Қандай қилиб ҳисоб-китоб чегара кўрсаткичи бўйича ҚҚС ва фойда солиғига ўтиш мумкин

preview

Агар солиқ даври учун жами даромади 1 млрд сўмга тенг бўлса ёки ундан ошса, корхона фойда солиғи ва ҚҚС тўлашга ўтиши керак . Бироқ ҳали бу чегарага етилмаган бўлса ҳам корхона буни амалга ошириши шарт бўлган ҳоллар мавжуд. Buxgalter.uz учун ҚҚС ва фойда солиғига ўтиш учун даромаднинг чегара миқдорини аниқлашнинг ўзига хос жиҳатларини «Норма» эксперти Дилором САИДОВА тушунтирди:

Янги ташкил этилган юридик шахслар (якка тартибдаги тадбиркорлар)

- 2020 йилдан бошлаб янги ташкил этилган юридик шахслар ёки янги рўйхатдан ўтган якка тартибдаги тадбиркорлар учун янги норма пайдо бўлди.

Агар янги ташкил этилган юридик шахсда ёки янги рўйхатдан ўтган ЯТТда товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромад суммаси рўйхатдан ўтилган санадан то календарь йил тугагунига қадар, 365 га бўлинган ва рўйхатдан ўтилган санадан то календарь йил тугагунига қадар бўлган кунлар сонига кўпайтирилганда 1 млрд сўмга тенг суммадан ошса, бундай шахслар рўйхатдан ўтилган йилдан кейинги йилдан эътиборан ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтади .

Бошқача айтганда, агар сиз жорий йилда рўйхатдан ўтган бўлсангиз (йил бошидан эмас) ва сизнинг жами даромадингиз солиқ даври учун 1 млрд сўмдан кам бўлса, бу ҳали кейинги йил сиз айланмадан олинадиган солиқни тўлашингиз мумкинлигини англатмайди. Сиз 1 млрд сўм чегарасини рўйхатдан ўтилган санадан то календарь йил тугагунига қадар кунлар сонига мутаносиб равишда ҳисоблашингиз лозим бўлади. Бунинг учун 1 млрд сўмни 365 кунга бўлинг, ўртача кунлик даромаднинг ҳисоб-китоб қиймати келиб чиқади - 2 739 726 сўм. Ушбу суммани рўйхатдан ўтилган санадан то календарь йил тугагунига қадар бўлган кунлар сонига кўпайтирилганда, сиз айланмадан олинадиган солиқдан ҚҚС ва фойда солиғига мажбурий ўтиш учун чегара миқдорни топасиз.

Вазият
ҚҚС ва фойда солиғига ўтиш учун чегара қиймати ҳисоб-китоби
Корхона 2020 йил 2 сентябрда очилган. Ўтиш учун чегара қийматни аниқлаймиз:
  • 02.09.2020 йилдан 31.12.2020 йилга қадар – 121 кун (29 + 31 + 30 + 31);
  • 1 000 000 000 сўм : 365 х 121 = 331 506 849 сўм.
Агар корхонада 2020 йил якунлари бўйича:
  • жами даромади 331 506,9 минг сўмдан ошса – у 2021 йил 1 январдан бошлаб ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтиши шарт;
  • жами даромади 331 506,9 минг сўмдан кам бўлса – у 2021 йилда айланмадан олинадиган солиқни тўлаши мумкин. Бунда 1 млрд сўм чегарага етилганда 2021 йилда корхона ушбу чегарага етилган ойдан кейинги ойдан бошлаб ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтади.

Воситачилар

Воситачилик хизматлари кўрсатувчи солиқ тўловчилар, шу жумладан телекоммуникациялар операторлари ва (ёки) провайдерларига воситачилик хизматларини кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркорлар товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромадни реализация қилиш бўйича умумий айланмадан (битим суммаларидан) келиб чиққан ҳолда аниқлайди .

Яъни, агар сиз воситачилик хизматлари кўрсатсангиз, даромаднинг энг юқори қийматини ўз ҳақингиз суммасидан эмас, балки реализация бўйича умумий айланмадан (битим суммасидан) келиб чиққан ҳолда ҳисобланг.

Вазият
Воситачида ҚҚС ва фойда солиғига ўтиш учун чегара қиймат ҳисоб-китоби
Корхона умумий овқатланиш хизматларини кўрсатади, шунингдек "Ўзпайнет" корхонасининг агенти ҳисобланади. Даромаднинг қуйидаги кўрсаткичларига эга:
                                                                                                                                                                                                (минг сўмда)

Номи

2020 йил январь–сентябрь учун

2020 йил январь–октябрь учун

1.

Жами даромад:

693 146

797 451

2.

Ш.ж., умумий овқатланиш

688 478

791 883

3.

«Пайнет»дан ҳақ

4 668

5 568

4.

Воситачилик хизматлари кўрсатишда мижозлардан тўловлар қабул қилинди

188 453

224 789

9 ой (январь–сентябрь) якунлари бўйича реализациядан олинган даромад 876 931 минг сўмни (688 478 + 188 453) ташкил этди. Бу 1 млрд сўмдан кам, шу боис корхона айланмадан олинадиган солиқни тўлашда давом этиши мумкин.

10 ой (январь–октябрь) якуни бўйича  реализациядан олинган даромад 1 016 672 минг сўмни (791 883 + 224 789) ташкил этди. Сумма 1 млрд сўмдан ошди, шу боис корхона 2020 йил 1 ноябрдан бошлаб фойда солиғи ва ҚҚСни тўлашга ўтиши керак.

 

Эслатиб ўтамиз
Солиқ даври давомида товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олган жами даромади 1 млрд сўмдан ошган солиқ тўловчилар, шу жумладан янги ташкил этилган юридик шахслар ва янги рўйхатдан ўтган ЯТТ бундай ошиш рўй берган ойдан кейинги ойнинг 1 санасидан бошлаб ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтади .