2026 йил 1 апрелдан бошлаб янги талаблар бўйича онлайн-НКТ билан қандай ишлаш керак

preview

2026 йил бошидаги кўплаб мураккаб янгиликлар туфайли касса техникасини ПФ-246-сон Фармонга мувофиқ созлаш (нақд пулсиз тўлов, маркировка ва ҳ.к.) масаласи четда қолиб кетди. Проактив ҳисоботлар, имтиёзлар, инвентаризация, яроқлилик муддатлари ва ҳаётнинг бошқа «ташвишлари» билан андармон бўлиб, 1 апрель ҳам кириб келганини сезмай қолдик.

Касса тўғри созланганига қандай ишонч ҳосил қилиш керак, созламалар мос келмаса нима қилиш лозим, аммо муаммо бартараф этилгунча у билан ишлашда давом этиш зарур бўлса-чи? Алоҳида МХИКлар ва товар/хизмат қиймати бўйича чекловларни ҳисобга олган ҳолда тўловни қандай қабул қилиш керак? Buxgalter.uz илтимосига биноан ушбу саволларга онлайн-НКМ бўйича экспертлар – «РИГ» МЧЖ директори Рустам ЁҚУБОВ ва «GAROV TARAQQIYOT NKM» МЧЖ таъсисчиси Владимир ГИБЕЛЬ батафсил тушунтириш берди:

Муҳим тушунтиришларни ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Maтериалда:

– ТХКМлар 1 апрелгача нималарни амалга ошириши керак эди;
 кассир касса аппарати 1 апрелдан ишлаш учун тўғри созланганини қандай текшириши мумкин;
– 1 апрелдан бошлаб ишлаш тартиби (умумий овқатланиш, туристик йиғим, таълим хизматлари).

Эътибор беринг!

Материаллардан нусха кўчириш ва фойдаланишга фақат манбага фаол ҳавола берилган ёки таҳририятнинг ёзма рухсати олинган тақдирдагина йўл қўйилади.

 

Солиқ қўмитасидаги манбанинг хабар беришича, идора 10 апрелга қадар барча онлайн-НКТ ва виртуал кассаларнинг техник мувофиқлигини таҳлил қилишни якунлашни ҳамда давлат реестрларини – онлайн-НКТ, виртуал кассалар, ТХКМлари реестрларини янгилашни режалаштирмоқда.

Аммо, аввало, тадбиркорлар бир муҳим жиҳатни аниқ тушуниб олишлари лозим: гарчи касса аппаратингизни тўғри созлаш учун ТХКМ масъул бўлса-да (унинг мутахассислари 1 апрелгача прошивкани янгилаши, кассирингиз эса унинг сўнгги версиясини юклаб олиши керак эди), ПФ-246-сонли Фармон ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларининг бажарилиши учун жавобгарлик тадбиркорнинг ўз зиммасида бўлади.

Аппаратингиз янгиланганми ёки йўқми, бу кассирларингизнинг янги қоидалар бўйича ишлаш тартибини қай даражада аниқ тушунаётгани каби муҳим эмас.

Эътибор беринг!

Кассаларнинг техник созланиши якунланишини кутмай, тақиқланган позициялар бўйича нақд пул қабул қилишни тўхтатинг.

 

Хўш, келинг, ҳаммасини бирма-бир кўриб чиқамиз:

 

1. ТХКМарказлари 1 апрелгача нималарни қилиши керак эди?

Рустам ЁҚУБОВ, «RIG» МЧЖ директори:

– Биз буларнинг барчасини олдиндан янгилашни бошлаган эдик. Барча талабларни ҳисобга олган ҳолда прошивканинг янги версияси январь ойидаёқ тайёр бўлганди, касса аппарати эса «Янги технологиялар» ИАМда техник кўрикдан ўтказилди. Февраль ойидан бошлаб ва бутун март ойи давомида мижозларимиз янгиланишни юклаб олиш имконига эга бўлишди.

31 март куни биз прошивканинг эски версиясини блокладик. Бизга мурожаат қилаётган тадбиркорларга маслаҳат бериб, барчасини масофадан янгилашга ёрдам беряпмиз ва ишлаш тартибини тушунтиряпмиз.

Бизда янгиланмаган 150 га яқин аппарат қолди. Улар ё ишламайди, ёки эгалари улардан жуда кам фойдаланади. Афтидан, 31-санадан кейин ҳали уларни ёқишмаган.

Биламан, айрим ТХКМларнинг эски версиялари ҳамон ишлаб турибди. Шундай пайтда мижоз бизга қўнғироқ қилиб, эътироз билдира бошлайди: «Мана, ёнимиздаги бошқа моделдаги НКТ «нормал» ишлаяпти, шартли айтганда, пиво сотувини нақд пулга уриб беряпти... Сизларники бўлса чекни урмаяпти, хатолик чиқаряпти».

Аслида эса ҳаммаси аксинча: айнан бизнинг кассамиз тўғри ишлаяпти. Агар у бирор нарсага рухсат бермаётган бўлса, демак, бу – қонунчилик талабларига мос келмайдиган ва бунинг учун сизни жазолашлари мумкин бўлган операцияни амалга оширишга қўйилган техник чекловдир.

 

2. Кассир касса аппарати 1 апрелдан ишлашга тўғри созланганини қандай текшириши мумкин?

Владимир ГИБЕЛЬ, «Гаров тараққиёт НКМ» МЧЖ таъсисчиси:

– 1 апрелдан бошлаб касса аппаратлари тўртта функцияни тўлақонли қўллаб-қувватлаши шарт:

  • Солиқ қўмитаси томонидан 2025 йил 10 декабрдаги ПФ-246-сонли Фармон таъсирига тушади деб белгиланган, tasnif.soliq.uz давлат каталогидаги товарлар ва хизматлар МХИК рўйхати бўйича нақд пулга сотиш чекларини шакллантириш имкониятини чеклаш;
  • рецепт бўйича бериладиган дори воситалари учун НКТга шифокор рецептидаги маълумотларни киритмасдан (QR-кодни сканерламасдан) чек шакллантириш имкониятини чеклаш;
  • яроқлилик муддати ўтган товарларга чек шакллантириш имкониятини чеклаш;
  • ижтимоий карта орқали тўлов қилинганда чек шакллантириш имконияти (карта турини, карта рақамини ва транзаксия рақамини кўрсатган ҳолда).

Агар касса аппарати ИАМнинг мувофиқлик тўғрисидаги хулосасини олган бўлса, бу тўрттала функция ҳам ишлаши керак.

Энг ишончли усули – амалий синовдан ўтказиш. Кассир, мисол учун, нақд пулга сотиш тақиқланган кодлар рўйхатидан МХИКни олиб, нақд тўлов шакли билан чек уриб кўриши керак. Деярли барча кассаларда ноль чек ёки бир неча тийинлик суммага чек уриш имконияти бор…

Агар касса бундай операцияни тақиқласа, яъни мазкур МХИК бўйича нақд пулга сотиш мумкин эмаслигини ёзса, демак, у билан бемалол ишлаш мумкин.

Касса автоматик тарзда янгиланадими ёки уни қўлда янгилаш керакми?

Амалда бу масала касса моделига қараб турлича ечилади. Айрим моделлар масофадан туриб автоматик янгиланади – фойдаланувчи ҳатто нима ўзгарганини билмай қолиши ҳам мумкин. Бошқалари эса фақат фойдаланувчи тасдиқлаганидан сўнг янгиланади: касса янгиланиш борлиги ҳақида хабар беради ва сиз тасдиқламагунингизча у юклаб олинмайди.

Янгиланмаган кассалар учун ким жавобгар?

Нақд тўловни чеклаш функцияси кассирга ёрдам тариқасида, у бехосдан хатога йўл қўймаслиги учун НКТда жорий қилинган. ЯТТ НКТнинг ПФ-246-сон Фармон талабларига мувофиқлигини текширган. Онлайн-НКТлари текширувдан ўтган ТХК марказлари тегишли хулосаларни олган.

Ушбу ҳужжат нусхасини НКТингизга хизмат кўрсатувчи ТХКМдан сўраб олишингиз мумкин. 

Агар онлайн-НКТингиз ҳали ҳам янгиланмаган бўлса, уни янгилашни тезлаштириш учун сизга хизмат кўрсатувчи ТХКМга зудлик билан боғланишингизни тавсия қиламиз.

Агар сиз фойдаланаётган НКТ модели (маркаси) ушбу талабларга жавоб бермаса ва ИАМ хулосасини олмаган бўлса, Солиқ қўмитаси уни давлат реестридан чиқармагунича, ҳеч ким уни мажбуран ечиб олишга ҳақли эмас. Бироқ сиз ўз ташаббусингиз билан, иш қулайлиги учун ва хатоларнинг олдини олиш мақсадида уни бошқа моделдаги онлайн-НКТга алмаштиришингиз мумкин.

 

3. 1 апрелдан бошлаб ишлаш тартиби

Солиқ қўмитаси тизимда 28 800 та МХИК учун нақд пул қабул қилишни аллақачон чеклаб қўйди. Жумладан:

  • 22 500 та МХИК – алкоголь ва тамаки маҳсулотлари;
  • 42 та МХИК – ёқилғи қуйиш ва электромобилларни зарядлаш.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига оид 5 600 та МХИК бўйича 25 млн сўмлик чеклов олиб ташланди.

Солиқ қўмитаси томонидан 2026 йил 3 апрелда эълон қилинган, нақд пулда тўловларни амалга ошириш тақиқланган МХИК рўйхатини бу ерда юклаб олишингиз мумкин > > >

Бироқ бу рўйхат ўзгартирилиши (тўлдирилиши) мумкин, tasnif.soliq.uz ва Солиқ қўмитасининг ТГ-каналидаги янгиликларни кузатиб бориш лозим. Хусусан, ТХКМнинг 2026 йил 15 апрелдаги хабарига кўра, ушбу рўйхатдан баъзи МХИК чиқариб ташланган.

 

Касса янгиланмаган бўлса, унинг ишлаши юзасидан саволлар туғдирса, ТХКМ техник муаммоларни ҳал қилса, савдо қилишни эса ҳозироқ бошлаш керак бўлса, кассир қандай йўл тутиши керак?

Владимир ГИБЕЛГА саволлар беришда давом этамиз:

– Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳалари учун нақд пулга сотиш тақиқланган товарлар/хизматлар гуруҳи рўйхати унчалик катта эмас. Булар:

  • алкоголь (пиво ҳам киради),
  • тамаки маҳсулотлари,
  • нефть маҳсулотлари,
  • давлат хизматлари (давлатга тўловлар),
  • қиймати 25 млн сўмдан ортиқ бўлган товар ва хизматлар (қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан ташқари).

Кассир тўлов шаклини ўзи назорат қилиши керак, НКТнинг чеклов функцияси эса унга ёрдам бериш ва тасодифий хатоларнинг олдини олиш учунгина ишлаб чиқилган.

Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, касса аппаратингиз «тақиқланган МХИК» бўйича нақд пулдаги операцияларни блоклаш-блокламаслигидан қатъи назар, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб сиз ушбу товарлар ёки хизматлар учун тўловларни фақат нақд пулсиз шаклда (банк картаси, иловалар орқали, ҳисобварақдан-ҳисобвараққа ўтказиш йўли билан) қабул қилишингиз шарт.

Мижоз ҳам оддий товарни, ҳам «тақиқланган» рўйхатдаги товарни сотиб олса, тўлов қандай расмийлаштирилади?

Агар чекда нақд пулга сотиш тақиқланган ҳеч бўлмаганда битта маҳсулот бўлса ва сиз буларнинг барчасига битта чек урмоқчи бўлсангиз, ушбу чек бўйича бутун тўлов фақат нақд пулсиз шаклда амалга оширилиши мумкин бўлади.

Мисол: харидор кассага нон, гўшт маҳсулотлари, сабзавотлар ва бир шиша пиво олиб келди. Агар кассир буларнинг барчасига битта чек урса, харидор ҳамма нарса учун нақд пулсиз тўлайди. Агар кассир 2 та чек урса, харидор пиво учун карта орқали, қолган маҳсулотлар учун эса хоҳишига кўра нақд пулда тўлаши мумкин.

Яна бир мисол – туристик йиғим. Бу – давлатга тўланадиган тўлов, янги талабларга кўра уни нақд пулда қабул қилиш мумкин эмас. Кассир нақд пул қабул қилиб, одатига кўра меҳмонхона хизматлари (улар учун нақд тўлаш мумкин) ва меҳмонхона йиғими учун тўловни битта чекка урмоқчи бўлди... Бундай ҳолда, касса аппарати тақиқ чиқариши лозим. 1 апрелдан бошлаб туризм йиғими учун тўловни фақат нақд пулсиз шаклда қабул қилиш мумкин.

Эътибор беринг

2026 йил 15 апрелда ТХКМларга айрим МХИКларни, шу жумладан туристик (меҳмонхона) йиғим МХИКни нақд пулсиз тўланадиган МХИК рўйхатидан чиқариб ташлаш бўйича кўрсатма берилди.

 

Агар касса аппаратингиз хизматларингиз учун нақд пулда тўловни тақиқлаётган бўлса, фойдаланаётган МХИКларингизни текширинг. Аралаш тўловда эса иккита турли МХИК билан 2 та чек расмийлаштиринг: алоҳида – давлат тўлови учун (нақд пулсиз тўлов шаклида), алоҳида – ўз хизматларингиз учун (нақд пулда тўлаш мумкин).

Тавсия

ПФ-246-сон Фармон талаблари кучга кирган дастлабки кунлардаёқ дўконлар ва умумий овқатланиш корхоналари касса ишида ва тўловларни қабул қилишда муаммоларга дуч келдилар.

Вазиятларни таҳлил қилиб, қандай қилиб бехато ишлаш мумкинлигини кўрсатамиз.

Вазиятлар ва уларнинг ечимлари билан танишиш > > >

 

Қадоқланган сувни нақд пулга сотса бўладими? 

Оддий сув ва алкоголсиз ичимликларни нақд пулга сотиш мумкин. 

Ичимлик суви билан таъминлаш хизматлари учун нақд пулда ҳақ тўлаш тақиқланади (банк кассалари орқали ҳақ тўлаш бундан мустасно).

 

Кассада 25 млн сўмлик тўлов лимити қандай амалга оширилган?

Чеклов Президентнинг ПФ-246-сонли Фармонидаги «қиймат» сўзига боғланган. У битта аниқ МХИК бўйича тўловга тааллуқли.

Бу қуйидагиларни англатади:

1) агар мижоз турли МХИКга эга бир нечта ҳар хил товарни сотиб олса, уларнинг қиймати жамланмайди, ҳар бир МХИК алоҳида кўриб чиқилади;

2) агар бир нечта товар битта МХИКга эга бўлиб, улар битта чекда урилса, уларнинг қиймати жамланади.

Тавсия

25 млн сўмлик лимит муаммога айланадиган 3 та вазият.

Уларнинг ҳар бирида қандай йўл тутиш кераклиги > > >

 

ТХКМ касса дастурини янгиламаган бўлса, нима қилиш керак?

Бошқа ТХКМга ўтиб, ўша фискал модуль билан ишлашда давом этиш мумкин. 

Тавсия

Мутахассис бир ТХКМдан бошқасига ўтиш тартибини тушунтириб берди: бунда олдиндан ҳисобга олиш муҳим бўлган барча босқичлар, муддатлар ва нозик жиҳатлар кўрсатилган.

ТХКМни алмаштириш бўйича босқичма-босқич йўриқномага ўтиш > > >

 

 

 

Онлайн-НКТ Онлайн-НКТ Онлайн-НКТ /uz/publish/doc/text214454_2026_yil_1_apreldan_boshlab_yangi_talablar_buyicha_onlayn-nkt_bilan_qanday_ishlash_kerak