ДСҚнинг расмий хабари

preview

2019 йил 15 мартдаги «Тўланмайдиган тўловлар бўйича маълумотнома нима учун керак» материалига жавобан Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси buxgalter.uz сайти манзилига расмий хабар йўллади.

 

Давлат солиқ қўмитаси солиқ ҳисоботларини қисқартириш ва соддалаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Солиқ сиёсатини такомиллаштириш Концепцияси талабларини изчил амалга ошириб келмоқда. Хусусан, 2019 йилдан Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва Ягона ижтимоий тўлов бўйича ҳисобот шакллари бирлаштирилди, фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи ва ягона солиқ тўлови бўйича ҳисоботлар соддалаштирилди. Бу борадаги ишлар кейинчалик, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексини қабул қилиш доирасида ҳам давом эттирилади.

 

Солиқ органлари сервис хизмати сифатида солиқ тўловчиларни солиқ қонунчилигининг бузилишига олиб келадиган ҳолатлар тўғрисида огоҳлантириб туришлари лозим. 2019 йил 18 февралдаги Хабарноманинг мақсади ҳам айнан шу эди. У билан солиқ тўловчиларнинг эътибори фойда солиғи бўйича жорий тўловлар тўғрисида маълумотнома ўз вақтида тақдим этилиши зарурлигига қаратилган.

 

Бунда гап жарима қўллаш тўғрисида эмас, балки умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтган солиқ тўловчилар фойда солиғи тўғрисида тасаввурга эга бўлиши, солиқ ҳисоботини тўлдириш тажрибасини ошириш ҳамда юзага келиши мумкин бўлган саволлар ечимини топиш ҳақида кетмоқда.

 

Ваҳоланки, солиқ органлари жорий йилнинг 22 февралидаги видеоселектор  йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан берилган “...бу йил янги солиқ тизимининг тартиб-қоидалари ва ҳисоб-китоблари тадбиркорлар онгида тўлиқ шаклланмагунча, уларни жазолашга, жаримага тортишга умуман йўл қўйилмасин. Аксинча, улар тадбиркорларга маслаҳатчи ва кўмакчи бўлиб, солиқларни аниқ ҳисоблаш ва тўлашда тўғри йўл кўрсатиши керак” деган топшириқни бажармоқда.

 

Давлат солиқ қўмитаси ва Молия вазирлигининг қарори (АВ рўйхат рақами 3126, 2019 йил 21 январь) билан назарда тутилган Фойда солиғи бўйича жорий тўловлар тўғрисидаги маълумотномага келсак, унинг тўлдирилиши прогнозлаш мақсадида зарур. Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи бўйича тахмин қилинаётган солиқ солинадиган база (010 сатр) тўғрисидаги маълумотлар 2019 йилда фойда солиғи бўйича тушумлар прогнозини ҳисоб-китоб қилиш учун муҳимдир.