Биринчи проактив ҳисоботлар бўйича сўров натижалари: қандай муаммолар аниқланди ва уларни ҳал қилишда қандай ёрдам олиш мумкин

preview

Ер солиғи ва мол-мулк солиғи бўйича дастлабки «автоматлар» тизимнинг умуман ишлаб турганини, лекин қўшимча созланишга муҳтожлигини кўрсатди.

Ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, биз муаммоли жиҳатлар рўйхатини туздик ва Ресурс солиқлари маъмуриятчилиги бошқармаси мутахассисларидан ушбу масала бўйича жавоб олдик. Идора вакиллари қуйидагиларни тасдиқладилар: агар ҳисобот:

проактив тизим орқали автоматик тарзда шакллантирилган бўлса;

ҳисоботни тақдим этиш ёки шакллантиришдаги камчиликлар техник сабаблар билан боғлиқ бўлса;

солиқ тўловчи томонидан қасддан ҳуқуқбузарлик содир этиш фактлари мавжуд бўлмаса,

бу ҳолда солиқ тўловчига нисбатан жарималар, пенялар ёки бошқа салбий ҳуқуқий чоралар қўлланилмайди.

Телеграм каналига обуна бўлиш керакли тушунтиришни тезкор кузатиб боришга ёрдам беради.

 

Сўровнома натижалари:

1. Ҳисоботларни юбориш муддатлари

  • Муддатидан олдин

Сўровнома иштирокчиларининг аксарияти (77 фоизи рус тилида ва 75 фоизи ўзбек тилида) проактив ҳисоботни мустақил равишда юборган. Шунинг учун, умуман олганда, кўпчиликда у ўз вақтида юборилган. Бироқ, тизим буни амалга оширган ҳолларда, ҳисобот 19 январдан 20 январга ўтар кечаси – назорат санаси бошланганидан сўнг дарҳол автоматик тарзда ўтказилган ҳолатлар мавжуд. Шундай қилиб, тизим ҳисобот топшириш муддатини 1 иш кунига қисқартирди.

«Муддатидан олдин юборилган» деган жавобни респондентларнинг 50 фоизи рус тилида, 39 фоизи ўзбек тилида кўрсатган.

Ер ва мол-мулк солиғи бўйича бу унчалик муҳим эмас. Лекин ҚҚС билан ҳам шундай бўлса (буни фақат 20 февралда кўрамиз), бу муаммо бўлади, чунки 20-числода айланмалар ва ҳисобга олишлар бўйича кўплаб масалалар ҳал қилинади. Воситачилик битимлари бўйича қайта тоашириладиган ЭҲФлар мавжудлигида айниқса қийин бўлади...

  • Кечикиб

Шунингдек, бухгалтерлар баъзи ҳолларда тизим ҳисоботларни 21 январда кечикиб юборганини маълум қилишди.

Бухгалтерларнинг шарҳларини келтирамиз:

  • Марина Петросова, [22.01.2026 11:14] Тизим ҳисобот юборди. Аммо мустақил баҳолашни ҳисобга олган ҳолда, биз қайта баҳолашни тасдиқлаганимиздан сўнг 2 соат ўтгач, янгиланган маълумотлар билан қайта ҳисоб-китобни мустақил равишда юбордик. ШҲКда автоматик ҳисоб-китоб ва аниқлик киритилди. Буларнинг бари йигирманчи куни кечқурун асабларга тегди.
  • Руфина Усманова, [22.01.2026 11:02] Бизга 21-да автомат юборилди. Объект август ойида чиқиб кетган, аммо маълумотнома 21 январда шаклланган ва автоматик равишда топширилган.
  • Дилшод Халмухамедов, [22.01.2026 13:05] Менда 21-числода кечикиб юборилди.

 

2. Проактив ҳисоботларнинг манзиллилиги

  • Ҳисобот шаклланган, лекин у зарур эмасди

Сўровномада бундай банд йўқ эди, аммо респондентлар бу ҳақда изоҳларда маълум қилишди. Айрим солиқ тўловчилар ер солиғи ва мол-мулк солиғи объектлари йўқлигига қарамай, проактив ҳисоботларни олишди (ва кўпчилигида улар автоматик тарзда юборилди).

Изоҳлар:

  • Дина, [22.01.2026 12:03] Тизим ўтган йили сотилган кўчмас мулк бўйича ҳисобот юборди. У нолга тенг бўлгани учун раҳмат
  • Руфина Усманова, [22.01.2026 15:41] Ҳа, бизда ҳам. Лекин ҳтсобот фақат ер бўйича юборилди, мол-мулк бўйича эса - йўқ.

 

Шунингдек, биз шунга ўхшаш ҳолатни бу ерда кўриб чиқдик > > >

  • Ҳисобот шаклланмади, лекин у шаклланиши керак эди

Бу ҳақда ҳам бухгалтерлар изоҳ беришди.

Изоҳлар:

  • Нелля, [22.01.2026 15:21] Нима учундир мол-мулк солиғи бўйича ҳисоботлар ҳаммага ҳам тақдим этилмади, шунинг учун ҳисоботни охирги куни ўзим юбордим.

 

3. Ҳисоботларни тузатиш ва бу борада ёрдам олишдаги муаммолар

Рус тилида респондентларнинг 29 фоизи ва ўзбек тилида респондентларнинг 41 фоизи «автомат» тузатишлар киритишни талаб қилганини маълум қилган.

Бунда:

– 11% (14%) ўзлари тузатиш кирита олдилар.

– 9% (6%) буни Солиқ қўмитаси мутахассислари ёрдамида амалга оширган.

– 16% (ва мос равишда 14%) –  қўнғироқ қилишмаган, ёрдам олишолмаган ва улар ҳисоботни нотўғри кўринишда юборишган.

Ушбу ҳолатда муаммо солиқ тўловчиларнинг бир қисмида ёрдам керак бўлганда уни олишда юзага келган қийинчиликлардир.

Қайси йўналишлар бўйича тузатишлар киритиш керак бўлганлиги ҳақидаги саволга бухгалтерлар қуйидагича жавоб беришди:

– имтиёзлар (19%, 41%);

– солиқ базаси (15%, 8%);

– бошқа (13%, 11%).

 

Солиқ тўловчи проактив ҳисобот билан боғлиқ барча масалалар бўйича қандай ёрдам олиши мумкин

Солиқ қўмитасининг позициясини Солиқ қўмитасининг Ресурс солиқлари маъмуриятчилиги бошқармаси тушунтирди:

– Солиқ маъмуриятчилигини янада соддалаштириш, ҳисобот топширишда инсон омилини камайтириш ва солиқ тўловчиларга қулайликлар яратиш мақсадида Солиқ қўмитаси томонидан проактив ҳисобот механизмлари босқичма-босқич жорий этилмоқда.

Янги механизмларни жорий этиш жараёнида баъзи техник ёки функционал камчиликлар юзага келиши табиий. Солиқ қўмитаси бундай ҳолатларни солиқ тўловчининг айби сифатида баҳоламайди.

Ҳисобот кечиктирилган ёки нотўғри шакллантирилган тақдирда:

Агар ҳисобот:

  • проактив тизим орқали автоматик шакллантирилган бўлса;
  • ҳисоботни тақдим этиш ёки шакллантиришдаги камчиликлар техник сабаблар билан боғлиқ бўлса;
  • солиқ тўловчи томонидан қасддан ҳуқуқбузарлик фактлари мавжуд бўлмаса,

солиқ тўловчига жарима, пеня ёки бошқа салбий ҳуқуқий оқибатлар қўлланилмайди.

Бундай ҳолларда солиқ идоралари ҳисоботга тузатиш киритиш, қайта топшириш ёки аниқлик киритиш учун етарли имкониятлар яратадилар. Ҳар бир ҳолат алоҳида кўриб чиқилади.

Шунингдек, проактив ҳисоботни тақдим этиш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган бундай ҳолатлар солиқ тўловчилар учун салбий оқибатларга олиб келмаслиги керак. Шу муносабат билан камчиликларни бартараф этиш, ҳисоботни тузатиш ёки проактив ҳисоботлар бўйича тегишли маслаҳат ва ёрдам олиш учун қўшимча 5 кунлик муддат белгиланди.

Проактив ҳисобот билан боғлиқ барча масалалар бўйича солиқ тўловчилар исталган вақтда қуйидаги каналлар орқали ёрдам олишлари мумкин:

  • Солиқ қўмитаси call-маркази (1198);
  • электрон портал орқали мурожаатлар my.soliq.uz;
  • ҳудудий солиқ органлари (анъанавий ёки электрон шаклда);
  • солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали хабарлар ва огоҳлантиришлар.

Солиқ қўмитаси солиқ тўловчининг муаммоларига бефарқ эмас ва ҳар бир мурожаатга ўз вақтида жавоб беришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

 

 

Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишга доир норматив ҳужжатлардаги янги ўзгаришлар Янгиликлар Янгиликлар /uz/publish/doc/text213342_birinchi_proaktiv_hisobotlar_buyicha_surov_natijalari_qanday_muammolar_aniqlandi_va_ularni_hal_qilishda_qanday_erdam_olish_mumkin