Бухгалтерлар учун батафсил тушунтиришлар:
Чек-лист: қандай қилиб номенклатурага мувофиқ келмайдиган МХИК учун жаримага асос яратмаслик мумкин
2023 йилнинг 1 мартидан бошлаб ЭҲФда ёки назорат-касса техникаси чекларида олинган товарлар (хизматлар) номенклатурасига ёхуд фаолиятнинг ўзига хос хусусиятларига ва амалга ошириладиган турларига мувофиқ бўлмаган МХИКни акс эттирганлик учун СКнинг 223-моддасига биноан жарима билан жазоланади.
Санкцияларга қандай қилиб асос яратмаслик мумкинлигини “Норма” ва buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА тушунтирди:

– Ушбу норма СКга 2022 йилнинг 1 январида киритилган, бироқ унинг қўлланилиши 2023 йилнинг 1 мартига қадар кечиктирилганди
. Ушбу даврни узайтириш тўғрисида расмий хабарлар ҳамда ушбу норма айнан қандай қўлланилиши тўғрисида НҲҲ бўлмади.
Бу вақт мобайнида регулятор МХИКни жадал тарзда тартибга келтирди, умуман улар қўллаш учун анча қулай ва тушунарли бўлди. Шу билан бирга солиқ тўловчилар, мисол учун, Маҳсулот (товар ва хизмат)ларнинг ягона электрон миллий каталоги тўғрисидаги низом кўринишидаги регламентнинг пайдо бўлишини кутишганди. Ва унда МХИКни қўллаш юзасидан айрим ҳоллар кўриб чиқилишини кутишганди.
Аммо бундай ҳужжат ҳозирча йўқ, ДСХО мутахассисларининг турли учрашувлар ва семинарларда айтилган тушунтиришлари эса тарқоқ шаклда бўлиб, қисман техник жиҳатдан эскирган. Шунингдек, улар солиқ тўловчиларнинг кенг доираси учун эълон қилинмаган.
Бугун қандай масалалар юзага келмоқда?
Масалан, тиббиёт ускуналарини импорт қилувчи ташкилот ўз товарларини ички бозорда лотларда сотади. Чет эллик етказиб берувчилардан ускуналар, бутловчи қисмлар, сарфлаш материалларини харид қилади. Ҳар бир буюм – бу ўз МХИКга эга бўлган мустақил товар позицияси. Лекин ички бозорда ушбу товарлар лотларда – ускуналар, бутловчи қисмлар ва сарфлаш материалларидан иборат тўпламларда сотилади. Ҳар бир лот ўз МХИКга эга.
Бугун ташкилот бундай трансформацияни ички буйруқ билан расмийлаштирмоқда, аммо буни солиқ органларининг ахборот тизимларига қандай кўрсатиш мумкин? Солиқ органлари мутахассислари билан учрашувлардан бирида бизга tasnif.soliq.uzда тўпламлар учун МХИКни шакллантириш имконини берувчи махсус функционал яратилишини маълум қилишди. Аммо ҳали у мавжуд эмас. Ва корхонада айнан нима содир бўлаётганлигини аниқлашнинг ягона ҳаққоний усули бу – сайёр текширув эканлиги келиб чиқадими?
Хом ашё харид қилиб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқарадиган барча ишлаб чиқаришлар ҳам шунга ўхшаш вазиятда қолган.
МХИК жорий этилгунга қадар сотиб олинган бўлиб, ҳозир ишлаб чиқаришда фойдаланилаётган ёки сотилаётган товарлар билан қандай йўл тутиш лозим?
Ва яна талай бошқа масалалар қолган. Шу боис барча учун ягона бўлган, у ёки бошқа ҳолда қандай йўл тутиш ҳақида қоидалар ёзилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат зарур. Солиқ органларининг ахборот тизимларида ҳам зарур техник ечимлар бўлиши керак.
Агар у tasnif.soliq.uzга мувофиқ бўлиб, лекин бошқа товарга тегишли бўлса “нотўғри” МХИКни қандай аниқлаш мумкин
Е-aktiv бундай қоидабузарликларни аниқлаш учун восита бўлиши мумкин эди, лекин унинг мажбурий қўлланилиши 2024 йилга қадар кечиктирилди. Е-aktivнинг ўзи ушбу мақсадларда фойдаланиш имконини берадиган ҳолатдан ҳали анча йироқ.
Солиқ органларида МХИКдаги хатоларни аниқлаш имконини берувчи бошқа техник ишланмалар ҳам мавжуд. Яққол кўриниши учун “Soliq” мобиль иловасини ёдга олиш ўринли бўлади: агар чекда tasnif.soliq.uzнинг жорий рўйхатига мувофиқ бўлмаган нотўғри МХИК бўлса, у қизил рангда ажратилади. Аммо ушбу дастур товарга тўғри МХИК танланганлигини аниқлаши мумкин эмас. Яъни, агар сизда колбасада ғиштнинг МХИКи кўрсатилган ва у tasnif.soliq.uzда ғиштлар учун амалда бўлган МХИКга мувофиқ бўлса, дастур буни сезмайди ва ҳеч қандай хато чиқармайди.
Ҳисобварақ-фактуралар ва онлайн-НКТда қўлланиладиган МХИКни фаоллаштириш дастурларида ҳам худди шундай муаммо. Улар ҳам сиз томондан кўрсатилган МХИКни tasnif.soliq.uzнинг жорий версияси билан солиштиради ва эскирганларини янгиларига автоматик тарзда алмаштиради. Аммо улар бунда товарнинг ўзини идентификация қилмайди. Ва агар, мисол учун, дорихона ҚҚС бўйича имтиёз татбиқ этилмайдиган терини парваришлаш бўйича қандайдир косметика воситасини сотса, лекин бунда имтиёзга эга бўлган дори воситасидан амалда бўлган МХИКни кўрсатса, дастур мазкур хатони сезмайди.
Бугунги кунда солиқ органларида бундай ҳолатларни аниқлаш имконини берадиган дастурий воситалар мавжуд эмаслиги келиб чиқадими? Агар адашмасам, сайёр солиқ текшируви, назорат хариди ягона усул бўлиб қолмоқда. Сайёр солиқ текширувини тайинлаш учун асос бўлиб эса камерал солиқ текшируви натижалари бўйича солиқ тўловчи билан ҳар қандай низо, учинчи шахслардан солиқ органларига келиб тушган шикоят ва ҳоказо ҳисобланиши мумкин.
Чек-лист
ЭҲФда ва касса чекларида олинган товарлар (хизматлар) номенклатурасига ёхуд фаолиятнинг турига мувофиқ бўлмаган МХИКни акс эттирганлик учун жаримага асос яратмаслик учун:
- сиз сотаётган барча нарса аввал омборга кирим қилинганлигини қатъий кузатиб боринг. Сиз товарни сотиб олганлигингиз ёки ўзингиз корхонада тасдиқланган меъёрлар бўйича ишлаб чиқарганлигингиз муҳим эмас. Бунда товарлар сизнинг фаолият турингизга мувофиқ келиши лозим;
- товарларни харид қилишга ЭҲФ расмийлаштиришда ва уларни имзолашда сотувчи ва харидор товарнинг МХИК tasnif.soliq.uzнинг жорий версиясига ва айнан шу товарга мувофиқ келишини яна бир бор текширишлари керак. Ва – фақат МХИКнинг тўғрилигига ишонч ҳосил қилгандан сўнг ҳисобварақ-фактурани имзолашлари лозим;
- онлайн-НКМга ўтказишда МХИКнинг товарга ва tasnif.soliq.uzнинг жорий версиясига мувофиқ келишини яна бир бор диққат билан текширинг. Агар хато топсангиз – онлайн-НКТ хотирасидаги маълумотлар базасига тузатиш киритинг ва my.soliq.uzда шахсий кабинетнинг функционали ёрдамида илгари берилган чекларга тузатиш киритишни амалга оширинг;
- агар сиз хом ашё харид қилиб, тайёр маҳсулотни сотсангиз, корхонанинг буйруғи билан ҳужжатларни (рецептура) тасдиқланг, унда реализация қилинаётган маҳсулот нимадан шаклланганлиги аниқ кўринади;
- агар сиз турли товарларни харид қилсангиз, уларни эса тўпламларда (лотларда) сотсангиз, қуйидаги усуллардан бирини амалга оширишингиз мумкин:
1) корхонанинг буйруғи билан тўпламларни шакллантириш меъёрларини тасдиқлаш, яъни – ҳар бир тўпламга (лотга) айнан нима киришини ёйилмада бериш,
ёки
2) ЭҲФда ёки чекда тўпламга кирадиган ҳар бир позицияни алоҳида ёзиш.
Ушбу оддий тавсияларга риоя қилиниши сизга низоли вазиятлар ҳолати учун ҳужжат билан расмийлаштирилган далилларга эга бўлиш имконини беради.
Биз регулятордан МХИК билан ишлашни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатни кутамиз албатта.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади