Қонунга хилоф равишда маҳсулотларни экспорт қилишга қарши қандай курашиш лозим

preview

Экспорт қилинадиган товарларга БКнинг 382-моддаси нормаларини татбиқ қилиш таклиф этилмоқда, унга мувофиқ божхона органлари интеллектуал мулк объектларига эгалик ҳуқуқлари бузилганлиги аломати мавжуд бўлганда товарлар чиқариб юборилишини тўхтатиб туришга ҳақли бўлади. Бу ҳақдаги қонун лойиҳаси ҚҲТБТда жойлаштирилди.

 

2022 йил 26 апрель куни Президент томонидан «Интеллектуал мулк соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-221-сон қарор имзоланди. Ушбу ҳужжатнинг 2-бандида ДБҚ Интеллектуал мулк объектларининг божхона реестрига киритилган ҳуқуқ эгаларига тегишли товар белгилари бўйича қонунчилик талаблари бузилиши аниқланганда, бу тўғрисида Интеллектуал мулк агентлигига хабар бериши белгиланган.

2022 йил 1 августдан бошлаб Адлия вазирлигининг «Саноат мулки муҳофазаси портали» тўлиқ ишга туширилиши лозим. Портал орқали республикада ишлаб чиқарилаётган, реализация қилинаётган маҳсулотларни уларда қўлланилган ном, қадоқлар ва бошқа реквизитларда интеллектуал мулк объектларига (товар белгиси, географик кўрсаткич, товар келиб чиққан жой номи ва саноат намунасига) бўлган ҳуқуқларни ўрганиш ва текшириш мумкин бўлади.

2022 йил 1 сентябрдан бошлаб интеллектуал мулк ҳуқуқлари бузилганлиги аломати мавжуд бўлган товарлар аниқланганда божхона органлари томонидан ҳуқуқ эгасига хабар юборилади. Ҳуқуқ эгаси 1 иш куни давомида ушбу ҳолатни тасдиқламаган тақдирда, божхона органи томонидан товарлар белгиланган тартибда чиқариб юборилади.

2023 йил 1 январга келиб «Интеллектуал мулк – барча учун» платформасини ишга тушириш режалаштирилмоқда. Ундан қуйидаги маълумотларни олиш мумкин бўлади:

     а) аукцион савдосига таклиф этилаётган интеллектуал мулк объектлари тўғрисидаги маълумотлар;

     б) бошланғич савдо нархи тўғрисидаги маълумотлар;

     в) тузилган лицензия шартномалари тўғрисидаги маълумотлар ва бошқалар.

Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади.