Қонунчиликдаги янгиликлар

2022 йил 1 июлдан қимматли қоғозлар сотувчилари солиқ ўрнига йиғим тўлайдилар

20.01.2022

Қимматли қоғозлар эгаларини солиққа оид енгилликлар кутмоқда. Бу Президентнинг “Капитал бозорини қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида назарда тутилган.

 

2022 йил 1 апрелдан 2024 йил 31 декабрга қадар:

  • резидент ва норезидент бўлган жисмоний шахсларнинг акциялар бўйича ҳисобланган дивидендлар тарзидаги даромадлари даромад солиғидан озод қилинади;
  • резидентлар ва норезидентлар-юридик шахсларнинг акциялар бўйича ҳисобланган дивидендлар тарзидаги даромадларига фойда солиғининг ставкаси 5%ни ташкил этади;
  • резидент ва норезидент бўлган жисмоний ва юридик шахсларнинг хўжалик жамиятлари облигациялари бўйича ҳисобланган фоизлар тарзидаги даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва юридик шахслардан олинадиган фойда солиғидан озод қилинади.

2022 йил 1 июлдан бошлаб қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари уюшган савдосида қимматли қоғозларга доир битимлар тузилганда сотувчи (эмитент бундан мустасно) томонидан фойда солиғи ва даромад солиғи ўрнига битим суммасининг 0,3%и миқдорида йиғим тўланади.

Акциядорлар умумий йиғилиши томонидан жамият акцияларини фонд биржасининг биржа котировка варағидан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилинганда, ушбу жамият овоз берувчи акцияларининг эгалари бўлган акциядорларга ўзларига тегишли акцияларнинг жамият томонидан қайтариб сотиб олинишини талаб қилиш ҳуқуқи берилади.

Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади


Buxgalter.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг