Бухгалтерлар учун батафсил тушунтиришлар:
Курс фарқларини қандай ҳисобга олиш ва солиққа тортиш мумкин: Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва Солиқ қўмитасининг жавоби
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва Солиқ қўмитаси қўшма хат билан товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромадларни аниқлашда курс фарқларини ҳисобга олиш ва солиққа тортиш бўйича ёндашувни аниқлаштирди.
Эслатиб ўтамиз: 2022 йилдан бошлаб Солиқ кодексининг 320-моддасига ўзгартиришлар киритилган бўлиб, унга кўра бўнаклар қайта ҳисобланмайди. Бунда солиқчилар товарлар (хизматлар) таннархини, шунингдек олдиндан тўлов амалга оширилган валюта шартномалари бўйича даромадларни харажатлар (даромадлар) тан олинган санадаги курс бўйича аниқлардилар. Бу СКнинг 320-моддаси 5-қисмига мувофиқ эмас эди. Ва бу муаммо туфайли автокамерал ҳам нотўғри ишлаган.
Энди эса ҳар икки идора ҳам тадбиркорлар ва солиқ маслаҳатчиларининг кўплаб мурожаатларидан сўнг умумий қарорга келди. Ушбу қўшма хат (20.02.2026 й. 03/41/04 ва 18/2-15262-сон) эндиликда бу норма тўғри ва бир хилда талқин қилиниши, шунингдек «автокамерал» формулалари ўзгартирилишига умид уйғотади.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва СК қўшма хатининг мазмуни ҳамда солиқ маслаҳатчиси Иродахон АББОСХОНОВАнинг шарҳи – buxgalter.uz шарҳида:
Энг муҳимларини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
Шундай қилиб, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Солиқ қўмитасининг 2026 йил 20 февралдаги товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромадларни аниқлашда курс фарқларини ҳисобга олиш ва солиққа тортиш масалалари бўйича қўшма хати билан қуйидагилар маълум қилинади:
«Солиқ кодексининг 78-моддасида белгиланишича, агар Солиқ кодексида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, солиқ тўловчи ёки солиқ агенти солиқ солиш мақсадида ҳисобни миллий валютада ҳисоблаш усули бўйича юритади.
Солиқ кодекси 76-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ солиқ солиш мақсадидаги ҳисоб бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланадиган бухгалтерия ҳисоби маълумотларига асосланади.
Солиқ кодексининг 297-моддасига мувофиқ, агар Солиқ кодексида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, даромадни тан олиш санаси бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ белгиланади.
Солиқ кодексининг 305-моддасига мувофиқ солиқ тўловчи томонидан қилинган, қиймати чет эл валютасида ифодаланган харажатлар қиймати миллий валютада ифодаланган харажатлар билан биргаликда ҳисобга олинади.
Солиқ кодексининг 320-моддаси бешинчи қисмига мувофиқ, солиқ солиш мақсадида берилган (олинган) бўнакларни қайта баҳолаш натижасида юзага келадиган курсдаги ижобий (салбий) фарқ ҳисобга олинмайди.
Фойда солиғини солиш мақсадида берилган (олинган) бўнакларга нисбатан чет эл валютаси курсининг бундан буёнги ўзгариши бўнак тўловчи (олувчи) учун даромадлар ва харажатларни келтириб чиқармайди, пул шаклидаги кредитлар, қарзлар бериш бундан мустасно.
Тегишинча, олдиндан ҳақ тўлаш ёки қисман олдиндан ҳақ тўлаш шарти билан тузилган битимлар доирасида фойда солиғини ҳисобга олиш мақсадида активлар, мажбуриятлар, даромадлар ва харажатлар моддалари дастлаб тан олинган бўнак суммасини ҳисобга олган ҳолда шакллантирилади.»
Иродахон АББОСХОНОВА, солиқ маслаҳатчиси:
– Ушбу ҳужжат товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромадларни аниқлаш ва уларни солиққа тортишда курс фарқларини ҳисобга олишнинг муҳим жиҳатларини тушунтиради, бу, айниқса, хорижий валюта билан ишлайдиган бизнес учун долзарбдир.
Хатда таъкидланганидек, СКнинг 320-моддаси 5-қисмига мувофиқ бўнакларни (берилган ёки олинган) қайта баҳолашда курсдаги ижобий ёки салбий фарқлар солиқ солиш мақсадлари учун ҳисобга олинмайди. Бу шуни англатадики, фойда солиғи учун бўнаклар бўйича чет эл валютаси курсларининг ўзгариши солиқ тўловчи учун қўшимча даромад ёки харажатларни келтириб чиқармайди (пул шаклидаги кредитлар ва қарзлар бундан мустасно).
Олдиндан ҳақ тўлаш ёки қисман олдиндан ҳақ тўлаш билан боғлиқ битимлар контекстида активлар, мажбуриятлар, даромадлар ва харажатлар дастлаб тан олинган аванс суммаси асосида шаклланади. Ушбу қоида курсларнинг ўзгариши туфайли солиқ базасини сунъий равишда ошириш ёки камайтиришдан қочишга ёрдам беради.
Тадбиркорлар учун бу тушунтириш яхши янгилик! Бу курс фарқлари бўйича солиқ органлари билан низолар хавфини камайтиради ва ҳисоботларни соддалаштиради. Компанияларга, айниқса, экспорт ва импорт қилувчиларга ҳисоб сиёсатларини қайта кўриб чиқишни ва ушбу меъёрларга мувофиқлигига ишонч ҳосил қилишни тавсия қиламан.
![]()