Талабномага қандай жавоб бериш лозим: ўз эҳтиёжимиз учун импорт қилганмиз, ЯСТ бўйича қўшимча ҳисоблаш керак эмас

preview

Бухгалтерлар камерал назорат якунларига кўра нафақат солиқ органлари жўнатган талабномаларга, балки ДСИ кўрсатма берган хатларга ҳам жавоб беришларига тўғри келади. Buxgalter.uz намунавий жавобларни чоп этиб, бухгалтерларга ёрдам бермоқда. Улар тажрибаси билан ўртоқлашмоқчи бўлган бош бухгалтерлар, солиқ маслаҳатчилари, бошқа мутахассислар томонидан тайёрланган. Сиз ҳам шундай қилишингиз мумкин – вазият тавсифи ва жавобларни talabnoma@buxgalter.uz почтасига йўлланг. Бир-биримизга ёрдам берайлик!

Вазият

Ташкилот 2018 йилда олиб кирилган «импорт товар» қийматига 354 400 минг сўмлик суммада ЯСТни қўшимча ҳисоблаши кераклиги ҳақида талабнома олди. Божхона органларидан олинган ахборот қўшимча ҳисоблаш учун асос бўлган.

Ташкилотнинг позицияси

Компаниямиз қайта сотишга мўлжалланган товарларни олиб кирмаган. 2018 йилда ўз автопаркимизни кенгайтириш ва транспорт хизматларини кўрсатиш мақсадида янги юк автомобилларини олиб кирганмиз. Барча автомобиллар ҳисобга олинган, лицензия карточкалари (ҳар бир автомобиль учун алоҳида ёзилади, маълумотлар солиқ инспекцияси органларида акс эттирилади) мавжуд.

ДСИнинг кўрсатма берувчи хатига жавоб хати намунаси

 «___» ________ 2019 йилдаги ___-сон талабномага жавобан шуни маълум қиламизки, ташкилотимиз  «___» ________ 2018 йилдаги ___-сон лицензия асосида юкларни транспортда ташиш билан шуғулланади.

2018 йилда _____ минг АҚШ доллари суммасидаги юк автомобилларини импорт қилганмиз, у «Эркин муомалага чиқариш» режимида БЮДни расмийлаштириш санасидаги курс бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида _____ минг сўмни ташкил этган. Импорт қилинган автомобиллар орасида қуйидагилар мавжуд:

 

Импорт техниканинг номи

Бирликнинг АҚШ долларидаги қиймати

 

 

 

 

 

 

Биз 2018 йилда импорт қилган барча юк автомобиллари фойдаланишга жорий этилган ва бевосита мақсадига кўра – транспорт хизматларини кўрсатиш учун фойдаланилмоқда. Мулк ҳуқуқини бериш (олди-сотди) билан боғлиқ ҳеч қандай операциялар амалга оширилмаган.

Шуни ҳам маълум қиламизки, барча, шу жумладан 2018 йилда сотиб олинган автомобилларга Автомобиль транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш тўғрисида низомга (ВМнинг 5.12.2018 йилдаги 994-сон қарорига 1-илова) мувофиқ лицензия карточкалари расмийлаштирилган. Расмийлаштирилган лицензия карточкалари ҳақида ДСИда маълумотлар мавжуд, бу аввалги даврлар бўйича камерал назорат ўтказиш жараёнида бир неча бор тасдиқланган.

Тақдим этган ахборотимизни тасдиқлаш мақсадида хатимизга ____-сон ва ____-сон БЮД нусхаларини илова қилаяпмиз. Кўрсатилган БЮДнинг 43-устунида «1» коди – юк олувчи ўз эҳтиёжлари учун мўлжалланган маҳсулотларни олиб киргани (Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага мувофиқ) акс эттирилганига эътиборингизни қаратамиз.

Баён этилганлар асосида, 2-сон БҲМС «Асосий хўжалик фаолиятидан тушган даромадлар»нинг 9, 11, 12, 14–19-бандлари, Солиқ кодексининг 22, 355-моддаларига мувофиқ, 2018 йил учун ягона солиқ тўловини қўшимча ҳисоблаш тўғрисидаги талабни асоссиз деб ҳисоблаймиз.  

Ҳурмат билан,

корхона директори                _______________________                     (Ф.И.О.)

 

                                                 Хат намунасини

бош бухгалтер Акбар Шоисломов тайёрлади.