Саволларингизга жавобларни Buxgalter Pro да топасиз:
Умумий овқатланиш корхоналари нима учун тармоқ солиқ имтиёзлари ва преференцияларини қўллай олмаяпти

Давлат умумий овқатланиш соҳаси учун турли қўллаб-қувватлаш чораларини жорий этмоқда. Энг муҳим ташаббуслар орасида – тўланган ҚҚСнинг бир қисмини қайтариш ва фойда солиғининг пасайтирилган ставкаси. Аммо амалиётда умумий овқатланиш корхоналари кўпинча бу имтиёзлардан фойдалана олмаяптилар.
Вазиятни buxgalter.uz илтимосига кўра солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА шарҳлади:
Экспертнинг муҳим тушунтиришини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
1. ҚҚС бўйича имтиёз билан боғлиқ муаммо
– 2025 йил 1 январдан умумий овқатланиш хизматларини кўрсатувчи корхоналар, агар ушбу фаолият туридан бир ойлик даромади товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган умумий даромаднинг камида 90 фоизини ташкил этса, тегишли ой учун бюджетга тўланган ҚҚСнинг бир қисмини қайтариб олишлари мумкин . Умумий овқатланиш корхоналари, туроператорлар ва меҳмонхоналарга ҚҚСнинг бир қисмини қайтариш тартиби махсус Вақтинчалик низом билан белгиланган.
Бунинг учун солиқ ҳисоботини топширгандан сўнг, лекин 3 ойдан кечиктирмаган ҳолда my3.soliq.uz орқали ҚҚСнинг бир қисмини қайтариш учун ариза юбориш керак. Буни қандай амалга ошириш ҳақида buxgalter.uz бу ерда тушунтирган >>>
Амалда эса умумий овқатланиш корхоналари эълон қилинган преференциядан фойдаланишга уринганда жиддий қийинчиликларга дуч келмоқдалар.
Масалан, ҚҚСни қайтариш учун ариза топширганда, менинг мижозим – умумий овқатланиш корхонаси «умумий овқатланиш хизматларидан олинган даромад улуши жами даромаднинг 90 фоизидан ошмагани» сабабли солиқ органидан рад жавобини олди. Бунда жами даромаддан қуйидаги даромадлар чиқариб ташланди:
1) корхонанинг ўзида тайёрланган ичимликлар (қаҳва, чой) ҳам киритилган, ичимликларни реализация қилишдан олинган даромадлар;
2) «умумий овқатланиш муассасаларида хизмат кўрсатиш» сифатида кўрсатилганига қарамай, хизмат кўрсатишдан олинган даромадлар;
3) мантиқан умумий овқатланиш корхоналари фаолиятининг ажралмас қисми бўлган бошқа даромадлар.
Натижада солиқ органининг ҳисоблаш методикаси бўйича умумий овқатланиш хизматларидан олинган даромадлар таркибига фақат МХИК коди бўйича озиқ-овқат маҳсулотларини реализация қилишдан олинган даромадлар киритилди, бу эса менинг фикримча, умумий овқатланиш корхоналари фаолиятини юритишнинг умумий қабул қилинган амалиётига мос келмайди.
2. Фойда солиғи бўйича имтиёз билан боғлиқ муаммо
Умумий овқатланиш корхоналари турларга бўлинади : ресторан, вагон-ресторан, бар, кафе, ёзги кафе, кафетерий, ошхона, чойхона, буфет ва газакхона. Ўзбекистон Республикасида умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларини) ишлаб чиқариш ва реализация қилиш қоидаларига кўра умумий овқатланиш корхоналарининг ҳар бир тури таклиф этиладиган таомлар ассортименти ва хизмат кўрсатиш турлари бўйича ўз хусусиятларига эга. Ва бу ерда жуда кўп нозик жиҳатлар мавжуд – ҳам реализация қилинадиган маҳсулотларда, ҳам хизмат кўрсатиш турларида.
«Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, кичик тадбиркорлик субъектлари таркибига қуйидагилар киради:
- ишлаб чиқариш тармоқларида – 25 нафардан, хизмат кўрсатиш соҳасида ва бошқа ноишлаб чиқариш тармоқларида – 10 нафардан, улгуржи, чакана савдо ва умумий овқатланиш соҳасида – 5 нафардан кўп бўлмаган ўртача йиллик ходимлар сонига эга бўлган микрофирмалар;
- фан, илмий хизмат кўрсатиш, транспорт, алоқа, хизмат кўрсатиш соҳаси (суғурта компанияларидан ташқари), савдо, умумий овқатланиш ва бошқа ноишлаб чиқариш соҳаларида ўртача йиллик ходимлар сони 25 нафардан ошмаган кичик корхоналар.
Солиқ маъмуриятчилиги қисмида МХИКнинг жорий этилиши билан умумий овқатланиш тадбиркорлик субъектларида ҚҚСни қайтариш бўйича преференцияни олиш қисмидаги қонун нормалари ишламай қўядиган ҳолатлар юзага келди. Ва бу – нотўғри, чунки юқорида кўрсатилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар уларни умумий овқатланиш субъектларига киритади. Ва улар ушбу преференциядан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Бундай муаммоларга дуч келган солиқ тўловчилар, фикримча, судга мурожаат қилишлари керак.
2025 йил 1 январдан 2028 йил 1 январгача умумий овқатланиш корхоналари Президентнинг 2024 йил 30 августдаги ПФ-132-сонли Фармонининг 7-бандига мувофиқ фойда солиғининг белгиланган ставкасини 50 фоизга камайтириш (7,5 фоиз) шаклидаги имтиёздан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Лекин my3.soliq.uz тизими орқали мурожаат қилганда корхоналар «хўжалик субъекти умумий овқатланиш корхонаси эмас» деган тизим хатосига дуч келмоқдалар.
Солиқ органига мурожаат қилганимизда, бизга фойда солиғи бўйича имтиёз автоматик равишда ҚҚС бўйича имтиёзга боғланганлигини тушунтиришди. Ва биз ҚҚС бўйича имтиёздан фойдалана олмаганимиз учун фойда солиғи бўйича имтиёзга ҳам ҳуқуқимиз йўқ экан. Аммо бу ўзаро боғлиқлик қаерда ёзилган?
Ушбу муаммо алоҳида компанияларга эмас, балки деярли бутун соҳага тааллуқли. Умумий овқатланиш корхоналари имтиёзлардан фойдалана олмасликлари ҳақида хабар бермоқдалар. Ҳатто яқинда очилган, бошиданоқ ушбу имтиёзларни ҳисобга олган ҳолда ишлашни режалаштирган муассасалар ҳам худди шундай қийинчиликларга дуч келмоқдалар.
30.08.2024 йилдаги ПФ-132-сон Фармонда имтиёз фақат даромади товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган умумий даромаднинг камида 90 фоизини ташкил этадиган умумий овқатланиш корхоналарига берилганлиги кўрсатилмаганлигини ҳисобга олиб, солиқ органларининг ҳаракатларини судда низолаштириш мумкин.
Мавжуд вазият бўйича қуйидаги саволлар туғилади:
1. Умумий овқатланиш корхоналарининг илгари тўланган ҚҚСнинг бир қисмини қайтариб олиш учун жами даромаддаги 90 фоизлик улушни ҳисоблашда айнан қайси турдаги даромадлар (ва нима учун фақат улар) ҳисобга олинади?
2. ҚҚС бўйича имтиёз ва фойда солиғининг пасайтирилган ставкаси ўртасида норматив мустаҳкамланган ўзаро боғлиқлик мавжудми?
3. Фойда солиғининг пасайтирилган ставкасини қўллаш мақсадида ташкилотни «умумий овқатланиш корхонаси» сифатида аниқлаш мезонлари қандай?
Бу саволлар бўйича солиқ идорасидан батафсил тушунтириш олишни истардим, чунки солиқ маъмурчилиги қоидалари ҳар бир солиқ тўловчи учун шаффоф, қулай ва тушунарли бўлиши керак.
Юлия ТАРШИЛОВА тайёрлади