ДСҚ минимал бозор нархлари бўйича солиқ базасини аниқлаш механизмини ишлаб чиқди

preview

СКнинг 248-моддасига мувофиқ солиқ базаси товарлар ёки хизматларнинг бозор қийматидан келиб чиқиб аниқланишига қарамай ҳозирга қадар ушбу норма қўлланилмаган - ҳисоб-китоб механизми мавжуд бўлмаган. Мазкур муаммони ҳал этиш учун ДСҚ томонидан ВМнинг «Солиқ базасини аниқлашда товарлар (хизматлар) нархини бозор қиймати бўйича белгилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу ҳақда батафсил – buxgalter.uz шарҳида:

 

Тажриба тариқасида «Солиқ нархи» механизми жорий этилади. Ҳозирча солиқ базаси фақат қуйидаги 8 номдаги товарлар бўйича ҳисобланади: янги қурилган турар жой бинолари, ундан тайёрланган маҳсулотлар, шакар, алкоголь маҳсулотлари, тамаки маҳсулотлари, ўсимлик мойи, газланган ва газланмаган алкоголсиз ичимликлар, цемент.

Эслатиб ўтамиз, 30.12.2019 йилдаги ЎРҚ-599-сон Қонунга мувофиқ трансферт нархлар шаклланиши тўғрисидаги низомлар 2022 йил 1 январдан бошлаб амал қилади.

Лойиҳага мувофиқ «Солиқ нархи» механизми қуйидаги тартибда ишлайди:

1. Ҳар бир ҳудуд учун товарларнинг/хизматларнинг бозор нархи ДСҚ томонидан белгиланади. Бу ҳақдаги маълумот қўмитанинг расмий сайтида эълон қилинади ва ҳар ойда янгилаб борилади (лойиҳанинг 8-б.).

2. Бозор қиймати ҳудудлардаги савдо шохобчаларида ўтказилган мониторинг асосида белгиланади (лойиҳанинг 7-б.). Ўхшаш товарларнинг нархлари сифат туфайли кескин фарқ қиладиган бўлса, нархлар қуйидагиларга қараб белгиланади:

  • товар биржаларидаги нархлар;
  • онлайн-НКМ ва виртуал кассаларда рўйхатдан ўтказилган товарлар/хизматлар кодлари асосида шакллантирилган нархлар;
  • ҳисобварақ-фактураларда кўрсатилган идентификациялаш кодлари ва сотиладиган маҳсулотнинг штрих-кодлари асосидаги нархлар.

3. Қонун ҳужжатларида товарлар (хизматлар) нархини белгилашда бозор қиймати каби мажбурий тартибда МҲХСдан фойдаланиш назарда тутилган ҳолларда МҲХСда белгиланган қоидалар қўлланилиши лозим (лойиҳанинг 4-б.).

4. Белгиланган тафовутлар бўйича солиқ базаси қуйидаги формула бўйича ҳисобланади:

  • қўшилган қиймат солиғи учун: QQSb = (STBQ – STHQ);
  • айланмадан олинадиган солиқ учун: ASb = (STBQ – STHQ).

Бунда QQSb – ҚҚС бўйича солиқ базаси; ASb – айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ базаси; STBQ – сотилган товарларнинг бозор қиймати, STHQ – корхона ҳисоботларига (ҳисобварақ-фактура, онлайн-НКМ ва виртуал касса чеклари) мувофиқ сотилган товарлар қиймати  (лойиҳанинг 9-б.).

5. Тадбиркор солиқларни ҳисоблашда эълон қилинган бозор нархларини ҳисобга олмаган бўлса, текширув чоғида солиқ базасига тузатиш киритилади. Солиқ органининг тузатиш киритиш тўғрисидаги қарори жарима солинишига сабаб бўлмайди (лойиҳанинг 10-б.).

6. Солиқ тўловчилар солиқчиларнинг солиқ базасига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қарори юзасидан низолашишга ҳақлидир. Мазкур ҳолатда товарларнинг кўрсатилган қиймати бозор қийматига мувофиқ келишини исботлаб бериш лозим (лойиҳанинг 11-б.).

Қуйидаги ҳавола бўйича лойиҳани муҳокама қилишда иштирок этиш мумкин.

Эътибор беринг!
Товарлар/хизматларнинг бозор қийматини белгилашда асос бўладиган амалдаги ҳужжат 14.08.2020 йилдаги 489-сон ВМҚга 3-иловада берилган Товарлар (хизматлар)нинг бозор қийматидан келиб чиқиб қўшилган қиймат солиғи бўйича солиқ базасини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом ҳисобланади.

Саида ЖАНИЗАКОВА.