Экспорт қилувчиларга – ҚҚС тўлашни кечиктириш, кредитлар ва ташиш бўйича харажатларни компенсация қилиш

preview

Президентнинг 24.05.2019 йилдаги қарори экспорт фаолиятини давлат томонидан молиялаштириш ва суғурта ҳимояси бўйича бутун комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олади.

Биринчидан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан экспорт қилувчиларга:

  • тижорат банкларининг экспортолди кредитлари, шу жумладан, айланма маблағларни тўлдириш учун берилган кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплашга компенсация тақдим этиш;

миллий валютадаги кредитлар бўйича –МБнинг қайта молиялаш ставкасидан ошган қисмида, бироқ 10 фоизлик пунктдан кўп бўлмаган миқдорда;

хорижий валютадаги кредитлар бўйича –банклар томонидан белгиланган ставканинг 40%и, бироқ 4 фоизлик пунктдан ошмаган миқдорда;

  • кредитлар бўйича кредит суммасининг 50%игача, бироқ 4 млрд сўмдан ошмаган миқдорда кафиллик бериш учун 2019-2020 йиллар давомида Давлат бюджетидан 50 млрд сўмгача миқдорда маблағ ажратилади.

Ушбу чоралар 29.11.2018 йилдаги ПФ-5587-сон Фармон иловасида кўрсатилган хомашё товарлари экспортига нисбатан татбиқ этилмайди.

Иккинчидан, банклар экспорт қилувчи корхоналарни, шу жумладан, айланма маблағларни тўлдириш учун кредитлар бериш орқали молиялаштириш турларини кенгайтиради.

 Учинчидан, маҳаллий экспорт қилувчи корхоналар (уларнинг ваколатли вакиллари)га маҳсулотларни экспорт қилишда т/й транспортида ташиш харажатларини 50%игача миқдорда компенсация қилишга субсидиялар тақдим этилади. Экспортни рағбатлантириш агентлиги субсидиялар тўлаш бўйича ваколатли орган ҳисобланади.

Чора Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги молия, иқтисодиёт ва саноат вазирликлари билан келишилган ҳолда ўзгартириш ва қўшимчалар киритиши мумкин бўлган тасдиқланган рўйхат (эълон қилинмаган) бўйича маҳсулотларни экспорт қилишга нисбатан амал қилади. Субсидиялар қўшни давлатларга экспорт қилинадиган маҳсулотларга татбиқ этилмайди, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Тўртинчидан, товарлар (ишлар, хизматлар)ни, шу жумладан, комиссионер (ишончли вакил) орқали реализация қилишдан тушган умумий тушумида ҳисобот даври якуни бўйича тайёр маҳсулот экспорти улуши 50%дан юқори бўлган юридик шахсларга уларнинг аризаларига кўра ҚҚС тўлашни 120 кунга кечиктириш имконияти берилади. Муддат экспортга мўлжалланган маҳсулот ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган хомашё, бутловчи буюмлар ва материаллар импортида  божхона декларацияси қабул қилинган кундан бошлаб ҳисобланади.

Бешинчидан, 2019 йил 1 июндан бошлаб тирик ҳолдаги товуқ, қуён ва балиқ ҳамда уларни сўйиб ишланган маҳсулотлар экспорти учун Президент ёки Ҳукумат рухсати талаб қилинмайди.

Олтинчидан, “Ўзбекинвест” ЭИМСКнинг экспортни суғурталаш орқали қўллаб-қувватлаш хизматлари комплекси харидор кредитини, қисқа муддатли дебитор қарздорликни, маҳсулот етказиб берувчи кредитини, тасдиқланган аккредитивни, экспорт қилувчининг айланма маблағларини тўлдириш кредитини, экспорт факторингини суғурталашни ҳамда экспортни суғурталаш орқали қўллаб-қувватлашнинг бошқа воситаларини ўз ичига олади.

Компанияга юкланган вазифалар тўлиқ амалга оширилиши учун:

  • унинг устав капитали ўз капитали ҳисобига 221,6 млрд сўмгача кўпайтирилди, тузилмасида эса экспортолди ва экспорт суғуртаси масалалари бўйича бош директорнинг биринчи ўринбосари лавозими жорий этилди;
  • молия йилида экспорт контрактлари ва кредитларини суғурталашнинг барча шартномалари бўйича (хомашё бўлмаган маҳсулот экспорти қисмида) суғурта товон тўлашнинг умумий ҳажми компания ўз капиталининг 10%идан ошиб кетган тақдирда, ўз капиталининг 10%идан ошиб кетган миқдордаги йўқотишлари унинг устав жамғармасини ошириш орқали Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан компенсация қилинади.

Юқорида кўрсатилган чораларни бажаришни тартибга солувчи ҳужжатлар ишлаб чиқиш, Ташқи иқтисодий маълумотлар порталини яратишга доир кўрсатмалар берилди, бир қатор ташкилий масалалар ҳал қилинди.

 

Олег Заманов.

 

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /uz/publish/doc/text151123_eksport_qiluvchilarga_-_qqs_tulashni_kechiktirish_kreditlar_va_tashish_buyicha_harajatlarni_kompensaciya_qilish