Январь ойида экспертларнинг материаллари сиз учун фойдали бўлади:
Нима учун электрон рецептларга доир тажриба ижтимоий кескинлик ва коррупция хавфини келтириб чиқаради
Келинг, аниқ нарсани тан олайлик: рецепт билан бериладиган препаратлар учун QR-кодли «пилот» нотекис ва қаттиқ турбулентлик шароитида учади. Электрон тизим вақти-вақти билан «осилиб» қолади, поликлиникаларда ортиқча юк ва жуда катта навбатлар, турли сабабларга кўра ҳар сафар дори сотиб олиш керак бўлганда поликлиникага югуришга кучи етмайдиганлар катта стрессда.
Чунки босқичма-босқичлик, мослашувчанлик ва беморга йўналтирилганликни талаб қиладиган чуқур ижтимоий-тиббий ислоҳотга IТ-лойиҳа сифатида ёндашиб бўлмайди. Аслида у дори муомаласи хавфсизлигини ошириши мумкин эди. Қатъий ва пухта ўйланмаган ҳолда жорий этилганда эса – даволаниш имкониятини чеклайди, ижтимоий кескинлик, коррупция хавфи ва яширин бозорни келтириб чиқаради.
Ҳурматли муаллифларимиз Иродахон Аббосхонова ва Гулнора Эргашеванинг юзага келган вазият ҳақидаги фикрларини эълон қиламиз. Шунингдек, чет элда бундай чекловлар тизими норозилик кайфиятини келтириб чиқармасдан қандай ишлашини ҳам айтиб ўтамиз (эслатма – бизда ҳам шундай бўлиши мумкин эди, лекин шошилишди):
Муҳим маълумотларни ўтказиб юбормаслик учун бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
Buxgalter.uz фикрига кўра, ҳар қандай тизимли ислоҳотга тўғри ёндашув хавфни таҳлил қилиш ва оқибатларни мустақил баҳолашни назарда тутади. Ва – жорий этилишидан анча олдин – узоқ давом этадиган оммавий ахборот кампанияси зарур эди.
Ҳозирги пайтда одамларни қатъий тақиқлаш ҳолатига дучор қилиш ўрнига, қуйидагилар керак эди:
1) Нима ва нима учун жорий этилаётганини батафсил-аниқ айтиб бериш. Ислоҳот босқичлари қандай бўлади?
2) Шундоқ ҳам поликлиникага келганларга – одамлар кўникиши учун – QR-кодли рецептлар беришни бошлаш. Бундай рецептлардан ихтиёрий фойдаланиш – ўз вақтида Солиқ қўмитаси онлайн-НКТ чеклари бўйича кешбек билан амалга оширганидек, моддий рағбатлантиришдир. Ярим-бир йилдан кейин эса беморларнинг кескин норозилиги ва поликлиникаларда тизимнинг ишдан чиқиши ва инқирозни келтириб чиқариш хавфини туғдирмасдан дорихоналар орқали рецепт бўйича дори-дармонларни эркин сотишни ёпиш.
Ҳозир содир бўлаётган воқеалар шуни яққол кўрсатадики, соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғинига юкламанинг ортиб бориши жуда оптимистик башорат қилинган эди. Дорихоналар томонидан ҳар куни бериладиган чеклар сонини ҳеч ким хатто тахминий тарзда поликлиникага бир вақтнинг ўзида – қабул соатларида ва ҳар бир беморга хизмат кўрсатиш учун зарур бўлган вақтни ҳисобга олган ҳолда кириши керак бўлган одамлар сони билан таққосламаган.
Бу одамларнинг кўпчилиги ишлаётганини ва ҳамма касалликлар ҳам «касаллик варақаси»ни расмийлаштиришни талаб қилмаслигини ҳеч ким эътиборга олмади. Демак, турли хил рецептларни мунтазам олиш билан боғлиқ вазиятни иш берувчи билан ҳам ҳал қилиш керак. Агар иш берувчи, масалан, рад этса-чи? Унинг ҳаққи борми ёки йўқми? Қаерда ёзиб қўйилган?
Ва ниҳоят – бу энг оғриқли нуқта – ҳамма ҳам поликлиникаларга боришга жисмонан қодир эмас. Суиистеъмол қилиш хавфи паст бўлган аксарият дорилар учун рецепт олишнинг соддалаштирилган – масофавий вариантларининг йўқлиги янги тизимни сурункали беморлар (заиф гуруҳлар) учун азобли қилади. Ва – ҳар қандай касаллик туфайли касаллик варақасини олишга одатланмаган ва ололмайдиган ходимлар учун ҳам бу ташвишли ҳолат.
Регуляторнинг яна бир хатоси – шартли «изотоник»* ва кучли таъсир қилувчи дорилар ёки антибиотикларга қўйиладиган бир хил талаблар:
* 28.11.25йил даги 29-сонли реестр фрагменти https://www.uzpharm-control.uz/ru/pages/state-register-of-medicines-and-medical-products uzpharm-control.uz сайтида жойлаштирилган.
Буларнинг барчаси биргаликда вақтидан олдин ва ўйламасдан иш қилинганлик ҳиссини уйғотади. Идора дори воситаларидан нотўғри ва ортиқча фойдаланиш муаммосини «зарур ҳолларда тезкор равишда тегишли тузатишлар киритиш орқали» ҳал қилишга ҳаракат қилмоқда. Агар гап тирик одамлар ва уларнинг дардлари ҳақида эмас, балки бирор ишлаб чиқариш жараёни ёки механизмини якунлаш ҳақида кетса, бу нормал ҳолат эди.
Ва бу инсонлар масалага қуйидагича фикр билдиришди:
Солиқ маслаҳатчиси Иродахон АББОСХОНОВА (муаллифлик постига қаранг)
– Менга яқин инсон –35 йилдан буён астма касали билан оғрийди, унга муддатсиз ногиронлик берилган. Ингалятор кунига бир неча марта ишлатилади – бу ҳаётий зарур терапия.
Амалдаги тартибга кўра, поликлиникада битта ингалятор буюрилади. У кўпи билан 5 кунга етади. Кейин – шифокорга янги ташриф, янги рецепт. Аслида, сурункали касалликка чалинган одамга тиббий кўрсатмалар бўйича эмас, балки дорихоналарга ташриф буюриш жадвали бўйича яшаш таклиф қилинади.
Агар қонунга қатъий амал қилинса, астма билан оғриган одам амалда 5 кундан ортиқ ҳеч қаерга бора олмайди: дори захираси чекланган, дори бўлмаса – одам шунчаки ўлиб қолади. Бу маълум бир шифокор ёки поликлиниканинг масаласи эмас. Бу «юқоридан» қабул қилинган бошқарув қарорлари ва меъёрларнинг натижасидир.
Бундай тизим: сурункали касалликларнинг ҳақиқийлигини ҳисобга олмайди, ҳаётни нормал режалаштиришни имконсиз қилади, онгли равишда қоидаларга риоя қилиш даволанишни таъминлаш билан зиддиятга олиб келадиган шароитларни яратади.
Давлат томонидан тартибга солиш фуқароларни оммавий равишда айланма йўлларни излашга мажбур қилганда – бу фуқароларнинг муаммоси эмас. Бу – бошқарувдаги муваффақиятсизлик белгиси.
Агар тегишли идора сурункали беморларни дори-дармон билан таъминлаш учун ишлайдиган, инсоний тизимни яратишга қодир бўлмаса, демак, у ўз вазифаларини бажара олмаяпти. Одамлар саломатлиги тажриба ҳам, статистика ҳам эмас.
Солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА (муаллиф видеосини кўринг):
– Поликлиникада 3 соат вақтимни сарфлашга мажбур бўлдим, аммо охир-оқибат электр ўчганлиги сабабли шифокор қабул қилмади.
Менимча, бу – инсонларнинг тирик қолиш-қолмаслигини синовдан ўтказиш билан боғлиқ провокация. Яъни, мен ҳозир поликлиникага ўз оёғим билан келишим, асабларимни сарфлашим, поликлиникада иккинчи сутка электр бўлмаганда текширувларга вақт сарфлашим ва барибир узоқ кутилган бу рецептни қўлга киритишим керак. Илгари дорихонага кириб, керакли дорини сотиб олишим мумкин эди...
Менимча, ўз-ўзидан даволанаётган беморлар соғлиқни сақлаш тизимига оғирлик қилмасдан, охир-оқибат бюджетга солиқ олиб келиб, давлатга фойда келтиради. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу ҳақда ўйлаб кўриши керак. Эҳтимол, буларнинг барчаси вақтидан илгари бўлгандир.
Қандай бўлиши мумкин эди
Дунёда антибиотиклардан нотўғри ва ҳаддан ташқари фойдаланишнинг жиддий муаммоси мавжуд бўлиб, чакана дорихоналар рецептсиз антибиотикларнинг энг кенг тарқалган манбаи ҳисобланади. Ҳокимияти бу ҳақда ўйлаб кўрган давлатлардан бири – Хитой. Тажриба қуйидагиларни кўрсатди:
1) кўплаб дори воситаларини фақат шифокор билан маслаҳатлашгандан кейингина сотиб олиш мумкин. Сиз рецептни оласиз ва шу заҳотиёқ поликлиникада барча дориларни ички дорихона орқали сизга сотишади. Ҳаммаси одатдагидек ишламоқда – ҳеч қандай тўполон ёки асаббузарлик йўқ;
2) зарур бўлса, дори-дармонларни (шу жумладан, баъзи рецепт бўйича) онлайн харид қилишингиз мумкин. Бунда сиз қуйидагиларни бажаришингиз зарур:
а) мобил иловада идентификациядан ўтиш;
б) чат-ботда маълум саволларга жавоб бериш (24/7 ишлайди). Онлайн маслаҳатчи сўровингиз асосли ёки асоссизлигини ҳал қилади ва аризани шакллантиради:

Ажратилган маълумот таржимаси: «Шуни тасдиқлайманки, дори воситаси қўлланилаётган шахс аллақачон онлайн тарзда танланган касалликнинг аниқ ташхисидан ўтган; ушбу препаратни қўллаган ва аллергик реакциялар ёки ножўя таъсирлар кузатилмаган; касалликнинг ҳозирги ҳолати барқарор.
Мен қуйидаги ҳужжатларни ўқиб чиқдим ва уларга розиман: «Интернет орқали маслаҳат бериш хавфи ҳақида эслатма» ва «Шахсий маълумотларни қайта ишлаш қоидалари.»
Шундан сўнг, сиз шифокор ва фармацевтнинг имзолари (сканерда стрелкалар билан ажратилган), муҳр ва «ишлатилган» деган сув белгилари билан қуйидаги бир марталик рецептни оласиз:

Кейин курьер дори олиб келади.
Балки Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўзининг «пилот лойиҳа»сини бироз орқага суриб, қайтадан уриниб кўриши керакдир? Худди шу йўналишда, лекин юмшоқроқ ва шу кунларда орттирилган тажрибани ҳисобга олган ҳолда.
Buxgalter.uz тавсия қилади
![]()
