2020 йил учун жисмоний шахснинг жами даромади тўғрисидаги декларация қаерга ва қандай топширилади

preview

Жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияни топширишнинг сўнгги муддати – 1 апрель. Buxgalter.uz ким буни амалга ошириши шарт эмаслигини эслатиб ўтади.

 
2021 йил 1 апрелга қадар декларацияни 2020 йилда қуйидаги даромадларни олган фуқаролар топширишлари керак :

  1. фоизлар ва даромадлар тарзида мулкдан, мол-мулкни ижарага беришдан ва ҳ.к.дан олинган даромадлар;
  2. илм-фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ҳамда улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи тариқасида олинган даромадлар;
  3. моддий наф тарзидаги даромадлар;
  4. Ўзбекистондан ташқаридаги манбалардан олинган даромадлар;
  5. солиқ агентлари бўлмаган манбалардан олинган даромадлар;
  6. солиқ агенти томонидан солиқ ушлаб қолинмаган солиқ солинадиган бошқа даромадлар.

Агар жисмоний шахс томонидан олинган даромадларнинг барча турлари бўйича тўлов манбаида солиқ ушлаб қолинган бўлса, декларацияни топшириш шарт эмас.

Агар ЖШДС ортиқча тўланганлигини аниқлаган бўлсангиз, декларацияни топширишда солиқнинг ортиқча тўланган суммасини солиқларнинг бошқа турлари бўйича қарз ҳисобига ўтказиш ёки уни солиқ тўловчининг банк картасига қайтариш тўғрисида ариза бериш мумкин. Ортиқча тўланган сумма 15 кун ичида қайтарилади .

Декларацияни учта усулда топшириш мумкин:

  1. Шахсан бориб. Бу ҳозирча энг ишончли усул. Декларация бланкасини олдиндан тўлдириш мумкин ёки солиқ инспекцияси ходимлари буни жойида амалга оширишга ёрдам беришади .
  2. Почта орқали буюртма хат билан. Солиқ органи хатни олганлигига ишонч ҳосил қилиш учун, уни “хабарнома” билан жўнатинг.
  3. My.soliq.uz ДСҚ сервиси орқали электрон шаклда. Бунинг учун ЭРИ калити талаб этилади.

Охирги усулни агар сиз бошқа тарзда амалга ошира олмасангиз синаб кўриш мумкин. Ҳар ҳолда декларацияни электрон шаклда топширишга қарор қилган қаҳрамонлар учун ДСҚ йўриқнома тайёрлаган.


Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади