Янги ҚҚС тўловчиларини солиқ органларида рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом шарҳи

preview

Вазирлар Маҳкамаси янги Қўшилган қиймат солиғи тўловчиларини солиқ органларида махсус рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлади (22.09.2021 йилдаги 595-сон ВМҚга 1-илова). Мақсади - солиқ тўловчилар ҳисобини тизимлаштириш, “кирувчи” ҚҚСни ҳисобга олиш ҳуқуқини назорат қилиш ва солиқнинг тўлиқ бюджетга тўланишини таъминловчи солиқ тўловчиларни рўйхатдан ўтказишнинг ягона тизимини шакллантириш. Низом 2021 йил 22 декабрда кучга киради. Buxgalter.uz тафсилотларни аниқлаштирди:

 

ҚҚС тўловчиларни рўйхатдан ўтказиш тартибида нима ўзгарди

Янги тартиб солиқ тўловчиларни таҳлика-таҳлил тизими ёрдамида олдиндан текширишни назарда тутади. Унинг натижалари асосида солиқ тўловчини ҚҚС бўйича рўйхатдан ўтказиш ва унга ҚҚС тўловчисининг индивидуал рўйхатдан ўтказиш рақами (ҚҚС-рақам) бериш ёки бунда рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади.

ҚҚС тўловчилар фақат ҚҚС тўловчилар сифатида рўйхатдан ўтказилган ва ҳисобга қўйилганлиги тўғрисидаги амалдаги гувоҳномага эга етказиб берувчилардан олинган ҳисобварақ-фактуралар бўйича “кирувчи” ҚҚСни ҳисобга олишга ҳақли. Гувоҳномаси тўхтатилган, бекор қилинган ёки тугатилган етказиб берувчилар ЭҲФ бўйича ҚҚСни ҳисобга олиш мумкин эмас.

Рўйхатдан ўтказилиши шарт бўлган, бироқ ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатдан ўтказилмаган хўжалик юритувчи субъект, қонунчиликда белгиланган муддатларда - рўйхатдан ўтказиш бўйича мажбурият юзага келган ойдан кейинги ойнинг бошида ҚҚС тўловчисига айланади. У ҚҚСни белгиланган тартибда тўлайди, бироқ солиқни ҳисобга олиш ҳуқуқига эга эмас. Бундай ҳуқуқ фақат ҚҚС-рақам олингандан кейин пайдо бўлади.

Хўжалик юритувчи субъект ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатдан ўтказиш учун ариза бергандан кейин, солиқ органлари у тўғрисидаги ахборотни бир қатор мезонлар бўйича таҳлил қилади:

  • банк операциялари ва ЭҲФ -  фаолият турига, харид қилинаётган ва реализация қилинаётган товарлар (хизматлар) номенклатурасига аниқ мувофиқлиги юзасидан;
  • ходимлар ёки ёлланма жисмоний шахслар сонининг - ЯММТ ва ҳ.к. асосида амалга оширилаётган фаолият хусусиятига мувофиқлиги.

Таҳлика-таҳлил учун ахборот манбалари - Марказий маълумотлар базаси ва солиқ органлари, вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бошқа ахборот маълумотлар базалари.

Ахборот таҳлили натижалари бўйича солиқ тўловчига солиқ хавфи даражаси берилади:

  • юқори - Низомда белгиланган 13 та белгилардан лоақал биттаси мавжуд бўлганда;
  • ўрта - 4 та белгилардан лоақал биттаси мавжуд бўлганда;
  • паст - агар юқори ва ўрта даражалар учун белгиланган белгилар аниқланмаган бўлса.

Фақат солиқ хавфининг ўрта ва паст даражасига эга солиқ тўловчилар ҚҚС тўловчилар сифатида рўйхатдан ўтказилиши лозим.

Солиқ хавфи ўрта бўлган солиқ тўловчилари оқибатда қўшимча равишда назорат қилинадилар (кўздан кечириш, сўров, камерал ва сайёр солиқ текширувлари, ходимларнинг ҳисоботдаги ва ҳақиқий сонига мувофиқлигини назорат қилиш).

Рўйхатдан ўтказишда рад этилган солиқ тўловчилар, рад этишга олиб келган ҳолатлар бартараф этилгандан кейин такроран ариза беришлари мумкин.

 

Қачон гувоҳноманинг амал қилиши тўхтатилади

Гувоҳноманинг амал қилишининг тўхтатилишига қуйидагилар олиб келади:

  • кетма-кет иккитадан ортиқ солиқ даврларида ҚҚС бўйича ҳисоботни тақдим этмаслик;
  • ҚҚС бўйича қарздорлик;
  • 3 ойдан ортиқ вақт давомида молия-хўжалик фаолияти амалга оширилмаганда ва бошқа сабаблар.

Кўрсатилган ҳолатлар бартараф этилгандан сўнг 1 кун ичида гувоҳноманинг амал қилиниши автоматик тарзда тикланади.

Гувоҳноманинг амал қилиши тўхтатилгунга қадар ҳисобга олинган “кирувчи” ҚҚСга тузатиш киритилмайди.

 

Қачон гувоҳнома бекор қилинади

ҚҚС тўловчисини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳнома бекор қилиниши мумкин, агар:

  • солиқ текшируви жараёнида банк операцияларининг хўжалик юритувчи субъектнинг фаолият турига ва (ёки) харид қилинаётган ва реализация қилинаётган товарлар (хизматлар) номенклатурасига аниқ мувофиқ эмаслиги аниқланса;
  • суд томонидан солиқ тўловчи сохта тадбиркорлик билан шуғулланган деб топилса;
  • солиқ тўловчи томонидан битим тузишдан кўзланган асосий мақсад ҚҚСни тўламаслик ёхуд бошқа шахсга ҚҚС суммасини асоссиз ҳисобга олиш имкониятини бериш эканлиги аниқланса;
  • битим (операция) бўйича мажбурият шартноманинг тарафи бўлмаган шахс ёки битимни (операцияни) бажариш мажбурияти шартнома ёки қонун бўйича юклатилмаган шахс томонидан бажарилган бўлса.

Гувоҳнома у берилган санадан бошлаб бекор қилинади.

 

Қачон гувоҳноманинг амал қилиши тугатилади

Гувоҳноманинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарор солиқ органи томонидан қуйидаги ҳолларда қабул қилиниши мумкин:

  • солиқ тўловчининг баён этилган манзилда мавжуд эмаслиги ҳолати аниқланганда;
  • амал қилиши тўхтатиб турилган гувоҳнома солиқ тўловчи томонидан 9 ойдан ортиқ вақт давомида қайта тикланмаганда;
  • солиқ тўловчини ҚҚС бўйича рўйхатдан чиқаришда (айланмадан олинадиган солиқ тўлашга ихтиёрий равишда ўтишда, агар жорий солиқ даври якунлари бўйича жами даромад 1 млрд сўмдан ошмаган бўлса ва 12 ойдан олдин эмас; ҚҚС тўловчиси- юридик шахс тугатилганда; ҚҚС тўловчиси ҳисобланган якка тартибдаги тадбиркорнинг фаолияти тугатилганда).