Агар ходим ишдан бўшатиш тўғрисида огоҳлантириш муддати даврида “прогул қилса”

preview

Ходим ўз хоҳишига биноан ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзди ва шундан сўнг келаси кундан бошлаб ишга чиқишни тўхтатди. Кадрлар бўйича инспектор билан телефон орқали сўзлашувда у барибир 2 ҳафтадан кейин ишдан бўшаши боис бошқа ишлаш истаги йўқлигини баён қилди. Иш берувчи ҳуқуқбузарга нисбатан қандай чоралар кўриши мумкин? У ходимга меҳнат шартномасини бекор қилишни рад этишга ва ишдан бўшаш муддатини “ишлаб бермагани” муносабати билан кўчиришга ҳақлими?

Buxgalter.uz илтимосига биноан саволга “Норма”нинг меҳнат ҳуқуқи бўйича эксперти Ленара ХИКМАТОВА жавоб берди:

- Меҳнат қонунчилигида “ишлаб бериш” каби бундай тушунча мавжуд эмаслигидан бошлаймиз. Ходим, ўз ташаббусига биноан меҳнат шартномасини бекор қилишни истаган ҳолда, бу ҳақда иш берувчини камида 2 ҳафта олдин огоҳлантиради . Ўз хоҳишига биноан ишдан бўшаш тўғрсидаги аризани ҳатто “касаллик таътили” ёки таътилда бўлганда ҳам бериши мумкин. Ушбу даврлар огоҳлантириш муддатига киради.

Шу боис бунда ишда  ҳозир бўлиш ва меҳнат вазифаларини бажаришни назарда тутиб, ходимни ишдан бўшашдан олдин камида 2 ҳафда ишлаб беришга мажбур қилиб бўлмайди. Тегишинча – огоҳлантириш даврида ходим ишда бўлмаганлиги муносабати билан ишдан бўшатиш санасини кўчириш мумкин эмас.

Огоҳлантириш муддати ўтгач, иш берувчи ходимга меҳнат дафтарчаси ва ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқнинг нусхасини бериши шарт. Меҳнат шартномасини бекор қилишни ҳеч қандай ҳолатда, шу жумладан қуйидаги муносабат билан иш берувчининг ташаббусига биноан  кечиктириб бўлмайди:

  • бошланган ишни тугатмагани;
  • қарзи йўқлиги варақасининг имзоланмагани;
  • ходимнинг моддий қийматларни топширмагани . Бунда меҳнатга оид муносабатларнинг бекор қилинганлиги собиқ ходимни моддий жавобгарликдан озод қилмайди .

Вазият
Ишдан бўшаган ходимдан зарарни ундириш
Моддий қимматликларни қўриқлайдиган ходим ўз хоҳишига биноан ишдан бўшаш тўғрисида ариза берди. У билан меҳнат шартномаси бекор қилингач, корхонада тафтиш ўтказилди. Унинг асносида камомад аниқланди, ишдан бўшаган қоровул бунда айбдор деб топилди. Уни моддий жавобгарликка тортиш мумкинми?
- Ҳа, мумкин. Зарар етказилганидан кейин меҳнат шартномасининг бекор қилинганлиги собиқ ходимни моддий жавобгарликдан озод қилмайди . Агар собиқ ходим уни ихтиёриш равишда қоплашдан бош тортса, зарарни суд тартибида ундириш мумкин.

Ишдан бўшатиш кунида ходимнинг ишда бўлмаганлиги “ўз хоҳишига биноан” меҳнат шартномасини бекор қилишни расмийлаштиришга тўсқинлик  қилмайди.

Буйруқ чиқаринг, уни ЯММТда рўйхатдан ўтказинг, ишдан бўшатиш тўғрисидаги ёзувни қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчасига киритинг. Шунингдек, меҳнат шартномасини бекор қилиш кунида ходимга келиб буйруқ нусхаси ва меҳнат дафтарчасини олишни кўрсатган ҳолда почта хабарномасини жўнатинг . Меҳнат шартномасини ходимнинг розилигисиз почта орқали жўнатиш мумкин эмас.

Агар огоҳлантириш муддати тугагач ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинмаган бўлса ва меҳнатга оид муносабатлар ўзаро розилик асосида давом этса, “ўз хоҳишига биноан” ишдан бўшаш тўғрисидаги ариза ўз кучини йўқотади. Меҳнат шартномасини ушбу ариза асосида энди бекор қилиб бўлмайди. МКнинг 99-моддасига биноан ишдан бўшатиш учун ходим янги ариза бериши керак.

Эслатиб ўтамиз: ходим аризани бевосита корхона раҳбарига бериши шарт эмас. Ҳужжатни унинг ўринбосарига, қабулхона котибига, кадрлар бўлимига, девонхонага ва бошқаларга топшириш мумкин .

- Огоҳлантириш муддати қандай ҳисоблаб чиқарилади?

- Меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги огоҳлантириш муддати ариза топширилганидан кейинги кундан бошланади. Масалан, ариза 2020 йил 22 октябрда топширилди, шунда муддатни ҳисоблаш 23 октябрдан бошланади. Ишдан бўшатиш куни – 2020 йил 5 ноябрь.

Агар огоҳлантириш муддатининг тугаши дам олиш ёки ишланмайдиган байрам кунига тўғри келса, меҳнат шартномасининг бекор бўлиш куни бўлиб ундан кейинги биринчи кун ҳисобланади . Масалан, агар огоҳлантириш муддати 8 декабрда жума куни (Конституция куни) тугаса, 5-кунлик иш ҳафтасида ишдан бўшатиш куни душанба 11 декабрь, 6-кунлик иш ҳафтасида эса – шанба 9 декабрь бўлади .

- Огоҳлантириш муддатида прогул қилаётган ходимга нисбатан қандай чоралар кўриш мумкин?

- Бўлғуси ишдан бўшашга қарамай, ходим сўнгги иш кунига қадар (сўнгги иш куни ҳам киради) корхонада ўрнатилган меҳнат интизомига риоя қилиши ва ўз меҳнат вазифаларини лозим даражада бажариши керак  . У огоҳлантириш муддати ўтгунга қадар иш берувчининг розилигисиз ишни ташлаб кетишга ҳақли эмас. Истисно – узрли сабабларга кўра ишда бўлмаслик – таътил, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даври,  давлат ёки жамоат мажбуриятларини бажариш ва ҳ.к.

Узрли сабабларсиз прогулларда ёки меҳнат вазифаларини лозим даражада бажармаганда иш берувчи ходимни интизомий жавобгарликка тортиши мумкин. Қуйидаги жазо чораларидан бирини қўллаш мумкин:

  • ҳайфсан;
  • ўртача ойлик иш ҳақининг 30%идан ортиқ бўлмаган миқдорда (ички меҳнат тартиби қоидаларида назарда тутилган тақдирда 50%идан ортиқ бўлмаган миқдорда)  жарима солиш;
  • ўз меҳнат вазифаларини мунтазам равишда ёки бир марта қўпол равишда бузганлиги учун МКнинг 100-моддаси 2-қисмининг 3 ёки 4-бандига биноан ишдан бўшатиш – қонунчиликда назарда тутилган қоидаларга риоя қилган ҳолда. Яъни ўз хоҳишига биноан ишдан бўшатиш тўғрисида ходим томонидан берилган аризага қарамай, меҳнат шартномасини бекор қилиш бошқа асос – ходим томонидан айбли ҳаракатлар содир этилиши муносабати билан юз беради. Шубҳасиз, ходим учун – бу кўнгилсиз ҳолат. Бироқ, шуни инобатга олингки, меҳнат шартномасини бекор қилиш асоси қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчасида кўрсатилмайди. Шунингдек, ишдан бўшатиш асоси кейинги иш берувчи учун ЯММТда шакллантириладиган электрон меҳнат шартномасида акс эттирилмайди. Амалиётда кўп ҳолларда иш берувчи ишга қабул қилиш чоғида қайси модда асосида ишдан бўшатилганлигини билиб олиш мақсадида номзодлардан илгариги иш жойидан бўшаш тўғрисидаги буйруқ нусхасини  талаб қилишади. Бироқ бу ғайриқонуний, сабаби буйруқ ишга кираётган томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхатига кирмайди .

Шунингдек, ходимга нисбатан бошқа таъсир чораларини қўллаш мумкин, шу жумладан – танланган интизомий жазо чорасига қўшимча равишда. Масалан, ҳайфсан билан бир қаторда ходимни мукофотдан, йиллик иш якунига кўра бериладиган қўшимча рағбатлантириш тўловларидан маҳрум этиш  ва ҳ.к..