Камерал назорат солиқ тўловчилар учун муаммо туғдирмоқда. Бунинг сабаби нимада

preview

Нималар кўзланган эди

Режали солиқ текширувлари ўрнига камерал назорат ўтказиш ғояси ажойиб эди. Солиқ тўловчилар хотиржам ишлайдилар, солиқ органлари эса масофадан туриб ҳисоботдаги хато ва номувофиқликларни топадилар. Бир вақтнинг ўзида амалга ошириладиган барча тартиб-таомиллар регламенти қайд этилган ва йўлга қўйилганлиги боис қандай хатти-ҳаракат қилингани очиқ-ойдин кўриниб туради. Ҳар қандай масалага аниқлик киритиш ва унинг юзасидан тушунтириш олиш учун «солиқ тўловчининг шахсий кабинети»дан фойдаланилади. Текширувчилар солиқ қонунчилигининг барча нозик жиҳатларидан хабардорлар. Шу сабабли бирон жиҳатни инобатга олмаган бухгалтерга хатосини ўз вақтида кўрсата оладилар. Бухгалтерда ҳам камерал назорат билан ҳеч қандай муаммо юзага келмайди. Вақт йўқотиб, тўғри ҳисоб-китоб қилганини исботлаш учун қоғозларни кўтариб солиқ идорасига югуравермайди. Фақат жиноий жараён доирасида шахсан учрашиш зарур бўлади.   

Натижа қандай бўлди

Аввало солиқчилар мураккаб вазиятга тушиб қолдилар. Бир томондан, 2019 йилда бюджетга йиғимлар бўйича прогноз топшириқлар анча оширилган, қўшимча тушум манбаларини излаш лозим. Бошқа томондан, сайёр текширувларга мораторий амал қилмоқда. Солиқ кодексининг 121-бобида камерал назоратга оид базавий тушунчалар берилган. Бироқ солиқ органлари батафсил регламентни қайд этиш, уни қабул қилиш, эълон қилиш ва солиқ тўловчиларга етказишга улгурмадилар. 

Солиқ кодексига мувофиқ, солиқ тўловчи талабномага 10 кун ичида жавоб бериши керак. Бироқ бундай талабномалар сони кенг оммага маълум бўлмаган ички йўриқномалар билан чекланган кўринади. Ёхуд уларни биргина манзилга кетма-кет йўллаш ўринсиз туюлгандир. Шу сабабли қандай мақомга эгалиги тушунарсиз бўлган сон-саноқсиз хатлар, 3 кун муддатда у ёки бу ахборотни, ҳужжатларни тақдим этиш «илтимоси» билан қилинган қўнғироқлардан фойдаланилди.

Бунда солиқчилар масалага конструктив тарзда ёндашаётгандек кўринади: «биз – ҳамкорингизмиз, солиқларни тўғри тўлашингизга кўмаклашмоқчимиз. Фикримизча, бу ерда тўлиқ тўламагансиз… Шу сабабли норасмий тарзда нима учун бунчалик кам тўлаганингиз сабабини тушунтиринг, ана шунда қўшимча тўлаш тўғрисида талабнома юбормаймиз. Буни сизнинг манфаатингизни кўзлаяпмиз, жазодан қутулиб қолишингизда ёрдам бераяпмиз»… Бироқ айнан шу «норасмий» ёндашув солиқчиларга ҳам, бухгалтерия ходимларига ҳам зарба бўлиб тушмоқда. Бунинг сабаби нимада?

Биринчидан, солиқчилар етарли билим даражасига эга эмаслиги маълум бўлди, май ойида солиқ хизмати органлари ходимлари идоравий аттестациядан ўтказилганда бу яққол кўринди. Афсуски, кўп талабномаларнинг мазмуни ҳам буни тасдиқлайди.

Иккинчидан, норасмий мурожаат қилиш ҳоллари кўп учрамоқда – ахир, регламент мавжуд эмас-ку. Шаффофлик ҳам. Телефон қўнғироқлари тўғрисида баённома тузиб бўлмайди. Бухгалтерлар бундай мурожаатларга қандай қилиб тўғри муносабат билдиришни билмайдилар, бу ҳолда уларнинг ҳуқуқларига тўлақонли риоя этилаётганига ишончлари комил эмас. 

Учинчидан, масофадан туриб камерал назорат ўтказиш принципи декларатив тусга эга бўлиб чиқди. Солиқ тўловчи виртуал «кабинет» орқали амалга оширадиган кўп хатти-ҳаракатларини шахсан келиб тасдиқлаши талаб этилади. «Кабинет» орқали электрон тарзда тушунтириш йўлладингизми, дубликатини қоғозга чиқариб, солиқ органи канцеляриясига шахсан топширинг. Нима учун? Худо билади… У ҳолда «кабинет» нега керак?

Бухгалтер нима қилсин?

121-бобда тилга олинмаган камерал «хатлар»га жавоб бериш зарурми ёки уларни писанд қилмаслик керакми? Телефон қўнғироқларига қандай муносабат билдириш лозим? Телефон орқали хушмуомалалик билан «ташкилотдаги ходимлар сонини тасдиқлаш учун барча ходимларнинг паспорт нусхаларини олиб келишни» сўраётган солиқ органи ходимини қўллаб-қувватлаган маъқулми? Солиқ кодексини яхши билмай туриб ёзилган, бироқ аввалги тушунтиришлар текширувчини қаноатлантирмагани ёки, қанчалик ғалати эшитилмасин, йўқолиб қолгани сабабли кетма-кет йўлланаётган талабномаларга қандай муносабат билдириш керак?

Профессионаллар бу борада қандай фикрда?

«Низолашиш ўринсиз»

Гулнора ЭРГАШЕВА, солиқ маслаҳатчиси:

– Солиқ органи ишларнинг ҳолатини ўрганиш ва хат йўллашга ҳақли. Уларга жавоб беришни тавсия этаман. Солиқ органлари Россия амалиётига таянмоқдалар – аввал талабнома қўймай, балки хат жўнатмоқдалар. Бу оралиқ босқич саналади.     

Бироқ бу фақат хатларга тааллуқли, ҳатто регламент доирасидан ташқарида ҳам улар мулоқот қилиш далили бўлиб қолади. Телефон қўнғироқларига, менимча, шундай жавоб бериш керак: «Директор оғзаки қўнғироқлар бўйича ҳеч нима олиб келмасликни тайинлаган. Ахборот беришга қарши эмасман, яширадиган жойим йўқ, расмий сўровнома йўлланг – жавоб бераман». Бўлди! Низолашиш ўринсиз.

 

 

 

«Профессионал сифатида муносабат билдиринг»

Татьяна НАЗАРОВА, «ElectEx» консалтинг компаниясининг директори: 

– Бу ҳолда ҳисоб-китобларингиздаги қайсидир жиҳатларни тушунтириш учун яна бир марта боришдан бош тортмасликни тавсия қиламан. Солиқ органларида ҳақиқатан шундай ҳуқуқ – у ёки бу маълумотларни тасдиқлаш учун солиқ тўловчига мурожаат қилиш ҳуқуқи бор. Солиқ кодексида солиқ тўловчи тақдим этган рақамлар шубҳа уйғотса, камерал назорат доирасида исталган пайт ахборотни аниқлаштиришлари мумкинлиги қайд этилган.

Бироқ бу фақат талабномага тааллуқли. Унда жавоб бериш учун қатъий белгиланган муддат – 10 кун белгиланганлигини ҳамма билади. Хоҳлайсизми ёки йўқми – унга жавоб беришингиз зарур. Бироқ бошқа ҳар қандай билдириш ва қўнғироқларга келсак – уларни писанд қилмасликка ҳақлисиз, чунки бугунги кунда солиқ тўловчига мурожаат қилишнинг бундай шакли назарда тутилмаган. Бироқ қонун ҳужжатларимиз шундай тузилганки, хоҳиш бўлса, Кодекс доирасида ушбу маълумотларни сўраб олиш сабабини топиш мумкин, бу ҳеч кимга сир эмас.

Бу турдаги сўровнома ёки қўнғироқларга профессионал сифатида муносабат билдиришни маслаҳат бераман. Қўнғироқ қилган солиқ органи ходими малакали мутахассис билан мулоқот қилаётганини билсин. Жавоб беришдан чўчимаётганингизни, бу билан ички назорат тизимини намойиш этаётганингизни, керак бўлса, исталган пайт маълумотларни тақдим этишга тайёрлигингизни ҳис қилсин. Бироқ «норасмий» формат доирасида шундай қилишга ҳақлисиз, бироқ мажбур эмассиз.

Айрим бухгалтерлар норасмий талабномаларга қанча кўп «итоат» қилсанг, хотиржам ишлашга қўймай, шунча кўп безовта қиладилар деб ҳисоблайди. Бунга қўшиламан – ҳар нарсанинг чек-чегараси бўлиши даркор. Улар бузилса, қатъий муносабат билдириш лозим. 

Давлат органи ходимлари ҳам ҳозир мажбуриятлар ва доим ҳам тушунарли бўлмаган кўрсатмалар босими остида қолган. Шу боис ушбу «чегараларни» яхшилаб ўйлаб, малакали ва асосли равишда белгилаш лозим. Имкон бўлганда уларни қўллаб-қувватлаш керак. 

Бошқа томондан, давлат ижроия органи билан ҳамкорлик қилаётганимизни унутмаслигимиз керак. Бунда маҳалладаги қўшнилар билан бўлганидек: сизга ёрдам бермоқчимиз, шунинг учун сиз бизга ёрдам беринг қабилида мулоқот қилиб бўлмайди. Уни лозим даражада ишлаб чиқиб ва шу позицияда туриб, қонунчилик форматида мулоқот қилиш даражасини белгилайлик.

 «Давлат вазиятни ўнглаши лозим»

Татьяна БЕЛОУСОВА, солиқ маслаҳатчиси, «Norma» МЧЖ экспертлар гуруҳининг раҳбари: 

– Солиқ органлари солиқ тўловчига ёрдам беришлари керак. Бу амалиётда қандай рўёбга чиқарилмоқда? Одатда, бухгалтер ишни бугун хат келмаганлигига умид қилган ҳолда шахсий кабинетга киришдан бошлайди. Сўнг қўнғироқлар, сўровномалар, солиқ органларидан илтимослар кела бошлайди, шу жумладан ишдан ташқари вақтда ҳам. Яъни хатлар ва турфа хил билдиришлар, шу жумладан телефон қўнғироқлари орқали бухгалтерларга ёрдам беришга уринаётганликларини тушуниш лозим, улар эса буни доим муносиб қарши олмайдилар.

Солиқ органлари малакали ёрдам бермоқчи бўлса, у ҳақиқатан ўринли бўлса, бундан миннатдор бўлиш лозим. Бироқ малакасиз, ишдан чалғитувчи, кишини асабийлаштирувчи ва солиқ органлари тимсолида давлатни ёмонотлиқ қилувчи бўлса-чи?

Бунда давлат органининг билдириш ёки илтимосларини писанд қилмаслик керак эмас деб ўйлайман. Бироқ телефонда айтилган талабларни дарҳол бажаришга киришиш ҳам керак эмас. Солиқ инспектори қўнғироқ қилиб, шартли равишда «эртага 11.00 га» ҳужжатларни олиб келишни сўраса, унинг илтимосига (талабига, кўрсатмасига) илтимос билан жавоб беринг. ДСИ бошлиғи ташкилотингиз номига ёзма ва расмий равишда мурожаат қилсин. Ушбу мурожаатда қўшимча ҳужжатлар, ҳисоботлар, тушунтиришларни тақдим этишга доир талаб ва кўрсатмаларини баён этсин.

Бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги Қонуннинг 28-моддасига мувофиқ, бухгалтерия ҳисобини юритишда махфийликка риоя қилиниши шарт. Бухгалтерия ҳисоби регистрларининг мазмуни билан танишишга ташкилот раҳбарининг рухсатига кўра ёки қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда йўл қўйилади. Солиқ органларининг телефон орқали ёки 3 кун муддатда ахборот тақдим этишни сўрашлари қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган. Шу сабабли рад жавоби беришга ҳақлисиз. Бухгалтер ўз билимига, тўғри хатти-ҳаракат қилаётганига ишонса, доим қарши тура олади. Бироқ ўзига ишонмаса, у ҳолда солиқчилардан ўпкаламасин.

Ҳаммаси профессионализм ва кишилар ўртасидаги муносабатга боғлиқ. Бир томонда – раҳбаридан кўрсатма олган солиқ инспектори, бошқа томонда – бухгалтер. Масаланинг ечими ҳамсуҳбатларнинг профессионализмига ва тўғри хатти-ҳаракат қилаётганига ишонишига боғлиқ.

Ушбу вазиятда инспекторнинг ўз вазифаларини яхши тушунмаслиги, қай усулда бўлмасин, раҳбарларининг истагини бажо келтиришга уриниши салбий муносабатни юзага келтирмоқда. Яъни тепадан кўрсатма келади – «солиқ тўловчилар билан алоқа қилинг, уларга ёрдам беринг, ҚҚСни ҳисобга олиш кераклигини тушунтиринг». Буйруқ ижрочига етиб келгунча «солиқ тўловчига қўнғироқ қил, зудлик билан ҳужжатларни олиб келиб, ҳисоботларини тўғри тузганини исботласин» қабилидаги гапга айланади.  

Ҳозир солиқ органларига кўп ёшлар келди, улар бухгалтерия ҳисоби, Солиқ кодекси ва бошқа НҲҲларни етарли даражада яхши билмайдилар. Улар ўқиб-ўрганишлари керак, бунга эса вақт керак. Бошқа муаммо – солиқ солишнинг соддалаштирилган тизимида ишлаган бухгалтерлар. Улар кўп йил ўзларини яхши мутахассис деб билганлар, бироқ бугун ҳаммаси ўзгариб кетди, улар саросимага тушиб қолдилар, ўзига ишонч етишмаяпти, сабаби умумбелгиланган солиқ солиш бўйича базавий билимлари ва ишлаш кўникмалари йўқ. 

Бошқа жиддий муаммо – солиқ, статистика, молиявий ҳисоботнинг турли шаклларини, шунингдек банк, нотариус, божхона ва бошқа ташкилотлардан келиб тушадиган ташқи ахборотни текшириш (солиштириш) чоғида мантиқий хатоларнинг автоматлаштирилган назорати доим ҳам тўғри олиб борилмаслигида. 

Ушбу мантиқий назорат қатъий тарзда олиб борилади, ҳисоб ва солиқ солиш билан боғлиқ барча қоидалар ва ўзига хос хусусиятларни инобатга олмайди. Автоматик равишда шаклланадиган хатолар доим ҳам мантиқий хато бўлавермайди, балки такомиллашмаган текшириш дастури билан боғлиқ бўлади. 

Масалан, корхона ходимлари моддий наф тарзидаги даромадларни олган бўлсалар (бу ЖШДС ва ЯИТ бўйича ҳисоботда акс эттирилган), фойда солиғи бўйича ҳисоботни шакллантиришда ушбу сумма чегирилмайдиган харажатлар билан солиштирилади (Солиқ кодексининг 147-моддаси). Бироқ бунда ЖШДС ҳисоботининг кўрсатилган сатрида нафақат моддий наф тарзидаги даромадлар, балки бошқа ва мулкий даромадлар бўлиши мумкинлиги инобатга олинмайди. Дастур хатони кўрсатади ва бухгалтерга фойда солиғини қўшимча ҳисоблаш тўғрисида билдириш келади.  

Бунда статистика ҳисоботларини топширишда ўтказиладиган текширувлардан фарқли равишда, хатонинг моҳияти ва уни аниқлаш услубияти очиб берилмайди.

Бу солиқ инспекторлари томонидан ҳам, бухгалтерлар томонидан ҳам ҳисоб ва солиқ солиш масалаларида вазиятни тушунишга халал беради. Солиқни қўшимча тўлаш кераклигидан бошқа ҳеч ким ҳеч нимани тушунмайди. Бу ёрдам ҳам, солиқ тўловчига кўмак ҳам эмас, балки иккала томонни чалкаштирадиган ҳолат деб ўйлайман.

Мантиқий хатоларни текшириш услубияти ҳақидаги ахборотнинг солиқ тўловчиларга очиб берилиши уларнинг солиқ ҳисобини ўрганиши ва кўникма ҳосил қилишига имкон беради. Бу мантиқий назорат тизимидаги нотўғри «солиштиришларга» тезкор тузатиш киритиш имконини беради, амалий ҳисоб ва солиқ солиш хусусиятларига кўпроқ мослаштирилган назоратни шакллантиради.  

Хулоса чиқарамиз:

Давлат органлари

  1. Камерал назорат регламентини, солиқ тўловчига мурожаатлар формати ва даврийлигини тасдиқлаши лозим.
  2. Солиқ органларининг асоссиз даъволари сабабли солиқ тўловчилар иш вақтини йўқотганлиги учун жавобгарликни аниқ қайд этиши зарур.
  3. Мантиқий хатоларни автоматлаштирилган назорат қилиш тизими солиқ тўловчи учун очиқ бўлиши лозим. Мутахассисларнинг эътирозларини инобатга олган ҳолда мавжуд тизимга тузатиш киритиши зарур.

Бухгалтерга

  • Ҳар қандай вазиятда профессионал сифатида муносабат билдириш учун ўз малакасини ошириб бориши лозим.
  • Буни сифатли ва ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда амалга оширишнинг тежамкор усулларидан бири – Bir.uz малакани баҳолаш онлайн-тизими.

 

 Юлия Яшина.