Акциз солиғи бўйича ўзгаришлар: чегирма бекор қилинди, янги акциз жорий этилди, индексация қилинди

preview

 

Солиқ кодексига, шунингдек 2019 йилги акциз солиғи ставкаларига ўзгартиришлар киритилди. Бу 24.12.2018 йилдаги ЎРҚ–508-сон Қонун ва Президентнинг 26.12.2018 йилдаги ПҚ–4086-сон қарори билан назарда тутилган.

 

2019 йил 1 январдан акциз солиғини ҳисоблаш ва тўлаш тартибига қуйидаги ўзгартиришлар киритилади:

  • ишлаб чиқариш ва сотиш занжирида тўланган акциз солиғи суммаси ҳисобга олинмайди;
  • акциз солиғи солинадиган янги товарлар ва хизматлар киритилади;
  • алкоголли маҳсулотларга акциз солиғи ставкалари индексацияланади;
  • «Женерал Моторс Ўзбекистон» АЖ ишлаб чиқарган автомобиллар, табиий газ ва ишлаб чиқариладиган нефть маҳсулотларига акциз солиғи ставкалари пасайтирилади.

 

Энди ўзгартиришларга алоҳида тўхталиб ўтамиз.

 

1) Акциз тўланадиган товарлардан келгусида акциз тўланадиган товарлар ишлаб чиқариш учун хом ашё сифатида фойдаланилса, улар сотиб олинганда ёки импорт қилинганда тўланган акциз солиғи суммаси чегирилар эди (ҚҚС ҳисоблаб чиқарилганда бўлгани каби).

 

2019 йил 1 январдан акциз солиғи суммасини чегириш тартиби бекор қилинади.

 

Чегирма бекор қилинишини мисол ёрдамида тушунтириш мумкин: алкоголли маҳсулотлар (акциз солиғи солинадиган) ишлаб чиқариш учун озиқ-овқат спиртидан (унга ҳам акциз солиғи солинади) фойдаланганда, алкоголли маҳсулотларга акциз солиғи ҳисобланганда спирт бўйича акциз камайтирилар эди (чегирилар эди). Энди алкоголли маҳсулотларга акциз ҳисобланганда спирт бўйича акциз чегирилмайди.

    

2) Акциз солиғи солинадиган янги товарлар ва хизматлар жорий этилмоқда (26.12.2018 йилдаги ПҚ–4086-сон қарорнинг 9-банди ва унга 19-илова):

 

а) полиэтилен гранулаларга 25%лик ставкада акциз солиғи солинади.

 

Илгари полиэтилен гранулалар ишлаб чиқарувчиларнинг қўшимча даромадига қўшимча фойда солиғи солинар эди. Бироқ амалдаги қонунчиликка мувофиқ ер қаъридан фойдаланувчиларга қўшимча фойда солиғи солинади. Полиэтилен гранулалар фойдали қазилма эмас, балки уларни қайта ишлаш маҳсулоти ҳисобланади.

 

б) бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқ ўрнига қуйидаги ставкаларни белгилаган ҳолда якуний истеъмолчига реализация қилаётганда ундириладиган акциз солиғи жорий этилмоқда:

  • бензин – 1 литри учун 285 сўм/1 тоннаси учун 378 480 сўм;
    дизель ёқилғиси – 1 литри учун 285 сўм/1 тоннаси учун 346 275 сўм;
    суюлтирилган газ – 1 литри учун 285 сўм/1 тоннаси учун 540 645 сўм;
    табиий газ – 1 куб метри учун 435 сўм.

 

Бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқни тўловчилар уларни охирги истеъмолчиларга, ш.ж. автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари орқали реализация қилувчи юридик шахслар ҳисобланар эди. Ушбу солиқ ва акцизга оид қоидалар кўп жиҳатдан ўхшаш. Шу сабабли солиқ тизимини соддалаштириш ва солиқлар сонини қисқартириш мақсадида бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқ акциз солиғи билан алмаштирилди.

 

в) бир вақтнинг ўзида мобиль алоқа хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар (уяли алоқа компаниялари) томонидан абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўлов ҳақини 4 000 сўмдан 2 000 сўмга пасайтирган ҳолда 15%лик ставкада акциз солиғи жорий этилмоқда.

 

Акциз солиғини, қўшилган қиймат солиғини ва абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўловни ўз ичига олмайдиган, акциз тўланган ҳолда кўрсатилган хизматларнинг қиймати ушбу хизматлар бўйича солиқ солиш базаси ҳисобланади (Солиқ кодексининг 232-моддаси). Абонент тўлови суммаси 26.12.2018 йилаги ПҚ–4086-сон қарорга 18-иловага мувофиқ Ахборот технологияларини ривожлантириш жамғармаси ва бошқа жамғармаларга келиб тушади.

 

Акциз солиғининг жорий этилиши, мулоқот қийматига қараб мутаносиб равишда ушлаб қолишдан келиб чиққан ҳолда, абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўловга қараганда адолатлироқ солиқ солишни таъминлайди. Илгари уяли алоқа компаниялари абонент мулоқотининг давомийлиги ва қийматидан қатъи назар, ҳар бир абонент учун бир хил суммада абонент ҳақи тўлар эдилар.

 

3) Алкоголли маҳсулотлар (ш.ж. пиво) ва сигаретага акциз солиғи ставкалари икки босқичда индексацияланади (26.12.2018 йилдаги ПҚ–4086-сон қарорга 19-илова):

 

а) 2019 йил 1 январдан (бир дал учун):

  • этил спирти – 9 800 сўм (25%га ошади);
    табиий винолар – 7 700 сўм (10%га ошади);
    бошқа винолар – 13 200 сўм (10%га ошади);
    коньяк – 92 500 сўм (25%га ошади);
    ароқ ва бошқа алкоголли маҳсулотлар – 84 500 сўм (25%га ошади);
    пиво – 9 200 сўм (20%га ошади);

 

2019 йил 1 июлдан қўшимча равишда 20%гача ошади.

 

б) қатъий белгиланган ставка индексация қилинган ҳолда сигаретага акциз солиғи бўйича аралаш ставка (адвалор + қатъий белгиланган, Солиқ кодексининг 235-моддаси) жорий этилмоқда:

  • 4% миқдорида адвалор ставка (қийматдан фоизда);
    қатъий белгиланган ставка (1 000 донаси учун) 2019 йил 1 январдан117 900 сўм (40%га ошади), 2019 йил 1 июлдан қўшимча равишда 20%гача ошади.

 

Аралаш (адвалор + қатъий белгиланган) ставканинг жорий этилиши қимматроқ сигареталардаги акциз солиғи улушини ошириб, янада адолатли акциз солиғи солинишини таъминлаш имконини беради.

 

4) «Женерал Моторс Ўзбекистон» АЖ ишлаб чиқарган автомобиллар, табиий газ ва ишлаб чиқариладиган нефть маҳсулотларига акциз солиғи ставкалари пасайтирилмоқда (26.12.2018 йилдаги ПҚ–4086-сон қарорга 19-илова).

 

                                                                                 Жорилла Абдуллаев.