Телеграм орқали савдо қилувчиларга рақамли код ва виртуал касса олиш мажбурияти юкланади

preview

1 апрелдан бошлаб интернет орқали савдо қилувчи тадбиркорлар махсус рақамли код олишлари шарт бўлади. Бу Президентнинг “Электрон тижорат маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва уни янада ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш тўғрисида”ги қарори лойиҳасида назарда тутилган. Унинг асосий жиҳатлари - buxgalter.uz шарҳида.

Ишлаб чиқувчи бундай НҲҲни қабул қилиш заруратини “транзакцияни ҳисобга олиш ва мониторинг қилишнинг таъсирчан механизми мавжуд бўлмаганда электрон тижорат сегментининг ўсиши” билан тушунтиради. Бошқача қилиб айтганда, сизнинг кўнглингиз хоҳлаган нарсани сотадиган кўплаб телеграм каналлари ва инстаграм-майдонлари мавжуд, Солиқ қўмитаси эса уларни ҳали назорат қилмайди. Бироқ буни жуда хоҳлайди.

Ҳужжатнинг қабул қилиниши солиқларнинг йиғилишини 196 млрд сўмга ошириши кутилмоқда.

Энди интернет орқали савдо иштирокчилари (шу жумладан - ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар орқали):

  1. Фаолиятни бошлаш тўғрисида солиқ органини хабардор қилишларига.
  2. Савдо майдончасида жойлаштириш шарт бўлган махсус рақамли код олишларига тўғри келади (Лойиҳанинг 1-банди).

Бунда “легаллаштирилган” тадбиркор рақамли инструментларнинг бутун тўпламидан фойдаланиш имконига эга бўлади, улар:

  • операцияларда электрон шартномалар, юкхатлари ва товарларни олиш учун ишончномалар тузиш функцияси билан виртуал кассадан фойдаланиш имконини беради;
  •  электрон тижорат доирасида ҳисоб-китоблар тўғрисида ахборотни солиқ органига онлайн узатишни таъминлайди;
  • «Cargo Monitoring» ахборот платформасидан фойдаланиш имконини беради, бунда битим тўғрисидаги ҳужжатлар рўйхатга олингандан кейин посилканинг ҳаракатини кузатиб бориш мумкин (Лойиҳанинг 1-банди).

Тадбиркорлар савдо фаолиятининг бошланиши тўғрисида ДСҚни мустақил равишда - электрон шаклда хабардор қиладилар. ДСҚ ўз томонидан ахборотни хўжалик юритувчи субъектни Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг автоматлаштирилган тизимида рўйхатдан ўтказиш учун узатади.

Жорий йилнинг 1 сентябрига қадар ДСҚ электрон тижорат субъектларининг Миллий реестрини модернизация қилиши ва унинг негизида “E-trade” электрон тижоратни бошқариш бўйича ягона ахборот платформасини яратиши керак. У иштирокчиларни рўйхатдан ўтказиш ва бухгалтерия ҳисобини юритишни таъминлайди (Лойиҳанинг 2-банди).

Ягона ахборот платформасида тадбиркорлар шахсий кабинет орқали ишлашади, унда харидлар, ҳисоб-китоблар ва электрон чеклар тарихи сақланади. Тизим унинг иштирокчилари маълумотларининг махфийлигини назарда тутади.

Электрон тижорат иштирокчилари ва тўлов тизимлари Ягона платформадан бепул фойдаланишлари мумкин (шу жумладан - реклама жойлаштириш учун) (Лойиҳанинг 3-банди).


Имтиёзлар ва преференциялар

Қуйидагилар режалаштирилмоқда:

1) Ўзбекистонда жисмоний шахсларга хизматларни электрон шаклда реализацияни амалга оширувчи чет эл юридик шахслари, ҚҚС тўловчиси сифатида солиқ органларида ҳисобга қўйишни 2021 йил 1 апрелга қадар амалга оширганда ҳисобга қўйиш муддатлари бузилганлиги учун жавобгарликдан озод қилинади (Лойиҳанинг 5-банди).

2) 2023 йил 1 январга қадар ўз фаолиятини бошлаганлиги тўғрисида белгиланган тартибда солиқ органларини хабардор қилган маҳаллий тадбиркорлар учун солиқ ставкалари Электрон тижорат субъектларининг миллий реестрига киритилган ёки киритилмаганлигидан қатъи назар, 50%га пасайтирилади (ҳозирги вақтда ушбу имтиёздан фақат Реестрга киритилган субъектлар фойдаланмоқда);

3)  2023 йил 1 январгача бўлган муддатга электрон савдо билан шуғулланувчи ва 30 ёшгача бўлган битта жисмоний шахс томонидан рўйхатга олинган тадбиркорлик субъектларига солиқ органларини хабардор қилган ҳолда қуйидаги солиқларни фоизсиз кечиктириш ҳуқуқи тақдим этилади:

  • маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ариза бермасдан туриб айланмадан олинадиган солиқ, мол-мулк солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича - уларни кейинчалик 24 ой давомида тенг улушларда тўлаш шарти билан;
  • ижтимоий солиқ ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган ЖШДС бўйича - уни кейинчалик 24 ой давомида тенг улушларда тўлаш шарти билан (Лойиҳанинг 6-банди).

НҲҲ лойиҳаси ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.

Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади