• beta

Корхона февралдан ҚҚС тўлашга ўтган ва аванслар мавжуд бўлса, ДСИ талабномасига қандай жавоб бериш лозим

29.05.2019

Вазият: ташкилот 2019 йил январь–март ойлари учун ҚҚСни қўшимча ҳисоблаш ҳақида талабнома олди. ДСИ олинган аванслар суммаси релизация қилиш ҳажмига мувофиқ келмайди деб ҳисоблаб, қўшимча ҳисоблаш учун асос сифатида келтирган. ТМЗ қолдиқлари бўйича ҚҚСни ҳисобга олиш механизми тўғри қўлланганлиги ҳам ДСИда шубҳа уйғотган.

Ташкилотнинг позицияси: Жорий йилнинг январь ойида ташкилотимиз ҚҚС тўловчиси ҳисобланмаган ва ЯСТ тўлаган. Тегишинча, ушбу давр учун ҚҚС ҳисобланмаган. Жорий йилнинг февраль ойидан тушум мезонидан келиб чиқиб ҚҚС тўлашга ўтдик (Солиқ кодексининг 351-моддаси 5-қисми).

Ташкилотимиз Солиқ кодексининг 218-моддаси шартларига риоя этган ҳолда 2019 йил 1 февралдаги ҳолатга кўра товар-моддий бойликлар ҳақиқатда мавжудлигини аниқлаш ва улар бўйича ҚҚСни ҳисобга олиш мақсадида омбордаги уларнинг қолдиқларини хатловдан ўтказди.

Солиқ кодексининг 199204-моддаларига мувофиқ, олинган аванслар суммаси реализация қилиш обороти ҳисобланмаслигига ва унга ҚҚС солинмаслигига эътиборингизни қаратамиз.

ДСИнинг талабномасига жавоб хати намунаси

 «___» ________ 2019 йилдаги ___-сон талабномангизга жавобан қуйидагиларни маълум қиламиз.

Ташкилотимиз улгуржи савдо билан шуғулланади. 1.01.2019 йилдаги ҳолатга кўра ташкилотимиз ҚҚСни ихтиёрий равишда тўламай, солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибини (ЯСТ) қўллаган. 2019 йил январь ойида ташкилотимизнинг тушуми 1 200 млн сўмни ташкил этган.

Солиқ даврида олинган ялпи тушуми 1 млрд сўмдан ошган ЯСТни тўловчилар белгиланган чегаравий миқдор ошиб кетган ойдан кейинги ойнинг бошидан бошлаб умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтади (Солиқ кодексининг 351-моддаси 5-қисми). Корхонамиз 2019 йил февралдан умумбелгиланган солиқларни тўлашга, шу жумладан ҚҚСни тўлашга ўтган. Тегишинча, 2019 йил январь ойи учун ҚҚС ҳисоблашга асос мавжуд эмас.

2019 йил февраль ва март ойларидаги тушум ҚҚСни ҳисобга олмаганда 2 200 млн сўмни, ҚҚС суммаси 440 млн сўмни ташкил этган. Ушбу кўрсаткичлар 2019 йил январь–март ойлари учун 5-илова «Реализация қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар реестри»да акс эттирилган.

2019 йил февраль–март ойларида харид қилинган товарлар ва хизматлар суммаси 2 500 млн сўмни ташкил этган, улар бўйича 500 млн сўм миқдоридаги ҚҚС ҳисобга олинган (Солиқ кодексининг 218-моддаси). Маълумотлар 4-илова «Харид қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар реестри»да акс эттирилган.

Умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтилганда юридик шахс товар-моддий захираларнинг қолдиқлари бўйича ўтилган пайтдан эътиборан ҚҚС суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқига эга бўлади (Солиқ кодексининг 218-моддаси 6-қисми). Унга мувофиқ ташкилотимиз Солиқ кодексининг 218-моддасидаги барча шартларга риоя этган ҳолда товар-моддий бойликлар ҳақиқатда мавжудлиги ва улар бўйича ҚҚС ҳисобга олинганини аниқлаш мақсадида 1.02.2019 йилдаги ҳолатга кўра уларнинг омбордаги қолдиқларини хатловдан ўтказган.

Хатловдан ўтказгач, ҚҚС билан харид қилинган товарлар қолдиқлари 700 млн сўм, ҳисобга олинадиган ҚҚС суммаси 140 млн сўм миқдорида эканлигини тасдиқладик. Тақдим этилган ахборотни тасдиқлаш мақсадида ҳисобварақ-фактуралар рақамлари ва саналари, етказиб берувчиларнинг номи ва уларнинг СТИРи, етказиб бериш қиймати ва ҚҚС суммаси кўрсатилган инвентаризация далолатномалари нусхаларини тақдим этамиз.

Солиқ кодексининг 224-моддасига асосан – 200 млн сўм (440 млн сўм – (500 млн сўм + 140 млн сўм)) миқдорида салбий ҚҚСни ҳисоблаб чиқардик, у ҚҚС ҳисоб-китобининг 050-сатрида акс эттирилган. Ушбу сумма ҚҚС ҳисоб-китобига 3-илова «Ҳисобга олинадиган қўшилган қиймат солиғи суммаси ҳисоб-китоби» ва 4-илова «Харид қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар реестри»да кўрсатилган ҚҚСни ҳисобга олиш суммасидан келиб чиқди.

Бундан ташқари, 1.05.2019 йилдаги ҳолатга кўра харидорлардан олинган аванслар қолдиғи 150 млн сўмни ташкил этганини маълум қиламиз. Кўрсатилган сумма 2-сон БҲМС «Асосий хўжалик фаолиятидан тушган даромадлар»нинг (АВ томонидан 26.08.1998 йилда 483-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 9, 11, 12, 18-бандлари, Солиқ кодексининг 129 ва 22-моддаларига мувофиқ жорий йилнинг келгуси ҳисобот даврларида ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштирган ҳолда амалда юклаб жўнатилганда даромад сифатида тан олинади.

Юқорида баён этилганлар асосида ҚҚСни қўшимча ҳисоблаш ҳақидаги талабномани асоссиз деб ҳисоблаймиз.

 

Ҳурмат билан,

корхона директори                _______________________                     (Ф.И.О.)

 

Хат намунасини

бош бухгалтер Акбар Шоисломов тайёрлади.

 

 

Buxgalter.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг