• beta

Фойда солиғи бўйича аванс тўловлари юзасидан ДСИ хатига қандай жавоб берилади

28.08.2019

Солиқчилар аванс тўловлари миқдори нима учун олдинги ҳисобот даврига нисбатан камлигини 3 кун ичида тушунтиришни сўраб оммавий равишда хат юбора бошлашди.

ДСИ нимани сўрамоқда

Корхона томонидан тақдим этилган 2019 йил II чорак учун фойда солиғи ҳисоб-китобига асосан бюджетга тўланиши лозим бўлган солиқ суммаси 17 млн сўмни ташкил этади.

2019 йил III чорак учун тақдим этилган аванс маълумотномасида эса солиқ суммаси 12 млн сўмни ёки олдинги чоракнинг  ҳақиқий фойдасидан 5 млн сўм камроқни ташкил қилади.

ДСИ ҳуқуқбузарликларни олдини олиш мақсадида Солиқ кодексининг 31 ва 32-моддаларига мувофиқ фойда солиғини ҳисоблаб чиқариш бўйича тасдиқловчи маълумотларни 3 кун ичида тақдим этишни сўрайди. Бунда солиқчилар ҳақиқатда фойда тахмин қилинаётганидан 10%дан кўпроқ ошса пеня тўлаш эҳтимоли ҳақида эслатиб ўтадилар (Солиқ кодексининг 164-моддаси).

 

Қандай муносабат билдириш мумкин:

1-вариант – “қонуний”.  Корхона бу хатни эътиборга олмаслиги мумкин. Унинг шакли ва унга жавоб бериш муддатлари қонунчиликда назарда тутилмаган. Шу боис:

а) Солиқ кодексининг 31-моддасига мувофиқ солиқ тўловчилар ДСИнинг Солиқ кодекси ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ келмайдиган ҳужжатлари ва талабларини бажармаслик ҳуқуқига эгалар. Солиқ кодекси ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда эса юқорида кўрсатилган топшириқнома-хатдаги ҳужжатларни 3 кун ичида тақдим этиш тўғрисида тегишли шакллар ва талаблар мавжуд эмас. Солиқ тўловчилар ДСИ органларининг фақат қонуний талабларини бажаришлари шарт (Солиқ кодексининг 32-моддаси);

б) “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ:

- давлат органларининг тадбиркорлик субъектлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган қўшимча ҳисобот турларини белгилаши ман этилади (Қонуннинг 17-моддаси);

- давлат органлари тадбиркорлик фаолияти субъектларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошираётган фаолиятига аралашишга ҳақли эмас (Қонуннинг 34-моддаси).

Диққат
Камерал назоратнинг мақсади солиқ тўловчига давлат солиқ хизмати органлари томонидан камерал назорат натижалари бўйича аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликларни мустақил равишда бартараф этиш ҳуқуқини беришдан иборатдир.

Фақат солиқ ҳисоботини тўлдиришда хатоликларга йўл қўйилганлиги ёки тақдим этилган солиқ ҳисоботида кўрсатилган ва ДСИдаги мавжуд маълумотлар ўртасида зиддиятлар борлиги аниқланган тақдирда ДСИ талабнома бериши мумкин (Солиқ кодексининг 70-моддаси).

Хулоса. Навбатдаги чорак учун тахмин қилинаётган фойданинг олдинги даврлар учун кўрсаткичларга нисбатан камайтирилиши – бу ҳуқуқбузарлик ҳам, хато ҳам эмас. Бу хўжалик амалиётида тез-тез дуч келинадиган вазият. Ҳеч қандай шаклда – “дўстона” хат ёки “талабнома” кўринишида – солиқчилар бу вазиятнинг сабабларини сўраб олишга ҳақли эмас.

Жавобнинг 2-варианти – “дўстона”. Солиқчилар ўз хатларини    ҳуқуқбузарликларни олдини олишга қаратилган “дўстона” хат деб биладилар. Шунинг учун, солиқчилар билан нормал ишчанлик муносабатларини сақлаб қолмоқчи бўлсангиз, ДСИ хатига жавоб беринг.

Аванс тўловлари бўйича тақдим этилган маълумотлар солиқ даври учун молиявий натижалар прогнози асосида ҳисобланганлигини таъкидлаб ўтинг. Хатда тахмин қилинаётган фойданинг камайтирилишининг объектив сабабларини кўрсатинг:

-ишлаб чиқаришнинг мавсумий тусга эгалиги;

-хом ашё ва материалларга нарх ва тарифларнинг ошиши;

-ишлаб чиқариш имкониятлари;

-қурилиш ва таъмирлаш ишлари;

-рақобатнинг кучайиши;

-ишлаб чиқарилаётган маҳсулотга талабнинг пасайиши ва бошқалар.

Диққат

Фойдани синчиклаб прогноз қилинг. Агар у ҳақиқатда 10%дан кўп камайтирилган бўлса, пеня тўлашга тўғри келади. Ҳар бир кечиктирилган кун учун 0,045% ҳисобланади, агар:

  • солиқлар бўйича ҳисоб-китоб ўз вақтида ва тўғри топширилган бўлса, бироқ уларни тўлаш учун маблағ мавжуд бўлмаса;
  • хато мустақил равишда топилса ва қайта ҳисоб-китоб топширилса.

Агар пеня солиқчилар томонидан солиқ текшируви натижалари бўйича ҳисобланса, ҳар бир кечиктирилган кун учун у 0,06%ни ташкил этади.

Buxgalter.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг