• beta

Қарз шартномаси бўйича фоизлар қарз қопланадиган санада тўланса, ДСИга қандай жавоб бериш лозим

13.05.2019

Бухгалтерлар камерал назорат якунларига кўра солиқ органлари жўнатган талабномаларга жавоб беришларига тўғри келади. Buxgalter.uz намунавий жавобларни чоп этиб, бухгалтерларга ёрдам бермоқда. Улар тажрибаси билан ўртоқлашмоқчи бўлган бош бухгалтерлар, солиқ маслаҳатчилари, бошқа мутахассислар томонидан тайёрланган. Сиз ҳам шундай қилишингиз мумкин – вазият тавсифи ва жавобларни talabnoma@buxgalter.uz почтасига йўлланг. Бир-биримизга ёрдам берайлик!

 

Вазият: Ташкилот 2018 йилда ЯСТ тўловчиси ҳисобланган. 2019 йил мартда Солиқ кодексининг 135-моддаси 4-қисмига мувофиқ молиявий заёмдан фойдаланганлик учун тўланиши лозим бўлган фоизлар суммасига ЯСТ ҳисоблаш ва тўлаш ҳақида туман ДСИдан талабнома олди. ДСИ 2018 йил учун тақдим этилган молиявий ҳисоботдан келиб чиқиб олинган молиявий заём қолдиғини аниқлаб, қолдиқнинг бутун суммасига йиллик 14% ставкасида заёмдан фойдаланганлик учун фоизларни ҳисоблаган ва олинган даромад суммасига 5%лик ставкада ЯСТ ҳисоблаган. Бундан ташқари, дивидендлар ва фоизлар тарзидаги даромадларни тўлаш манбаида фойда солиғи суммаси қўшимча ҳисобланган.

 

Ташкилотнинг позицияси. Ташкилот қарзнинг асосий суммасини қоплаш санасида (2019 йил ноябрда) фойдаланганлик учун фоизларни тўлаш шарти билан ҳақиқатан ҳам қайтариб бериладиган молиявий заём олган. У олинган санада қарз шартномаси бўйича фоиз ставкаси МБнинг қайта молиялаштириш ставкасидан ошади. Тегишинча, ушбу вазиятда Солиқ кодексининг 135-моддаси 4-қисмидаги норма қўлланилмайди.

 

Бундан ташқари, қарз шартномаси шартларига кўра 2018 йилда қарзнинг асосий суммаси қопланмаган. Ташкилотда 2018 йилда дивидендлар ва фоизлар тарзидаги даромадларни тўлаш манбаида фойда солиғини тўлаш мажбурияти юзага келмайди.

 

ДСИнинг кўрсатма берувчи хатига жавоб хати намунаси

 «___» ________ 2019 йилдаги ___-сон талабномангизга жавобан қуйидагиларни маълум қиламиз.

 

Ташкилотимиз пудрат шартномалари асосида, шу жумладан марказлаштирилган молиялаштириш манбаларига эга буюртмалар бўйича қурилиш-монтаж хизматлари кўрсатади.

 

Ташкилотимиз олган заём қарз берувчига қайтарилиши лозим ва қарзнинг асосий суммасини қоплаш санасида (2019 йил ноябрда) фоизлари билан бирга тўланади. Қарз шартномаси нусхасини илова қилмоқдамиз.

 

Заём олинган санада қарз шартномаси бўйича фоиз ставкаси МБнинг қайта молиялаштириш ставкасидан ошганини ҳам маълум қиламиз.

 

Тегишинча, Солиқ кодексининг 135-моддаси 4-қисми ташкилотимизга нисбатан татбиқ этилмайди. Шу сабабли ЯСТ ҳисоб-китобига 1-илова 050-сатрида ҳеч қандай кўрсаткичларни қайд этмаганмиз.

 

2019 йил 1 январь ҳолати бўйича олинган молиявий заём суммаси 1 500 000 минг сўмни ташкил этган, у Бухгалтерия балансининг 740-сатрида акс эттирилган. Ташкилотимиз қарз берувчига фоизларни тўлаш пайтида, яъни 2019 йил ноябрда юридик шахслардан тўлов манбаида олинадиган фойда солиғини ушлаб қолиши ва тўлаши керак (Солиқ кодексининг 165-моддаси 2-қисми). Солиқ агенти тўлов манбаида ушлаб қоладиган дивидендлар ва фоизлар тарзида тўланадиган даромад солиғи ҳисоб-китоби тўлов амалга оширилган ҳисобот даври тугагандан кейин 25 кундан кечиктирмай тақдим этилади (Солиқ кодексининг 165-моддаси 4-қисми 2-банди). Бизнинг вазиятда уни 2019 йил IV чораги учун албатта тақдим этамиз.  

 

Шу тариқа, 10 500 минг сўмлик суммани қўшимча ҳисоблаш ҳақидаги талабни асоссиз деб ҳисоблаймиз.

 

Бироқ фоизларга доир харажатларни Бухгалтерия баланси кўрсаткичларида (760-сатр) ва 2018 йил учун Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботда (180-сатр) акс эттирган ҳолда ҳисобламаганмиз.

 

Шу муносабат билан 2018 йил учун молиявий ҳисоботни қайта топширамиз. Мазкур вазиятда солиқлар бўйича ҳеч қандай қўшимча ҳисобланмалар юзага келмайди.

 

Ҳурмат билан,

корхона директори                _______________________                     (Ф.И.О.)

 

Хат намунасини

бош бухгалтер Акбар Шоисломов тайёрлади.

 

Buxgalter.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг