисидаги нормалари ўз кучини йўқотди – 2018 йил 1 апрелдан чиқариб ташланди (29.12.2017 йилдаги ЎРҚ–454-сон Қонун).

Шу муносабат билан корхона 1.04.2018 йилгача ушбу имтиёзни қўллаш ҳуқуқига эга бўлган.

Корхонанинг устав фондини кўпайтиришга йўналтирилган тақсимланмаган фойда ва 2016–2017 йиллар учун ҳисобланган, бироқ тўланмаган дивидендлар суммасига ЖШДСни қўшимча ҳисоблаш тўғрисидаги талабномани ноқонуний деб ҳисоблаймиз.

ДСИнинг талабномасига жавоб хати намунаси

 «___» ________ 2019 йилдаги ___-сон талабномангизга жавобан қуйидагиларни маълум қиламиз. 

2017 йил якунларига кўра корхонада IV чорак учун тақсимланмаган фойда юзага келган, шунингдек 2016 йил ва 2017 йилнинг I, II, III чораклари учун ҳисобланган дивидендлар бўйича қарз мавжуд бўлган. Муассисларнинг 2018 йил 1 мартдаги ____-сон қарори билан тақсимланмаган фойданинг бутун суммаси ва илгари ҳисобланган дивидендлар устав фондини кўпайтиришга йўналтирилган, бу ҳақда уставга киритилган тегишли ўзгартиришлар рўйхатдан ўтказилган. Муассислар умумий йиғилишининг қарори нусхаси ва уставга киритилган ўзгартиришлар давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги ҳужжат нусхасини илова қилмоқдамиз.

Корхона доим фойда кўриб ишлаган, 2016–2017 йилларда зарар кўрмаган, ушбу даврлар учун тақдим этилган молиявий ҳисобот буни тасдиқлайди.

2016 ва 2017 йиллар учун ДСИга тақдим этилган корхона бухгалтерия балансида қуйидагилар акс эттирилган:

  • 710-сатрда – 2016 йил ва 2017 йилнинг I, II, III чораклари учун ҳисобланган ва тўланмаган дивидендлар бўйича қарз (Кт 6610 бух. счёти);
  • 680-сатрда – ҳисобланган ЖШДС суммаси (Кт 641* бух. счёти);
  • 450-сатрда – 2017 йил якунларига кўра тақсимланмаган фойда суммаси (IV чорак учун, Кт 8710 бух. счёти).

2016 йил ва 2017 йилнинг I, II, III чораклари учун фойдани дивидендларга тақсимлаш тўғрисидаги протокол қарорлари нусхасини илова қилмоқдамиз, бухгалтерия хизмати улар асосида дивидендлар ва ЖШДСни ҳисоблаш бўйича тегишли бухгалтерия проводкаларини (Дт 8710 Кт 6610; Дт 6610 Кт 641*) амалга оширган.

Дивидендлар мулкий даромадларга (Солиқ кодексининг 176-моддаси 2-банди), мулкий даромадлар эса тўлов манбаида ЖШДС солинадиган даромадларга киради (Солиқ кодексининг 184-моддаси 2-қисми 3-банди). Солиқ кодексининг 185-моддаси 2-қисмига мувофиқ, тўлов манбаи – солиқ агенти (корхонамиз) солиқ тўловчининг Солиқ кодексининг 184-моддасида кўрсатилган даромадларидан ҳисобланган ЖШДС суммасини улар ҳақиқатда тўланаётганда ушлаб қолиши шарт.

Дивидендлар ҳақиқатда тўланмаган, илгари ҳисобланган ҳамда Бухгалтерия балансида ва ЖШДС бўйича солиқ ҳисоботида акс эттирилган дивидендларнинг бутун суммасини (2016 йил ва 2017 йилнинг I, II, III чораклари учун), шунингдек тақсимланмаган фойда суммасини (2017 йилнинг IV чораги учун) муассислар умумий йиғилишининг 2018 йил 1 мартдаги қарори асосида устав капиталини кўпайтиришга йўналтирганмиз.

Солиқ кодексининг 179-моддаси 19-банди, худди шунингдек Солиқ кодексининг 156-моддаси 4-қисми:

устав фондини (устав капиталини) кўпайтириш учун ўтган йиллардаги тақсимланмаган фойдани йўналтиришда дивидендлар тарзида олинган ва дивиденд тўлаган юридик шахснинг устав фондига (устав капиталига) йўналтирилган даромадларни ЖШДС ва фойда солиғи солишдан озод қилиш тўғрисидаги нормалари ўз кучини йўқотди – 2018 йил 1 апрелдан чиқариб ташланди (29.12.2017 йилдаги ЎРҚ–454-сон Қонун).

Шу тариқа, корхонамиз 1.04.2018 йилгача мазкур имтиёзни қўллашга ҳақли бўлган, муассислар умумий йиғилишининг 1.03.2018 йилдаги ___-сон қарори асосида тақсимланмаган фойдани ва ҳисобланган, бироқ тўланмаган дивидендларни корхона устав фондини кўпайтиришга йўналтириб, ушбу имтиёздан фойдаланганмиз. Уставга киритилган ўзгартиришлар 30.03.2018 йилда рўйхатдан ўтказилган.

Ҳисобланган дивидендлар суммасини Ҳисобланган ва амалда тўланган даромадларнинг суммалари ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган суммалари тўғрисидаги маълумотларга (Маълумотлар) 2-илова «Тўланган дивидендлар ва фоизлар ҳамда ўтказилган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммасининг расшифровкаси»да кўрсатганмиз:

  • 2017 йил учун – 2018 йил I чораги учун Маълумотлар ва унга 2-иловада;
  • 2016 йил учун – 2017 йил учун Маълумотлар ва унга 2-иловада.

Солиқ кодексининг 179-моддаси 19-бандига ҳавола қилган ҳолда имтиёз суммасини 2018 йил IV чораги учун Маълумотларга 4-«Жисмоний шахсларнинг солиқ солишдан озод этилган даромадлари расшифровкаси» иловасида кўрсатдик, сабаби ушбу илова йил якунлари бўйича тўлдирилади. Бунда 2017 йил учун ЖШДС бўйича солиқ ҳисоботини қайта топширдик. Сабаби ҳисобланган дивидендларнинг бутун суммасини устав фондини кўпайтиришга йўналтириш тўғрисида қабул қилган қароримиздан келиб чиқиб, ушбу суммаларни сальдодан чиқариб ташлаш зарур эди. ДСИга бу ҳақда тушунтириш хати берганмиз, унинг нусхасини илова қилмоқдамиз.

Юқорида баён этилганлардан келиб чиққан ҳолда ЖШДСни қўшимча ҳисоблаш тўғрисидаги талабномани асоссиз деб ҳисоблаймиз.

 

Ҳурмат билан,

корхона директори                _______________________                     (Ф.И.О.)

 

Хат намунасини

бош бухгалтер Акбар Шоисломов тайёрлади.

 

 

Buxgalter.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг