ҚҚС бўйича имтиёз жорий этилгунга қадар сотиб олинган маҳсулотлар қолдиғини нима қилиш керак

preview

“Корхона товуқ гўшти етиштиради. 2021 йилнинг 10 октябридан 31 декабрига қадар бўлган даврда парранда гўшти, тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйишдан олинган маҳсулотларни, картошкани ҳамда музлатилган балиқни реализация қилиш бўйича айланма ҚҚСдан озод қилинган . Омборлардаги 2021 йил 10 октябрь ҳолатига емлар ва ветеринария препаратлари қолдиқларини нима қилиш керак? ҚҚСни танлаш ва уни емлар таннархига киритиш, 2022 йил 1 январь ҳолатига эса уни яна ҳисобга олиш зарурми? 

Buxgalter.uz илтимосига биноан саволга МВнинг билвосита солиқлар ва божхона тўловлари методологияси бўлими бошлиғи Баҳодир БОЙҚАБИЛОВ жавоб берди:

 

- “2021 йилнинг 10 октябридан 31 декабрига қадар бўлган даврда гўшт (мол, қўй, товуқ), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйишдан олинган маҳсулотларни, картошкани ҳамда музлатилган балиқни реализация қилиш бўйича айланма, шунингдек уларни мамлакат ҳудудига олиб кириш ҚҚСдан озод қилинган .

Реализация қилиш бўйича айланмалари солиқдан озод этилган товарлар (хизматлар) ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш учун сотиб олинганда ҚҚС суммаси ҳисобга олинмайди .

Сотиб олинган товарлар (хизматлар) бўйича илгари ҳисобга олинмаган солиқ суммаси келгусида улар солиқ солишдан озод қилинган айланма учун фойдаланилган ҳолларда тузатилади. Тузатиш киритиш суммаси активларнинг баланс қийматини оширишга тааллуқли бўлади ёхуд фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда ҳисобга олинадиган харажатлар таркибига киритилади .

Бинобарин,  сиз реализация қилишда солиқ солинмайдиган маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун сотиб олинган ва фойдаланилган  товарлар (хизматлар) бўйича ҚҚС суммасига 2021 йил 10 октябрь ҳолатига тузатиш киритишингиз (ҳисобга олишдан чиқаришингиз) керак.

Сотиб олинган товарлар (хизматлар) бўйича илгари ҳисобга олинмаган ҚҚС суммаси келгусида улар солиқ солинадиган айланма учун фойдаланилган ҳолларда тузатилади (ҳисобга олинади).

Тузатиш киритилиши лозим бўлган солиқ суммаси бундай тузатишларни амалга оширишдан олдинги охирги 12 ой ичида олинган товарларнинг (хизматларнинг) солиқ суммаси қайта тикланиши лозим бўлган захиралар қолдиқларига тўғри келадиган қиймати асосида аниқланади .

Тегишинча, вақтинча солиқ имтиёзининг амал қилиш муддати тугагандан сўнг сиз 2022 йил 1 январь ҳолатига охирги 12 ой ичида олинган товарлар (хизматлар) бўйича ҚҚС суммасига тайёр маҳсулотлар қолдиқларига тўғри келадиган қиймати асосида тузатиш киритишингиз (ҳисобга олишингиз) лозим”.