Ортиқча иш вақти ва тунги иш вақтини ҳисобга олишда иш ҳақини қандай ҳисоблаш керак

preview

«Ходимнинг маоши 2,5 млн сўм. 5 кунлик иш ҳафтасида у 2024 йил июнь ойида 165 соат ишлади. Шундан 21 соат - ортиқча иш вақти (шу жумладан 5 соат - тунги вақтда). Июнь ойи учун иш ҳақини қандай ҳисоблаш керак?»

Саволга махсус buxgalter.uz учун Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Меҳнат ҳақи тўлаш ва меҳнат стандартлари бошқармаси бош мутахассиси Отабек БОБАМУРАТОВ жавоб берди:

 

Идора мутахассисининг муҳим тушунтиришини ўтказиб юбормаслик учун Telegram-каналимизга обуна бўлинг.

 

– 2024 йил учун иш вақти Ҳисобига кўра, июнь ойида 5 кунлик иш ҳафтасида 144 соат ишланади.

Ортиқча иш вақти жамоа ёки меҳнат шартномасида ёхуд локал ҳужжатда белгиланган миқдорларда, лекин икки баробардан кам бўлмаган миқдорда тўланади.

Ходимнинг хоҳишига кўра, ортиқча иш вақти учун оширилган тўлов ўрнига ортиқча иш вақти давомийлигига мос келадиган қўшимча дам олиш вақти бериш билан компенсация қилиниши мумкин. Бу ҳолда ортиқча иш вақтига бир баробар миқдорда ҳақ тўланади, дам олиш вақтига эса тўланмайди .

Тунги вақтдаги иш жамоа ёки меҳнат шартномасида ёхуд локал ҳужжатда белгиланган миқдорларда, лекин бир ярим баробардан кам бўлмаган миқдорда тўланади. Тунги вақтдаги иш учун оширилган тўлов тариф ставкалари (маошлар)га киритилмайди .

Меҳнат кодекси ортиқча иш вақти ва тунги вақтдаги иш учун коэффициентларни жамлашни назарда тутмайди. Шунинг учун бундай иш жамоа ёки меҳнат шартномасига ёхуд локал ҳужжатга мувофиқ, лекин икки баробардан кам бўлмаган миқдорда тўланади.

Кўриб чиқилаётган мисолда нормал иш вақти давомийлигида 1 соатлик иш учун ходимга 17 361,11 сўм тўланиши керак (2 500 000 : 144).

Ортиқча иш вақти учун 729 166,62 сўм ҳисобланади (17 361,11 х 21 соат х 2).

Июнь ойи учун умумий ҳисоблаш: 2 500 000 + 729 166,62 = 3 229 166,62 сўм.

Эътибор беринг

Меҳнат кодексининг 188, 189 ва 190-моддаларида белгиланганидек ходимни ортиқча иш вақтида ва тунги вақтда ишлашга жалб қилиш шартларига риоя қилинг.

Ортиқча иш вақти соатлари миқдорини аниқлаш иш вақтини ҳисобга олиш турига боғлиқ . Шундай қилиб, қуйидагилар ортиқча иш деб ҳисобланади:

  • кунлик ҳисобда - ходим учун белгиланган кунлик иш (смена) давомийлигидан ортиқ бўлган иш;
  • ҳафталик ҳисобда - ходим учун белгиланган ҳафталик иш вақти давомийлигидан ортиқ бўлган иш;
  • жамланган ҳисобда - бир ҳафтадан ортиқ ҳисоб даври учун ходимга белгиланган иш вақти давомийлигидан ортиқ бўлган иш.

Демак, иш вақтини ҳисобга олиш турига қараб, ортиқча иш вақти соатлари миқдори фарқ қилиши мумкин.

 

 

Меҳнатга ҳақ тўлаш Меҳнатга ҳақ тўлаш Меҳнатга ҳақ тўлаш /uz/publish/doc/text201892_ortiqcha_ish_vaqti_va_tungi_ish_vaqtini_hisobga_olishda_ish_haqini_qanday_hisoblash_kerak