Бухгалтерлар учун батафсил тушунтиришлар:
Сув ва салқин ичимликларни мажбурий рақамли маркировкалашни жорий этиш муддатлари ўзгарди
Вазирлар Маҳкамаси ТИФ ТН 2009, 2201, 2202 кодлари билан “сув ва салқин ичимликлар” гуруҳи товарларини босқичма-босқич рақамли маркировкалашнинг янги муддатларини белгилади. Ўзгартиришлар 30.06.2023 йилдаги 269-сон ВМҚ билан киритилди.
Ўзгартиришлар асосан товарларнинг биринчи гуруҳига дахл қилган, унга ачитилмаган ва таркибига спирт қўшилмаган, шакар ёки бошқа ширинлик қўшилган ёки қўшилмаган мева шарбатлари (узум шираси мустасно) ва сабзавот шарбатлари, шунингдек газланган ҳамда газланмаган сувлар ва ичимликлар киради. Уларни мажбурий маркировкалаш 2024 йил 1 мартдан бошланади.
Ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар, улгуржи ва чакана савдо корхоналари учун янги жадваллар билан 30.06.2023 йилдаги 269-сон ВМҚга иловада танишиш мумкин.
2024 йил 1 мартдан бошлаб ТИФ ТН 2009, 2201, 2202 кодлари билан маҳсулотларни (бундан металл, шу жумладан, алюмин идишдаги сув ва салқин ичимликлар мустасно) импорт қилувчилар ва ишлаб чиқарувчилар бозорга фақат маркировкаланган маҳсулотларни чиқаришлари шарт бўлади.
2024 йил 1 мартга қадар Ўзбекистонга олиб кирилган, бироқ импорт режимига (ИМ-40) расмийлаштирилмаган юқорида кўрсатилган ичимликлар ҳам маркировкаланган бўлиши керак. Шу санадан бошлаб БЮДда рақамли маркировкалаш кодларини кўрсатиш мажбурий бўлади.
2024 йил 1 мартдан бошлаб харид қилинадиган маҳсулотларнинг ишлаб чиқарилган санасига эътибор билан ёндашинг. Агар 2024 йил 1 мартдан кейин ишлаб чиқарилган бўлса, улар маркировкаланган бўлиши керак.
2024 йил 1 мартга қадар мамлакатимизга олиб кирилган ёки ишлаб чиқарилган маркировкаланмаган маҳсулотларнинг қолдиқлари мажбурий рақамли маркировкалашнинг бошланиш санасидан эътиборан қуйидаги тарзда реализация қилиниши мумкин:
- ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар томонидан – 6 ой мобайнида (2024 йил 1 сентябрга қадар);
- улгуржи савдо корхоналари томонидан – 9 ой мобайнида (2024 йил 1 декабрга қадар);
- чакана савдо корхоналари томонидан – 12 ой мобайнида (2025 йил 1 мартга қадар).
Сув ва салқин ичимликлар айланмасининг барча иштирокчилари “Асл белгиси” тизимида рўйхатдан ўтган бўлишлари ва “CRPT TURON” МЧЖ билан шартнома тузишлари керак:
- 2023 йил 1 августга қадар – импорт қилувчилар ва ишлаб чиқарувчилар;
- 2024 йил 1 майга қадар – улгуржи савдо корхоналари;
- 2024 йил 1 сентябрга қадар – чакана савдо корхоналари.
Ҳавола бўйича масофадан туриб рўйхатдан ўтиш мумкин.
2024 йил 1 ноябрдан бошлаб рақамли маркировкалаш кодлари албатта ЭҲФда акс эттирилади.
2025 йил 1 мартдан бошлаб товар рақамли маркировкаланиши лозимлиги тўғрисидаги ахборотни онлайн-НКТ чекларида кўрсатиш лозим бўлади.
Сизга бизнинг қуйидаги материалларимиз ҳам фойдали бўлиши мумкин:
- Рақамли маркировкалаш салқин ичимликлар савдосида нимани ўзгартиради (1-қисм);
- Рақамли маркировкалаш салқин ичимликлар савдосида нимани ўзгартиради (2-қисм).
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади