Бухгалтерларга июлда керак бўлади:
Резидентлик сертификатини олдинги солиқ даври учун қўллаш мумкинми ва ҳисоботларни қайта топшириш ҳуқуқи мавжудми
“Корхона норезидентга 2020 йилда кўрсатилган хизматлардан даромад тўлади ва ўз маблағлари ҳисобидан норезидентнинг фойда солиғини тўлади. Чет эллик ҳамкор унинг 2020 йилдаги солиқ резидентлигини тасдиқловчи резидентлик сертификатини 2022 йилда олди.
ЎзР корхонаси солиқ ҳисоботи – солиқ агенти томонидан тўлов манбаида ушлаб қолинадиган норезидентларнинг даромадларидан олинадиган Юридик шахсларнинг фойда солиғи ҳисоб-китобини (шакл коди 10307_6) қайта топшириш ва илгари тўланган фойда солиғини қайтариш ҳуқуқига эгами?”
Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан “Balance Calculate” ХК директори, “Profi Training” НТМ бухгалтерия ҳисоби бўйича сертификатланган тренери Венера МАЛИКОВА тушунтирди:
– Йўқ, корхона олдинги солиқ даври учун норезидентнинг Фойда солиғи ҳисоб-китобини қайта топширолмайди.
Халқаро шартноманинг қоидалари даромад олувчи томонидан солиқ агентига солиқ резидентлигини тасдиқловчи ҳужжат даромадни тўлаш санасидан кечиктирмай тақдим этилиши шарти билан қўлланилади
. Бундай ҳужжатга қўйиладиган талаблар СКнинг 358-моддасида белгиланган.
Даромад тўлаш пайтида корхонада зарур ҳужжат бўлмаганлиги ва у фойда солиғини ўз маблағлари ҳисобидан тўлаганлиги боис, тўланган сумма қайтарилмайди.
Агар солиқ норезидентнинг даромадидан ушлаб қолинса
Эҳтимол, бунда ўзгача вазият бўлиши мумкин эди: агар сиз норезидентга даромад тўлаб, ундан (ўз маблағларингиздан эмас) норезидентнинг фойда солиғини ушлаб қолганингизда.
Бу ҳолда корхона – солиқ агенти 2020 йил учун солиқ ҳисоботини (солиқ агенти томонидан тўлов манбаида ушлаб қолинадиган норезидентларнинг даромадларидан олинадиган Юридик шахсларнинг фойда солиғи ҳисоб-китобини, шакл коди 10307_6) қайта топшириши керак эмас.
Норезидент бўлган корхона ортиқча тўланган солиқни қайтариш тўғрисида ариза бериши мумкин
. Ариза илгари солиқни тўлаган солиқ агенти томонидан 10304_3 шакл бўйича my.soliq.uz сайтида тўлдирилади. Шаклда тасдиқловчи ҳужжатларни бириктириш назарда тутилмаганлиги боис, солиқ агенти уларни солиқ органига my.soliq.uz сайтидаги шахсий кабинетнинг “Мурожаат юбориш” хизмати ёрдамида юбориши мумкин.
Ариза кўриб чиқилиб, ижобий қарор қабул қилинганидан сўнг ортиқча тўланган солиқ солиқ агентининг ҳисоб рақамига қайтарилади, у ўз навбатида конвертацияни амалга оширади ва мазкур суммани ўзининг чет эллик ҳамкорига жўнатади.
Норезидентларнинг даромадларидан олинадиган фойда солиғи бўйича халқаро битимларни қўллаш тўғрисида қуйидаги тавсияда батафсил ўқинг:
![]()